Нега Афғонистондаги зилзилада шунчалик кўп аёл ўлди? Янгиликлар

Сурат манбаси, Supplied
- Author, Маҳжуба Наврўзий
- Role, Би-би-си Афғон хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
БМТ тасдиқлашича, 7 октябр куни Афғонистонда юз берган зилзилада ҳалок бўлганларнинг 90 фоизи аёллар ва болалардир.
БМТга кўра, мамлакат ғарбидаги Ҳирот вилоятида бўлган зилзила оқибатида қарийб 1300 одам ўлган.
Би-би-си гаплашган шифокорлар, гувоҳлар ва фаоллар аёллар ўлими кўпроқлигига Толибон қўйган чекловлар сабаб бўлганини айтди.
Ҳиротдан аёл шифокор Салма* жароҳатланган аёлларга ёрдам бериш учун ҳудуддаги жиддий талафот кўрган жойларга борган. У ўлимлар сонидаги жинсий номутаносибликка гувоҳ бўлганини айтади.
"Толибон аъзолари яшайдиган қишлоққа бордим. Айрим эркаклар жароҳат олган ёки ўлган аёллар танасига тегинишдан бош тортган", дейди у.
Камситиш
Ҳиротдан 40 км. ғарбда жойлашган Зенда Жан тумани биринчи ва ҳалокатли зилзиланинг эпицентри бўлган.

Маҳаллий аҳолининг Би-би-сига айтишича, тоғлардаги 20 та қишлоқда бирорта бино соғ қолмаган.
Зилзила бўлган вақтда уйларда асосан аёллар ва болалар бўлган.
Афғонистон қишлоқларида кундузи уйда доимо аёллар бўлади. Аммо 2021 йили Толибон ҳокимиятни босиб олгач, аёлларга аксар ишларни ва бошланғич мактабдан кейинги таълимни тақиқлаб, уларни уйларга қамади.
Бу эса аёлларни асосан уйда яшашга маҳкум қилди.
"Эркаклар далада ёки чоравасини боқаётган ёки Эронга ишлагани кетган бўлган. Аёллар эса уйда, уй юмушлари ва бола қараш билан банд бўлган. Шу вақтда улар вайроналар остида қолди", дейди Салма Би-би-сига.

Сурат манбаси, By arrangement
23 ёшли фаол Марямнинг* айтишича, Толибон зилзилада уйда қолиб кетган аёлларга тегинмаслик ҳақида эркакларни огоҳлантирган.
"Маҳаллий эркаклар аёлларга ёрдам бериши мумкин эди, аммо қуролланган Толибон уларни аёлларга яқин боришга қўймаган, - дейди Марям. - Улар, шунингдек, илк икки кун давомида бошқа аёлларни ҳам бу ҳудудларга ёрдамга боришга қўйишмаган. Улар шунчаки қутқарув ишларида аёл ва эркаклар аралашиб кетишини исташмаган."
Ёрдамчи хизматчи Абдулнинг* Би-би-сига айтишича, жангарилар ҳатто аёлларнинг жасадларига бошқа эркакларни яқинлаштирмаган.
Гувоҳларнинг Би-би-сига айтишича, аёлларнинг жасадлари биринчи куннинг ўзида ювилмасдан кўмилган. Чунки бу ишни аёллар қилиши керак бўлган, кўплаб оилалар бунақа одамни топа олмаган.
Чекланган ёрдам
Фаоллар айтишича, Толибон қўйган чекловлар жароҳатланганларга ёрдам беришни ҳам қийинлаштирган.
Жангарилар бошқаруви остидаги мамлакатда аёллар эркак маҳрамсиз сафар қилиши тақиқланган.
21 ёшли кўнгилли Фариба*, 500 ўринли Ҳирот касалхонасида тез ёрдам бўлимида ишлаган. У зилзила ҳақида эшитгандаёқ ёрдамга боришни ўйлаган.
У бошига рўмолини ташлаб, касалхонага йўл олган. Аммо таксичилар у бурқада бўлмагани ва ёнида эркак маҳрами бўлмагани учун олиб кетмаган.
"Таксичиларнинг айтишича, агар улар шундай қилсалар, Фазилат ва иллатлар вазирлиги уларнинг машинасини мусодара қилиши 10,000 афғони ($130) жарима солиши мумкин. Касалхонага пиёда бордим," дейди Фариба.
Фарибанинг айтишича, зилзиладан бир ҳафта бурун Толибон бурқасиз, маҳрамсиз аёлларни олиб юрган таксичиларни жазолашни бошлаган.
Би-би-сининг аниқлашича, айрим Толибон расмийлари бош касалхонага келган ва аёл шифокорларни ишга чиқишга чақирган, жароҳатланган аёллар шу қадар кўп бўлганки, шифокорлар уларга қараб улгурмаган."

