Фақат афғон аёллари биладиган сирлар - Ажратилган, четлатилган ва 13 ёшда эрга берилаётган афғон аёллари кундалиги? Yangiliklar

Parranda
Сурат тагсўзи, Parrandaning taxallusi "qush" ma'nosini beradi
    • Author, Лиз Дюсет, Зарҳуна Каргар
    • Role, BBC News

"Қаламим мисоли қуш қанотидир. У бизга ўйлаш тақиқланган ўйларни сизга етказади, тақиқланган орзулармиздан дарак беради."

Вақти вақти билан Кобул ва бошқа шаҳарлар кўчаларида ўтказиладиган кичик норозиликларда афғон аёлларининг овози баландлаб қолади. Кўпинча бу норозиликлар Афғонистондан узоқда бўлган аёлларнинг нутқларида янграйди. Лекин уларнинг фикрлари сокин, хавфсиз жойларда айтилади. Мамлакатдаги аёллар ўз ҳаётларини Толибоннинг тобора қаттиқлашиб бораётган қоидалари билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Толиблар аёлларнинг нима кийишию, қаерда ишлашини, ҳаётларида нима қила олишларини ёки қила олмаслигини белгилаш билан машғул.

2021 йил августида Толибон қайтишидан бир неча ой олдин 18 нафар афғон ижодкор аёллар реал ҳаётларидан олиб, бадиий ҳикоялар ёзган эди. Шу йил бошида бу ҳикоялар "Қаламим - қуш қанотидир" номи билан китоб ҳолида нашр қилинди. Кўплаб афғон аёллар ўзларини халқаро ҳамжамият ёлғиз ташлаб қўйганидан ёзғиради. Аммо бу ижодкор аёллар ўз қаламлари ва телефонлари ёрдамида бир бирларига таскин бермоқда, миллионлаб хотин қизлар дуч келаётган масалаларни муҳокама қилмоқда. Қуйида Парранда ва Садаф таҳаллуси билан ижод қилувчи икки кобуллик аёл маҳфий ёзган фикрларини ўртоқлашади.

"Пушти рўмол ўраш гуноҳми?"

Parranda o'zining pushti ro'moli bilan
Сурат тагсўзи, Parranda o'zining pushti ro'moli bilan

"Бугун шундай бир қатъий қарор билан уйғондим. Кундалик ўраб юрадиганим қора рўмол ўрнига пушти рўмол ўрамоқчи бўлдим. Пушти рўмол ўраш гуноҳми?"

Парранда ўзининг аёллигини ҳис қилиш учун пуштисини ўрамоқчи бўлди. Аммо аёл нима кийиши масаласи ҳозир жанг майдони бўлиб қолган. Толибоннинг авратни ёпиш масаласидаги қатъий буйруқлари кўпинча мажбурлаш билан ижро қилиняпти. Бу анъанадор жамиятда аёллар ҳижобга қарши курашмаяпти, балки баъзилари шунчаки танлов эркинлигини истайди. Сиз уни кўчаларда кўрасиз. Пушти рўмол. Безаклари ёрқин. Зулмат ичидаги милтиллаган чироқдек.

"Биз ортга қайта олмаймиз"

"Ортга қайтиш осон эмас. Олдинга юриш ҳам катта муаммо, нимагадир умид қилишим керакми ёки йўқ? Ортга қайта олмаймиз" деб ёзади шоир Ҳафизуллаҳ Ҳамим.

Афғон аёллар аҳён аҳёнда намойишлар ўтказиб туради. Оз сонли, жасур бу аёллар "Нон, иш, озодлик" шиорлари ёзилган баннерларни кўтариб Кобул кўчаларига чиқади. Улар мажбуран тарқатиб юборилади ёки қамоққа олинади. Чегара оша қўшни Эронда ҳам аёллар "аёллар, ҳаёт ва озодлик" дея қичқириб, ўзгаришларни, мажбурий ҳижобни бекор қилишни талаб қилишяпти. Афғонлар учун аёллар ишлаши, қизлар ўқиши муҳим.

"Қўрқув ғазабга айланади"

Mozori Sharifdagi nazorat o'tish nuqtasi
Сурат тагсўзи, Mozori Sharifdagi nazorat o'tish nuqtasi

"Толибон қўриқчиси хизмат машинамизни тўхтатди. У менга қаради... юрагим қаттиқ тепа бошлади, баданим титради. Гўё шамол танамни тешиб ўтгандек бўлди... машина яна йўлга тушганда эса, шамол ўз йўналишини ўзгартирди. Қўрқувим ғазабга айланди."

