Янгиликлар. Туркия. Яхши хабар ёки мўъжиза: Даҳшатли зилзиладан тўққиз кун ўтиб ҳам, тирик топилганлар бор Turkiya Dunyo Yangiliklar

Qutqaruv

Сурат манбаси, FACEBOOK/MAYOR MUZAFFER BIYIK

Сурат тагсўзи, Иккинчи кучли зилзилага саҳна бўлган Қаҳрамонмарашдан шу кунларда олинаётган хабарлар кўпчиликни ҳайратга солмай қўймаган, "мўъжиза", деган баҳоларга ҳам сабаб бўлган
Ўқилиш вақти: 16 дақ

6 февраль кунги ҳалокатли зилзила ўн минглаб одамни ўлдирган, ўн минглабини шикастлаган, ўн минглаб турар-жой бинони қулатган ва улар ўн минглаб одамни босиб қолганди.

Ҳануз дараги чиқмаганлар орасида эса, Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатларидан бири бўлади.

Иккинчи кучли зилзилага саҳна бўлган Қаҳрамонмарашдан шу кунларда олинаётган хабарлар кўпчиликни ҳайратга солмай қўймаган, "мўъжиза", деган баҳоларга ҳам сабаб бўлган.

Даҳшатли зилзилалардан тўққиз кун ўтиб, қутқарув ишлари тугаб, тозалаш ишлари кетаётган бир пайтда вайроналар остидан уч нафар аёл ва икки бола тирик топилган.

Бу икки аёлнинг 42 ёшли Мелике Имамоглу ва 74 яшар Жемиле Кекечлар экани айтилмоқда.

Мелике Имамоглуни қутқариш видеосини Дарижа мэри Музаффар Бийик ижтимоий тармоқларга жойлаган.

Видеода омон қолган Меликени "Тез ёрдам" машинасига ўтказишаркан, қутқарувчиларнинг қарсак чалганча, бир-бирларини бағриларига босишга акс этган.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, қутқарилган пайтида Мелике ўзини "ажойиб" ҳис этаётганини айтган.

Худди шу манзарада даҳшатли зилзилалардан қаттиқ жабр кўрган Антакьядан ҳам худди шунга ўхшаш хабарлар олинган.

Маълум бўлишича, у ерда ҳам она икки нафар боласи билан бирга вайроналар остидан тирик топилган.

Аммо, табиий офатдан ўт кун ўтиб, одамларни тирик топиш қийинлашган.

Бугунга келиб, Туркия ва Сурияни ўз забтига олган зилзилалар қурбонларининг умумий сони 41 минг кишидан ортган.

Буёғи-чи?

Tozalash ishlari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 6 февраль кунги ҳалокатли зилзила ўн минглаб одамни ўлдирган, ўн минглабини шикастлаган, ўн минглаб турар-жой бинони қулатган ва улар ўн минглаб одамни босиб қолганди

Зилзилалардан қисқа вақт ўтмай, Туркияга келган хорижий қутқарувчилар ортга қайтишни бошлашган, эътибор ҳозир тозалаш ишларига кўчган.

Табиий офатдан омон қолганлар энди ўз ҳаётларини қайта тиклашлари керак.

Масъуллар хавфсиз, деб эълон қилишлари ортидан, Туркия ҳукумати одамларни уйларига қайтишга ундаб чиқди.

Аммо кўпчилик ўз турар-жойини йўқотган ва қўлбола чодирларда яшаб турибди.

Суриядаги қутқарув, қидирув ва кўмак ишларига эса, узоқ йиллик фуқаролар уруши жиддий таъсир қилган.

Парчаланган бу давлатдаги зилзиладан қаттиқ зиён кўрган исёнчилар назорати остидаги ҳудудларга кириш кунлар давомида имконсизлигича қолган.

У ерга ёрдам кирганда ҳам, қутқарувчилар ўзларига лозим техника берилмаганидан шикоят этишган.

Исёнчилар назорати остида бўлган ҳудудлардаги қутқарув ишларига бошчилик қилаётган "Оқ каскалилар" гуруҳининг айтишича, "бирор бир ерда зилзила юз берган пайтда, халқаро ҳамжамият ва БМТ кўмак қилмаган бунга ўхшаш ҳолат ҳеч қачон бўлмаган".

13 февраль

Qutqaruv-qidiruv ishlari

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Сурат тагсўзи, Душанба кунги зилзила натижасида Туркиянинг 10 вилоятидаги аҳолиси 13 миллиондан ошувчи шаҳарлари қаттиқ жабр кўрган

Қақшатқич зилзилалардан бир ҳафта ўтди. Туркия ва Сурияда бугун нима гап?

Алоқадор мавзулар:

Сўнгги рақамлар

Ҳалокатли зилзилалар қурбонларининг сони 35 мингдан ошди.

Улардан аксарияти Туркиянинг ҳисобига тўғри келади.

Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилоти зилзила қурбонлари сони бундан камида икки баравар кўп бўлиши мумкинлиги билан огоҳлантираётир.

Халқаро ташкилотга кўра, Туркия ва Суриядаги операцияларининг қутқарув босқичи "поёнига етмоқда", асосий эътибор буёғига омон қолганларга қаратилади.

Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатларидан бири ҳам бўлади.

Қурбонлар, шикаст етганлар ва бедарак кетганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Ўзбекистон томони уларнинг сонига оид рақамларни ҳам янгилаб бораётир.

Сурияда эса, қурбонлар сони 3.5 мингдан зиёдроқ кишини ташкил этиб турибди.

Аммо бу мамлакатга кириш, ҳақиқий вазиятни баҳолаш ҳали-ҳануз қийинлигича қолмоқда.

Худди шу боис ҳам, қурбонларга оид рақамлар Сурияда жума кунидан буён янгиланмаган.

Ҳали ҳам вайроналар остида қолаётганлар бор, ҳар икки давлатда ҳам қутқарув-қидирув ишлари ҳануз давом этаётир.

Туркияда ишлаётган германиялик ва австриялик қутқарувчилар табиий офат ҳудудидаги талончилик ва отишмалар туфайли ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишган.

"Турли фракциялар ўртасида тўқнашувлар бўлаётгани ҳақида хабарлар ортмоқда, ўқ овозлари ҳам эшитилмоқда", деб айтган ISAR вакили Стефан Хейне.

Президент Эрдоған ҳукумат талончилик ва бошқа жиноятларга алоқадор шахсларга нисбатан чора кўришини айтди.

Turkiya prezidenti

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Эрдоған ҳукумат талончилик ва бошқа жиноятларга алоқадор шахсларга нисбатан чора кўришини айтди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, қурбонлар сони ҳозиргисидан кўра ҳам икки баробар кўпроқ бўлиши мумкин.

Зилзилалардан олти кун ўтиб, туркиялик масъуллар қулаган бинолар қурувчиларини қўлга олишни бошлаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса, президент Башар ал-Асаддан Суриянинг ҳукумати назорати остида бўлмаган ҳудудларига қутқарувчилар ва кўмак киритишни осонлаштиришини сўрамоқда.

Ҳибслар

Qutqaruv ishlari

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Туркиянинг Ҳатай вилоятидаги вайроналар остида 147 соат қолиб кетган 12 ёшли суриялик Куди кеча, 12 феврал куни қутқарилган

Туркия прокуратураси 113 кишини ҳибсга олишга ордер берди.

Кеча, якшанба куни улардан 10 дан ортиғи ҳибсга ҳам олингани айтилди.

Туркиялик масъулларга кўра, жами 130 дан ортиқ киши сейсмик фаол ҳудудда қурилиш тартиб-қоидаларига риоя этмаганликда гумон этилаётир.

Улар ҳалокатли зилзилалардан жабр кўрган 10 та вилоятдаги 170 мингта бинони ўрганишган.

Зилзила натижасида бу бинолардан 25 мингтаси буткул вайрон бўлган ёки жиддий шикаст еган.

Айримлари биринчи зилзиланинг ўзидаёқ турган жойида тахланиб қолган.

Туркия мухолифати наздида эса, ҳукумат айбни бошқаларга ағдаришга уринмоқда.

Ғазабланган аҳоли эътиборини мазкур фожеага сабаб бўлган ва унинг оқибатларини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган давлат бошқарувидаги муваффақиятсизликлардан чалғитишга ҳаракат қилаётир.

Туркия мухолифатига кўра, президент Эрдоғаннинг бошқаруви билан кечган 20 йил давомида қурилиш меъёрларининг бузилишига кўз юмилган.

1999 йилги ҳалокатли зилзила ортидан биноларнинг зилзилабардошлилигини оширишга қаратилган махсус солиқдан тушган пуллар нотўғри харжланган.

Туркия президенти мухолифатнинг ўзига қаратилган барча айбловларини рад этаётир.

Унинг айтишича, буларнинг барчасига мухолифатнинг муниципалитетдаги «порахўрлари» айбдор.

"Бунга ўхшаш ҳолатлар янгилик эмас. Тақдирнинг қадари", - дея қўшимча қилган Туркия президенти.

Президент Эрдоғанни эса, шу йил май ойида осон бўлмаган парламент ва президент сайловлари кутмоқда.

У ҳафтанинг сўнгги кунларини Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларига шахсан ташриф буюриш билан ўтказган.

Қақшатқич зилзиладан олти кун ўтиб ҳам, вайроналар остидан тирик қутқариб олинаётган одамларга оид хабарлар эса, ҳануз тинмаётир.

10 февраль

Қутқарув ишлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бугунга келиб, энди омон қолганларнинг ҳаётидан хавотирлар кучаймоқда

Қурбонлар ва яраланганларга оид яна янги рақамлар эълон қилинди. Туркия - ўзбекистонликлар энг кўп мамлакатлардан бири.

Янги рақамлар

Ҳалокатли зилзила Туркиядаги Ўзбеклар қишлоғини нима қилди - видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Туркия президенти зилзиладан жабр кўрган ҳудудлар бўйлаб сафарини давом эттирмоқда

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Туркия президенти зилзиладан жабр кўрган ҳудудлар бўйлаб сафарини давом эттирмоқда

Душанба кунги устма-уст қақшатқич зилзила қурбонларининг сони 22 мингдан ошди.

