Янги зилзила башорати – Истанбул ҳам вайроналар остида қоладими? Туркия ва дунё

- Author, Анна Фостер
- Role, BBC
Месут Мутталибўғлининг ётоқхонаси деворида ҳосил бўлган ёриқ шунчалик кенгки, калит бемалол сиғади.
Калитни ёриққа тиқиб, бир томонга айлантириб, тортган эди бир бўлак сувоқ кўчиб полга тушди.
Шунинг учун у оиласи билан 15 йилдан буён яшаб келган квартирани ташлаб чиқди. Зилзиладан кейин бутун бино бузиладиган бўлган. Яна бироз силкиниш бу бинони ер билан битта қилиб юбориши мумкин.
Бу ерда, Истанбулда қўрқув кучайиб бормоқда.
Қарийб 50 минг одамнинг умрига зомин бўлган Туркия жанубидаги икки даҳшатли зилзила мамлакатнинг энг йирик шаҳри учун янги бир муаммони ўртага чиқарди. 15 миллион аҳолиси бўлган бу шаҳар Шимолий Онадўли ёриғида жойлашган. Экспертлар 2030 йилгача шаҳар катта зилзилани бошдан кечириши ҳақида огоҳлантирмоқда.
Шаҳардаги биноларнинг 70 фоизи қурилиш стандартлари қаттиқлаштирилган 1999 йилдан олдин қурилган ва хавфсиз эмас деб ҳисобланади. Атиги уч ой муқаддам бир тадқиқот бу ерда 90 000 одам ўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берган. Ҳозир эса шаҳарни ана шундай ҳалокатга тайёрлаш ҳаракатлари бошланди.
Месут зилзила келтирадиган вайроналик кўламини билади. У яқиндагина зилзила эпицентри бўлган ва бир қариндоши ҳаётига зомин бўлган Қаҳрамонмарашдан қайтди. Биз унинг бўшатилган квартирасида туриб гаплашар эканмиз, кўрганларини тасвирлайди.

Сурат манбаси, EPA
"Тонги 04:17 рўй берди, қариндошим қўнғироқ қилди, ҳаммамиз даҳшатдан бақириб юбордик." Шу гапларни айта туриб, Месутнинг кўзига ёш келди, ўзини тутиб олиш учун четга қаради. "Даҳшатли ҳолат эди. Қор ёққани сабабли, уч кунгача Қаҳрамонмарашга бора олмадик. Вайроналар олдига борганимизда аҳволни кўриш оғир эди. Тасвирлаб бера олмайман. Худо ҳеч кимнинг бошига солмасин."
Месут Истанбулга қайтганида, унинг квартирасидан электр ва сув узиб қўйилди. "Улардан кўчиб олгунимизгача бериб туришларини сўрадим. Яна икки кунга улаб беришди."
"Муниципалитет ёзма огоҳлантириш юборди. Аммо қўшнилар кўчишни истамагани учун вазият чигаллашди. Коммунал хизматлар тўхтаб қолишини билар эдик ва кетишга тайёр эдик. Зилзила бўлди ва тартибсизлик бошланди."
Жанубдаги зилзилалардан бери Истанбул муниципалитети 100 000 дан ортиқ янги бино хавфсизлигини текшириш бўйича аризаларини қабул қилди. Бир бино учун уч ойгача кутиларди, кейин тўрт ой бўлди, ўсишда давом этяпти.
Энди ижарачилар ҳам, уй эгалари ҳам мурожаат қилишлари мумкин, аммо баъзилари молиявий сабаблар туфайли бунга қурби етмаяпти. Авария ҳолатидаги бинолардан кўчиб ўтишга мажбур бўлганларга ёрдам пули оз. Қанча бино синовдан ўта олмагани ҳақида расмий маълумотлар йўқ.
Шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли қутқарув гуруҳлари учун қўшимча машғулотлар ўтказишга ва зилзиладан кейин 4,5 миллион кишини сиғдира оладиган вақтинчалик бошпаналар тайёрлашга ваъда берди. Аммо кўпчилик бу ҳали ҳам етарли эмас, деб ҳисоблайди.

Истанбул кўчалари бўйлаб сайр қилсангиз, нима учун шундайлигини тушунасиз. Кўпгина бинолар зилзилага дош бермаслиги кўриниб туради.
Қурилиш муҳандиси ва зилзила бўйича мутахассис доктор Куртулуш Атасевер улардан баъзиларини кўрсатиш учун мен билан учрашди. Биз илгари бинонинг пойдевори бўлган тошлар билан қопланган бўш ерда турардик. 2019 йилда Истанбулда 5,8 магнитудали зилзила содир бўлганда, у шунчалик зарарланганки, уни бузиш керак бўлди. Унга қўшни биноларда ҳам шу каби камчиликлар кўп.
Яхши сифатли бетон жуда муҳим, дейди у. Архитектура ҳам жуда муҳим. "Бу ердаги биноларда поллари заиф ёки юмшоқ. Қисқа устунлар ҳам бор, аслида буларнинг барчаси қурилишнинг одатий муаммолари.»
Содда қилиб айтганда, уларнинг ҳар бири бино пойдевори заифлигини кўрсатади, яъни зилзила бўлганда юқори қаватларни кўтариб тура олмайди. Биноларнинг тепа қаватлари пастидан кенгроқ. Биринчи қаватлар шифти юқори қаватларникидан баландроқ. Қисқа устунлар диаметрига нисбатан етарлича узун эмас.
Уларни хавфсиз қилиб қуриш мумкин эди, деб таъкидлайди доктор Атасевер, агар лойиҳа пухта ўйланган ва режалаштирилган бўлса. Аммо бу, айниқса, эски биноларда кам учрайди.
Биз Ясмин Сулаймонўғлининг уйи соясида турибмиз, ундан уйингиз хавфсизми, деб сўрайман. Қизининг қўлидан ушлаб, бинонинг фасадига қарайди. "Бу ерда ўзимни хавфсиз ҳис қилмаяпман", дейди у.
"Бизнинг бино 2019 йилдаги зилзила вақтида кучли силкинган, ўшанда қарши томондаги бинонинг устунлари ёрилиб кетган эди. Ўшандан бери ўзимни ноқулай ҳис қиляпман ва охирги зилзиладан кейин жуда қўрқиб қолдик. Уйқумиз йўқолди, ҳар лаҳзада зилзила бўлиши мумкин. Менимча, хавф остидамиз, уйимиз эски."

Кейинги қадам 50 километр узунликдаги оптик толага асосланган эрта огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишдир. Аммо бундай улкан шаҳарда одамлар зилзиладан огоҳлантирилганда ҳам, бошпана излаш учун қаерга боришини билмай қолиши мумкин.
Туркия телевидениеси экранларида жанубдаги вайронагарчилик суратлари пайдо доимий кўрсатилмоқда, Истанбул аҳолисининг катта қисми ташвишга тушиб қолган. Президентлик ва парламент сайловларига эса бор-йўғи икки ой қолди ва бу ҳақиқатан ҳам муҳим.
Бир кечада юз берган зилзила ва унинг оқибатлари сайловчилар учун иқтисодий инқироз муаммосига қўшимча бўлди. Кўпчилик ҳукумат қароридан норози. Оқибатлар нафақат жисмоний, балки сиёсий ҳамдир.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














