Янгиликлар. Туркия: Даҳшатли зилзила Эрдоғанни нима қилди? Turkiya Zilzila Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ўзге Ўздемир ва Пол Кирби
- Role, BBC
Туркияда қарийб бир аср давомида кўрилмаган даҳшатли зилзила муҳим саволларни ҳам ўртагача чиқарди: Бу каби улкан фожеа олдини олиш мумкинмиди, президент Эрдоған маъмурияти кўпроқ одамнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилдими?...
Эрдоған ҳокимиятга келганидан 20 йил ўтиб, сайловлар яқинлашар экан, унинг қудратига соя солувчи хавф туғилмоқда, унинг миллий бирликка чорлови эса одамлар эътиборидан четда қолмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Туркия зилзиласи ва Ўзбеклар: Ўнлаб янги қабр, 'Аёлим, болаларим кетибди', 'Бир ўзим уч кишининг жанозасини ўқидим', 'Аллоҳ қолган ўзбеклардан рози бўлсин' ва маршал Дўстум ҳам қизию ўғилларини юборди
- Янгиликлар. Туркия ва Сурияда зилзиладан омон қолганлар ҳаётига қандай янги офат хавф солмоқда?
- Туркия: Зилзила янги қурилган уйларни нега тутдек тўкди?
- Туркия зилзиласи: жасадлар кўчаларда ётар экан, одамларнинг ёрдам келмаётганидан норозилиги ортмоқда
Режеп Таййип Эрдоған кўрилган чораларда камчиликлар бўлганини тан олса ҳам, фожеа ҳудудига борганда у бари учун тақдирни айблади: "Бундай ҳодисалар доим бўлган. Бу ҳам тақдир ҳукми".
Туркия сейсмик жиҳатдан ўта фаол ҳудудда жойлашган ва унинг қурилиш бўйича қонунлари 80 йилдан буён деярли ўзгармаган. Аммо ўтган душанбада юз берган икки зилзила 1939 йилдан буён юз берган барча зилзилалардан даҳшатлироқ эди. Биринчи зилзила тонгги 04:17 да 7.8 магнитуда билан юз берган бўлса, унинг кетидан 7.5 магнитудали иккинчи зилзила рўй берди.
Кечиккан қидирув ва қутқарув амалиётлари
Туркиянинг 81 вилоятидан 10 тасида кенг миқёсли қутқарув амалиётлари олиб боришга тўғри келди.
Аммо амалиёт тўла куч билан бошланиши учун вақт кетди, айрим қишлоқларга қутқарувчилар етиб бориши учун кунлар керак бўлди. 30 мингдан ортиқ профессионал ва кўнгилли қутқарувчилар ниҳоят етиб келди. Уларга кўплаб давлатлардан келган ёрдамчилар ҳам қўшилди.
6000 дан ортиқ бинолар қулаган, Туркиянинг Табиий офатларни бошқариш агентлиги - AFAD'нинг ўзи зилзиладан зиён кўрди.
Зилзила рўй берган илк соатларда ҳаракат қилиш жуда муҳим эди, аммо йўллар зарарланган, қидирув қутқарув гуруҳлари етиб бориши учун икки уч кун кетиб қолди.
Туркия бошқа мамлакатларга қараганда зилзилалар бўйича кўпроқ тажрибага эга, аммо йирик кўнгилли қутқарув гуруҳи асосчиси айтишича, бу сафар сиёсат тўсқинлик қилди.
1999 йил августида содир бўлган сўнгги кучли зилзиладан сўнг, қутқарув операциясига айнан қуролли кучлар раҳбарлик қилган, бироқ Эрдоған ҳукумати уларнинг турк жамиятидаги таъсирини чеклади.