Уларнинг орасида бир нафар ўзбекистонлик ҳам борлиги ҳам расман тасдиқланган.

Қурбонларнинг аксарияти - 19 мингдан зиёди Туркиянинг ҳисобига тўғри келади.

Президент Режеп Таййип Эрдоған яраланганларнинг сонига оид янги маълумотларни ҳам эълон қилди.

Унинг айтишича, биргина Туркиянинг ўзида зилзиладан шикаст еганларнинг сони ўтган тўрт кун ичида 80 мингга яқинлашган.

Ҳалокатли зилзилалар Туркия жануби ва Сурия шимолини ўз забтига олган, ўн минглаб уй ва биноларни ерпарчин қилганди.

Туркия президенти ҳукумат жабрланганларга ижара пули билан ёрдам қилишини айтди.

Ҳукумат эса, бундан аввал зилзила оқибатларини бартараф этишда сусткашлик қилганига оид жиддий танқидлар остида ҳам қолганди.

Бугунга келиб, энди омон қолганларнинг ҳаётидан хавотирлар кучаймоқда.

Айниқса, халқаро ҳамжамиятнинг эътиборидан четда қолаётган Суриядаги аҳвол жиддий ташвишларга сабаб бўлаётир.

Фаолларга кўра, Сурия ҳозир "мутлақ ҳалокат" қаршисида турибди.

Расмийларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ёрдам юкланган яна бир карвони Туркиядан Сурияга кесиб ўтган.

Аммо бу уларнинг Сурияга қаратилган бор-йўғи иккинчи ёрдам карвони бўлади.

Суриянинг, айниқса, исёнчилар назорати остида бўлган минтақаларида қақшатқич зилзиладан кейинги аҳволнинг ўта абгор ва аянчли экани айтилади.

Сўнгги рақамларга таянилса, Сурия шимолида ҳозир муҳтожларнинг 20 фоизига ҳам тиббий кўмак етишмайди.

Айни пайтда ҳар икки давлатда ҳам қидирув-қутқарув ишлари ҳануз тинмаган.

Бироқ вайроналар остида қолаётган одамларни тирик қутқариш умиди кун сайин сўниб бормоқда.

"Аср фалокати"

Жабрдийда

Сурат манбаси, Reuters

Туркия ҳали-ҳануз "аср фалокати"га юз тутиб турибди. Туркия - ўзбекистонликлар энг кўп мамлакатлардан бири.

Мамлакатни душанба куни устма-уст ўз забтига олган ҳалокатли зилзила қурбонларининг сони 20 мингдан ошди.

Зилзиладан 4 кун ўтиб ҳам, ҳануз вайроналар остида қолаётганлар бор, қидирув-қутқарув ишлари тинмаётир.

Аммо омон қолганларни тирик топиш умидлари кун сайин сўниб бораётир.

Қурбонлар сони бундан-да ортиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг огоҳлантиришича, ҳали-ҳануз фалокатнинг бор кўлами маълум эмас.

Қақшатқич ер силкинишига саҳна бўлган минтақаларда ҳозир қаҳратон совуқ ҳукмрон.

Зилзиладан омон қолганлар ва тирик қутқарилганларнинг фавқулодда бошпана, озиқ-овқат ва тозап ичимлик сувига эҳтиёжи бор.

Буларнинг барчаси бугун уларнинг ҳам ҳаётини хавф остида қолдирган.

Қутқарув ишлари

Сурат манбаси, Reuters

Туркия президенти мамлакати бошига тушган бу офатни "аср фалокати", деб атаган.

Ҳозирга келиб, халқаро ҳамжамият ҳам Туркияга ўзининг ёрдамини кучайтирмоқда.

Кеча, пайшанба куни Жаҳон Банки Туркияга $1.78 миллиард доллар кўмак ваъда қилган.

У энг зарур инфратузилмани қайта тиклаш ва зилзила жабрдийдаларининг аҳволини яхшилаш учун фавқулодда пул ёрдамини ҳам кўзда тутади.

Аммо зилзила сатҳида ҳамон етарлича транспорт воситаси йўқ ва йўллар ҳам абгор.

Бу эса, у ердаги қутқарув-қидирув ишларини янада қийинлаштирган.

Ўзбекистон ҳам дунёнинг Туркияга фавқулодда ёрдам қўлини чўзган давлатларидан бири бўлади.

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан ҳудудга устма-уст ўзининг ўнлаб қутқарувчиларини юборган, инсонпарварлик ёрдами юборишга ҳам зўр берган.

Шу кунларда Ўзбекистондан борган ҳарбийлар Туркияда зилзила жабрдийдаларига тиббий кўмак кўрсатиш учун дала госпитали ташкил этишга ҳам киришишган.

Туркия дунёнинг энг кўп сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юумуш ва таҳсилда банд саноқли давлатларидан бири бўлади.

Уларнинг сони турли манбаларда бир неча ўн мингга қиёс берилади.

Туркиялик масъуллар ҳалича қурбонлар ва яраланганлар шахсини очиқлашмаган.