Сурат манбаси, Getty Images
Зилзиладан кейин касалхонадаги гувоҳлар айтишича, жароҳатланган аёллар кўп бўлган, аммо уларга қарайдиган тиббий ходимлар оз эди. Фариба бунинг учун жангариларни айблайди.
"Толибон эркак шифокорларга аёл беморларни даволашни тақиқлаган. Бу эса оз сонли аёл шифокор ва ҳамширалар юкини ошириб юборган", дейди у.
Шифокор Салма ҳам Толибон бир жабрланганга ёрдам беришга рухсат бермаганини айтади.
"Мен боши одатдагидан уч баравар катталашиб, шишиб кетган аёлни кўрдим - у ўша ерда 10 ёшли ўғли билан эди. Шифокорлар нима бўлганини билиш учун унга бориб бошини скан қилдириб келишни айтишган", дейди Салма.
"Аммо у ва унинг ўғли қаерга боришни ва нима қилишни билмас эди. Ҳамма ёқ бетартиблик ва мен касалхонадаги Толибондан ёрдам беришим учун ичкарига киришга рухсат сўрадим, лекин улар буни хоҳламадилар.
Толибоннинг жавоби
Би-би-си изоҳ сўраб Толибонга мурожаат қилди. Толибон сўзчиси толиблар ўрнатган қоидалар эмас, балки Афғонистондаги аввалдан бор маданий меъёрлар кўплаб ўлимларга сабабчи деб айтди.
"Зилзила соат 11:00 атрофида содир бўлган: эркаклар ишда, аёллар эса уйда эди", деди матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
"Афғон жамиятини яхши тушунадиган ҳар бир киши биладики, аёлларнинг деярли 80-90 фоизи ишламайди ва уйда ўтиради".
Мужоҳиднинг айтишича, Толибон ёрдам гуруҳлари бир неча соат ичида етиб борган ва баъзилари вертолётда олиб келинган, аммо барибир ёрдам етарли бўлмаган.
"Шубҳасиз, бу жуда катта офат бўлди, кўп одамларга таъсир кўрсатди. Афғонистон иқтисоди бир вақтнинг ўзида ҳамманинг эҳтиёжларини қондирадиган даражада эмас, лекин Ислом Амирлиги қўлидан келганини қилмоқда", деди у.
Минтақага аёл ёрдамчилар жўнатилдими деб сўралганда, у жавоб бермади.

Сурат манбаси, Supplied
Салманинг айтишича, ёрдам агентликлари озиқ-овқат ва кўрпа-тўшак билан таъминлаган, аммо ҳали кўп иш қилиш керак.
Афғонистондаги зилзиладан жабрланган ўнлаб аёллар икки ҳафта ўтиб ҳамки ҳамон керакли тиббий ёрдам ололмаяпти.
"Кўплаб ҳомиладор аёллар ўз фарзандларини йўқотган, баъзилари эса қаттиқ қон кетиши билан очиқ ҳавода кўзи ёриган", дейди доктор Салма.
"Ёш қизлар шокда эди, уларда тоза ички кийим ёки гигиена прокладкалари йўқ эди. Улар тиббий ёрдамга жуда муҳтож эди".
(*Хавфсизлиги учун суҳбатлашилганларнинг исмлари ўзгартирилди.)
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












