Diqqat, BBC: Толибон Қўштепа каналини нима мақсадда қуряпти?

Сурат манбаси, Ndc.gov.af
Толибон қураётган Қўштепа канали атрофидаги хавотирлар тинмаётир. Тўлиқ ишга тушса, канал Марказий Осиёдаги сув муаммосини янги босқичга кўтариши мумкин. Толибон Қўштепани айнан нима мақсадда қуряпти? Diqqat, BBC дастурида шу мавзуни муҳокама қилдик.
Сурхондарё Ўзбекистон вилоятлари ичида Амударёнинг бошида жойлашган бўлса-да, бу ердаги сувсизлик аллақачон аҳоли ҳаётида акс эта бошлаган.
Атиги ўн йилга яқин вақт аввал боғ-роққа бурканган Олтинсой тумани Хўжасоат қишлоғи ҳозир қарийб қуриб қолганини айтилади.
"Сув йўқлигидан токзорлар қурияпти. Кунма-кун фермерлар жойини ташлаб кетяпти. Деҳқончилик қилишнинг иложи бўлмаяпти. 7, 8 ойлаб сув келмагандан кейин зироат ёки боғ қилишнинг иложи йўқ. Эккан меҳнатига куйиб қолади", дейди олтинсойлик деҳқон Исмоил Ортиқов.
Алоқадор мавзулар:
Ортиқовнинг айтишича, у яшайдиган Хўжасоат қишлоғида фермерлар ерга харажат қилиб, зарар кўраверганидан деҳқончилик билан шуғулланмай қўйган. Бтр вақтлар гуллаб яшнаган қишлоқдаги 50 дан ортиқ фермер хўжаликларининг кўпи сув етишмаслигидан хўжаликни ёпишга мажбур бўлган. Тумандаги ёшлар иш излаб Россияга кетган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Учта ўғлим бор, оилали. Шулар ҳозир Россияда ишлаб юрибди. Агар шу сув муаммоси бўлмаса, еримиз бор. Деҳқончилик қилсак, ташқарига чиқишга ҳожат бўлмайди. Россияда ишлаб топганини шу ерда ҳам топса бўлади, меҳнат қилса. Ерга сув керак, меҳнат қилиш керак. Улар келажагидан хавотирдаман. Чунки Россия нотинч. Ҳамма ота-она мендай болаларидан хавотирда бўлса керак. Шунинг учун раҳбарлардан илтимос, шу муаммони ҳал қилса, сувни етказиб берса, халқнинг болалари ҳам, халқ ҳам шу ерда ишлаб деҳқончилик қилса", дейди Исмоил Ортиқов.
Хўжасоат сувсизликдан чекаётган азияти кучайиб бораётган Ўзбекистон жанубидаги ягона ҳудуд эмас.

Бу ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги учун катта аҳамиятга эга Амударё суви йил сайин камайиб борар экан, Толибон 2021 йилда қудратга келишидан бироз ўтиб қура бошлаган Қўштепа канали Ўзбекистоннинг келажакдан хавотири устига хавотир қўшмоқда.
Расмийлар у қадар очиқ гапирмаётган бўлса-да, мамлакатдаги журналистлар, фаоллар, экспертлар ўтган икки йилдан бери Толибоннинг бу лойиҳасидан жиддий ташвиш билдириб, канал тўлиқ қуриб битказилса, Амударё сувининг сезиларли қисми Афғонистоннинг ичкариси томон оқа бошлаши ва, айниқса, Хоразм, Қорақалпоғистондаги деҳқонлар танг аҳволга тушиб қолишидан бонг урмоқда.
Аммо ўзбекистонликлар бугун Толибон айнан қандай мақсадларни кўзлаб, канал қазиётгани сабабларидан у қадар бохабар эмас. Фақат айрим жиҳатлар маълум: Толибон бу канал Афғонистон қишлоқ хўжалигини жонлантиришини айтиб, Қўштепа ёрдамида мамлакат шимолидаги юз минглаб гектар чўл ерларни ўзлаштириш ва ғалла мустақиллигига эришишни кўзлаётганини айтмоқда. Ашраф Ғани ҳукумати даврида ҳозир айнан канал қурилаётган Балх вилоятида қишлоқ хўжалигига масъул давлат мулозими бўлган Муҳаммад Солим Сои эса Қўштепа афғон халқини иқтисодий мушкулликлардан чиқиб олиши учун ҳам зарур эканлигини айтади.
"Бу ерда инсонларнинг тирикчиликларида даромад топиш учун сув ўта зарурдир. Балх вилоятида сув шу даражада кам бўлдики, ичимлик суви учун биз 200 метргача қудуқ қазишга мажбур бўлдик. Аммо у ердан олинган сув шўр бўлиб, яроқсиз чиқди. Иккинчидан, Афғонистон деҳқончилик борасида Марказий Осиё ва Шарқий осиёга доим қарам бўлган. Буғдой, гуруч каби зарурий маҳсулотларни бу давлатлардан олиб келардик. Бу Афғонистон иқтисодига катта зарар эди. Афғонистоннинг суви ери бор ва улардан фойдаланиш учун дастур лозим эди", дейди у.
Толибон қураётган канал

Сурат манбаси, Ndc.gov.af
Қўштепа ирригация канали Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги Амударёнинг бош қисмидан бошлаб, Фарёб вилоятининг Андҳой туманига қадар қазиб борилиши режалаштирилган.
Каналга оид техник рақамлар у қадар аниқ эмас. Тахмин қилинишича, каналнинг умумий узунлиги 285 километр, чуқурлиги 8,5 метр, аксар жойлардаги кенглиги эса 100 метрни ташкил этади. Бу битта футбол стадиони узунлиги дегани.
Канал анчайин каттаки, у аллақачон сунъий йўлдошдан кўрина бошлаган.
Толибон канални уч босқичда қурмоқда: қарийб 110 километрдан иборат биринчи босқич ўтган йил кузида якунланган.
Ҳозирда жадал давом этаётган иккинчи босқичда канал Андҳой туманигача етказилиши, учинчи босқичда эса Қўштепадан сув оладиган бошқа майда каналлар қуриб битказилиши режаланган. Толибон ўнлаб маҳаллий компанияларни канал қурилишига жалб қилиб, уларни ишларни имкон қадар тезроқ тугатишга ундаётгани айтилади.
"Агар бирор ширкат, масалан, техник муаммолар сабабли ўша ишни эплолмаса, дарҳол уни бошқаси билан алмаштиришади. Толибон бу ишда ҳеч қандай тўхтаталишлар бўлмасдан давом этиши керак, деган қарорда", дейди Би-би-си Ўзбек журналисти Фируз Раҳимий.
Шу тариқа Толибон қиймати 700 миллион доллар атрофида баҳоланган ва аввалига 2028-йилга қадар қуриб битказилиши айтилган Қўштепани муддатдан олдин битиришга ҳаракат қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Қўштепа лойиҳасидан хавотирини яхши тушуниш мумкинлиги айтилади.
Битгандан кейин Қўштепа минтақадаги сув ресурсларининг учдан икки қисмидан кўпини ташкил этадиган Амударё сувининг камида учдан бир қисмини Афғонистон ичига оқизиб кетиши мумкин.
Бу нимани англатади?
Туркманистон сувга бўлган эҳтиёжининг 90 фоизга яқинини Амударё ҳисобидан қондиради. Ўзбекистондан келаётган қарашлар ҳам хавотирга тўла. Ўтган икки йилдан бери Қўштепа мавзусини ўрганиб келаётган сурхондарёлик журналист Аброр Қурбонмуродов аввало фермерлар ташвишига қулоқ тутган.
"Охирги беш йил мобайнида Амударёда сув камайган. Бу нарса фермерлар ҳаётида ҳам сезилган. Термиз туманида, чегара ҳудудига яқин жойда 70 га яқин фермер хўжалиги бор экан. Улар биз олдинги йилларда Амударё сувидан етарлича фойдаланардик. Охирги йилларда сув камайгани ҳисобига энди бемалол фойдалана олмаймиз. Давлат томонидан сув солиғи жорий қилинди, уни тўлаймиз, у ҳам катта миқдордаги сумма. Бундан ташқари пахтамиз ё ғалламизни суғоришимиз учун талабнома тўлдирамиз, ундан кейин тегишли ташкилот даламизни навбат билан суғоришга рухсат беради, дейишди", дейди Аброр Қурбонмуродов.
Кучли хавотирлар билдирилаётган бўлса-да, бу лойиҳани Толибон билан тўлиқ боғлаб бўлмайди. Амударё суви билан Афғонистон шимолидаги чўл ҳудудларни экин майдонларига айлантириш ғояси ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакатни бошқарган Муҳаммад Довуд Хон давридаёқ ўртага чиққан.
