Шимолий Афғонистон: Юзлаб одам ўлган, кўмилмаган жасадлар бор – аҳвол шунчалик тангми?

flood

Сурат манбаси, Screenshot/Courtesy

Сурат тагсўзи, Табиий офат юзлаб инсоннинг умрига завол бўлган, минглаб уйни вайрон қилган. Шунингдек, экин майдонлари ва чорва молларига ҳам жиддий зарар етган.

Олинган сўнгги маълумотларга кўра, Афғонистон шимолида кузатилган кучли сел ва тошқинлар қурбонлари сони 300 нафардан ортган, 3000 га яқин уй вайрон бўлган.

Бу ҳақда Толибон расмийлари хабар берган.

Ўзбеклар кўп яшайдиган Борка тумани энг жиддий зарар кўрган ҳудудга айланган.

Асосан, икки вилоят - Бағлон ва Тоҳарда кузатилган табиий офат 2600 дан зиёд уйни вайрон қилган, экин майдонлари ва чорва молларига ҳам жиддий зарар етган.

Офат юз берган ҳудудларда вазият танглиги, озиқ-овқат таъминоти билан муаммо кучли экани айтилади.

Бағлон вилоятидаги ўзбеклар кўп яшайдиган Борка тумани табиий офатдан энг оғир талафот кўрган ҳудудга айланган.

Офат ортидан Боркада 200 дан зиёд инсон ўз уйида қамалиб қолгани ҳақида хабар берилган, аммо ҳозирга қадар уларнинг тақдирига оид янгилик чиқмаган.

Ўтган жума куни кучли ёғингарчилик ортидан юзага келган сел ва тошқинлар, шунингдек, Бадахшон, Ғор ва Ғарбий Ҳиротдаги қишлоқларга ҳам оғир талафот етказгани хабар қилинган.

Охирги олинган маълумотларда жасадлар имкон қадар дафн этилаётгани, аммо 30 даражадан юқори иссиқ ҳавода кўмилмай қолган майитлар ҳам талайлиги айтилади.

Бу офат сатҳида турли юқумли касалликлар тарқалиши эҳтимоли борасидаги хавотирларни юзага келтирган.

Толибон иқтисодиёт вазири Дин Муҳаммад Ҳаниф баёнот билан чиқиб, БМТ, гуманитар ёрдам ташкилотлари ва хусусий бизнесни тошқинлардан жабр кўрганларга ёрдам беришга ундаган.

Ўз навбатида, БМТ ва қатор халқаро ташкилотлар халқаро ҳамжамиятни зудликда жабрланган афғонистонликларга кўмак беришга чақирган, бир қанча мамлакатлар ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини билдирган.

Алоқадор мавзулар:

Танг вазият

flood

Сурат манбаси, Screenshot/Courtesy

Сурат тагсўзи, Айниқса, Бағлон вилоятида вазият оғирлигича қолмоқда. Жасадларнинг ҳаммаси ҳам кўмилмагани борасида хабарлар олинмоқда.

Толибон ҳукумати Бош вазири ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Бағлон вилоятининг ҳалокатли сел ва тошқинларни бошдан кечирган ҳудудларини бориб кўрган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, у офатдан кўрилган зарар кўламини баҳолаш ва жабрдийдаларга мақсадли ёрдам бериш учун бир қанча қўмиталар ташкил этилишини эълон қилган ҳамда ёрдам барчага етиб бориши йўлида "ҳеч нарса аялмаслиги"га ваъда берган.

Толибон сатҳда қутқарув ишлари олиб борилаётгани, яраланганларни хавфсиз жойга олиб чиқиш, озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж воситаларини етказишда ҳаво транспортидан фойдаланилаётганини билдирган.

Мудофаа вазирлиги эса жабрланганлар учун ўз захирасидан 15 қути муҳим восита ва дори-дармон ажратганини маълум қилган.

Шунга қарамай, халқаро ташкилотлар сатҳда вазият анчайин танг эканидан ташвиш билдирган.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Болаларни Асранг (Save the Children) ташкилоти сел ва тошқинлардан жиддий жабр кўрган Бағлон вилоятидаги бешта туманнинг ўзида 600 мингга яқин инсон яшаши ва уларнинг тахминан 310 минг нафари болалар эканини маълум қилган.

flood

"Инсонлар ҳаёти сувда оқиб кетди. Тошқин қишлоқларни вайрон қилди, уйлар ва чорвани ювиб кетди. Болалар ҳамма нарсасини йўқотди. Уч йилдан бери қурғоқчиликдан иқтисодий азият чекаётган оилаларга зудликда кўмак зарур", дея таъкидлаган ташкилотнинг Афғонистон бўлими раҳбари Аршад Малик.

UNICEF офат оқибатида камида 50 бола ҳалок бўлганини хабар қилган.

БМТнинг озиқ-овқат дастури 13 май куни Бағлон вилоятидаги вазият ҳамон танглигича қолаётгани, озиқ-овқат таъминоти бўйича ўзи шундоқ ҳам "фавқулодда вазият"да яшаб келган ҳудуд аҳолиси ягона даромад манбаи - қишлоқ хўжалигидан ҳам айрилганини билдирган.

Дастурнинг Twitter аккаунтида қолдирилган хабарда офатдан зарар кўрган аксар жойларга машинада етиб бориш имконсиз қолаётгани, шу сабаб кўмак етказишда барча муқобил воситалар, хусусан, эшаклардан фойдаланаётгани айтилади.

Халқаро муносабат

flood

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президенти махсус вакили расмий Тошкент табиий офат жабрдийларига ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини билдиргани хабар қилинган.

Жума куни тушдан сўнг кузатилган сел ва тошқинлар ортидан халқаро ҳамжамият қайғусини изҳор этган, бир қатор ташкилот ва мамлакатлар ёрдам қўлини чўзишга тайёрлигини билдирган.

Жумладан, Қатар, Туркия, БАА, Эрон бундай оғир дамда Афғонистон билан бирга эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон, ҳозирча, Афғонистондаги ҳолат бўйича бирор расмий баёнот эълон қилмаган бўлса-да, ўзбек расмийлари 12 май куни Толибон вакиллари билан учрашгани хабар қилинган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва президент Шавкат Мирзиёевнинг махсус вакили Исматулла Иргашев Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган.

"Исматулла Иргашев тошқинлар юзасидан афғон халқига ўз ҳамдардлигини изҳор этди ҳамда мусулмон биродар ва қўшни ўлароқ Ўзбекистон кўмак беришга тайёрлигини билдирди", дейилади Толибон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Бироқ шу вақтга қадар Марказий Осиё минтақасидан афғонистонлик тошқин жабрланувчиларига инсонпарварлик ёрдами юборилганига оид расмий хабар кўзга ташланмаган.

Душанба куни Толибон ташқи ишлар вазири Амир Хон Мутаққий БМТ вакили билан кўришган ва Афғонистон "иқлимнинг вайрон этилиши" жараёнида иштирок этмаётган бўлсада, бу феномендан жиддий жабр кўришда давом этаётганини таъкидлаган.

БМТ маълумотларига кўра, Афғонистон иқлим ўзгариши асоратларидан жабр кўриш хавфи энг юқори мамлакатлардан биридир.

Охирги йилларда зилзила, сел, сув тошқинлари каби табиий офатлар занжири афғонистонликлар ҳаётини бир неча бор ларзага келтирган.

Ўтган ойнинг ўзида ҳам кучли ёғингарчилик сел ва тошқинларни келтириб чиқариб, камида, 70 инсоннинг умрига завол бўлган, 2000 га яқин уйни оқизиб кетган эди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.