Афғонистон: 'Оч боламни тинчлантириш учун дори бераман’ Янгиликлар

Сухайла кенжасини тўйдириш учун фақат чой беради, чунки бошқа нарсаси йўқ

Сурат манбаси, BBC/Aamir Peerzada

Сурат тагсўзи, Сухайла кенжасини тўйдириш учун фақат чой беради, чунки бошқа нарсаси йўқ
    • Author, Йогита Лимайе
    • Role, Афғонистондаги мухбир

"Охирги марта икки ой олдин боламга сут сотиб олиб бердим. Одатда сут берадиган идишга чой солиб беряпман. Ёки чойга нон ботириб ивитиб бераман", дейди Сухайла Ниёзий. У шарқий Кобулдаги тепаликда жойлашган лой девор уйи полида ўтирарди.

Унинг уйигача олиб борадиган йўл йўқ. Чеккасидан оқава сув ўтадиган ариқ қазилган лой сўқмоқ бўйлаб борасиз.

Сухайла бева. Унинг олти нафар боласи бор, энг кенжаси 15 ойлик қизи Ҳусна Фақирий. Сухайла чой деб айтаётган ичимлик яшил барг кўк чой, унга сут ҳам, шакар ҳам қўшилмаган, бола учун ҳеч қандай озуқавий қиймати йўқ.

Сухайла БМТнинг Жаҳон Озиқ-овқат дастуридан ёрдам узилиб қолган 10 миллион афғондан биридир. Узилишлар маблағ етишмовчилиги сабабли бўлмоқда. Бу хонадонларга, айниқса, боқувчиси аёл бўлган 2 миллион оилалар учун қақшатқич зарбадир.

Алоқадор мавзулар:

Сухайланинг айтишича, Толибон ҳукмронлиги остида у на ишга боролади ва на оиласини боқа олади.

"Очликда уйқуга кетган кунларимиз кўп бўлган. Болаларимга айтаман, тунда қаерга бориб тиланчилик қилай? Улар оч ҳолида ухлашади, уйғонганларида нима қиламан деб бошим қотади. Агар қўшнимиз овқат олиб келса, болалар "менга бер, менга бер", деб тепага чиқишади. Мен уларни тинчлантириш учун егуликни тақсимлайман", дейди Сухайла.

Оч қолган қизалоқни тинчлантириш учун Сухайла унга "уйқу дориси" бераётганини айтади.

"У уйғониб кетмаслиги ва сут сўрамаслиги учун бераман, унга берадиган сутим йўқ. Дори берганимдан кейин эрталабдан тонггача ухлайди, - дейди Сухайла. - Баъзида уни тирикмикан ишқилиб деб текшираман".

iqtibos

Биз ундан қизига қандай дори бераётганини сўрадик, бу оддий антигистамин ёки аллергияга қарши дори экан. Седация шунчаки унинг ножўя таъсири холос.

Шифокорлар айтишича, бу транквилизаторлар ва антидепрессантларга қараганда камроқ зарарли бўлса ҳам, баъзи афғонистонлик ота-оналар оч болаларига бераётганини аниқладик, аммо юқори дозаларда дори нафас олиш муаммоларига олиб келиши мумкин.

Сухайланинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи 2022 йилда Панжшир вилоятида Толибон кучлари ва Толибон ҳукмронлигига қаршилик кўрсатаётганлар ўртасидаги жангларда отишмада ҳалок бўлган тинч фуқаро бўлган. Унинг ўлимидан сўнг, у Жаҳон озиқ-овқат дастури берган ёрдамга - ун, ёғ ва ловияга жуда қарам бўлиб қолганди.

Ҳозирда бу дастур атиги уч миллион одамни боқиши мумкинлигини айтмоқда - бу ўткир очликни бошдан кечираётганларнинг чорак қисмидан камроғидир.

Сухайла қариндошлар ва қўшниларнинг хайр-эҳсонига боғлиқ бўлиб қолди.

Унинг ёнида бўлган вақтимизда, чақалоқ Ҳусна жим қотиб ётарди.

Кобулдаги Индира Ганди касалхонасининг тўйиб овқатланмаслик бўлими

Сурат манбаси, BBC/Aamir Peerzada

Сурат тагсўзи, Кобулдаги Индира Ганди касалхонасининг тўйиб овқатланмаслик бўлими

ЮНИСEФ маълумотларига кўра, у мамлакатда меъёрида тўйиб овқатланмайдиган уч миллиондан ортиқ болалардан биридир. Уларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғи очликнинг энг оғир шакли - оғир ўткир тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. БМТ маълумотларига кўра, бу Афғонистондаги шу пайтгача кузатилган энг ёмон ҳолатдир.

Тўйиб овқатланмаслик мамлакат болаларини азоблаётган бир вақтда, соғлиқни сақлаш тизимини қулашдан сақлаб турган ёрдам ҳам қисқармоқда.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) тиббиёт ходимлари иш ҳақини тўлаб берди ва 30 дан ортиқ шифохонада дори-дармон ва озиқ-овқатни молиялаштирди - бу 2021 йилда режим ўзгарганидан кейин қабул қилинган вақтинчалик фавқулодда чора эди.

Ҳозир эса шунга ҳам маблағ йўқ, аксарият тиббий муассасалардан, жумладан, Афғонистондаги ягона болалар шифохонаси, Кобулдаги Индира Ганди болалар касалхонасидан ёрдам олиб ташланди.

"Шифокорлар ва ҳамшираларнинг маошларини энди ҳукуматлар беради. Барчанинг маоши икки баробарга камайтирилди", дейди Толибон томонидан тайинланган шифохонанинг тиббий директори доктор Муҳаммад Иқбол Содиқ.

