Туркия: Вайроналар остидан 3 ўзбекистонлик қутқарилди, ўзбеклар кафан сўрашмоқда Янгиликлар

Сурат манбаси, Courtesy
Туркиядаги қақшатқич зилзила натижасида вайроналар остида қолган 3 нафар ўзбекистонлик қутқарилди. Минглаб афғонистонлик ўзбеклар яшайдиган Овакентда ҳалок бўлганларни кўмиш учун кафан юборишни сўрашмоқда.
Туркиянинг Малатя шаҳрида зилзиладан қулаган бино остида ётган ўзбекистонлик Акрамжон Ҳошимов 16 соат деганда қутқарилди. Шу вақтгача яна 2 кишининг қутқарилгани маълум.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси шу вақтга қадар икки киши Рашид Бойбеков ва Асал Шотирбекованинг вайроналар остидан қутқарилгани ҳақида хабар берди.
Қаҳрамонмараш вилоятида бедарак йўқолган Рашид Бойбеков вайроналар остидан чиқариб олинган ва шифохонага ётқизилган.
"1982 йил Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида туғилган фуқаромиз Шотирбекова Асал Ҳатай вилоятида бинолар орасидан қутқариб чиқарилди", деб ёзди элчихона Телеграм канали.
Би-би-си наманганлик 26 яшар Акрамжон Ҳошимовнинг қутқарилганини ҳам ўрганди.
У зилзила бўлган вақти Малатя шаҳридаги 4 қаватли меҳмонхонанинг 3-қаватида бўлган.
Бино қулаб тушган ва у 16 соат деганда қутқарувчилар томонидан вайроналар ичидан олиб чиқилган.
Ҳошимовни бошқа беморлар билан бирга ҳарбий самолётда 8 феврал куни Истанбулга олиб келишган.
Хавфдан ҳоли

Сурат манбаси, Courtesy
Ўзи ҳам зилзиладан жабр кўрган Ҳошимовнинг қариндоши Ҳалимахон Абдуллаеванинг Би-би-сига айтишича, Акрамжоннинг жароҳати ҳозир ҳаётига хавф солмайди.
Акрамжон Ҳошимов мебель цехида ишлаш учун ўтган ой Туркияга учиб келган.
Яқинлари Ҳошимовнинг пуллари ва ҳужжатлари вайроналар остида қолганини айтишмоқда.
Ebrar Özbek тахаллусли ўзбекистонлик Facebook тармоғида унга ёрдам йиғишни ташкиллаштирган.
Ўзбекистон юборган қутқарувчилар гуруҳлари ҳам ишга киришган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Ўзбекистондан юборилган қутқарувчилар 8 февраль куни соат 8:00 га қадар вайроналар остидан 9 нафар инсон турли хилдаги тан-жароҳатлари билан қутқарган.
Шунингдек, 12 нафар қурбоннинг жасади вайроналар остидан олиб чиқилган.
Ўзбекистонлик қутварувчилар бир неча минг ўзбек яшовчи Овакент қишлоғида иш олиб боришмоқда

Асли афғонистонлик ўзбеклардан "Турк юртдошлари" уюшмаси раҳбари Мусо Курднинг айтишича, Ҳатай вилоятидаги Овакентда 7 минг атрофида ўзбек яшайди.
Қишлоқдаги афғонистонлик ўзбеклар чодир, иссиқ кийимлар билан бирга ўлганларни кўмиш учун кафан ҳам кераклигини айтишмоқда.
"Ҳозир энг кўп чодир, кийимлар, тўшак, болалар овқатлари, бундан ташқари кафангаям эҳтиёжимиз бор. Бизга кафан ҳам юборингизлар, оға-иниларимиз кетган. Дуога эҳтиёжимиз бор", дейди Мусо Курд.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