Бироқ 1978-йилдаги Савр инқилобидан сўнг ўнлаб йилларга чўзилган нотинчлик бу ғояни амалга оширишга йўл бермаган. 2018-йилда Ашраф Ғани ҳукумати АҚШ ёрдамида Қўштепа номи берилган суғориш канали қуриш имкониятларини ўрганиш бўйича тадқиқот ишлари бошлаган.
Ўшандаёқ, каналнинг узунлиги 200 чақиримга етиши, у билан 500 минг гектарга яқин ер суғорилиши мўлжалланаётгани маълум, этилганди. Муҳаммад Солим Сои эса бу канални Ҳамид Карзай ҳам қуришга уринганини тилга олади.
"Афғонистон урушлар ичида қолиб, 20 йил ичида Америка амалда Қўштепани ҳимоя қилмади. Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ўша вақтида, "мен бир неча марта агар бизни оёққа туришимизни истасангиз, келинглар пул беринглар биз Қўштепа канали ва Тоҳар вилоятидаги Кўкча каналини қурайлик" деб айтганман деганди. Афсуски улар Марказий Осиё давлатлари билан муносатларнинг совушини исташмаган. Яъни Қўштепа канали амалга ошмаслигида Марказий Осиёнинг таъсири бўлган. Ҳозир ушбу лойиҳани амалга ошириш шарт. Худо кўрсатмасин, бизнинг кўп жиҳатларимиз ўхшаш, маданий, тил, дин ва тарихий жиҳатдан бир миллат бўлиб келганмиз", дейди у.
Марказий Осиё давлатлари Толибондан аввалги афғон ҳукуматларининг бундай йирик канал қуриш ниятига қандай муносабат билдиргани номаълум.
Толибоннинг Қўштепадан мақсад-умидлари қандай?

Би-би-си Ўзбек журналисти Фируз Раҳимийнинг айтишича, Қўштепа канала Ўзбекистонга яқин бўлган Мозори Шариф ва Балх ҳудудларидан олиб ўтиляпти. Бу жойлар олдин лалмикор ерлар бўлган.
"Ҳозир каналнинг биринчи босқичи бўлмиш, 95-чақиримгача бўлган ерларда одамлар насослар билан сув чиқариб деҳқончиликни бошлаб юборишди", дейди у.
Қўштепага оид илк маълумотлар очиқланар экан, кўплаб мутахассислар канал замонавий талабга риоя қилиб қурилишига шубҳа билдирган ва ундан оқадиган сувнинг салмоқли қисми ерга сингиб кетиши мумкинлигини таъкидлаган.
Балхлик собиқ мулозим эса Қўштепа нафақат янги экин ерлари очиш, балки қуриб қолган кўл-дарёларни тўлдиришга ҳам кераклигини айтади:
"Яна бир миқдор сув ерга сингиб кетади деган хавотир билдириляпти. Афғонистоннинг стретегияси ҳам шу. Бизнинг ер устида ва ер остида сувимиз бор. Афсуски Қўштепа қазилаётган 3-4 вилоятимизда ер ости сувлари битиб боряпти. Биз ер ости сувларини ҳам тўлдириб олишимиз керак", дейди Муҳаммад Солим Сои.
Собиқ мулозим сўнгги 20 йилда дунё ҳамжамиятининг ёрдами билан Афғонистон ирригация тизими деярли қайта тикланганини айтади.
"Биз 70 фоиз каналларимизни таъмирлаб олдик. Ирригация тизимида бизнинг кам жойимиз йўқ. Бизнинг асосий муаммомиз молия масаласи. 20 йилда яхши мутахассислар етишиб чиқди. Қанча кадрлар чиқиб Афғонистоннинг тараққиёти, фаровонлиги учун ишлаб келган. Ҳозир ҳам бир қисм мутахассислар Афғонистондан кетган бўлса, аксарияти Афғонистонда қолган", дейди у.
Қўштепа лойиҳасини амалга ошириш Толибон учун қарийб 700 миллион долларга тушиши тахмин қилинган. Бу дастлабки ҳисоб-китоб. Гуруҳ каналнинг биринчи қисмини битиришнинг ўзига деярли 100 миллион доллар сарфлаб бўлган.
