Россия тожикистонликларни киритмаяпти, АҚШ Афғонистонга озиқ-овқат кўмагини тўхтатиб қўйди ва Мирзиёев дунё иқтисодиётидаги вазиятнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида гапирди – дайжест
Куннинг энг муҳим ва долзарб хабарларидан дайжестимиз орқали бохабар бўлинг.

Сурат манбаси, Getty Images
500 нафардан зиёд Тожикистон фуқаролари Қозоғистон-Россия чегарасида туриб қолгани хабар қилинмоқда.
Хабарларда Россия чегарачилари уларни мамлакатга киритмаётгани айтилади.
Маълум бўлишича, бу инсонларнинг бир қисми шахсий автомашиналарда Тожикистондан Россия томон йўлга чиққан. Қолган қисми эса мамлакатда бўлиш ҳуқуқини қонуний жиҳатдан узайтириш мақсадида Қозоғистонга ўтган, аммо россиялик чегарачилар уларнинг ортга қайтишига рухсат бермаган.
Озодлик радиосининг тожик хизмати чегарада туриб қолган инсонлардан келган видеоларни эълон қилган.
Видеоларда гапирганлар чегара ўтиш пунктида 200 га яқин автомобиль йиғилиб қолгани, Россия чегарачилари айнан Тожикистон фуқароларининг чегарадан ўтишига рухсат бермаётгани ва бунинг сабабини изоҳламаётганини маълум қилган.
"Баъзи йигитлар бу ерда бир ҳафтадан бери турибди. 200 машина йиғилиб қолган. Қаранглар, қанақа аҳволдамиз! Ўзбеклар ўтди, қирғизлар ўтди, чунки уларнинг элчихоналарда танишлари бор. Бизда ҳеч ким йўқ", дейди видеолардан бирида вазиятга Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси лоқайдлиги сабаб бўлаётганини даъво қилган эркак.
Россия томони ҳолатга ҳозирча изоҳ бермаган.
Ўтган йил Москвадаги "Крокус" концерт залида террорчилик акти содир бўлиши ортидан Россияда тожикистонлик мигрантларга нисбатан муносабат кескин ёмонлашган эди.
2024 йил давомида Россия аэропортларида тожикистонликлар қаттиқ текширилаётгани ва, ҳатто, ҳужжатларида муаммо бўлмаганлар ҳам мамлакатга киритилмагани тўғрисида кўплаб хабарлар чиққан.
"Инвестициялар камайди"

Сурат манбаси, Official
Президент Шавкат Мирзиёев охирги кунларда дунё иқтисодиётида кузатилаётган хавотирли вазиятнинг Ўзбекистонга эҳтимолий таъсири ҳақида гапирган.
АҚШ президенти Доналд Трамп қарийб бутун дунё давлатларига қарши савдо уруши очиши ортидан инвесторлар халқаро молия бозорларидан триллионлаб доллар пулни олиб чиқиб кетган эди.
Президент Мирзиёевнинг таъкидлашича, "бу тебранишлар Ўзбекистонга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади".
"Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!", деган у.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатга $8,6 миллиард инвестиция кириб келган.
Шу билан бирга, 2024 йилда айрим мамлакатлардан инвестициялар камайгани ва бу йилда қатор етакчи давлатлар инвесторлари билан лойиҳалар қилинмагани ҳам қайд этилган.
Президент Мирзиёев инвестициялар билан боғлиқ ҳолатда масъул раҳбарларнинг ўз "дунёқарашини ҳалигача ўзгартирмагани"ни сабаб қилиб кўрсатган.
"Пул тикаман деган тайёр инвесторларни масаласини тез-тез ҳал қилиш ўрнига, кўп раҳбарлар бюрократия қилгани учун, сармоядорлар кетиб қолаяпти", эътироз билдирган у ўз раислигида ўтган йиғилишда.
Электр ўғирланганга 10 йил

Сурат манбаси, AFP
Тожикистон электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш жиноятга тенглаштирилди.
Бу борада мамлакат Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилган.
Эндиликда, ўта катта миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний миқдорда фойдаланганликда айбланган тожикистонликлар 10 йилга қадар озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Мос равишда, бундай амал учун жарималар миқдори ҳам сезиларли даражада оширилган.
27 март куни президент Эмомали Раҳмон мамлакатда "электр энергиясидан нооқилона фойдаланиш даражаси ортаётгани"дан норозилик билдирган.
Натижада, Адлия вазирлиги зудликда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ва фойдаланганлик учун тўлов қилмасликни жиноятга тенглаштирган қонун лойиҳасини ишлаб чиққан, парламент эса уни қисқа вақт ичида маъқуллаб берган.
Танқидчилар аҳолининг ўртача даромади $200 бўлган мамлакат учун амалга жорий этилаётган жазолар ва жарималар миқдори юқори эканини таъкидламоқда.
Тожикистон электр энергияси учун тўлов миқдорини 1 апрелда 15 фоизга оширган.
Ўзбекистон ҳам 2023 йилда энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирган эди. Ўша йилда Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар шундай ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишини кўзда тутади.
Тўхтатилган кўмак

Сурат манбаси, Getty Images
Америка Афғонистондаги озиқ-овқат кўмаги кўрсатиш бўйича бир қанча дастурлар фаолиятини тўхтатмоқда.
Бу ҳақда хабар берган Давлат департаменти сўзчиси Тамми Брюс шундай қарор олинишига кўрсатилаётган ёрдам Толибон манфаати йўлида ишлатилаётган бўлиши мумкинлигига оид хавотирлар сабаб бўлганини маълум қилган.
Брюс хонимнинг сўзларига кўра, мазкур хавотир узоқ вақтдан бери мавжуд бўлиб келган.
"… Афғонистон ва Толибонга тааллуқли ҳисобот озиқ-овқат кўмаги кўрсатиш жараёнида камида $11 миллион ўғирлангани ёки Толибонни бойитганини кўрсатди", деган Брюс журналистлар билан мулоқот чоғида.
Америкалик мулозим, айниқса, нақд пулга асосланган айрим дастурлар ҳисобдорлик билан боғлиқ хавотирлар сабаб аста-секин тўхтатилгани, аммо озиқ-овқат ёрдами дастурларининг катта қисми ҳануз бешикаст сақланиб қолганини қўшимча қилган.












