Янгиликлар. Туркия ва Сурияда зилзиладан омон қолганлар ҳаётига қандай янги офат хавф солмоқда? Yangiliklar Turkiya Dunyo

Сурат манбаси, Anadolu
- Author, Том Бейтман
- Role, Би-би-си Адана
Тонгги совуқ ҳавода Аданадаги қулаган 10 қаватли бино томон йўл олдик. Йўлда бино вайронаси томон кетаётган, устига адёл ёпинган икки аёлни учратдим.
Умму Байрактар ва Назифа Батмаз Аданадаги масжиддан бошпана топган. Бу масжид ҳозир душанба кунги зилзила ортидан бошланган ёрдам операциясида муҳим марказга айланган.
Уларнинг яқин атрофдаги уйлари қаттиқ шикастланган. Улар дўстлари, Уммунинг жиянини қидиргани борар экан, улар билан гаплашиб кетдим.
Ҳамроҳим бинолардан бири олдидан ўтаётганимизда унга яқин юрмасликни айтади. Ёрилган, дейди у: "Буларнинг барини барибир бузиб ташлаш керак бўлади".
Бино қулаган ерда икки экскаватор ишлаётганди, саккиз қутқарувчи перфораторлар билан бино бўлакларини ажратмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Ёндош кўчага буриламиз. Пластик стулларда ўтирган одамлар олов атрофида исиниб ўтирибди.
Икки аёл совуқда кўрпачага ўралган дугонаси Нуртенни қидирмоқда. У ўтириб, йиғлайди.
Унинг вояга етган қизи Сенай бино қулаганда иккинчи қаватда бўлган. Нуртен кечаю кундуз шу ерда кутяпти, аммо хабар йўқ.
"Қизим совуқда ётганида, мен қандай қилиб иссиқ тўшакка кираман?" дейди у.
"Қизим ҳеч қачон совуқни ёқтирмасди, эй Худо. У ер остида. Юрагим ёнмоқда", деб йиғлайди она.
Перфораторлар ва экскаватор шовқини эшитилади. Нуртеннинг дугоналари унга тасалли беришга тиришади. Бино остида қолган қизининг икки қизи бор, иккаласи ҳам хорижда таҳсил олади. Улар Туркияга қайтишади.
"Уларга нима дейман? Улар бугун бу ерга келишади. Уларга нима дейман? Улар менга онасини ишониб қолдирган эди», дейди Нуртен.
Йўқотиш ҳисси тирик қолганларни қидиришдан кўра тезроқ тарқалади.

Сурат манбаси, Reuters
Жанубдан, Туркия-Сурия чегарасида, энг кўп зарар кўрган минтақалардан бири бўлган Ҳатай вилоятидан кечаси янги хабар келди.
Видеода қоронғида вайроналар орасини текшираётган одам кўринади. Унинг остида кимдир тирик эканига ишонади. "Баландроқ гапиринг", деб хитоб қилади у вайронага қараб.
«Бу ерда жасад бор. У ўлган ва уни ҳеч ким чиқарволмаган. Пастдан эса аёл овози эшитилади.»
У гапираётганда вайроналар орасидан аёл овози келади. У яна йиғлайди, кейин эса эркакнинг эътиборини ўзига қаратишга уриниб, металлга уради. Аммо у бир ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Бутун уй вайрон бўлган ва вайроналарни кўтариш учун техника керак.
Бу ерда бундай жавобсиз ҳайқириқлар кўп.

Сурат манбаси, EPA

Яқин атрофда яна бир ҳатайлик Дениз бир бинони кўрсатиб, ота-онаси унинг тагида қолиб кетганини айтади.
"Улар шовқин солади, лекин ҳеч ким ёрдамга келмайди. Биз тамом бўлдик. Худойим... Улар қичқиришади. "Бизни қутқаринг", дейишади, лекин биз уларни қутқара олмаймиз. Қандай қутқарамиз?» дейди у.
Зилзила ўчоғига яқинроқ бўлган Қаҳрамонмараш шаҳрида ҳам ёнғин майдалайди. У ерда минглаб бинолар вайрон бўлгани, бошпанасизлар сони эса бундан ҳам кўплиги хабар қилинди.
Ер силкинишидан қўрқиб кетган оила қаттиқ шикастланган уйига қайтишга қўрқади. Уларда бор нарса ўтин. Олов қўлларини иситади.
"Биз уйдан зўрға чиқиб кетдик", дейди Несет Гулер.
"Тўрт фарзандим бор. Улар билан сўнгги лаҳзада чиқишга улгурдик. Ичкарида бир неча киши қолиб кетди. Бу катта фалокат. Ҳозир сувсиз, егуликсиз кутяпмиз, аҳволимиз абгор".
Ҳудудга ёрдам келиши керак, аммо етарли бўлишига умид йўқ. Айни пайтда, кўпроқ бинолар қулаш хавфи остида ва кичик гулханлар исинишнинг ягона йўли.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