Рақамлар Толиблар ҳокимиятни эгаллаб олган 2021 йилдан бери афғонистонликлар янада қашшоқлашганини кўрсатади. Халқаро ташкилотлар 41 миллиондан ошиқ афғонистонликларнинг ярмидан кўпи гуманитар ёрдамга муҳтож экани, шундан 6 миллиони аллақачон очлик билан юзлашаётганидан бонг урмоқда.
БМТ эса афғон халқига ёрдам бериш учун 3 миллиард доллар кераклигини айтади.
Ғарб томонидан музлатиб қўйилган Афғонистон пуллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак, деган сабаб билан берилмаяпти.
Халқ мисли кўрилмаган қашшоқликда яшаётган бир пайтда Толибонни фойдаси ҳали аниқ ҳисоб-китоб қилинмаган лойиҳага катта маблағ сарфлашда танқид қилаётганлар ҳам кўп. Муҳаммад Солим Сои эса бундай танқидларга қўшилмаслигини таъкидлайди.
"Афғонистонга қашшоқлик янги жараён эмас. Афғонистонда 50 йил фуқаролик уруши бўлди. Толибоннинг стратегияси шуки, биз агар яна беш йил оч қолсак, яна юзлаб йил тўқ бўламиз. 100 йил учун 5 йилни фидо қилсак, дейди. Сиёсатни ва сиёсатчиларни нари суриб, миллий жиҳатдан бу Афғонистон халқининг ичида, у ўзбек, туркман, тожик бўлсин ҳамма бу лойиҳадан умид қиляпти, унинг битишини кутяпти. Ҳозир ушбу лойиҳанинг амалга ошиш жараёнида аксари ўзбек, туркман бўлган минглаб инсон рўзғорини тебратяпти", дейди Муҳаммад Солим Сои.
Фируз Раҳимий эса Толибон Қўштепага иқтисодиётни оёққа турғазишга кўмаклашадиган лойиҳадан кўра, кўпроқ ПР воситаси сифатида қараётгани ҳақида гапиради.
"Бу лойиҳа бошланганда у Толибоннинг қандайдир фахрига айланган. Ҳозир ҳам ижтимоий тармоқларга "Қўштепа" деб ёзсангиз, толибон блогерлардан тортиб, мустақил журналистларгача ҳеч қандай тўсиқларсиз у ерга бориб махсус репортажлар қилишга шароит яратяпти. Улар бизнинг сувга эҳтиёжимиз бор. Қўшнилар билан муаммомиз йўқ ва улардан рухсат олиш учун мантиқ кўрмаймиз, деб айтишяпти", дейди Фируз Раҳимий.
Қўштепа лойиҳаси Толибондан аввалги Афғон ҳукуматлари томонидан ҳам илгари сурилган.
Таҳлилчи Фазел Аҳмад Бургутнинг фикрича, бу лойиҳанинг ишлаб чиқилишига бош-қош бўлган АҚШ Марказий Осиё давлатлари манфаатларини ҳисобга олмаган бўлиши мумкин.
"АҚШ доим ўз истиқболини ўйлаб бир стратегик режалар тузади ва амал қилишга киришади. Шу борада Қўштепа канали ҳам Марказий Осиё мамлакатлари, айниқса, Ўзбекистонга бир босим ўтказиш, минтақага муаммолар яратиш учун ўйланган стратегик тадбир, деб ўйлайман" дейди у.
Таҳлилчининг таъкидлашича, лойиҳа Толибларнинг қўлига ўтиш ёки ўтмаслиги Америка учун катта аҳамиятга эга бўлмаган.
"Зотан Америка 2020 йил Доҳада Толиблар билан бўлган учрашувда бу масала кўтарилмаган бўлса керак. Унда биринчи асосий шарт Афғонистон тупроқларидан Америка тупроқларига таҳдид бўлмаслиги бўлган. Ва бу тупроқлардан, айниқса, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид ҳақида ўйламаган ҳам бўлса керак. Буни ҳам ўз манфаати йўлида фойдаланган бўлса керак деб ўйлайман".
Фазел Аҳмад Бургут Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Афғонистон билан чегарадош давлатлар огоҳлантиради.
"Улар Толибон минтақадаги террор ташкилотлари билан оворо бўлиб, бу мамлакатлар унутди, деб ўйлаб қолмасин. Узоқ вақтда, эмас балки ўрта муддатда Толиблар бу масалани жиддий таҳлил қилиши мумкин. Бизга келаётган маълумотларга кўра, Қўштепа канали атрофига Афғонистоннинг жанубий вилоятларидан бир гуруҳ инсонларни кўчириб келмоқда. Бу Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон учун катта бир таҳдиддир, деб ўйлайман", дейди у.