Шу пайтгача Туркиядаги ҳалокатли зилзилаларда бир ўзбекистонликнинг вафот этгани расман тасдиқланган.

Бедарак кетгани айтилган бир қанча ўзбекистонлик орада тирик топилган, аммо ҳали-ҳануз дараги чиқмаганлари ҳам бор.

Кеча, 9 февраль куни эса, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус борти орқали Ғозиантеп ва Шонлиурфадан 17 киши Тошкентга қайтарилган.

Улардан 11 нафари Ўзбекистон, 6 нафари Қирғизистон ва 1 нафари Россия фуқаролари эканлиги расман хабар қилинган.

Айрим хорижлик сейсмологларга кўра, бу Туркия тарихида қайд этилган энг кучли зилзилалардан бири бўлган.

9 февраль

зилзила

Сурат манбаси, Reuters

Туркия ва Сурияда душанба саҳарида бўлган қақшатқич ер қимирлаши натижасида ҳалок бўлганлар сони 19 мингдан ортди. Сурияга қақшатгич зилзиладан 4 кун ўтиб илк ёрдам карвони борди. Туркиядаги одамлар нега ҳукуматдан норози бўлмоқда?

Айни соатларга қадар Тркия ва Сурияда қзилзиладан қурбон бўлганларнинг сони 19300 нафар бўлгани маълум қилинди.

Ер қимирлаши Туркияда 16,170 кишининг умрига зомин бўлган. Сурияда эса 3,162 инсон қурбон бўлган.

Қутқарув ишлари тўрт кундан бери давом этмоқда.

Минтақага тушган қор ва совуқ ҳаво вайроналар остида қолаётганларни қутқаришни янада қийин аҳволга солиб қўйган.

Туркияда қутқарув хизматлари офатга зудлик билан жавоб беролмади ва айрим жойларда одамларлар ёрдамни кунлаб кутаяпти, деган хабарлар ортидан норозилик кучайган.

8 феврал куни зилзила ўчоғидаги ҳудудларга борган Туркия Президенти Эрдўғон ҳукумат айрим муаммоларга дуч келганини тан олган, бироқ вазият ҳозир "назорат остида" эканлигини айтган.

Сурияда инфратузилмани вайрон қилган кўп йиллик можаро қутқарув ишларининг янада қийинлаштирган.

Туркиядагилар нимадан норози?

Зилзила

Сурат манбаси, EPA

Қурилиш меъёрлари амал қилмаслик ер қимирлашида кўплаб биноларнинг қулашига олиб келиши Туркияда ғазабларга сабаб бўлмоқда..

Қурилиш тартиблари Туркияда олдин бўлган табиий офатлардан сўнг ўзгартирилганди.

1999 йилда 17 минг инсоннинг умрига зомин бўлган Измитдаги зилзиладан сўнг ҳам қатъий хавфсизлик талаблари қабул қилинганди.

Бироқ мутахассисларнинг айтишича, маълум тўлов эвазига хавфсизлик сертификатисиз қурилган биноларни вақти вақти билан жорий қилиб туриладиган "қурилиш афви" билан ҳуқуқий жавобгарликдан озод қилиш яқиндаги фожиага сабаб бўлган.

Шаҳарсозлик палатаси қошидаги Туркия муҳандислар ва меъморлар уюшмасининг Истанбул бўйича раҳбари Пелин Пинар Гиритлиўғли ер қимирлаши таъсири остидаги минтақаларда 75 мингтагача биноларга мана шандай "афв"лар қўлланилганини айтади.

BBC Reality Check жамоаси душанба куни бўлган зилзилада қулаб тушган яқинда қурилган биноларнинг айримларини ўрганди. Уни қурган ширкатлар биноларнинг ер қирмирлашига қанчалик бардошлиги ҳақида берган баёнотларини бир ерга тўплади. Мақолани шу линк орқали ўқишингиз мумкин.

Зилзила: Сурияга илк ёрдам карвони етиб борди

Карвон Туркиядан кириб борган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Карвон Туркиядан кириб борган

Қақшатқич зилзиладан 4 кун ўтиб, Сурия шимолидаги мухолифат қўл остида бўлган минтақага илк ёрдам карвони етиб борди. Юк машиналар Туркия чегарасидан ўтган.

Расмийлар 6 та юк машинаси Идлибнинг Боб ал-Ҳаво чегарасидан ўтганини айтмоқда.

Ҳаёт учун ўта зарурий бўлган ёрдамнинг етказиб берилиши йўлларнинг бузилиши ва логистика билан боғлиқ муаммолар туфайли 4 кундан бери тўхтаб қолаётганди.

Қутқарувчилар ушбу минтақада камида 1900 одам қурбон бўлгани ва юзлаб оилалар вайроналар остида қолаётганини айтишмоқда.

Зилзила бўлишидан олдин ҳам катта қисми аёллар ва болалардан иборат 4,1 миллион инсон тирик қолиш учун халқаро ёрдамга муҳтож эди.