Сурат манбаси, AKUT
"Бутун дунёда энг яхши уюшган ва техник жиҳатдан қудратли ташкилотлар қуролли кучлар бўлади, уларнинг қўлида катта маблағ бор", дейди Akut жамғармаси раҳбари Насуҳ Маҳрукий. "Шундай экан, фожеа вақтида уларни ишга солиш керак."
Ҳозир бу иш билан Туркиянинг 10-15 000 кишидан иборат Табиий офатларни бошқариш агентлиги шуғулланади, унга яна 3000 кўнгилли ишлайдиган Akut каби нодавлат гуруҳлар ёрдам беради.
Потенциал қутқарув ҳаракатлари ҳозирда 1999 йилдагига қараганда анча кенгайган, дейди жаноб Маҳрукий, лекин ҳарбийлар бунақа ишлардан аввалдан четлатилгани учун улар ҳукуматдан буйруқ кутишига тўғри келди: "Бу қутқарув ва қидирув ишлари бошланишини кечиктирди".
Президент Эрдоған Туркия "дунёдаги энг катта қидирув-қутқарув гуруҳи"га эга бўлишига қарамай, қидирув ишлари ҳукумат истагандек тез ўтмаганини тан олди.
"Уларни огоҳлантиргандим"
Кўп йиллар давомида турклар кучли зилзила эҳтимоли ҳақида огоҳлантирилган, аммо Туркиянинг жануби-шарқий қисмидан ўтадиган Шарқий Онадўли ёриғи бўйлаб зилзила содир бўлиши камроқ кутилган эди, чунки энг кучли силкинишлар шимолдаги ёриқда бўлар эди.

Сурат манбаси, .
2020 йил январида содир бўлган зилзила душанба кунги зилзила ҳудудининг шимоли-шарқидаги Элазиғда юз берганди. Ўшанда Истанбул Техника Университетидан геотехника муҳандиси профессор Нажи Гўрур хавфни сезган. У ҳатто кейинчалик Адияман ва Қаҳрамонмараш шимолида зилзила бўлишини башорат қилган.
"Мен маҳаллий ҳукуматлар, ҳокимлар ва марказий ҳукуматни огоҳлантирдим. Мен: "Илтимос, шаҳарларингиз зилзилага тайёр бўлсин", дедим. Биз зилзилани тўхтата олмаймиз, аммо улар келтирган зарарни камайтиришимиз керак."
Туркиянинг зилзила муҳандислиги бўйича етакчи мутахассисларидан бири, профессор Мустафо Эрдик катта инсоний талафотларга қурилиш меъёрларига риоя қилмаслик, қурилиш соҳасидаги билимсизлик ва малакасизлик сабаб бўлганини айтади.
"Биз зарарларга тоқат қиламиз, аммо бинолар қаватлари сэндвичдек жипслашиб кетадиган бу каби зарарларга эмас, - дейди у Би-би-сига. - Бунинг олдини олиш керак эди ва ана шу ҳол кўраётганимиз фожеага сабаб бўлмоқда."

Сурат манбаси, Reuters
2018 йилда янгиланган қоидаларига кўра, юқори сифатли бетонни қовурғали темир панжаралар билан мустаҳкамлаш керак. Вертикал устунлар ва горизонталь тўсинлар зилзила зарбини қабул қила олиши керак.
"Бетон ва пўлат панжаралар ёпишиши керак, шунингдек, устунлар ҳам мустаҳкамланиши керак", дейди проф. Эрдик.
Агар барча қоидаларга риоя қилинганда, устунлар омон қолар ва зарар фақат тўсинларга билан чекланарди, деб ҳисоблайди у. Ундай бўлмади, устунлар дош бермади ва поллар бир-бирининг устига қулаб тушди, натижада оғир қурбонлик берилди.
Адлия вазири лоқайдлик қилган ёки айбдор деб топилган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилишини айтди.
Зилзила солиғи сири
Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси етакчиси Камол Қиличдарўғли каби танқидчилар президент Эрдоған ҳукумати 20 йиллик ҳокимияти давомида "мамлакатни зилзилаларга тайёрламаганини" таъкидламоқда.
1999 йилги зилзиладан сўнг жорий қилинган иккита "зилзила бирдамлик солиғи"идан йиғилган катта маблаққа нима бўлгани ҳақидаги катта савол турибди. Маблағлар биноларни зилзилаларга чидамли қилиш учун мўлжалланган эди.
Мобил, радио ва телевидение операторлари томонидан тўланган солиқлардан шу кунгача давлат ғазнасига тахминан 88 миллиард лира (4,6 миллиард доллар) тушди. Икки йил олдин у ҳатто 10% гача кўтарилди. Аммо ҳукумат пул қаерга сарфланганини ҳеч қачон тўлиқ очиқламаган.
Шаҳар лойиҳачилари зилзила зоналарида қоидаларга амал қилинмаётганидан шикоят қилмоқда. Улар 2018 йилда ҳукумат қурилиш меъёрларини бузганларга амнистия бергани, уларни шунчаки жаримага тортиш билан чекланиб, олти миллионга яқин яроқсиз бинолар дахлсиз қолганини таъкидлашмоқда.
Жарималар солиқ ва йиғимлар шаклида олиниб, миллиардлаб турк лирасини ташкил этди. Аммо 2019 йилда Истанбулда турар-жой биноси қулаб, 21 киши ҳалок бўлганда Қурилиш муҳандислари палатаси раҳбари амнистия Туркия шаҳарларини қабристонга айлантиришини айтган эди.
Истанбул университетидан Пелин Пинар Гиритлиўғлига кўра, талафот етган 10 шаҳарда 100 000 дан ортиқ амнистия аризаси берилган, бу ҳудудда ноқонуний қурилишлар жуда кўп бўлган.
"Амнистия охирги зилзила пайтида биноларнинг қулашида катта роль ўйнади", дейди у Би-би-сига.

