Россия босимига қарамасдан Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси ЕИ билан алоқаларни қўллаб-қувватлади

Сурат манбаси, Getty Images
Москва танқидларига қарамасдан, собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Марказий Осиёнинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини ҳимоя қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари, Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимларини эгаллаб турган Абдулазиз Комилов "Юзма-юз+" лойиҳасига интервю берди.
У Россиянинг Брюссел билан шерикчилик чуқурлаштирилаётганига билдираётган танқидларини рад этиб, Марказий Осиёнинг Европа Иттифоқига томон бурилишини қаттиқ ҳимоя қилиб чиқди.
Кузатувчилар Ўзбекистоннинг 1994-2003 ва 2012-2022 йиллари ташқи ишлар вазири бўлган тажрибали дипломат Абдулазиз Комиловнинг ушбу суҳбати Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг дастлабки саммити ортидан Россияда минтақавий стратегик қайта қуриш борасида безовталик ортиб бораётган вақтга тўғри келганига эътибор қаратмоқдалар.
"Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсати жуда прагматик сиёсат. Мана солиштириб кўринг: Марказий Осиё бешта давлат, Европа Иттифоқи 28 та давлат. Европа Иттифоқининг бюджети тахминан 19 триллион доллар. Албатта, бизнинг прагматик манфаатимиз бор ва биз улар билан, қандайдир шарҳлар бўладими, бўлмайдими, кимгадир ёқадими, ёқмайдими, биз ана шу ҳамкорликни давом этамиз", деди Абдулазиз Комилов.
"Тарихда биринчи марта ҳамма Марказий Осиё давлатлари бир бўлиб, ягона субъект бўлиб, ўзларининг янги мавқеъини намойиш қилаяпти. Бу мавқеъни халқаро ҳамжамият тан олаяпти", деди жаноб Комилов.
Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчисининг ушбу изоҳлари Европа етакчилари билан ўтказилган қатор юқори даражадаги минтақавий саммитлар ортидан янгради.
Бу саммитлар Марказий Осиёнинг халқаро майдонда тобора фаоллашиб бораётганини кўрсатди.

Сурат манбаси, .
Минтақа раҳбарлари 30 май куни Остонада бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё–Италия саммитида ва жорий йил апрелида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиё–ЕИ саммитида иштирок этдилар.
Бу саммитларда минтақа Европа Иттифоқидан 12 миллиард Евро миқдорида маблағ олишга эришди ва ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Жаноб Комиловнинг ЕИ билан ҳамкорликни ҳимоя қилиши Россия томонидан Марказий Осиёнинг Ғарбга қараб юзланишига билдирилган танқидларга жавоб сифатида кўрилмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ЕИ саммитидан икки ҳафта ўтиб, 24 апрел куни Самарқандга ташриф буюриб, Европанинг минтақадаги сиёсатини кескин танқид қилди.
"Брюсселдаги Европа Комиссияси раҳбарияти айниқса ажралиб туради. Улар минтақада очиқдан-очиқ аксилроссия кайфиятидаги ўз дастурларини илгари суришмоқда", — деган эди Лавров ўша матбуот анжуманида.
Россия вазири Москва Марказий Осиёга нисбатан "ЕИ ва АҚШ томонидан идеологик ёки сиёсий босим" ўтказилишига мутлақо қарши эканини таъкидлади.
29 май. Мелони Самарқандда, Мирзиёева Кремлда

