Туркия зилзиласи: жасадлар кўчаларда ётар экан, одамларнинг ёрдам келмаётганидан норозилиги ортмоқда - Янгиликлар, Дунё

Антакя шаҳридаги вайроналар
Сурат тагсўзи, Антакя шаҳридаги вайроналар
    • Author, Квентин Соммервил, Том Бэтмен, Анна Фостер ва Кэтрин Армстронг
    • Role, Антакя, Искандарун, Қаҳрамонмараш ва Лондон

Туркия жанубида душанба куни содир бўлган зилзила оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадлари кўчада қолмоқда, тирик қолганларни эса қидириш давом этмоқда.

Туркия ва Сурия шимолида 7000 дан ортиқ одам зилзила сабабли ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳалок бўлганлар орасида минглаб болалар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Душанба куни маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Ғозиантеп шаҳри яқинида 7,8 магнитудали зилзила юз берди.

Кейинчалик содир бўлган зарба деярли шунча кучда бўлиб, эпицентри Қаҳрамонмараш вилоятининг Элбистон туманида бўлган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон зилзиладан энг кўп жабр кўрган 10 та вилоятда уч ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Унинг айтишича, қутқарувчилар ва молиявий ёрдам жабрланган ҳудудларга етиб бориши чоралари кўрилган, бироқ президент айнан қандай чоралар эканлиги тафсилотларини келтирмади.

70 га яқин давлат Туркияга ёрдам юбормоқда, бироқ айрим жойларда ёрдам етарлича тез етиб келмаётганидан норозилик кучаймоқда.

Антакя шаҳрида қутқарувчилар ва тез ёрдам машиналари тирик қолганларни қутқариш учун курашаётган вақтда ҳалок бўлганларнинг бир қисми соатлаб кўчада қолган.

Йўқолганларнинг яқинлари вайроналар оралаб яқинларини қидиряпти. Бир гуруҳ эркаклар вайрона остида қолган эркак ва ёш қизнинг жасадларини топди. Улар расмий қутқарувчилардан электр асбоблари ёрдамида бино қолдиқларини очиб, жасадларни чиқариб олишни сўраганларида, қутқарувчилар тирикларга эътибор қаратиш кераклигини айтишди.

Эркаклар жасадларни чиқариб олгунча қазишни давом эттирди.

Ёрдам етарли эмаслиги учун норозилик кучаймоқда. Бир аёлнинг Би би сига айтишича, қутқарувчилар етиб келиб, унинг йигитининг оиласига тегишли бинони суратга олишган, у ерда 11 киши қолиб кетган деб кетишганча, қайтиб келишмаган.

Унинг айтишича, улар бир неча соат давомида вайроналар остидан овозларни эшитишган, аммо кейин жимлик чўккан.

Шимолда, иккинчи зилзила эпицентри яқинида жойлашган Қаҳрамонмарашда ҳам ёрдам кечикмоқда, чунки тоғ йўллари бу ердан кетишга уринаётганлар билан тўлиб қолган.

Қатор-қатор бинолар вайрон бўлиб ётибди, қутқарувчилар уларнинг тагида тирик қолганларни изламоқда, ҳаво тешиб юборадиган совуқ, кўтарилган чанг эса кўзга киради.

Ҳозир кўчада қолганлар исиниш учун турли мебелларни ёқишяпти, егулик қидиришмоқда. Бу ҳафта охирида ҳаво харорати нолдан пастга тушиши кутилмоқда.

Искандарун порт шаҳрида ҳам вазият худди шундай, уйсизлар ҳозирда бинолардан узоқда, очиқ жойларда қолмоқда.

Би-би-си суҳбатлашган бир аёл ўз фарзандлари ва невараларини, шу жумладан, тутқаноғи бор олти ёшли набираси билан турибди. Ёрдамчилар уларга ёпингани адёл ва бир оз нон беришди, бошқа ёрдам йўқ.

"Мен тамом бўлдим, - дейди маҳаллий шифохона врачи Reuters агентлигига. - Ҳамма жойда жасадлар. Гарчи ишим туфайли жасадларни кўриб кўниккам бўлсам ҳам, бу мен учун ҳам жуда оғир бўляпти».

Катта ёнғин сабабли Искандарун порти кейинги огоҳлантиришгача ёпилди, яъни зилзила бўлган ҳудудга юк олиб кетаётган кемалар бошқа томонга бурилишга мажбур.

Тахминларга кўра, зилзила натижасида нефть контейнери ағдарилиб кетгани, сўнгра аланга чиққан ва атрофдаги юкларга ҳам ўтиб кетган.

Фавқулодда хизматлар зилзила келтирган вайроналик ва бошқа контейнерлар киришни тўсиб қўйгани сабабли манзилга етиб бора олмаяпти. Ёнғинни ўчириш учун ўт ўчириш қайиғидан фойдаланиш ҳам иш бермади.

Катта ёнғин сабабли Искандарун порти кейинги огоҳлантиришгача ёпилди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Катта ёнғин сабабли Искандарун порти кейинги огоҳлантиришгача ёпилди

Шунингдек, Сурия шимолига, хусусан, ҳукуматга мухолиф бўлган гуруҳлар назоратидаги ҳудудларга ёрдам етказишда қийинчиликлар юзага келгани ҳақида хабарлар бор. У ерда назорат ҳукумат ва бошқа мухолифат гуруҳлари ўртасида бўлинган. Бу қарама қаршилик фуқаролар уруши бошлангандан буён давом этиб келади.

Зилзиладан олдин ҳам минтақанинг кўп қисмида вазият кескин эди, совуқ об-ҳаво, вайрон бўлган инфратузилма ва вабо эпидемияси у ерда яшовчиларнинг кўпчилиги учун азоб-уқубатлар келтирди. Тўрт миллиондан ортиқ одам, асосан аёллар ва болалар ёрдамга қараб қолган.

Айниқса, мамлакат шимоли-ғарби бориш энг қийин қисмларидан бирига айланган, чунки мухолифат назоратидаги ҳудудларга ресурс ташиш учун Туркия чегарасида фақат битта кичик ўтиш жойи бор холос.

Сешанба куни БМТ Сурияга йўлдаги тўсиқлар туфайли ёрдам оқимини вақтинча тўхтатаётганини айтди, бироқ у яна қачон қайта бошланиши номаълум.

Суриянинг БМТдаги вакили айтишича, ҳар қандай ёрдам Туркия билан чегара орқали эмас, мамлакат ичидан келиши керак, бу эса мухолифат назоратидаги ҳудудларда сиёсий сабабларга кўра ёрдам бормай қолишидан хавотирларга сабаб бўлади.

Вайронагарчилик манзаралари қисқа бўлса ҳам умид лаҳзалари билан алмашиб турибди. Африн шаҳри яқинида вайроналар остида туғилган чақалоқ қутқариб олинди. Унинг онаси кўз ёриётган чоғда вафот этган, бола эса уни ушлаб олган экан.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.