Толибон қизларнинг университетга қайтишига изн берди - Afg'oniston Tolibon Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
2 февралдан Афғонистондаги университетларнинг айримларида қиз талабалар учун сабоқлар қайта бошланди.
2022 йил 15 августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин Толибон хотин-қизларнинг ўқиш ва ишлашларини тақиқлаган, бунгача мамлакатдаги 150 университетда таҳсил олиб келган хотин-қиз талабалар уйларида қолишга мажбур бўлган эдилар.
Расмийлар Афғонистоннинг Лағмон, Нангарҳор, Қандаҳор, Нимрўз, Фараҳ ва Ҳелманд вилоятларидаги университетлар очилганини тасдиқладилар.
Кобулдек ҳаво совуқ ҳудудларда олий ўқув юртлари ҳам эркак ва ҳам аёл талабалар учун камида февраль охиригача ёпиқ қолиши айтилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бундан олдин расмийлар талаба қизларнинг Наврўз байрамидан кейин таҳсилларини давом эттиришлари мумкинлигини айтишганди.
Қандаҳорлик Раъно чоршанба куни университетига қайтганини, университет биносини Толибон қўриқчилари қўриқлаётганини кўриб, бироз чўчиганини айтди Би-би-сига.
"Ҳамма нарса одатдагидек, аввалгидек. Бизнинг университетимиз кичкина бўлгани учун эркак ва аёллар бир синфхонада ўтирдик, ўғил болалар олдинги парталарда, биз қизлар орқада", деди Раъно.
Бошқа университетларда қизлар алоҳида, ўғил болалар алоҳида синфларда дарс ўтганлар.
Ҳиротдаги университетнинг учинчи курс талабаси айтишича, қизларга университетда фақат тўрт соат бўлишларга рухсат этилган, бошқа вақт эса эркак талабаларнинг таҳсил пайти эканини айтишган.

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон қудратга келганидан буён кундалик ҳаётда қаттиқ қоидаларни жорий этди, бу талаб ва қоидаларнинг аксари хотин-қизларга қарши қаратилган деб танқидларга тутилади.
Афғонистон эркак ва аёл таҳсили расман ажратилган дунёдаги илк мамлакат бўлди, бу нарса Толибонни халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишига монеълик қилаётган асосий тўсиқ бўлди.
Ёши 12 дан катта қизларнинг мактабга қатнашлари тақиқланди, бунгача Афғонистонда жорий этилган аёллар ишлари бўйича вазирлик йўқ қилинди, хотин-қизлар ўзларининг олдинги иш жойларига қайтиши тақиқланган ҳолатлар кўпайди.
Аёллардан ҳижобга ўраниш талаб қилинади, бироқ 1990 йиллардагидек Толибон ҳамма аёлларнинг бурқага ўранишларини талаб қилаётгани йўқ.
Янги Толибон ҳукумати аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқларига қарши эмасликларини айтадилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Бироқ маориф расмийлари, синфлар жинсига қараб ажратилиши керак, ўтиладиган фанлар Исломий тамойилларга асосланиши зарур, барча талаба қизларнинг ҳижобга ўранишлари мажбурий, дейишади.
Би-би-си Пашту хизмати аниқлашича, Толибон ҳокимиятни эгаллаган август ойидан буён мамлакатнинг энг йирик олий таълим даргоҳлари - Кобул, Ҳирот ва Балх университетининг 229 профессори Афғонистонни тарк этган.
Шунинг учун инженерлик ёки медицина соҳасидаги таълимини давом эттирмоқчи бўлган талабалар учун мушкулликлар ҳам юзага келган.
Январь ойида Толибон Норвегияда музокаралар ўтказди, бу музокараларда аёлларнинг олий таълим олишлари талаби билан кучли босим бўлди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













