Толибон қўл остида аёл бўлиш жиноятга тенглашмоқда - Афғонистон Afg'oniston Tolibon Ayol

Women in Kabul market, wearing blue burqas

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Лара Оуэн
    • Role, BBC 100 Аёл

"Кўчада одамлар келиб, юзимни ёпишимни сўрашса, юрагим эзилади, - дейди Сурайё. - Ҳатто олдига борган тикувчим ҳам у билан гаплашишдан олдин юзимни ёпишимни сўради."

Кобулда кичик бизнеси бўлган Сурайё 1990 йилларда Толибон биринчи марта аёлларни бурқа кийишга мажбур қилгандек вақтлар келишига ишонмасди. Аммо 7 май куни Афғонистонда ҳукмрон Толибон аёллар ўн йилликлар ичида биринчи марта жамоат жойларида тўлиқ ўранишлари кераклигини эълон қилганидан сўнг, аёл юзи охирги чекловга айланди. Толибон расмийлари юзни ёпиш тартибини "маслаҳат" деб атаган, аммо унга риоя қилмаганларни мажбурлашнинг турли усулларини ишлаб чиқишган.

Сурайё яқинда ғарбий Кобулга харид учун борганида, яна бир нарса ўзгарганини пайқади. Толибон вакиллари аёллар кийимлари дўконларида бўлиб, сотувчилар нимани сотаётгани ва тикилган кийимнинг узунлиги тўғри келадими ёки йўқлигини текшираётган эди.

"Мен қўрқдим", дейди Сурайё.

Afghan woman wears a blue burqa

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибон яна Афғонистонда ҳокимиятга келганидан кейинги энг қаттиқ чекловлардан бирини киритди. Бу аёллардан жамоат жойларида тўла ёпиниш, энг яхшиси, бурқага ўраниш талаби

Толибон 2021 йил августида ҳокимиятга қайтганидан бери аёллар эркинлигини чекловчи, ҳукуматда ишлашни, ўрта таълимни тамомлашни ва маҳрам ёки эркак васийсиз 72 км.дан ортиқ масофага боришни тақиқловчи турли фармонлар чиқарди.

Афғонистондаги баъзи аёлларнинг айтишича, ҳижоб ҳақидаги фармон уларнинг инсон ҳуқуқларига қилинган сўнгги ҳужум, холос.

"Афғонистонда аёл бўлиш жиноятга ўхшайди", дейди Толибон ҳокимиятни эгаллаши туфайли ишидан айрилган ва молиявий жиҳатдан қийналаётган Сано.

"Кийим-кечак борасида мен учун нимани танлашлари муҳим эмас - мен ҳали ҳам уйдан чиқмайман, вазият умидсиз".

Масъул эркак васий

Аксарият афғон аёллари аллақачон ҳижобда, бош ва бўйинни ёпиб турувчи рўмол ўрайди, бироқ янги чекловлар аёллардан кўзидан бошқа ҳамма жойини ёпиб қўядиган тўлиқ ниқоб ёки танани тўлиқ қоплайдиган бурқа кийишни талаб қилади.

Бу уларнинг маҳрами ёки эркак васийси одатда яқин эркак қариндоши бўлиб, аёлнинг кийимига қараши керак, акс ҳолда маҳрам жазоланиши мумкин. Эркаклар вазирлик мулозимлари олдига чақирилиши ва ҳатто судга юборилиши ёки уч кунга қамоққа олиниши мумкин. Ишлари бўлган аёллар ишдан бўшатилиши мумкин.

Янги чекловларнинг оғирлигини ҳис қилган баъзи аёллар ўзларини хавфга қўйиб бўлса ҳам очиқ гапирмоқда.

Яқинда Кобулда бир гуруҳ аёллар анъанавий афғон либосларини кийиб, кийим-кечак тақиқига норозилик билдирди.

"Ўтган саккиз ой ичида Толибон биз учун кийимимизни назорат қилишдан бўлак тайинли ҳеч нарса қилмади, бу ёқда сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, Толибон биринчи навбатда бу муаммоларни ҳал қилмаяпти", дейди намойишчи Марям.

'Бизни ҳаводан айирманг,' дейилади талаблардан бирида

Сурат манбаси, Rukhshana Media

Сурат тагсўзи, 'Бизни ҳаводан айирманг,' дейилади талаблардан бирида

Баъзи намойишчиларнинг Би-би-сига айтишича, сешанба куни улар норозилик билдириш учун ташқарига чиқмоқчи бўлганларида, уларни Толибон тўхтатган.

"Мени икки соат давомида ушлаб туришди, мобил телефонимни олиб қўйишди ва мени полиция бўлимига олиб кетиш билан қўрқитишди", дейди Хажира.

Би-би-сининг Афғон хизмати воқеа юзасидан изоҳ олиш учун Толибон билан боғланди, бироқ жавоб ололмади.