8 февраль

Қаҳрамонмараш

Сурат манбаси, Reuters

Туркия ва Сурия содир бўлган зилзила натижасида қурбонлар сони 11 мингдан ортди. Қутқарувчилар тирик одамларни топиш учун вақт жуда ҳам оз қолаётганидан огоҳлантирмоқда. Туркияга уруш ичида қолаётган Украина ҳам қутқарувчиларини юборди.

Қурбонлар 11 мингдан ошди

Айни соатгача олинган маълумотларга кўра, Туркия ва Суриядаги зилзилада қурбон бўлганларнинг умумий сони 9 мингдан ошди.

Туркия Фавқулода хизматлар агентлигининг маълумотларига кўра, зилзила бу мамлакатда 8,574 инсоннинг умрига зомин бўлган.

Сурияда рақамларни тасдиқлатиш қийин. Бироқ бу ердаги давлат матбуоти ва қутқарувчи гуруҳлар 2660 одам ҳалок бўлганлигини айтмоқда.

Мутахассислар қурбонлар сони ҳали яна ортиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қутқарувчилар вақт вайроналар остида тирик қолаётларга қарши ишлаётганини ва уларни қутқариш учун жуда ҳам оз вақт қолаётганидан хавотир билдиришган.

Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридан хабар берган Би-би-си мухбири Анна Фостернинг айтишича, айрим қулаган биноналар остидан одамларни тирик олиб чиқишга умидлар сўнган.

"Энди бу ерда қутқариш ишларига ҳаракат ҳам қилишмаяпти, балки тиклаш ишлари олиб борилишини кутишяпти, чунки бино остида ҳеч ким тирик қолмаганини билишади", дейди қулаб тушган 9 қаватли уй қаршисидан Анна Фостер.

Президент Эрдўғон зилзила бўлган бўлгаларга келди, одамлар нимадан норози?

Эрдўғон

Сурат манбаси, Reuters

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон зилзиладан энг кўп жабр кўрган минтақага сафар қилган. У зилзила ўчоғи бўлмиш Қаҳрамонмараш, Хатай ва Пазарчик бўлгаларига боришни режалаган.

Кўпчилик ҳукумат етарли ҳаракат қилмаётганидан ғазабланмоқда, айримларнинг айтишича, улар томонга ёрдам умуман етиб бормаган.

Искандарундаги Нумуне туманидан Орзу Дедеўғлининг кеча Би-би-сига унинг икки жияни вайроналар остида қолиб кетаётгани ва бир кундан бери ҳеч қандай ёрдам келмаётганини айтган.

"Вайроналар остида икки боламиз Ойшагул ва Илайда қолиб кетяпти. Улар энди йўқ. Иккиси ҳам тирик эмас, деб ўйлайман. Нега улар эртароқ келишмади?", дейди у.

Антакядаги яна бир жабрланувчи, 64 яшар Мелек "Чодирлар ва озиқ-овқат ортилган юк машиналари қаерда?" дейди.

Ижтимоий тармоқдагилар ҳукумат ўз вақтида чора кўролмаганини айтишган, айримларнинг ёзишича, энг кўп азият чеккан минтақалар эътиборсиз қолган.

ЮНИСЕФ катта маслаҳатчиси Мелинда Йонгнинг мамлакат шимолига етиб бориш ўта қийинлигини айтган.

Унинг айтишича, зилзиладан йўллар зарар кўрган, айниқса чегараолди йўлларининг бузилиши Сурияга Туркия орқали ёрдам етказишни қийин қилиб қўйган.

"Зилзила солиғи" сарфланиши борасида ғазаблар ортмоқда

"Зилзила солиғи" қаерга сарфлангани ҳар ер қимирлаганда кўтарилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Зилзила солиғи" қаерга сарфлангани ҳар ер қимирлаганда кўтарилади

20 йил олдин қаттиқ ер силкинишидан сўнг жорий қилинган "зилзила солиғи" қаерга сарфланганини одамларнинг ғазабига сабаб бўлмоқда.

Тахминан 4,6 миллиард доллар табиий офатларни бартараф этишга ва фавқулодда вазиятлар хизматларини ривожлантиришга сарфланиши керак эди

1999 йилда Туркия шимолида бўлган зилзила натижасида 17 минг инсон ҳалок бўлганди.

Ҳукумат "махсус алоқа солиғи" деб атайдиган йиғим бўйича саволлар Туркияда ҳар сафар зилзила бўлганда кўтарилади. Бироқ Би-би-си Турк хизматига кўра, ҳукумат бу пуллар қандай сарфлангани борасида ҳеч қачон очиқ маълумот бермаган.

Украина Туркияга қутқарувчиларини юборди

Украина

Сурат манбаси, Reuters

Украина Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг қутқарувчиларидан иборат гуруҳ самолётга билан Туркиядаги жўнаб кетди. Улар зилзила минтақаларида қутқарув ва тозалаш ишларини олиб боради.

Украина Президенти Володимир Зеленский сешанба куни Украина мутахассислари табиий офатлар зарарларини бартараф этишда керакли тажрибага эга эканлигини айтган.

Юборилган гуруҳ таркибида йўқолган одамларни топиш учун 90 нафар қутқарувчи ходим ва 10 та изқувар ва қутқарувчи ит юборилган.

