Янгиликлар: Нега Афғон аёллари Толибон шариатида ўзини ўлдиришни истайди? Video Dunyo Yangiliklar

women walking down a street wearing burkas

Сурат манбаси, AFP

    • Author, Йогита Лимайе
    • Role, Би-би-сининг Афғонистон мухбири
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Шунчаки кимдир мени эшитишини истайман. Мен азобланяпман ва бошқалар ҳам менинг ҳолимда", дейди Афғон университети талабаси, кўзёшларини тийишга уриниб.

"Курсдошларим орасида аксар қизлар ўзини ўлдириш хаёлига борган. Ҳаммамиз депрессия ва асабийликдан азият чекяпмиз. Умидларимиз сўнган."

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Толибон ҳукумати ўтган йили декабрида қизларни университетда ўқишини тақиқлагач, 20 ёшлардаги талаба қиз тўрт ой олдин ўз жонига қасд қилишга уринди. Ҳозир у психолог кўмагида даволаняпти.

Унинг сўзлари Афғонистон кўзга бирдан ташланмаса-да, аммо тезликда саломатлик инқирозига қараб кетаётганини тасдиқлайди.

"Афғонистонда ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйловчилар кўпайиб кетди. Вазият энг ёмон даражада. Дунё бу ҳақда деярли ўйламаяпти ҳам, гапирмаяпти ҳам", дейди психолог доктор Амал.

"Хабарларни ўқисангиз очарчилик эҳтимоли ҳақида ёзишади, аммо ҳеч ким руҳий касалликлар ҳақида лом-мим демайди. Кундан-кунга одамлар умидларини йўқотаяпти."

Эслатма: Би-би-си ушбу мақолада тилга олинган шахслар исмини уларнинг хавфсизлиги учун ўзгартирди ёки ошкор қилмади.

Алоқадор мавзулар:

Доктор Амалнинг бизга айтишича, аёлларнинг университетда ўқиши тақиқлангани ҳақида эълон қилингандан сўнг икки кун ичида унга ёрдам сўраб 170 нафар аёл қўнғироқ қилган. Ҳозир у кунига еттидан ўн нафаргача аёлдан мурожаат қабул қилади. Уларнинг аксарияти қизлар ёки ёш аёллардир.

БМТ ҳисоб китобига кўра, қирқ йиллик урушда пароканда бўлиб кетган Афғонистоннинг патриархал жамиятида ҳатто Толибон 2021 йили ҳокимиятга келишидан аввал ҳам ҳар икки кишидан бири руҳий бузилишлардан азият чеккан. Уларнинг кўпроқ қисми аёллардир. Аммо экспертларнинг таъкидлашича, Толибоннинг аёллар ҳуқуқларини чеклаши ва иқтисодий инқироз сабабли ҳозир аҳвол ҳар қачонгидан ҳам ёмонроқ.

Одамларни суицид ҳақида суҳбатга тортиш осон эмас, аммо олти оила бу ҳақда гапиришга рози бўлишди.

Нодир улардан бири. Унинг бизга айтишича, унинг қизи шу йил мартида янги ўқув мавсуми бошланган биринчи кунида ўз жонига қасд қилган.

"Ўша кунгача у мактаблар охир-оқибат қизлар учун қайта очилишига ишонганди. У бунга амин эди. Аммо ундай бўлмагач, у чидай олмай, ўз жонига қасд қилди, - дейди у. - У мактабни яхши кўрарди, ақлли, ўйчан эди. Ўрганишни ва мамлакатимизга хизмат қилишни хоҳларди. Мактаблар ёпилганда, у жуда хафа бўлди, кўп йиғлади."

Нодир гапираётганда мусибатдан азобланаётгани кўриниб туради.

"Ҳаётимиз барбод бўлди. Мен учун маъно қолмади бу ҳаётдан. Ҳозир энг тушкун аҳволдаман. Хотиним жуда қаттиқ сиқиляпти. Қизимиз вафот этган уйимизда яшолмаяпти".

Биз унинг оиласини ва ушбу мақолада айтиб ўтилган бошқа одамларни руҳий саломатлик бўйича мутахассис билан гаплаштирдик.

Psychologist Dr Amal (name changed and face blurred)
Сурат тагсўзи, Доктор Амал сўзларига кўра, аёлларнинг университетда ўқиши тақиқлангани ҳақидаги эълондан кейинги икки кун ичида ўзига 170 телефон қўнғироғи бўлган.

Йигирма ёшлардаги қизнинг отаси бизга қизи не сабабдан ўз жонига қасд қилгани ҳақида сўзлади.

"У шифокор бўлишни хоҳларди. Мактаблар ёпилганда, у тушкунликка тушиб қолди, қаттиқ хафа бўлди ", дейди у.

"Аммо университетга кириш имтиҳонларини топширишга рухсат берилмаганидан кейин у умидини буткул йўқотди. Бу чидаб бўлмас йўқотиш эди", деб қўшиб қўяди, сўнг тин олиб, бирдан йиғлай бошлайди.

Биз эшитадиган бошқа ҳикоялар ҳам шунга ўхшаш: қизлар ва ёш аёллар ўзгаришларга мослаша олмаяптилар, улар учун келажак барбод бўлган.