Сурат манбаси, Telegram/President Shavkat Mirziyoyev press service
Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафаридан кўзланган мақсад, яқиндаги Европа Иттифоқи-Марказий Осиё мулоқотини янада чуқурлаштириш, Италиянинг Европа Иттифоқидаги муҳим ўйинчи сифатидаги мавқеъсини ошириш деб талқин этилаяпти. Италия Бош вазири Жоржа Мелони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган вақтда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳамда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Кремлда Россия президенти маъмурияти масъуллари билан учрашдилар.
Specialeurasia.com нашри Италия бош вазирининг Марказий Осиёга расмий сафари таҳлилига бағишланган мақола эълон қилди.
Мақолада Рим Ўзбекистонга минтақавий бозорнинг дарвозаси ва саноат ҳамкорлигини йўлга қўйишнинг базаси деб қараётгани таъкидланади.
Аксар таҳлилчилар фикрича, АҚШда Трамп ҳокимиятга келганидан кейин Европа Иттифоқи Украина урушида Россияга қарши туришда Америка қўллаб-қувватловисиз қолиши мумкинлигини ва буёғига ўзлари мустақил ҳаракат қилишлари лозимлигини англади.
Ушбу мустақил ҳаракат амалларидан бири Марказий Осиё мамлакатларини Россиянинг тажовузкор урушида кўмаклашишдан қайтариш бўлиши мумкин.
"Италия ҳукумати ушбу визитга Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга таъсирини чархлаш ва Россия ҳамда Хитой босимларига мувозанат ясаш учун стратегик имконият деб қарайди", деб ёзади Specialeurasia.com сиёсий таҳлилчиси.

Сурат манбаси, .
Шу йилнинг 3-4 апрел кунларида Самарқанд шаҳрида "Европа Иттифоқи- Марказий Осиё" илк саммити ўтказилди.
Унда минтақа мамлакатлари президентлари, Европа Комиссияси Президенти Урсула вон дер Ляйен, Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта иштирок этдилар.
Европа Иттифоқи ўзининг Global Gateway ташаббуси доирасида минтақага 12 миллиард долларлик сармоя киритиш истагини билдирди.
Саммитда ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш, хавфсизлик таҳдидларига биргаликда қарши туриш, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Мувозанат сиёсати

Сурат манбаси, Telegram/Saida Mirziyoyeva
Украинага тўлақонли босқин бошлаганидан кейин Россия сиёсатчиларининг баёнот оҳанглари қўполлашган, илгари тасаввур қилинмаган одоб ва дипломатия доираларидан чиқиш тобора кўп кузатилаяпти.
Россия Президенти Владимир Путин СССР парчаланишини "фожеа" деб таърифлаган, Украинага босқинини император Пётр I нинг Россия ҳудудларини кенгайтириш ҳаракатларига қиёслаган.
Яқинда СССР қонун нуқтаи назаридан бўлинмаган деган баёнот ҳам янгради.
Ана шу манзарада аксар таҳлилчилар Кремлнинг собиқ совет республикаларини ҳамон ўзининг таъсир доирасидаги ҳудуд деб кўриб беписанд муносабат қилиши, мустақил республикалар раҳбарларига босими кучаяётганини урғулайдилар.
Буни Россиянинг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан юз берган сўнгги ҳодисалар мисолида кўриш мумкин.
АҚШда Трамп ҳокимиятга келганидан кейин ҳатто Қозоғистон Президенти Тоқаевнинг баёнот оҳанги ўзгарди, дейди сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Сурат манбаси, Facebook/Sherzod Asadov
Ана шу мураккаб вазиятда мувозанатли сиёсат юритиш зарур, Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ва президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Кремлга ташрифи ана шундай қадамлардан бири деб талқин этилаяпти.
Саида Мирзиёева Россия президенти маъмурияти раҳбари Антон Вайно билан учрашгани ҳақида хабар қилди.
"Бугун Ўзбекистон делегациясининг Москвага ташрифи доирасида Россия Федерацияси Президенти Администрацияси Раҳбарининг ўринбосари - Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков билан учрашдим", деб ёзди Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Facebook саҳифасида.
Кўпчилик кузатувчилар "Европа Иттифоқи - Марказий Осиё" саммитидан кейин россиялик мулозимларнинг Ўзбекистонга ташрифи кўпайганига эътибор қаратадилар.