7 февраль

Қаҳраманмарашда дастлабки зилзиладан бир сутка ўтиб 14 яшар ўспирин қутқарилди

Сурат манбаси, EVRIM AYDIN/ANADOLU AGENCY

Сурат тагсўзи, Қаҳраманмарашда дастлабки зилзиладан бир сутка ўтиб 14 яшар ўспирин қутқарилди

Туркиядаги қақшатқич зилзиладан бир сутка ўтиб вайроналар остидан тирик инсонлар қутқарилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бир Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани, бир неча нафари бедарак кетганини хабар қилди.

6 февралдаги икки кучли ер силкинишлари оқибатида Туркия ва Сурия ҳудудида минглаб бинолар қулаган.

Қутқарувчилар вайроналар остида қолган инсонларни чиқариб олишга шошилдилар, лекин қаттий ёмғир ва қор қутқарув ишларини қийинлаштирган.

Бунинг устига ҳаво ҳарорати ҳам - 7 га тушиб кетган.

Эрталаб Туркия расмийлари нобуд бўлган инсонларнинг сони 3381 га етганини хабар қилдилар.

Урушлардан жабр кўрган Сурияда вайроналар остида қолган инсонларни қутқариш янада қийин, ҳозирча икки мамлакатдаги зилзилаларнинг жами қурбонлари сони 5000 дан ошгани хабар қилинди.

Президент Эрдоған Туркияда етти кунлик мотам эълон қилди.

Туркиядаги вайроналар устида ўтирган кекса турк аёл

Сурат манбаси, Reuters

Зилзиладан энг кўп жабр кўрган Туркиянинг 10 вилоятини Президент Эрдоған фалокат ҳудудлари деб эълон қилди, ушбу ҳудудларда уч ойлик фавқулодда ҳолат амал қилади.

Туркиядаги фавқулодда ҳолатнинг 14 майдаги Президент Эрдоған яна 20 йиллик ҳокимиятда қолишга уринади, деб кўрилаётган президентлик сайловидан олдин тугатилиши кутилмоқда.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти зилзила қурбонлари билан боғлиқ мудҳиш рақам саккиз баравар кўпайишидан хавотир билдирди.

Туркияга халқаро ёрдамларни етказишнинг ҳам шошилинч чоралари кўрилаяпти.

Президент Эрдоған Туркияга кўмак йўллаган ва ёрдам таклиф қилган 70 мамлакатга миннатдорлик билдирди.

Туркияга қутқарувчилар ва инсонпарварлик кўмакларини юборган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бир Ўзбекистон фуқароси ҳаётдан кўз юмганини тасдиқлади.

"2023-йил 7-феврал (Тошкент вақти билан) соат 10. 00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатя провинсиясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини афсус ва чуқур қайғу билан қайд этамиз. Ташқи ишлар вазирлиги марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради.

Бундан ташқари, тўрт нафар ҳамюртимиз бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда", дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг Қаҳраманмараш шаҳрида ўтказилган 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги эркин кураш бўйича халқаро мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини хавфсиз жойга жойлаштириш ва ватанга қайтариш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.

6 февраль

Zilzila

Сурат манбаси, Reuters

Туркия бир куннинг ўзида устма-уст иккита қақшатқич зилзилага саҳна бўлди. Зилзила Туркия ва Сурияда юзлаб одамни ўлдирди ва яна минглабини яралади. Туркияда зилзила қурбонларининг сони ҳозирга келиб бир ярим минг кишидан ортган.Туркия - ўзбекистонликлар энг кўп мамлакатлардан бири.

Фран-Пресс ахборот агентлигининг хабар беришича, Сурияда қурбонларга оид сўнгги рақамлар 800 дан ошди.

Янги маълумотлар билан ҳар икки давлатда қурбон бўлганларнинг умумий сони 2300 дан зиёдроқни ташкил этмоқда.

Мамлакат жануби ва жануби-шарқини ўз забтига олган устма-уст ер силкиниши ортидан, 10 мингга яқин инсоннинг тан жароҳати олгани маълум бўлган.

Янги рақамларни очиқларкан, Туркия вице-президенти булар аниқ қай бир зилзила натижаси экани тафсилотларига тўхталмаган.

Унга кўра, ҳар икки ер силкиниши ортидан 145 та афтершок кузатилган. Улардан учтасининг кучи 6.00 баллдан кўпроқни ташкил этган.

Туркия вице-президентининг маълум қилишича, 3500 мингга яқин бино вайрон бўлган.

Қишнинг қирчиллама совуғига қарамай, омон қолганларни топиш учун қидирув-қутқарув ишлари ҳануз давом этаётир.

Қақшатқич зилзила Туркияни бир кунда нима қилди?

Gaziantep

Сурат манбаси, ...

Zilzila

Сурат манбаси, ...

Путин президент Эрдоған ва Ассадга ўзининг ҳамдардлигини билдирди.

Россия президенти Туркия ва Сурияни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Сурия президентига "зилзила оқибатлари бартараф этиш учун лозим бўлган ёрдамни беришга шай эканликлари"ни айтди.