Касалхона амбулатория бўлимини ҳам ёпди ва фақат касалхонага ётқизиш талаб этиладиганларга хизмат кўрсатмоқда.

Нотўғри овқатланиш бўлими беморга тўлиб кетган ва улар бир ўринга бир нечта болани ётқизишлари керак.

Бир бурчакда Сумайя ўтирибди. 14 ойлигида унинг вазни янги туғилган чақалоқникига тенг, унинг митти юзи анча кекса одамникидек ажинланган.

Унинг ёнида Муҳаммад Шофий. У 18 ойлигида меъёрдаги вазндан икки баробар енгил. Унинг отаси автоҳалокатда ўлган Толибон жангариси эди. Унинг онаси касалликдан вафот этди.

Унинг ётоғи ёнига ўтганимизда олдимизга унинг кекса бувиси Ҳаёт биби келди.

Бувисининг қўлида қолган Муҳаммаднинг отаси йўл ҳодисасида ҳалок бўлган, онаси эса хасталикдан вафот этган

Сурат манбаси, BBC/Aamir Peerzada

Сурат тагсўзи, Бувисининг қўлида қолган Муҳаммаднинг отаси йўл ҳодисасида ҳалок бўлган, онаси эса хасталикдан вафот этган

Унинг айтишича, толиблар унинг набирасини касалхонага олиб боришга ёрдам берган, бироқ улар қандай ёрдам бера олиши мумкинлигини билмайди.

"Мен Худога суянаман. Менинг бошқа бош урадиган жойим йўқ. Чорасизман, - дейди Ҳаёт Биби кўзлари ёшланиб. - Мен ўзим курашаман. Бошим шунчалик оғрияптики, портлаб кетадигандек."

Биз Толибон ҳукумати бош матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан халқаро ҳамжамиятни кўпроқ ёрдам беришга кўндириш учун нима қилинаётганини сўрадик.

"Донор мамлакатлар иқтисодлари яхши ривожланмаётгани учун ёрдам қисқартирилди. Иккита катта фалокат юз берди - Ковид ва Украинадаги уруш. Шунинг учун биз улардан ёрдам кута олмаймиз. Улар билан гаплашгандан фойда йўқ", дейди у бизга.

"Биз ўзимизга суянишимиз керак. Иқтисодиётимиз барқарорлашди ва минглаб иш ўринларини яратадиган тоғ-кон шартномалари тузиляпти. Лекин, албатта, ёрдамни қисқартириш керак, деб айтмаяпман, чунки бизда ҳали ҳам муаммолар бор".

У Толибон сиёсати ҳам муаммонинг бир қисми эканлигини тан оладими? Донорлар аёлларга нисбатан қаттиқ чекловлар қўйилгани учун пул беришни тўхтатмаганмиди?

"Агар ёрдам босим воситаси сифатида ишлатилса, Ислом Амирлигининг ўз қадриятлари бор ва у ҳар қандай ҳолатда ҳимоя қилинади. Афғонистонликлар ўтмишда қадриятларимизни ҳимоя қилиш учун катта қурбонликлар қилдилар ва ёрдамнинг қисқаришига ҳам бардош берадилар", дейди Мужоҳид.

Унинг сўзлари аксар афғонларга тасалли бермайди. Мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми кейинги овқатни қаерда топишини билмайди.

Мақола тайёрлангач, Толибоннинг бизга айтишича, Шаҳидлар ва имконияти чекланганлар ишлари бўйича вазирлик бева, етим ва имконияти чекланган шахсларга нақд пул ажратади. Бироқ улар қанча одамга ёрдам беришаётгани ва ёрдам кўламини айтишмади.

Кобулдаги кўча ёнидаги совуқ ва зах бир хонали уйда бир аёлни учратамиз. У бизга Толибон унга кўчада мева, сабзавот, пайпоқ ва бошқа нарсаларни сотишни тақиқлаганини айтди. Унинг айтишича, уни бир гал ҳибсга олганлар. Унинг турмуш ўртоғи уруш пайтида вафот этган, тўрт нафар фарзанди бор. У ўз исмини айтишни хоҳламайди.

Бир неча дақиқадан сўнг у ўз аҳволи ҳақида бемалол гапира бошлайди.

"Улар ҳеч бўлмаганда ишлаб, ҳалол пул топишимизга имкон беришлари керак. Худога қасамки, биз ёмон иш қилмаймиз. Биз фақат болаларимизга овқат топиш учун борамиз, лекин улар бизга шунчалик зулм қилмоқда", дейди у.

4 фарзанд онасининг айтишича, унга кўчада овқат соттирмай қўйишган

Сурат манбаси, BBC/Aamir Peerzada

Сурат тагсўзи, 4 фарзанд онасининг айтишича, унга кўчада овқат соттирмай қўйишган

Энди у 12 ёшли ўғлини ишлагани юборишга мажбур.

"Толибон биродарлардан биридан сўрадим, агар пул топмасам, болаларимни қандай боқа оламан? Заҳар беринг, лекин уйдан чиқманг, деди, - дейди у. - Толибон ҳукумати менга икки марта пул берди, аммо бу етарли эмас эди."

Толибон ҳокимиятга келгунига қадар ҳукумат харажатларининг тўртдан уч қисми аввалги тузумга ўтказилган хорижий пуллардан эди. У ҳам 2021 йил август ойида тўхтади, иқтисодиёт қулади.

Ёрдам агентликлари вақтинчалик бўлса ҳам, муҳим бўшлиқни тўлдирди.

Бу маблағнинг катта қисми аллақачон тугаган.

Вазият жиддий. Биз буни ўтган йили қайта-қайта кўрдик.

Миллионлаб одамлар қуруқ нон ва сув билан яшамоқда. Баъзилар қишдан омон қолмайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002