Кўчалардаги қаршилик

Кобулдаги аёллар ҳуқуқлари фаоли Анушаҳнинг айтишича, у ҳам ўз сўзини айтишга қарор қилган. "Фармоннинг биринчи куни мен 12 ёшли ўғлим билан шаҳарнинг барча жойларига одатдаги кийимимда атай борган эдим. Мен уларга қарши чиқиш учун Толибон аъзоси билан учрашишни хоҳлардим".

Ўзини даҳрий деб биладиган Шекиба яқинда расмийлар билан учрашганига қарамай, кийим услубини ўзгартириш учун ҳар қандайбосимга қарши туришга аҳд қилди. Университетга кетаётиб, уни толиблар вакили тўхтатди, чунки у белгиланган либос киймаган эди.

"Мен уни бу жуда иссиқ эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилдим, лекин у туриб олгач, ўранишга мажбур бўлдим", дейди у.

Poster by the university gate in Ophiyan in Charikar, Parwan province in January 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Парвон вилоятидаги хусусий университет дарвозаси олдида аёл киши қандай ёпиниши кераклиги ҳақидаги эслатма қўйилган

Шекибанинг айтишича, у доимо афғон жамиятида, жумладан, эркак оила аъзолари томонидан бўладиган босимни ҳис қилади.

"Фарқи шундаки, мен ҳозир икки жабҳада, оилам ва Толибон билан курашмоқдаман, - дейди у.

- Қўрқаман, лекин бу билан курашдан бошқа чорам йўқ".

Кўчада юриш бўйича чекловлар

Бу у дуч келадиган ягона чеклов эмас. Яқинда Шекибага Эронда ўқиш учун стипендия олиш учун самолётга чиқишга рухсат берилмади, чунки у билан бирга эркак ҳамроҳи йўқ эди.

Март ойида Толибон аёлларнинг ички ёки халқаро рейсларга маҳрамсиз чиқишларига чеклов киритган эди. Шунингдек, улар узоқ масофаларга автомобилда боришни хоҳловчи аёлларга фақат эркак қариндоши ҳамроҳлигида транспорт таклиф қилиниши кераклигини таъкидладилар.

"Мен Толибонга ўзим билан ҳеч кимни Эронга олиб кета олмаслигимни тушунтиришга ҳаракат қилдим, лекин улар менга қулоқ солишмади."

Шекиба сингари Фаришта ҳам ўз келажаги ҳақида қайғуради. Унинг отаси у эндигина бир ёшга тўлганида вафот этган ва унинг уйида эркак ҳамроҳ йўқлиги энди унинг ҳаракатларини чеклаши мумкин.

Women in Afghanistan wear blue burqa on busy street

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Аёлнинг маҳрам эркак билан кўчага чиқиш қоидаси тобора кўп талаб қилинмоқда

У узоқ вақт давомида оиласи билан уйдан ташқарида ишлаш ҳуқуқи учун курашди ва бир муддат ижтимоий хизматчи бўлиб ишлади, синглиси билан конференцияларга борди. "Университетни тугатганимдан сўнг хорижда ўқишни давом эттириб, магистрлик даражасини олишимга умид қилгандим, аммо умид ҳам сўнди".

Университетдан эслатма

Шу ҳафта Фаришта ўз ўқитувчиларидан ўзи ва унинг курсдошлари Толибоннинг янги кийиниш қоидаларига риоя қилишлари таъкидланган билдиришнома олди.

"Мен бир оз кўпроқ ўраняпман, чунки улар менинг уйимга келишса ва уйда эркак йўқ бўлса хавотирланаман, лекин Толибон хоҳлаганчалик ўранмайман эмас", дейди у.

Kandahar University courtyard

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шу йил февралида университетлар эшиклари эркак ва аёл талабалар учун очилди

Аммо унинг курсдошлари учун бу бошқача. "Улар менга тўлиқ ўранишларини айтишди, чунки оталари уларни оқибатларидан огоҳлантирган", дейди Фаришта.

Ҳирот университети битирувчиси Нажма фикрича, аёллар ҳуқуқлари масаласида халқаро ҳамжамият Толибонга босимни кучайтириш вақти келди.

"Бу юрагимни сиқади, ўзимни жуда заиф ҳис қиламан, чунки мен бу аҳмоқона қоидаларга бўйсунишдан бошқа иложим йўқлигини ҳис қиламан", дейди у.

"Мен бу вазият қанчалик ёмон эканини тасвирлаб бера олмайман, улар аёллар ва қизларга босим ўтказиб, бизни қафасга солишмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Presentational grey line

Алия Фарзон мақоласидан фойдаланилган.

Интервью берган инсонларни муҳофаза қилиш мақсадида номлар ўзгартирилди.

BBC