Туркия раҳбарига эса, "қандай кўмак лозим бўлса, етказишга ҳозирмиз", - деди.

Каҳраманмарашдаги иккинчи ер силкиниши етказган зарар тафсилотлари ҳали-ҳануз маълум эмас.

Дастлабки ер силкиниши маркази эса, Газиантеп шаҳри яқинига тўғри келганди.

Биринчи зилзила Каҳраманмарашда камида 70 кишини ўлдирган.

Қутқарув-қидирув ишлари давом этаркан, қурбонлар ва яраланганлар сонининг янада ортиши кутилмоқда.

Бунгача нималар бўлганди?

Yer silkinishi

Сурат манбаси, Getty Images

Туркияда ҳалокатли зилзила қурбонларининг сони 900 дан ошди. Минглаб одамнинг тан жароҳати олгани айтилмоқда. Сурияда ҳам Туркиядаги ер силкиниши бир неча юз инсоннинг умрига зомин бўлди. Туркия - ўзбекистонликлар энг кўп мамлакатлардан бири. Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Туркияга инсонпарварлик ёрдами юбормоқда.

Янги рақамларни Туркия президентининг шахсан ўзи эълон қилди.

Режеп Таййип Эрдоғаннинг маълум қилишича, қурбонлар сони 912 тага чиққан.

Зилзила оқибатида 5300 дан зиёд одам тан жароҳати олган.

Туркия президентининг айтишича, қидирув-қутқарув ишлари давом этаркан, қурбонлар сони яна қанчага етиши мумкинлигини башорат қилиш қийин.

Қақшатқич зилзила маркази: Туркия ва Сурияни титратган табиий офат қаерда бошланган ва қайси шаҳарларни қамраб олган:

Xarita

Сурат манбаси, ...

Кейинроқ яна иккинчи кучли зилзила содир бўлди. Бунисининг кучи ҳам олдингиси билан деярли бир хил эди.

Xarita

Сурат манбаси, ...

Шу соатларда эса, Туркия жануби-шарқида яна бир зилзила юз берди. Тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Дастлабки маълумотларга кўра, иккинчи зилзила маркази Қаҳраманмараш шаҳрига яқин.

АҚШ Геология хизмати унинг 7.5 магнитудали бўлганини айтмоқда.

Qutqaruv ishlari

Сурат манбаси, Shutterstock

Кучли зилзила бу гал Туркиянинг Сурия билан чегараси яқинида жойлашган жанубий-шарқий Газиантеп шаҳрида юз берган.

Кучли ер силкинишидан қисқа вақт ўтмай, Туркияда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Қутқарувчилар ўз фаолиятларини мувофиқлаштира олишлари учун одамлардан мобил телефонларидан фойдаланмаслик ҳам сўралган.

Айрим хорижлик сейсмологларга кўра, бу Туркияда сўнгги 80 йил ичида қайд этилган энг кучли зилзила бўлиши мумкин.

Алоқадор мавзулар:

Turkiyada zilzila

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Шу соатга қадар бўлган энг муҳим янгиланишлар:

  • Икки давлат чегарасига яқин ерда юз берган кучли зилзила Туркия ва Сурияда 500 дан ортиқ одамни ўлдирди. Қурбонлар сони янада ортиши кутилмоқда.
  • Айрим хорижлик сейсмологларга кўра, бу Туркия тарихидаги энг қақшатқич ер силкинишларидан бири бўлиши мумкин.
  • Туркия томонининг билдиришича, ер силкиниши ортидан, 40 дан зиёд афтершок ҳам кузатилган.
  • Туркиядан бошпана топган миллионлаб суриялик қочқин эса, зилзила марказига яқин жойдан қўним топган. Уларнинг сони 4 миллионга яқин экани айтилади.
  • Ҳали ҳам кўплаб одамларнинг вайроналар остида экани, қидирув, қутқарув ишларига ёмон об-ҳаво тўсқинлик қилиши мумкинлигидан хавотирлар бор.
  • Юзлаб бинолар қулагани айтиларкан, Туркиянинг Қизил Хоч, Суриянинг "Оқ каскалилар" каби ёрдам ташкилотлари кўмак сўраб чиқишган. Бирларига қон, бошқалари эса, қутқарув, қидирув ишларида ёрдам кераклигини айтишган.
  • Туркия вице-президентининг маълум қилишича, ҳалокатли ер силкинишидан жабр кўрган барча ўн шаҳар ва вилоятдаги мактаблар бир ҳафтага ёпилади.
Turkiyada zilzila

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Вайроналар сатҳида қидирув, қутқарув ишлари ҳануз давом этаётир

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, унинг кучи 7.8 магнитудани ташкил этган

Зилзила маҳаллий вақт билан саҳар 04:17 да, 17.9 км чуқурликда қайд этилган.

Унинг кучи Туркия ва Суриядан ташқари яна Исроил, Фаластин ҳудудлари, Кипр ва Ливанда ҳам сезилган.

Зилзиладан Туркиянинг 10 шаҳри - Газиантеп, Қаҳраманмараш, Ҳатай, Османия, Адияман, Малатя, Шанлиурфа, Адана, Диярбакир ва Килис жабр кўрган.