Ҳамма нарсанинг мавҳумлиги энг оғири. Айрим толиб қўриқчилар тажовузкор, айримлари мулойим. Аёлларнинг бирор ерга бориши асаб толаларини чертади. 72 км.дан ортиқ масофага сафарга чиққанда эркак ҳамроҳ бўлиши шарт. Айрим толиблар шу қоидани баҳона қилиб, исталган аёлни уйига қайтарвориши мумкин.

"Музқаймоқ шодлиги"

Muzqaymoq yeyayotgan afg'on oilasi
Сурат тагсўзи, Muzqaymoq yeyayotgan afg'on oilasi

"Болаликда музқаймоқ ялаш шодлиги катта одамнинг космосга саёҳати шодлигидек гап."

Музқаймон сотувчилар олдида болалар ва аёлларнинг қатор навбатда турганини кўп кўрасиз. Улар дам олиш учун бориладиган жойларга айланган. Аммо ҳозир парклар ва фақат аёллар учун спорт заллари ҳам чекланган, "чунки аёллар ҳижобни талаб қилингандек ўрамаяпти". Аёллар учун жойлар камайиб боряпти.

"13 ёшда унаштирилган"

Kobuldagi muzqaymoq kafesi tashqarisida kutayotgan qizlar
Сурат тагсўзи, Kobuldagi muzqaymoq kafesi tashqarisida kutayotgan qizlar

"Чўмилиш ҳавзалари эгаси қизини унаштирди. У атиги 13 ёшда. Онасининг айтишича, толиблар мактабларни энди ҳеч қачон очмайди, қизи бахти чопган уйга тезроқ боргани яхши... Бу қизча худди менинг ўзимман... Толибон келганидан бери биринчи марта тушкунликка тушдим. Мажбурий никоҳни ҳам қабул қилгандим... яралар хали битмаган... аммо кулдан яна қайта бунёд бўлдим.

Бу қайталланаётган репрессиядир. Афғон аёллар 1990 йилларда уларнинг таълимини тақиқлаган кунларни оғриқ билан эслашади. Кўпчилик каби Парранда ҳам 2001 йили толиблар ағдарилгач, фурсатдан фойдаланиб қолди, мактабга борди, ажрашди. Мактаб ўқувчи қизларнинг янги авлоди каттароқ орзулар билан улғайди. Уларнинг мактаблари ёпилар экан, уларнинг дардлари ҳам шу қадар катта бўлди.

"Эркакларнинг аёлларга қарши айтадиган сўзлари"

Kobul

"Ижтимоий тармоқлардан фойдаланардим, лекин энди жим қолдим. Мен ўз жамиятимдан, эркакларнинг аёлларга нисбатан айтаётган бепарда сўзларидан хафаман. Менимча, афғон аёллари муаммоларининг илдизи ўзгариб турадиган ва янги қоидалар чиқарадиган ҳукуматларда эмас... балки эркакларнинг аёллар ҳақидаги ёмон тушунчаларидадир.»

Афғон режимлари келади, кетади; патриархаллик сақланиб қолади. Афғон аёллари узоқ вақтдан бери эркаклар белгилаган чегараларда яшаб келишган. Аммо сўнгги йилларда эришилган ютуқлар бой берилмоқда - БМТ айтганидек, "ҳайратланарли даражада репрессия" билан. Бу домино эффектига ўхшаш - аёллар ва қизларни уйга қамайдиган консерватив оилавий меъёрларни янада мустаҳкамлайди.

"Яхши давлат бўлади"

Parranda yozmoqda
Сурат тагсўзи, Parranda yozmoqda

"Мен нималар бўлаётгани ҳақида ёзишим керак. Ҳозир оммавий ахборот воситалари жуда кам... Бир кун келиб Афғонистон аёллар ва қизлар учун жуда яхши давлат бўлишига ишонаман. Бунинг учун вақт керак. Аммо шундай бўлади."

Парранда тахаллусдир. Унга ўхшаган аёллар, айниқса, шаҳарларда ўқиганлар яна қафасга тушишни исташмайди. Кўпчилик қочди. Кўпчилик ҳали ҳам умидвор. Кичик оломон жасорат кўрсатиб норозилик билдирмоқда. Мамлакатнинг чекка гўшаларида ҳам қамоқхонага ўхшаш ҳаётларидан норозилигини кўрдим.

«Ёзганинг малҳам бўлар»

Parrandaning kundaligi
Сурат тагсўзи, Parrandaning kundaligi

"Ёзинг! Нега қўрқасиз? Кимдан қўрқасиз?... Балки сизнинг ёзганингиз кимнингдир руҳига малҳам бўлар... Қаламингиз кимнингдир синиқ қўлларига суянч бўлиб, баъзи умидсиз одамларга умид бахш этар", деб ёзади Садаф.

