Зилзила: Ўзбекистон Туркияда дала шифохонаси қуради, жабрланганларга ўзбек палови тарқатилмоқда Янгиликлар, Turkiya

Этник ўзбеклар яшайдиган Овакентдаги қутқариш ишлари

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Этник ўзбеклар яшайдиган Овакентдаги қутқариш ишлари

Ўзбекистон Туркиядаги қақшатқич зилзиладан жабр кўрганларни даволаш учун 1 гектар майдонга дала шифохонаси қуради ва уни тиббиёт ходимлари билан таъминлайди. Ўзбекистонлик кўнгиллилар ер қимирлашидан зарар кўрган ҳудудда ўзбек палови тарқатмоқда.

Ер қимирлашидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг навбатдаги махсус борти Туркиянинг Ғозиантеп шаҳрига етиб келди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида идоранинг тиббий отрядига қарашли 50 нафар ходим хизмат қиладиган махсус дала шифохонаси ташкил қилади.

Кўчма шифохона бир гектар майдонга тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат шаклда қурилади.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон ушбу дала шифохонасини барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлашни кўзда тутган.

Зилзила минтақасида ўзбек палови

Баҳриддин Чустий ва Аҳмад Мелийбоев каби кўнгиллилар Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси кўмагида Туркияда зилзиладан жабрланган ҳудудлар аҳолиси учун иссиқ таом тайёрлаб, етказиб бериш ишлари ташкил этган.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси жойлаган видеода вайроналар манзарасида дошқозондан ўзбек палови сузиб тарқатилаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистонлик қутқарувчилар вайроналардан 11 кишини олиб чиқди

Айни дамгача қидирув-қутқарув операцияси бошланганидан буён Ўзбекистон ФВВ қутқарувчилари томонидан жами 11 нафар жабрланган ва 33 нафар ҳалок бўлганлар вайроналар остидан чиқарилган.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси хабар беришича, Туркия пойтахти Анқарада яшовчи ўзбекистонликлар бир юк машина ёрдам тўплаб, Ҳатай вилоятига юборган.

Ҳатайга бундан ташқари яна бир юк машина ёрдам юборилган.

Элчихона бундан ташқари зилзиладан жабр кўрганларга ёрдам беришни истаганлар учун банк ҳисоб рақами ҳам очган.

"Қардош Туркияда содир бўлган мудҳиш зилзила қалбларимизни чуқур ларзага солгани ҳақиқат. Ушбу мусибатли бир вақтда Туркияда яшаб келаётган ватандошларимиз қаторида, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги фуқароларимиздан ҳам ўз имкони доирасида моддий кўмак юбориш таклифлари келиб тушмоқда. Жараённи мувофиқлаштириш ва моддий кўмакларни хавфсиз ва ишончли равишда ўз манзилига етказиб берилишини таъминлаш мақсадида, Элчихонамиз ҳузурида турк лираси ҳамда АҚШ долларидаги махсус ҳисоб рақамлари очилди", дейилади хабарда.

Олдинроқ Ўзбекистондан борган қутқарувчилар Ҳатай вилоятидаги қарийб 10 минг этник ўзбек яшайдиган Овакент қишлоғида қутқарув ишларини олиб бораётгани хабар қилинганди.

Зилзила натижасида ҳозирча бир Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани маълум.

Қутқарувчилар шу вақтгача вайроналар остида қолган уч нафар ўзбекистонликни қутқарган.

Президент Мирзиёев Туркия халқига ҳамдардлик билдириш учун Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига келди.

"Чин юрагимдан яна бир бор ҳамдардлик билдираман. Ҳар куни маълумот олиб турибман, энди нима қиламиз", деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти элчихонадаги ҳамдардлик дафтарига ўз сўзларини ёзган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.