Янгиликлар. Туркия: Зилзилада қурбон бўлган ўзбекистонлик Туркияда тупроққа қўйилди O'zbekiston Turkiya Yangiliklar

Севинч

Сурат манбаси, TAQDIM

Сурат тагсўзи, Севинч яшаган, ҳозирда вайронага айланган уйда қидирув ишлари
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистонлик 15 ёшли Севинч Сабирова 6 феврал куни зилзила натижасида қулаган уй остида қолганди. Уни уч кундан сўнг вайроналар остидан олишди.

Малатяда яшовчи ўзбекистонлик оиланинг бошқа аъзоларини қутқарувчилар қулаб тушган уй остидан олиб чиқишга муваффақ бўлишганди.

"Катта бетон Севинчнинг кўксига тушган. Ўн кишилашиб ҳам чиқариб ололмадилар. Бетонни кўтаришга машина керак", деганди онаси Эркиной Би-би-си билан суҳбатда.

Видеони кўриш учун "Қабул қилинг ва давом этинг" сўзини босинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бугун Севинчнинг холаси - Ортиқбека Матниёзова Би-би-си билан боғланди.

"Севинчни бугун тонгги соат 3 яримда чикариб олишди. Бугун жаноза, Малатьяда дафн этиладиган бўлди", деди марҳуманинг холаси.

Малатядаги вайрон бўлган уй остида қолган Севинч ҳали ўқувчи эди.

Алоқадор мавзулар:

"Асли нукусликмиз. 22 йилдан бери Чирчиқда яшардик. Тирикчилик, болаларимни ўқитиш учун 3 йил олдин Туркияга кўчдик. Бу ерда уй олгандик" - деганди Севинчнинг онаси Эркиной.

Она 6 фарзанди бўлиб, Севинч тўртинчиси бўлганини айтган.

"Ўқишга берилган, 3 тилни биладиган, лицейнинг олд ўқувчиларидан эди. Спортга қатнарди, 1 ҳафта олдин таэквондодан мовий белбоғ олганди. Атига 2 кунгина тақди" - дейди она.

Холасининг айтишича, оила Севинчни Туркияда дафн этишга қарор қилган.

"Консуллик жўнатиб берамиз, деди. Аммо уйимизни сотиб, бу ерга кўчиб келганмиз. У ёқда борадиган жойимиз йўқ".

"Бугун Севинчнинг ота-онаси қишлоқдан жаноза жойига кетишди (улар қулаган уйларидан узоқроқ масофадаги қишлоққа, хавфсизроқ ерга кўчирилганди). Дафн маросимини онасининг иш берувчиси ўтказаяпти. Шахси номаълум қурбонларни алоҳида қабристонга қўйишаётган экан. Севинчнинг ҳамма маълумоти борлиги учун шаҳар қабристонида дафн этилаяпти", деди холаси.

Онаси Эркиной ҳали икки кун олдин қизини бетон остидан олиб чиқмагунларича, ўзини кўрмагунча, унинг вафот этганига ишона олмаслигини айтганди.

"Мен карахт бўлиб қолдим, йиғламаяпман. Қизим худди тирикдек, бир жойга чиққандек, келиб қоладигандек туюлаяпти", - дея умид қилганди онаси.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek