Ўзбекистон Афғонистоннинг жон томирига айландими?

Сурат манбаси, AFP
Ҳар куни Ҳайратон станциясига Ўзбекистондан темир йўлда 3500 тонна ун, 1500 тонна буғдой келиб тушади.
Сўнг ёш йигитлар қопларни елкасига кўтариб вагондан олиб тушадилар, юк автомобилларига юклайдилар.
Кейин ун ва буғдой урушдан вайрон бўлиб кетган Афғонистон йўллари орқали бутун мамлакатга етказилади.
Алоқадор мавзулар:
Ҳайратонни Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар - Мозори-Шариф билан боғлаган темир йўл қисмини таъмирлаш давом этаяпти, Толибон расмийларига кўра, келаси июнь ойидан бу йўл ишга тушади.

Сурат манбаси, .
Узунлиги 75 километрни ташкил этадиган ушбу темир йўл Толибон ҳукуматининг бир неча темир йўл лойиҳаларини йўлга қўйишдек катта режасининг бир қисми ҳисобланади.
Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистонни ўзаро боғлайдиган 700 километрлик Транс-Афғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасига кўп замонлар бўлди, бугунга келиб ушбу лойиҳани уч мамлакат маъқуллаган ва ишчи гуруҳ тузилган.
"Транс-Афғон темир йўли ҳақида одамлар 100 йилдан бери гапиришади", дейди Британияда нашр этиладиган темир йўл соҳасига бағишланган журнал бош муҳаррири Эндрю Грантам.
Бугун Ҳайратонга Россиядан озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёғоч, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойдан ёқилғи ва қурилиш материаллари олиб келинаяпти.

Сурат манбаси, AFP
Мухбирларга кўра, бу билан Толибон ўзининг бошқаруви остида Афғонистонда товарлар темир йўл орқали эмин-эркин олиб ўтилиши имконли эканини намойиш этишни истайди.
"Транс-Афғон Марказий Осиё билан Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий коридорга айланади", дейди Мозори-Шарифдаги Балх темир йўл идораси раҳбари Муҳаммад Шафиқ Маҳмуд "Франс Пресс" ахборот агентлигига.
Бу Толибон истаётган икки йирик темир йўл лойиҳасидан биридир.
Иккинчиси, узунлиги 200 километрдан зиёд Афғонистон ғарбидаги Эронга чегарадош Ҳирот шаҳрини улайдиган темир йўл.
Бу орқали Толибон Эрон, Туркия ва Европага олиб чиқадиган умумий бир тизимни барпо этиш истагида.
Ҳиротни боғлайдиган темир йўл лойиҳаси ҳам Толибон 2021 йил қудратга келишидан 15 йилча олдин бошланган эди.
Темир йўл товарларни тез ва арзон ташиш йўлидир, аммо ҳозирча йўловчилар поездлари Афғонистонда кун тартибида эмас.
Миллиард долларлик лойиҳа
Лекин бутун мамлакат бўйлаб Покистонгача тортиб бориладиган темир йўлни қуриш вақт талаб этади, дейди Кобулдаги миллий темир йўл сўзчиси Абдулсамий Дурроний.
"Бизнинг хомчўтларимизга кўра, қурилишга уч йилдан беш йилгача вақт кетади", дейди у.

Сурат манбаси, AFP
Дастлабки ҳисоб-китоб бу лойиҳа $4-5 миллиард долларини ташкил этиши мумкинлигини кўрсатмоқда, аммо бу пулни ким бериши мумкинлиги даргумон.
"Биз молия масаласини бир неча мамлакат ва молиявий институтлар билан муҳокама қилаяпмиз", дейди жаноб Дурроний.
Толибон қудратни қўлига олганидан кейин Афғонистонга молиявий ёрдамлар тўхтатиб қўйилди, чунки Толибонни дунёнинг бирор бир давлати расман тан олганича йўқ.
"Беш йилда бунча катталикдаги лойиҳани қуриб битказишнинг иложи йўқ", дейди Эндрю Грантам.
"Бу ҳаддан зиёд амбицияли режа", дейди у ва Кобулга хорижий молиявий ёрдамдан ташқари темир йўли қурилишидаги техник кўмак ҳам зарурлигини эслатади.
"Хавфсизлик вазияти ва сиёсий аҳвол туфайли Ғарб компаниялари, ҳойнаҳой, бу лойиҳага қизиқиш билдирмайдилар", дейди жаноб Грантам.
Аммо Ўзбекистон ва Туркманистон сингари Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия аллақачон Толибон билан ҳамкорликни йўлга қўйган, Эрондек бошқа мамлакатлар ҳам дастаклашлари мумкин.
Денгизга чиқиш
"Бу лойҳаларни рўёбга чиқариш имконсизга ўхшайди", дейди таҳлилчи Эндрю Грантам.
"Эронни Ҳирот билан боғлаш мумкин ва буни анча тез қуриб битказса бўлади. Бу лойиҳага Эрон мойллиги инобатга олинса, бу амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳа", дейди у.
26 майда ушбу темир йўл сўнгги босқичининг қурилиши бошланди.
Абдулсамий Дурроний айтишича, Россия ва Туркия билан биргаликда 47 километрлик темир йўл 53 миллион долларига баҳоланаяпти ва уни икки йилда қуриб битказишмоқчи.
"Ушбу темир йўл ҳамма томондан "қамалиб қолган" Афғонистонга денгизга чиқиш ва халқаро савдо йўлларига боғланиш имкониятини беради, Афғонистон иқтисодиётига муҳим таъсир кўрсатади", дейди жаноб Дурроний.
Йирик темир йўл лойиҳасини молиялаш учун маблағ топиш билан бирга темир йўл рельслари сингари техник муаммони ҳам ҳал этиш талаб қилинади.
Эрон Европа стандартларига мос рельсдан фойдаланади, Ўзбекистон ёки бошқа собиқ Совет республикалари рельсларининг эни бошқача, Покистон темир йўлларида эса учинчи турдаги рельс ётқизилган.
"Афғонистон бу уч рельсдан қайси биридан фойдаланиши керак деган савол устида соатлаб бош қотиришингиз мумкин", дейди Эндрю Грантам.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















