Нега Туркия зилзилалари бунчалар вайронакор ва ҳалокатли бўлади? Video Turkiya Zilzila Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Паллаб Ғош
- Role, Би-би-сининг илм-фан бўйича мухбири
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Туркия жануби-шарқида, Сурия чегарасига яқин жойда 6 февраль тонгида рўй берган кучли зилзила оқибатида орадан бир кеча-кундуз ўтганидан кейин 5000 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмгани, минглаб кишилар жароҳатлангани аниқланди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эпицентри Ғозиантеп шаҳри яқинида бўлган кучли зилзила ортидан ўнлаб силкинишлар кузатилди, дастлабки силкиниш кучи 7,8 магнитудани ташкил этди.
Алоқадор мавзулар:
- Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 5000 дан ошди, бир ўзбекистонлик ҳалок бўлгани аниқланди
- Туркия: Худо ҳеч кимга кўрсатмасин, жуда қўрқинчли - Би-би-си Ўзбек хизмати зилзила сатҳидаги ўзбекистонлик билан гаплашди
- Туркиядаги зилзила жабрдийдалари орасида ҳозирча ўзбекистонликлар йўқ, Мирзиёев таъзия билдирди
- Истанбул кучли зилзилага "жиддий ҳозирлик" кўрмоқда
Нега зилзила бунча кўп инсон умрига зомин бўлди?
Дастлабки силкиниш сейсмология фанида "кучли" магнитуда деб деб номланади. Бу силкинишда ерда 100 километрлик ёриқ пайдо бўлган, биноларга деярли бузадиган шикастлар етказиш кучига эга бўлган.

Сурат манбаси, .
Лондон Университети Коллежидаги Таҳдид ва фалокатларни камайтириш институтидан профессор Фауре Уолкер айтишича, Туркиядаги охирги зилзила сўнгги йиллардаги энг ҳалокатлиси бўлган, ушбу магнитудадаги ер силкиниши Ер юзида охирги 10 йилда икки марта, ундан олдинги 10 йилликда тўрт марта рўй берган.
Бироқ вайроналарга фақат силкиниш кучигина таъсир кўрсатмайди.
Сўнгги зилзила энг ҳалокатлиси бўлгани сабабларидан унинг тонгда, кўпчилик одамлар уй ичкарисида ва ухлаб ётган вақтларида рўй берганидадир.
Яна бир омил биноларнинг зилзилага чидамлилиги.
Портсмут Университетидан вулқоншунослик ва рисклар мулоқоти бўйича доктор Кармен Солана шундай дейди:
"Жанубий Туркия ва айниқса Сурияда инфратузилмаларнинг чидамлилиги, афсуски, бир хил эмас. Инсонлар ҳаётини асраб қолиш асосан ана шунга боғлиқ бўлади. Тирик қолганларни асраб қолиш дастлабки 24 соатда ҳаёт-мамот масаласи бўлади. 48 соатдан кейин омон қолганларнинг сони ҳаддан зиёд камаяди".
Мутахассисларга кўра, сўнгги силкиниш юз берган жойда сўнгги 200 йилда бунча кучдаги зилзила кузатилмаган ва шунинг учун ҳам Туркиянинг зилзилалар кўп кузатилган бошқа ҳудудларига солиштирганда ер силкинишига тайёргарлик даражаси ҳам паст бўлган.

Сурат манбаси, .
Зилзилага нима сабаб бўлади?
Ер қобиғи плато деб аталган қаватлардан ташкил топган, бу платолар бир-бирининг ичига кириб кетган.
Вақти-вақти билан бу платолар жойидан силжишга ҳаракат қилади.
Лекин бу силжишга ёриқлар йўл бермайди ёки силжишга ҳаракат вақти бир-бирига ишқаланади, ёки бири иккинчисининг ичига киради.
Бироқ баъзан босим туфайли платолардан бири бирдан силкинади, ўшанда ер усти қаватининг жойи силжийди.

Сурат манбаси, .
Кечаги зилзилада Араб платоси шимол томонга силжиган, Анадўли платосини сиқиб қўйган.
Ушбу платолар ўртасида ҳосил бўлган ёриқлар бундан олдинги зилзилалар сабабчилари бўлганлар.
Мисол учун 1822 йили 13 августида 7,4 балли зилзила қайд этилган.
Лекин бу XIX асрдаги зилзила эканига қарамасдан, бу атрофдаги шаҳар-қишлоқларни ер билан яксон қилган, биргина Ҳалаб шаҳрининг ўзида 7000 инсон ҳаётдан кўз юмган. Вайронали қайта силкинишлар қарийб бир йил давом этиб турган.
6 февралдаги дастлабки кучли зилзила ортидан кун бўйи қайта силкинишлар кузатилиб турди, мутахассислар бу минтақадаги олдинги йирик зилзиладан кейин кузатилгани сингари қайта силкинишлар ҳали рўй беради деб кутмоқдалар.
Зилзила қандай ўлчанади?
Бугунги кунда ер силкинишлари Магнитуда Лаҳзаси шкаласи (Moment Magnitude Scale (Mw)) деган ўлчов билан ўлчанади.
Бу эскирган ва тўғри акс эттирмайди деган Рихтер шкаласи ўрнига қабул қилинган.
Зилзила кучига баҳо беришда ёриқ чизиғидан ҳаракатланган масофа ва ҳаракатланган куч инобатга олинади.
Мутахассисларга кўра, 2,5 магнитудали силкиниш сезилмайди, аммо ўлчов асбоби қайд этади.
5 магнитудагача бўлган силкинишлар сезилади ва кичик шикастга сабаб бўлади.
Туркия зилзиласи 7,8 магнитудали ва кучли деб баҳоланди.
Одатда бундай кучдаги силкинишлар жиддий шикастларга сабаб бўлади.
8 магнитудадан юқори бўлган ҳар қандай зилзила фалокатли шикаст етказади ва эпицентридаги уй-жойни вайрон этади.
Бошқа зилзилаларга солиштирганда
2011 йили Япония соҳилида кузатилган зилзила кучи 9 магнитудани ташкил этди деб қайд этилди.
У қуруқликда кенг миқёсдаги вайронагарчиликларни келтириб чиқарди, денгизда эса цунамига сабаб бўлди.
Оқибатда қирғоқда барпо этилган Фукушима АЭСи ишдан чиқди.
Яқин замонда қайд этилган энг кучли зилзила Чилидаги 1960 йилдаги 9,5 магнитудали зилзила деб кўрилади.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