Қурбонлар сони изчил равишда ортиб бораётир.

Туркия ва суриялик масъулларнинг дастлабки расмий маълумотларига таянилса, қурбонлар сони шу соатларга келиб, бир неча юзга етган.

Туркияда зилзила қурбонларининг сони 300 га яқинлашган, 284 кишига етган.

Минглаб киши турли кўринишдаги тан жароҳатлари олгани айтилмоқда.

Сурияда зилзила қурбонларининг сони 200 дан ошган.

Ҳалокатли ер силкиниши Ҳалаб, Латакия, Ҳама ва Тартусда 237 одамни ўлдирган.

Ер силкинишини ҳатто пойтахт Дамашқдагилар ҳам сезишган.

Suriyadagi qutqaruv ishlari

Сурат манбаси, Getty Images

Суриянинг исёнчилар назорати остидаги вилоятларда қанча қурбон борлиги Би-би-сига ҳозирча маълум эмас.

Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси бундан икки соатча олдин ўз рақамларини янгилаган, зилзила қурбонларининг сонини 320 кишига чиққанлигини айтган.

Сурия президенти Башар Ал-Ассад эса, тонгги соатларда фавқулодда йиғин чақирган.

Ҳар икки давлатда ҳам кўплаб бинолар қулаб тушган, уларнинг остида ҳам қамалиб қолган одамлар бор.

Вайроналар сатҳида қидирув, қутқарув ишлари ҳануз давом этаётир.

Қурбонлар сони янада ошиши кутилмоқда.

Zilzila

Сурат манбаси, Getty Images

Америка томони шу соатларда ўзларининг ёрдам беришга тайёр эканликларини айтиб чиққан.

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, мамлакати табиий офат ҳақидаги хабарлардан "чуқур хавотирда".

Президент Жо Байден мамлакатнинг халқаро тараққиёт агентлигига қандай ёрдам беришлари мумкинлигини аниқлашни топширган.

Исроил ҳам зилзиладан вайрон бўлган Туркияга ёрдам беришга шай эканлигини билдирган.

Turkiyada zilzila

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Туркия дунёнинг катта сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд саноқли давлатларидан бири бўлади.

Туркияга саёҳат ва тижорат илинжида борувчи ўзбекистонликлар ҳам озчилик эмас.

Ҳодисада жабр кўрганлар орасида хориж давлат фуқаролари бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Туркиялик масъуллар ҳалича қурбонлар ва яраланганлар шахсини очиқлашмаган.

Ўзбекистондан ҳамдардлик

Prezidentlar

Сурат манбаси, OFFICIAL

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президенти "қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзияси"ни изҳор этди.

Кучли зилзила оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанга расман ўз ҳамдарлигини йўллади.

Қардош Туркия етакчиси ва халқига чуқур таъзиясини изҳор этди.

Ўзбекистон президенти вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам кучли зилзила ҳақидаги хабарни "чуқур" қайғу билан қабул қилганликларини билдирди.

Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Вазирликнинг маълум қилишича, Тошкент вақти билан бугун, 6 февраль куни соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмаган.

Uchrashuv

Сурат манбаси, official

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчилиги ҳам юз берган зилзиладан чуқур қайғуда эканликларини айтиб, ҳамдардлик билдирган.

"Барча имкониятлари билан қардош ва дўст Туркиянинг ёнида" эканликларини таъкидлаган.

Ўзларининг барча кўмакка тайёр эканликларини Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Осиё ва Кавказ Бош бошқармаси бошлиғи билан тезкор учрашувлари чоғида баён қилганликлари ҳам маълум бўлган.

Элчихона Туркиядаги зилзиладан жабр кўрган Ўзбекистон фуқаролари учун ўзининг тезкор рақамларини эълон қилган.

Боғланишлари учун ижтимоий тармоқлардаги акаунтлари манзилини ҳам ҳавола қилган.

Telegram даги "Туркиядаги ўзбеклар" гуруҳида эса, у ердаги айрим ўзбекистонликлар зилзила қандай юз бергани ҳақидаги шоҳидликлари билан ҳам бўлишишган.

Улардан бири, "Биз Қаҳраманмарашда яшаймиз. Зилзила 04:17 да бошлади. Ундан кейин икки марта силкинди. Бошқа бўлгани эмас. Жуда кўп бинолар йиқилди. Аллоҳ сақласин", деб ёзган.

Шу соатларда олинган расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Туркияга инсонпарварлик ёрдами юбормоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ёрдам зилзила оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

Туркияга 60 нафар қутқарувчи ва 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилаётгани маълум бўлган.

Туркиялик сейсмологлар эса, ер силкиниши кучини 7.4 балл, деб баҳолашаётир.

Уларнинг сўзларига кўра, дастлабки ер силкинишидан саноқли дақиқалар ўтиб, минтақа иккинчисининг таъсирини сезган.

Туркия дунёнинг энг сейсмик фаол ҳудудларидан бири бўлади.

1999 йилда Измирда юз берган зилзила 20 мингга яқин одамни ўлдирган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek