Сирдарё ва Амударё суви ўзаро тақсимланди, Афғонистон йўқ. Ўзбекистон: 9 баллгача зилзила бўлиши мумкин бўлган ҳудудлар аниқланди, Тошкент қайта қуришга муҳтожми?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Марказий Осиё давлатлари Амударё ва Сирдарё сувларини тақсимлаш бўйича келишувга эришди. Унда ҳозирча Афғонистон йўқ. Ўзбекистонда фаол сейсмик ёриқларнинг харитаси тузилди. Тошкентнинг қарийб ярми қайта қуришга муҳтожлиги айтилди.
Марказий Осиёнинг бешта собиқ совет республикалари Сирдарё ва Амударё дарёлари сувларини тақсимлаш бўйича баённома ва келишув имзоладилар. Унда Қўштепа каналини қураётган Афғонистон йўқ.
Имзоланган ҳужжатлар қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришни таъминлаш ҳамда сув ҳавзаларининг экотизимини бузмаслик мақсадида қабул қилингани айтилмоқда.
Ушбу маълумотлар Марказий Осиёнинг сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи давлатлараро комиссияси ҳужжатларида эълон қилинди.
Ҳужжатда 2025 йилги суғориш даври учун сув сарфи лимитларини белгиланган.
Сирдарёдан умумий ҳисобда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун тахминан 11,9 миллиард куб метр сув ажратилади. Бу ресурслар қуйидагича тақсимланади:
- Ўзбекистон — 8,8 млрд куб м;
- Тожикистон — 1,9 млрд куб м;
- Қозоғистон (Дўстлик канали) — 909 млн куб м;
- Қирғизистон — 270 млн куб м.
Амударёдан сув олиш лимити 2025 йил апрел-октябр ойлари даври учун деярли 40 миллиард куб метрни ташкил қилади, деб кўрсатилган.
Амударё ҳавзасидаги сувлар давлатлар ўртасида қуйидагича тақсимланади:
- Ўзбекистон — 16 млрд куб м;
- Туркманистон — 15,5 млрд куб м;
- Тожикистон — 7 млрд куб м.
Бундан ташқари, дарё делтаси ва Орол денгизига ҳам сув узатилади — бу ерда ресурс сарфи 2,1 миллиард куб метрни ташкил этади.
Шунингдек, суғориш давридан ташқари Амударё сувининг қандай сарфланаётгани ҳам кўрсатилган. Мутахассислар маълумотига кўра, уч давлат белгиланган меъёр доирасида сув сарфламоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон ўзларига ажратилган ресурсларнинг 90 фоизидан кўпроғини ишлатган бўлса, Тожикистон энг 80 фоизга яқинини сарфлаган.
Шунингдек, 2024 йил октябридан 2025 йил мартгача бўлган даврда дарё делтаси ва Орол денгизига 1,5 миллиард куб метрдан ортиқ сув узатилгани қайд этилган.
Ҳисоботда минтақа сув ресурсларидан фойдаланиш ниятини билдирган Афғонистон йўқ. Толибон ҳукумати Амударёнинг бошланғич нуқтасида қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун Қўштепа каналини жаддаллик билан қурмоқда.
Мутахассислар канал ишга тушса, сув борасида шусиз ҳам муаммоларга дуч келаётган дарёнинг қуйидаги Ўзбекистон учун янада қийин бўлишини тахмин қилишади.
Тошкентнинг қарийб ярми қайта қуришга муҳтож

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Тошкент шаҳрининг қарийб ярми 20 йил ичида реконструкция ва янгиланишга муҳтожлиги хабар қилинди.
Spot нашри CMWP Uzbekistan консалтинг компанияси ва Atlas Global бюроси томонидан тайёрланган "IQ Toshkent 25. Шаҳарнинг 1930−2025 йиллардаги ривожланиш динамикаси" мавзусидаги тадқиқот билан танишиб шу хулосага келган.
Бош режа асосидаги ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтдаги мавжуд қурилиш ва инфратузилмаларнинг 43%и учун реконструкция зарур. Унга нафақат турар-жой бинолари, балки кўча-йўл тармоғи, муҳандислик коммуникациялари ва жамоат жойлари ҳам киради.
- Тадқиқотда шаҳар муҳитини янгилаш уч йўналишда амалга оширилиши айтилган:
- ҳудуднинг 43%и — реконструкция: ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини қисман зичлаштириш ва ривожлантириш орқали мавжуд биноларни янгилаш;
- ҳудуднинг 28% — консервация: ободонлаштириш ва атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаган ҳолда янги қурилишсиз жорий фойдаланишни сақлаб қолиш;
- ҳудуднинг 15%и — реновация: кам қаватли, саноат ва фойдаланилмаётган участкаларни янги қурилишларни шакллантириш орқали тўлиқ ўзгартириш.
Тадқиқотда таъкидланишича, Тошкентнинг фаол ривожланиши шаҳарнинг асосий тизимларини, жумладан, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилишни, шунингдек, кўкаламзорлаштиришни кенгайтиришни талаб қилади.
Ўзбекистонда 9 баллгача зилзила кузатилиши мумкин бўлган тектоник ёриқлар аниқланди

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Ўзбекистонда 36 та тектоник ёриқ сейсмик фаол деб топилиб, улар учун тегишли паспортлар ишлаб чиқилди. Янги маълумотларга кўра, мамлакат ҳудудининг 3 фоизида 9 баллга зилзила содир бўлиши мумкин
Бу ҳақда Podrobno.uz сайти Сейсмология институтига таяниб хабар берди.
Ўзбекистон бўйича бундай ёриқлар сони 800 тадан ортиқлиги айтилган.
Бу ишлар уч йил давомида олиб борилиб, янги сейсмик харита яратишга асос бўлган.
2021–2024 yillar davomida Toshkent va Farg‘ona vodiysidagi tektonik zonalar to‘liq o‘rganildi. Aniqlangan 800 ta yoriqdan 36 tasi faol deb baholandi.
"2021–2024 йиллар давомида олимлар Тошкент ва Фарғона водийсидаги тектоник зоналарни тўлиқ ўргандилар. Аниқланган 800 та ёриқдан 36 таси фаол деб баҳоланди — улар яқин 5–10 йил ичида зилзилалар манбасига айланиши мумкин", дейилади хабарда.
Ҳар бир фаол зона учун алоҳида паспорт тузилиб, унда ёриқнинг узунлиги, чуқурлиги, қиялик бурчаги ва сейсмик фаоллик тарихи ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ушбу натижалар 1978 йилдан бери илк бор янгиланган сейсмик харита учун асос бўлди. Янги харитага кўра, 9 баллик сейсмик хавфли ҳудудлар мамлакат ҳудудининг 3 фоизини эгаллайди — бу аввалги 2 фоизга нисбатан кўпроқ бўлиб, қурилиш учун аниқлаштирилган хатарларини акс эттиради.
Хабарда ушбу ҳудудлар келтирилмаган.
Бошқа ёриқларни ўрганиш ишлари ҳам давом эттирилмоқда, дейилади унда.












