Минтақавий дайжест: Қозоғистон "номақбул" россиялик экспертни чиқариб юборди, Олмалиқда покистонлик ишчилар ишдан бўшатилди

Олмалиқдаги қурилишдаги жанжал видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалган

Сурат манбаси, Social Media

Сурат тагсўзи, Олмалиқдаги қурилишдаги жанжал видеолари ижтимоий тармоқларда тарқалган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қозоғистон АҚШ билан тариф музокараларини бошлаган. Қозоғистон чегарачилари Марказий Осиё бўйича таниқли рус тадқиқотчиси ва сиёсий таҳлилчиси Андрей Грозинни ҳибсга олиб, депортация қилганлар. Ўзбекистондаги Enter Engineering ширкати Олмалиқ шаҳридаги мисни бойитиш заводи қурилишида банд бўлган покистонлик қурувчиларни ишдан бўшатган. Россиянинг Transport Buduschego ("Келажак Транспорти") ширкати Ўзбекистонда фуқаролик дронлари ишлаб чиқариш заводини очиш режасини эълон қилди.

Алоқадор мавзулар

Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги АҚШ билан апрел ойи бошида Қозоғистон импортига қўйилган қўшимча тарифлар бўйича маслаҳатлашувларни бошлаганини эълон қилди, деб хабар тарқатди "Казинформ" давлат ахборот агентлиги ўзининг Telegram каналида.

Қозоғистон вазирлигининг ташқи савдо департаменти бошлиғининг ўринбосари Серик Ашитовнинг айтишича, маслаҳатлашувлар қўшимча тарифларни бекор қилиш ва ҳар қандай эҳтимолий таъсирни минималлаштиришга қаратилган.

Аввалроқ, Савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Жанел Кушукова Қозоғистон АҚШ тарифларига қарши ҳеч қандай ўзаро чоралар кўришни истамаслигини айтган эди.

Жанел Кушукова айтишича, янги тариф ставкалари Қозоғистон экспортларининг фақат 5 фоизига таъсир қилади.

Аммо қозоғистонлик таҳлилчилар Трамп маъмурияти тарифларининг эҳтимолий билвосита таъсири, жумладан, глобал савдо муносабатлари ва таъминот занжирларига бўлиши мумкин бўлган узилишлардан хавотир билдирган эдилар.

Қозоғистон "номақбул" россиялик мутахассисни депортация қилди

Қозоғистон чегарачилари 28 апрел куни Марказий Осиё бўйича таниқли россиялик тадқиқотчи ва сиёсий таҳлилчи Андрей Грозинни ҳибсга олиб, депортация қилгани ҳақида ҳукуматга яқин Қозоғистоннинг Eurasian Briefing Telegram канали хабар тарқатди.

Андрей Грозин Қозоғистон академик доираларида узоқ вақтдан бери фаол бўлиб келган, аммо ўтмишда мамлакат сиёсатини танқид қилгани учун Қозоғистоннинг "номақбул шахслар" рўйхатига киритилган.

Бу рўйхатга мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки ижтимоий низоларни қўзғатувчи деб ҳисобланган хорижликлар киритилади.

Хабарга кўра, Қозоғистон ҳокимиятлари Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Грозиннинг ўзини "номақбул" рўйхатга киритилгани ҳақида хабардор қилган.

Грозин ўзининг тақиқланганлигидан хабардор бўлишига қарамай, қўшма тадбирларда иштирок этиш таклифини қабул қилган, деб хабар берди канал.

"Афтидан, Грозин Қозоғистондаги ҳамкасбларига унинг айрим тадбирларда шахсан иштирок этиши мумкин эмаслигини хабар қилмаган. Ёки у Қозоғистонлик ҳамкасбларини атайдан адаштирган", деб тахмин қилди канал.

Грозиннинг депортация қилинишини россиялик сиёсатчилар ва таҳлилчилар томонидан танқид қилинди, улар буни академик ҳамкорликка зарба сифатида кўрдилар ва Россия Ташқи ишлар вазирлигини аралашишга чақирдилар.

Ҳукуматга яқин Қозоғистон кузатувчилари иккига бўлинди, баъзилари ҳайрат ва афсус билдирган бўлса, бошқалар сўнгги йилларда Россия ҳам Қозоғистон олимларининг Россияга киришига тақиқ жорий этганини эслатдилар.

Ўзбек компанияси ҳиндлар билан жанжалдан сўнг покистонлик ишчиларни ишдан бўшатди

Ўзбекистондаги мустақил Asiaterra.info веб-нашри хабар қилишича, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги 3-мисни тўйинтириш заводи қурилишини олиб бораётган Enter Engineering ширкати қурилишда ишлаётган ҳамма покистонлик қурувчиларни ишдан бўшатган.

Ишдан бўшатишлар 25 апрел куни қурилиш майдонида компаниянинг покистонлик ва ҳинд ишчилари ўртасида оммавий жанжал келиб чиққани ҳақидаги хабарлардан сўнг рўй берган.

Сайтга кўра, ишчилар ўртасидаги низо уларнинг ишига алоқадор бўлмаган, балки Покистон-Ҳиндистон чегарасидаги сўнгги тангликлар, хусусан, Ҳиндистон назоратидаги Кашмирда сайёҳлар қуроллилар томонидан отиб ўлдирилганидан кейинги ҳодисаларга боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳиндистон ва покистонлик ишчилар ўртасида жанжал келиб чиққани хабарларидан кейин ширкат вазият ҳал қилинганини айтди, қурбонлар, жумладан, бир ўлим ҳақидаги хабарларни тасдиқламади ёки рад этмади, деб хабар қилди Asiaterra.info.

BBC Enter Engineering ширкати билан боғланишга бир неча бор ҳаракат қилди. Аммо очиқ манбалар, жумладан ширкатнинг вебсаҳифасидаги кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиниши билан алоқа узилмоқда.

Россия Ўзбекистонда фуқаролик дронлари заводини очади

Россиянинг Transport Buduschego (Келажак Транспорти) деб номланган ширкати 2025 йил охирига қадар Ўзбекистонда фуқаролик дронлари ишлаб чиқариш заводини очиш режасини эълон қилди, деб хабар берди Qalampir.uz веб нашри.

"Қўшма корхона аллақачон қурилиш жараёнида бўлиб, дастлабки босқичда 100 миллион доллардан ортиқ қийматда дронлар ишлаб чиқариши кутилмоқда, ишлаб чиқаришнинг ярми маҳаллий таъминловчилар томонидан қўллаб-қувватланади", деб айтган компания бош директори Юрий Козаренко Тошкентдаги INNOPROM деб номланган Марказий Осиё саноат кўргазмасида.

"Биз бозорни таҳлил қилдик ва ҳозирнинг ўзида ўн минглаб дронларни иқтисодий жиҳатдан бозорга интеграция қилиш мумкинлигини, юқори даромадлилигини тасдиқлай оламиз", деди Козаренко.

У шунингдек, дронларнинг хавфсиз ва самарали ишлашини таъминлаш учун Россия ва Ўзбекистон авиация органлари билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Хабарга кўра, у шу соҳада қўшма илмий-техникавий кенгаш тузиш ғоясини ҳам қўллаб-қувватлади.