Биз ўқитувчи Меҳр билан гаплашдик, у икки марта ўз жонига қасд қилишга уринганини айтади.

"Толибон аёллар учун университетларни ёпди, шунинг учун мен ишсиз қолдим. Мен оила боқувчиси эдим. Ҳозир харажатларни кўтара олмаяпман. Бу менга ҳақиқатан ҳам таъсир қилди, - дейди у. - Уйда ўтиришга мажбур бўлганим учун, турмуш қурасан деб босим қилишди. Келажак учун барча режаларим бузилди. Мен ўзимни ҳеч қандай мақсад ва умидсиз қолгандек, бутунлай ақлдан озгандек ҳис қилдим, ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. "

Биз ушбу инқирозли ҳолатларни ўргана бошладик, чунки маҳаллий янгиликлар порталларида мамлакатнинг турли бурчакларида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида кўплаб мақолалар пайдо бўлди.

A banner seen with images of women defaced using spray paint after the universities were reopened in Kabul

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ушбу университет эълонида аёлларнинг юзи бўёқ суртиб ўчирилган - Толибон расмийлари ўтган йили декабридан аёлларнинг университетларда ўқишларини тақиқлади

"Вазият ҳалокатли ва жиддий. Аммо бизга ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўйича статистикани беришмайди. Аммо аниқ айта оламанки, руҳий хасталикдан азият чекмаган одамни топиш қийин", дейди Афғонистондаги давлат шифохонасида ишлайдиган психиатр доктор Шаан.

Афғонистон Эпидемиология тадқиқот маркази томонидан Ҳирот вилоятида ўтказилган ва шу йилнинг март ойида чоп этилган тадқиқот кўрсатишича, афғон ўсмирларининг учдан икки қисми руҳий тушкунлик аломатлари ҳақида хабар берган. БМТ "кенг тарқалган руҳий саломатлик муаммолари ва суицид ҳолатлари" ҳақида огоҳлантирди.

Толибон суицидлар сонини қайд этмаслигини ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақидаги саволларга жавоб бермаганини айтади. Бу билан боғлиқ уят ҳисси туфайли кўп оилалар ўз жонига қасд қилиш ҳақида хабар бермайди.

Маълумотлар йўқлиги сабабли биз ўнлаб одамлар билан суҳбатлар орқали улардаги руҳий инқироз даражасини баҳолашга ҳаракат қилдик.

"Таълимсиз ва келажаксиз уйда ўтириш менга кулгили туюлади. Мен ўзимни ҳаммасидан чарчаган ва ҳамма нарсага бефарқ ҳис қиламан. Ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмагандек», дейди ўсмир қиз кўзларида ёш билан.

У ўз жонига қасд қилишга уринган. Биз уни шифокори ва уни доимий кузатиб юрадиган онаси билан бирга учратдик.

Биз улардан нега биз билан гаплашмоқчи эканликлари ҳақида сўраймиз.

Women in Afghanistan
Сурат тагсўзи, Руҳшуноснинг Би-би-сига айтишича, вазият оғир - бугунги кунда руҳий хасталикдан азобланмаётган одамни топиш қийин

"Бундан баттар бўлиши мумкин эмас, шунинг учун очиқ гапиряпман, - дейди қиз. - Агар гапирсам, нимадир ўзгаради деб ўйладим. Агар Толибон ҳокимиятда қолса, менимча, улар расман тан олиниши керак. Агар тан олинса, улар мактабларни қайта очишларига ишонаман."

Психолог доктор Амалнинг айтишича, аёллар кўпроқ таъсирланган бўлса ҳам, эркаклар ҳам четда қолмаган.

"Афғонистонда эркак сифатида кучли бўлишинг шарт деган тушунча билан улғаясиз, - дейди у. - Аммо ҳозир афғон эркаклари овозини баланд кўтара олмайди. Улар оилаларини моддий таъминлай олмайдилар. Бу уларга ҳақиқатан ҳам таъсир қилади.

Ва афсуски, эркаклар агар ўз жонига қасд қилмоқчи бўлса, улар аёлларга қараганда буни яхшироқ амалга оширади, чунки ишни пухтароқ режалайди."

Ундан бундай шароитда беморларга қандай маслаҳат бериши ҳақида сўраймиз?

"Бошқаларга ёки ўзингизга ёрдам беришнинг энг яхши усули бу ўзингизни яккалаб қўймасликдир. Бориб дўстларингиз билан гаплашишингиз, қўшниларингизни кўришингиз, онангиз, отангиз, ака-укаларингиз каби сизга ёрдам берадиган гуруҳни тузишингиз мумкин", дейди у.

"Мен улардан ким сиз учун намуна деб сўрайман. Мисол учун, Нелсон Манделага қарасангиз, у 26 йил қамоқда ўтирган, лекин у ўз эътиқоди туфайли тирик қолди ва одамлар учун нимадир қилди. Шу тариқа мен уларга умид ва бардош беришга ҳаракат қиламан".

Мақолани тайёрлашда Иможен Андерсон ва Санжай Гангули кўмаклашган.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002