Ўзбекистон расмийлари Қўштепа ҳақида кўп ҳам гапирмаган, аммо маҳаллий матбуот бу масалани кўп кўтариб чиқган.
Ташвишларда жон бор: прогнозларга кўра, Ўзбекистонни иқлим ўзгариши бўйича ёрқин келажак кутмаётир. 2050 йилга бориб, мамлакат жиддий сув тақчиллиги билан юзлашиши тахмин қилинади.
Амударёнинг этагидаги Хоразм, Қорақалпоғистонда аҳвол аллақачон ёмонлашиб бўлган.
Бундай манзарада Мирзиёев ҳукумати сувдан фойдаланишда тежамкорликни ошириш заруриятини кўпроқ таъкидлай бошлаган.
Президент 2024 йилни каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил дея эълон қилган.
Энди минтақада, шу жумладан, сув ресурсларининг 90 фоизини қишлоқ хўжалиги учун ишлатиб келган Ўзбекистонда сув сероб бўлмайди, уни фақат тежашга тўғри келади.

Сурат манбаси, CABAR.asia
Қишлоқ хўжалигида томчилаб суғоришни кенг жорий этиш янги шароитга мослашиш йўлидаги энг мақбул ечимлардан бири экани айтилади. Бироқ Толибон канали кўп сув олиб қўйилишидан кескин хавотир билдирилаётган мамлакатнинг ўзида тежамкорлик билан жиддий муаммо мавжуд.
Ўзбекистон томони Амударё сувига даъвогарлик қилаётган бир пайтда, Афғонистон ҳам бу дарё сувидан бемалол фойдаланишга тўла ҳақли эканини таъкидлайди. 1800 километрга чўзилган Амударё, асосан, Тожикистон ва Афғонистон, қисман Қирғизистон ва Ўзбекистондаги манбалардан тўйинади.
Дарёнинг асосий ўрта оқими эса Ўзбекистон-Афғонистон бўйлаб оқиб ўтади. Бироқ дарё сувидан фойдаланишда жиддий тенгсизлик мавжуд.
Ўзбекистон Амударё сувининг қарийб ярмини ишлатса, дарё имкониятларининг учдан бир қисми Туркманистон эҳтиёжлари учун кетади.
"Марказий Осиёга сув бераётганимизни яхши биламиз. Лекин халқаро меъёрлар ва инсоний жиҳатдан бизнинг ҳаққимиз бор. Биз манбамиз, сув бизнинг давлатдан чиқиб бошқа давлатларга боряпти. Биринчи навбатда бизнинг халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан биз сувни деҳқончилик соҳасида фойдаланиш ҳаққимиз бор. Қуйидаги ерлар зарар кўрмасин, деб сувдан кам фойдаланяпмиз. Афғонистоннинг 30 фоиз ҳаққи бор. Бу ҳақ олиниши керак", дейди собиқ мулозим Муҳаммад Солим Сои.
Бироқ ўз ҳақидан фойдаланаётганини айтаётган Толибон иқлим ўзгариши жараёнини қанчалик ҳисобга олган?
Айнан Амударё ва Сирдарё етиб бормай қўйганидан қуриб қолган Орол тубида бугун дунёдаги энг ёш саҳро пайдо бўлган.
Оролқум номини олган бу саҳродан йилига 150 миллион тонна қум-туз осмонга кўтарилиб, Марказий Осиё, жумладан, Афғонистон шимоли томон ёйилиши айтилади.
Бундай бўронлар катта-катта экин майдонларини ишдан чиқариб бормоқда. Қўштепа эса Амударё этагидаги Ўзбекистон ва Туркманистон ерларининг саҳролашиш ва шўрланиш жараёнини яна тезлаштириб юборишидан хавотирлар бор.
Афғонистонлик собиқ мулозим Оролдан кўтариладиган қум Афғонистоннинг Фарёбидан тортиб, Тоҳар вилоятигача ёпирилишини айтади.
"Бундан Афғонистон жабр чекмоқда. Фарёбдан то Тоҳаргача бу қум афғон шамоли билан ками 50 см.дан 2 метргача уйилиб, кўчиб юради. Канал қурилса биз қумдан жабр кўрмаймиз", дейди у.