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
"Бир-биримизни айблаганимиз билан масала ҳал бўлмайди, ечим излашимиз керак", дейди проф. Эрдик. Унга кўра муаммо сиёсатдагина эмас, тажрибасиз муҳандис битирувчиларни қурилиш ишларига жалб қилишга йўл очадиган тизимда ҳамдир.
Профессор Гўрур "зилзилага чидамли шаҳар турар жойлари" қуришга чақиради, аммо бунинг учун, айниқса, Туркиянинг энг гавжум шаҳрида фикрлаш тарзини ўзгартириш керак бўлади.
"Биз 23 йилдан бери Истанбулда бўлиши мумкин бўлган зилзила ҳақида огоҳлантириб келяпмиз. Шунинг учун Истанбул сиёсатчилари бир жойга тўпланиб, одамлар, инфратузилма, бинолар ва ҳудудларни зилзилабардошлигини ошириш учун ҳаракат қилишлари керак".
Қутблашган сиёсат

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Эрдоған бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чақириб, фалокатга қарши курашни танқид қилганларни инсофсиз, деб атади.
Зилзила эпицентри яқинидаги Ҳатайда журналистларга "Мен сиёсий манфаатлар учун салбий кампания олиб бораётганларга тоқат қила олмайман", деди у.
Зилзила бўлган ҳудудлардаги кўплаб шаҳар ва шаҳарчалар унинг ҳукмрон АКП партияси назорати остида.
Аммо 20 йиллик ҳокимиятда, аввал бош вазир, кейин эса тобора авторитар сайланган президент сифатида у қутбланган мамлакатни бошқариб келмоқда.
Киличдарўғли, "Унинг сиёсати туфайли шунгача келдик" дейди.
Май ойига мўлжалланган сайлов кампанияси ҳали бошланмаган, бироқ у президентни ағдариш учун ягона номзоди бўлган олтита мухолифат партиясидан бирини бошқаради.
Эрдоғаннинг бу сайловлар олдидан мамлакатни бирлашишга чорловини катта эҳтимол билан ҳеч ким эшитмайди.
У борган сари танқидларга чидай олмайдиган ҳолга келган ва унинг кўплаб рақиблари қамоқда ёки хорижга қочган. 2016 йилда президентга қарши давлат тўнтаришига уриниш қон тўкиш билан якунланганди. Эрдоған бунга жавобан ўн минглаб одамни ҳибсга олди ва ҳукумат ходимларини ишдан бўшатди.
Иқтисодиёт 57% инфляция даражаси билан тезкор пастлади, қимматчилик бошланди.
Ҳукуматнинг зилзилага жавобан биринчи қилган ишларидан бири Twitter'ни вақтинча блоклаш бўлди, ваҳоланки, қутқарувчилар ундан омон қолганларни топишда фойдаланиши мумкин эди. Ҳукумат Twitter'дан ёлғон маълумот тарқатиш учун фойдаланилаётганини иддао қилди ва полиция қутқарув амалиётларидаги камчиликлар ҳақида твит ёзган сиёсатшуносни ҳибсга олди.
Бир йил қамоқда ўтирган ва ҳозирда Германияда қочқинда бўлган турк журналисти Дениз Южел 1999 йилги Туркиядаги зилзила Эрдоғаннинг ҳокимият тепасига келишига ёрдам бергани ҳақида ёзди.
Унинг айтишича, бу сўнгги фалокат кейинги овоз беришда роль ўйнайди, аммо қандай бўлиши ҳали аниқ эмас.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