Ёзувчининг ҳаёти ҳар қандай жойда гумон ва қўрқувга тўла бўлиши мумкин. Афғон аёллари учун айниқса шундай: улар ёзиш учун хавфсиз, сокин жойларни қидирадилар, ўз ўзлигини ва мақсадни аниқлайдилар. "Қаламим - қуш қаноти" нашр этилгач, уларнинг сўзларига янги ҳаёт бағишлади.

"Талабалардан бири китобни чиройли сўзлар билан тақдим этди, энг ёқимлиси эса менинг исмимни тилга олгани бўлди. Барча шогирдларим мени олқишлади. Буни ҳаётимдаги энг ёқимли хотира сифатида ёзяпман".

"Мен оила тебратаман"

Nuriston

"Эътиқодимга кўра, мен пул ҳақида қайғурмаслигим керак, чунки Худо мен учун яхшироғини тайёрлаб қўйган бўлиши мумкин. Лекин нима учун ташвишланаётганимни у билади. 10 кишилик оиламиз бор, фақат мен боқувчиман. Собиқ республика даврида ҳам яхши топмасдим, бу Ислом амирлигида ҳам аҳвол ўша ўша".

Аёллар меҳнати бутунлай йўқолгани йўқ. Баъзи аёл шифокорлар, ҳамширалар, ўқитувчилар, полиция ходимлари ҳали ҳам ишлайди, асосан аёллар ва қизлар билан ишлайди. Баъзи ишбилармон аёллар ҳали ҳам бизнесда, аммо ҳалокатли иқтисодий инқироз остида яшашяпти. Аксарият давлат вазирликлари эшиклари аёллар учун қаттиқ ёпилган. Қизлар учун умумтаълим мактаблари ёпилиши билан аёллар ва иш ўртасидаги алоқа узилиб бормоқда.

"Сиз кучлисиз"

kobul

"Ўзимга ўзим айтдим: "Йўқ, йўқ! Ўзимни ўлдира олмайман. Балки яшашни истамассан, лекин ўз жонингга қасд қилганинг кўп бошқа ҳаётларга таъсир қилади. Илтимос, уларга шавқатсиз бўлма, сен кучлисан, ҳаммаси яхши бўлади, барини ҳал қиласан. Бу ҳам ўтиб кетади" деб ўзимга тасалли бердим."

Бу ҳар жойда эшитиладиган шивирдир. Айниқса, ёш аёллар орасида ўз жонига қасд қилишга уринишлар кўпаяётгани айтилади, бироқ буни тасдиқлаш қийин. Оилалар ўз сирларини сақлайди. Давлат шифохоналарига ҳар қандай далилни яшириш буюрилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлиги вакили менга улар вилоятларда аёллар билан учрашганда, бу савол туғилганини айтди. Бунга сабаб сифатида мактабга боришига тўсқинлик қилиниши ва ёш қизларни мажбуран турмушга берилиши кўрсатилмоқда.

"Бу қачон тугайди?"

Paranda va negativ

"Қандай қилиб ақл ҳушни сақлаб қолиш мумкин? Яна азобларга қанча чидашимиз мумкин? Ниҳоят, қалбим бу юрт барча ғайриинсонийлик ва шафқатсизликларга юз тутганини қабул қилади. Лекин бу қачон тугайди?"

Бирдан ортиқ авлод фақат уруш ичида яшамоқда - қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтди. Мамлакат бир можародан иккинчи можарога ўтяпти. Афғонлар кейинги боб аввалгисидан яхшироқ бўлишини орзу қилишда давом этмоқда. Бу ҳеч қачон тугамайдиган ҳикоядек.

«Умид учқунлари»

Kobul

"Мен қалбим юзига умид учқунларини сочдим... Ичимда олов ёнмоқда. Мени жангга чорлайдиган руҳ бор. Умид қиламанки, бу қоронғу кунларда табиат қонуни бу зулматни ёритиш учун ўз буйруғини беради."

Афғонлар кўпинча умид энг охирида ўлади, деб айтадилар. Сўнгги йилларда Толибон ҳокимиятга келишидан олдин, ҳар кунги зўравонликлар кучайиб борар экан, баъзилар умид ҳам ўлганини айтарди. Аммо кўп оғирликларни бошдан кечирган одамлар ҳали ҳам сақланиб қолган умидни маҳкам ушлаб турибди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.