Муҳаммад Солим Соининг таъкидлашича, Орол зарарининг барини Афғонистон кўриб келяпти.
"Қўшниларимиз сув кўплигидан ҳеч нарсани ўйламаяпти. Шу вақтгача, Афғонистон лойиҳани бошламагунча, Марказий Осиё иқлим ўзгаришини жиддий ўйлагани йўқ. Чунки уларга сув ҳамиша борган ва тупроқлари зарар кўрмаган. Шу сабабдан бу мавзуни кўтармаган. Истасак истамасак келажакда иқлим ўзгариши Афғонистон ва Марказий Осиёнинг бошига келади. Шунинг учун ҳозир чораларни кўриш керак. Эрон шуни ўйламасдан ҳамма сувни ер остидан олгани сабаб суви тушиб кетяпти. Ўзбекистон, Туркманистон ва Афғонистон - булар қўмита тузиб, сув масаласида халқаро жиҳатдан муросага келса ва айни дамда дарёнинг икки қирғоғида яшаётган одамларнинг манфаатларини ҳисобга олиб тўхтамга келса. Сув инсонларнинг ҳаётини асраш ва уларнинг фаровонлиги учун лозим. Биринчи давлатда сув бор ва қуйидаги давлатларнинг ҳам ҳуқуқларини таъминлаш керакки, у ҳам зарар кўрмасин", дейди у.
Қўштепанинг дипломатик муносабатларга таъсири
Қудратга келишиданоқ Ўзбекистон ҳукумати Толибон билан яқиндан алоқа қила бошлаган, халқаро ҳамжамиятдан Афғонистонга кўпроқ кўмак бериш, музлатиб қўйилган пулларни қайтаришни сўрай бошлаган.
Бироқ охирги пайтда Қўштепа Ўзбекистон ва Толибон муносабатларига совуқчилик туширгандек кўринмоқда. Муҳаммад Солим Сои эса Толибон минтақа давлатлари билан муроса қилишни исташи ҳақида гапиради.
"Ҳозирги ҳокимият Толибон қўшнилар билан яхши муносабатларни сақлаб қолишни хоҳлайди. Уларнинг олисдаги ва яқиндаги давлатларга эҳтиёжи бор. Узоқдагилардан ҳам кўра бизнинг қўшни давлатлар билан дўстлик муносабатларимиз мустаҳкам бўлиши учун уларда сабаб кўп. Агар Марказий Осиё Толибон зўрлик билан сувни олаяпти деб ўйласа, буни Толибон қабул қилолмайди. Афғонистоннинг ҳуқуқи ва инсонларнинг тирикчилиги ўтишини таъминлаш учун шу канални қуряпти. Бу каналдан қанча сув олинади ёки олинмайди, шу ҳақида сўзлаш керак. Сенинг ҳаққинг йўқ, тарихда бу ерда Қўштепа деган канал қўй эди, деган шаклда кетаверса бўлмайди. Яъни биз 50 йил олдинги тарихни бу аср билан солиштира олмаймиз. Бу мумкин эмас. Бугун Афғонистондаги ҳокимият энг кучли ҳокимиятлардан. Унинг бошқарув шакли қандай бўлишини муҳокама мавзуси бўлмаслиги керак", дейди у.
Фируз Раҳимий Толибон муроса қилишга ошиқаётганига ишончсизлик билан қарашини айтади.
"Толибон, айниқса, халқаро ҳамжамият доирасида бўлган мулоқотларга назар ташласак ҳеч қандай босимларга ён бермаган. Албатта, Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилган, Ўзбекистон томони ҳам ҳатто Толибон қудратга келмасидан олдин мулоқотларн ўрнатган. Лекин Толибон шу вақтгача ҳеч қачон босимларга эгилмаган", дейди у.
Канал афғон халқига қолади
Афғонистонлик собиқ мулозим Муҳаммад Солим Сои Канал Афғон халқи учун қолишини айтади.
"Толибон халқнинг ичида қандай яхши сўз билан эсланса бу Қўштепа канали билан боғлиқ. Толибон уни амалга оширишда қатъий. Унга маблағ чет давлатлардан келмаяпти. Афғонистондаги табиий бойликларни қазувчи ширкатлар пул беради. Ё тоши ва тупроғини ташиб беради ёки ўшанинг пулини беради. Ер ости бойликлари пулидан бераяпти ва томонлар Толибонга эътироз билдирмасдан амал қиляпти", дейди у.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














