Ўзбекистон ва Америка муҳим минерал қазилмалар бўйича келишув қилди. Тинч атом энергетикасида ҳамкорлик ҳам муҳокама этилди – Вашингтон нимани истамоқда?

uchrashuv

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов шу ҳафтада АҚШда бўлиб, мезбон давлат расмийлари ва бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири 9 апрель куни америкалик ҳамкасби билан учрашган. Маълум бўлишича, томонлар фойдали қазилмалар бўйича келишув қилган. Америка томони атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик истаётганини билдирган.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги делегацияси 9 апрель куни АҚШда бўлиб, мезбон давлат расмийлари билан музокаралар ўтказган.

Вазирлик матбуот хизмати Кудратов йирик компаниялар, корпорациялар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан ҳам учрашганини хабар қилган.

Маълум этилишича, учрашувлар якунлари бўйича фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланган ҳамда фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестициялар киритиш ва бошқа масалалар бўйича келишувларга эришилган.

"Эришилган келишувлар тегишли битимлар билан мустаҳкамланди. Ҳар бир лойиҳага масъул лойиҳа менежери тайинланди", дейилади Инвестициялар вазирлиги хабарида.

Бироқ на Ўзбекистон, на Америка томони ўзаро шартномаларнинг қиймати ёки бошқа тафсилотларни очиқламаган.

Инвестициялар вазирлигининг хабари чиққан кунда – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашган.

uchrashuv

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан. 9 апрель, Вашингтон.

Ўзбекистон ТИВ баёнотида учрашувда АҚШ билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари муҳокама қилингани тилга олинган бўлса, Америка Давлат департаменти нисбатан кўпроқ тафсилотларни тақдим этган.

"Давлат котиби Рубио Ўзбекистоннинг ИШИДни мағлуб этиш бўйича Глобал Коалицияга тўлиқ аъзо бўлиш қарорини олқишлади ва Ўзбекистонга Америка Қўшма Штатларидан депорт қилинган фуқароларни қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар учун миннатдорчилик билдирди. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан хавфсиз ядровий энергетика технологияларини замонавийлаштириш, икки давлат ўртасидаги инвестицияларни кучайтириш, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар ҳамда бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш орқали стратегик шерикликни янада илгари суришга интилмоқда", АҚШ Давлат департаменти 9 апрель куни эълон қилган баёнотда.

Икки томон ўртасидаги фойдали қазилмалар ва фуқаровий ядро энергетикаси соҳалари бўйича ҳамкорлик масаласи аввалроқ ҳам юзага чиққан эди.

Ҳафта бошида Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камилов билан Вашингтонда учрашган АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау расмий Тошкентнинг айни соҳалар бўйича ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаган эди.

Расман шу йил бошида қудратга келган президент Доналд Трамп маъмурияти февраль ойидан бери нафақат нефть ва газ, балки муҳим минерал қазилмаларга ҳам бой Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга фаол ҳаракат қилиб келмоқда.

Давлат котиби Рубио февраль ойида ўзбекистонлик ҳамкасби билан учрашгандаёқ АҚШ муҳим фойдали қазилмалар ва фуқаролик ядровий энергетика технологиялари бўйича "ўзаро манфаатли инвестиция имкониятларини кенгайтиришни интиқлик билан кутаётган"ини маълум қилган эди.

АҚШнинг Марказий Осиёда нодир металлардан фойдаланиш имкониятини қўлга киритиш ҳаракати фақат Ўзбекистон билан чекланмайди.

9 апрель куни Остонада ўтказилган кончилик анжуманида АҚШнинг Қозоғистондаги топ дипломати Дебора Робинсон "фойдали қазилмалар соҳасида хусусий ва давлат сектори ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш"га оид АҚШ позициясини яна бир бор тасдиқлаган.

sammit

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ЕИ билан ҳам ўта фойдали қазилмалар соҳасини ривожлантириш бўйича келишув қилган.

"Биз Қозоғистон билан ушбу муҳим соҳада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Мақсадимиз сармоя киритишни осонлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, иқтисодий ва стратегик алоқаларни мустаҳкамлашдир", деган у.

2 апрель куни Қозоғистон ҳукумати мамлакат ҳудудида 20 миллион метрик тоннадан ортиқ нодир металлар захиралари аниқланганини эълон қилган эди. Агар бу маълумот тўлиқ тасдиқланса, у ҳолда Қозоғистон нодир ер металлари захиралари бўйича дунёда Хитой ва Бразилиядан кейин учинчи давлатга айланиши кутилмоқда.

Кузатувчилар Америка бу ҳаракатлар орқали юқори технология ва яшил энергетика соҳаси учун зарур ноёб минераллардан фойдаланиш имкониятини қўлга киритиш билан бир қаторда Хитой билан чегарадош Марказий Осиё минтақасида мустаҳкам ўрнашиб олиш орқали Пекиннинг глобал таъсирини камайтиришни ҳам кўзлаётган бўлиши мумкинлигини айтади.

Бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистон муҳим фойдали қазилмалар ва тинч ядро энергетикаси соҳаларида бўйича фақат АҚШ билан ҳамкорлик қилаётгани йўқ.

Мамлакат ўзининг биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича Россиянинг Росатом компанияси билан аллақачон келишувга эришган.

Расмий Тошкент яшил иқтисодиётни ривожлантириш бўйича бир неча давлатлар қатори Хитой билан ҳам фаол ҳамкорлик олиб бормоқда.

3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтган йирик саммит доирасида эса Ўзбекистон ўта муҳим фойдали қазилмалар соҳаси бўйича Европа Иттифоқи билан ҳам келишувга эришган ҳамда расмий Брюссел бу соҳани ривожлантириш учун мамлакатга 2,5 миллиард еврога тенг инвестиция киритишини эълон қилганди.