Афғонистон: Очмиз, энди ёш қизларимизни сотаяпмиз Dunyo Yangiliklar - video

- Author, Йогита Лимайе
- Role, BBC News, Ҳирот
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Афғонлар оч қолган болаларини тинчлантириш учун дори бермоқда, бошқалари эса тирик қолиш учун ўз қизлари ва аъзоларини сотмоқда. Толибон ҳокимият тепасига келган ва чет эл маблағлари музлатилганидан кейинги иккинчи қишда миллионлаб одамлар очарчилик ёқасида қолдилар.
"Болаларимиз тинмай йиғлайди, ухламайди. Егани овқат йўқ", дейди Абдулваҳоб.
"Шундай қилиб, дорихонага бориб, таблетка сотиб оламиз ва ухлатиш учун уларни болаларимизга берамиз."
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
У мамлакатнинг учинчи йирик шаҳри бўлган Ҳирот яқинида, ўнлаб йиллар давомида пайдо бўлган ва уруш ва табиий офатлардан азият чеккан одамлар билан тўлиб-тошган минглаб пахса уйлардан иборат аҳоли пунктида яшайди.
Атрофимизда йиғилган ўнга яқин эркаклар орасида Абдулваҳоб ҳам бор. Биз улардан уларнинг қанчаси болаларига тинчлантириш учун дори беришини сўрадик?
"Кўпчилигимиз, ҳаммамиз", деб жавоб беришди улар.
Ғулом Ҳазрат кўйлаги чўнтагини титкилаб, бир дона дори чиқарди. Булар Алпразолам - кенг тарқалган тинчлантирувчи дорилар эди.

Ғуломнинг олти фарзанди бор, энг кичиги бир ёшда. "Мен ҳатто унга ҳам бераман", дейди у.
Бошқалар бизга ўз фарзандларига берган эсциталопрама ва сертралин таблеткаларини кўрсатдилар. Улар одатда депрессия ва хавотирларни даволаш учун буюрилади.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бундай дорилар етарлича овқатланмайдиган ёш болаларга берилса, жигарга зарар етказиши мумкин, шунингдек, сурункали чарчоқ, уйқу ва ҳатти-ҳаракатларнинг бузилиши каби қатор бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Маҳаллий дорихонада 10 афғони (тахминан 10 АҚШ центи) ёки бир бўлак нон нархига беш таблеткадан иборат дори сотиб олишингиз мумкин экан.
Биз кўрган оилаларнинг аксарияти ҳар куни бир неча бўлак нонни баҳам кўришарди. Бир аёл бизга эрталаб қуруқ нон ейишгани, кечаси эса уни намлаш учун сувга ботириб еганликларини айтди.
БМТ Афғонистонда гуманитар "фалокат" рўй бераётганини айтмоқда.

Ҳирот атрофидаги эркакларнинг аксарияти мардикор бўлиб ишлайди. Улар кўп йиллар давомида оғир ҳаёт кечиришган.
Аммо ўтган йил августида Толибон ҳокимиятни қўлга киритгач ва янги де-факто ҳукумат халқаро миқёсда тан олинмаганида, Афғонистонга оқиб келаётган хорижий маблағлар музлатиб қўйилиб, иқтисодий таназзулга сабаб бўлди ва одамлар деярли ишсиз қолиб кетди.
Камдан-кам ҳолларда улар иш топиб, тахминан кунига 100 афғони ёки 1 доллардан сал кўпроқ маош оладилар.
Қаерга борсак ҳам, биз ўз оилаларини очликдан қутқариш учун ҳаддан ташқари куч сарфлашга мажбур бўлган одамларни учратдик.
Аммар (исми ўзгартирилган) уч ой олдин буйрагини олдирганини айтди ва бизга 20 сантиметрли чандиқни кўрсатди - чок излари ҳали ҳам бироз пушти - қорин бўшлиғи олдидан орқасига қараб узайган эди.
У йигирма ёшда, бу унинг ҳаётининг энг гаштли даври бўлиши керак эди. Унинг хавфсизлиги учун исмини ўзгартирдик.
"Бошқа йўли йўқ эди. Буйракни маҳаллий шифохонада сотиш мумкинлигини эшитдим. Мен у ерга бордим ва уларга нима истаётганимни айтдим. Бир неча ҳафта ўтгач, улар менга қўнғироқ қилиб, шифохонага келишимни сўрашди", дейди у.
"Улар бир қанча тестларни ўтказишди, кейин эса мени ҳушимдан кетиб қоладиган нарса билан укол қилишди. Мен қўрқардим, лекин бошқа танловим йўқ эди».

Бунинг учун Аммарга тахминан 270 000 афғони (3100 доллар) тўланган бўлиб, унинг катта қисми оиласига озиқ-овқат сотиб олиш учун қарзга олган пулларини қайтаришга кетган.
"Агар бугун кечқурун овқатлансак, кейинги кун овқат емаймиз. Буйрагимни сотганимдан кейин ўзимни ярим одамдек ҳис қиляпман. Умидсизман. Агар ҳаёт шу тарзда давом этса, ўлиб қолишим мумкиндек туюлади", дейди у.
Афғонистонда органларни пулга сотиш ноодатий ҳол эмас. Бу Толибон ҳокимиятга келишидан олдин ҳам бўлган. Аммо ҳозир, ҳатто бундай оғриқли танловдан кейин ҳам, одамлар омон қолиш учун чора топа олмаётганликларини айтишади.
Совуқ уйда биз етти ой олдин буйрагини сотганини айтган ёш онани учратдик. Бундан ташқари, улар бир сурув қўй сотиб олиш учун қарзга олинган пулни тўлашлари керак эди. Бир неча йил аввал тошқинда ҳайвонлар нобуд бўлиб, тирикчилик манбаларидан айрилган.
Буйраги учун олган 240 минг афғони (2700 доллар) барибир етарли эмас.
"Энди бизни икки яшар қизимизни сотишга мажбур қилишяпти. Қарз олган одамларимиз пулни қайтара олмасанг, қизингни бер, деб ҳар куни бизни ҳол-жонимизга қўйишмайди", дейди у.
"Аҳволимдан жуда уяламан. Баъзан менга шундай туюладики, шундай яшагандан кўра, ўлганим афзал", дейди эри.
Қизларини сотганлар ҳақида кўп эшитдик.
"Мен беш ёшли қизимни 100 минг афғонига сотдим", дейди Низомуддин. Бу ерда аниқлаганларимизга қарасак, буйраклар учун тўланадиган пулнинг ярмидан кам. У лабини тишлади, кўзлари ёшга тўлди.
Бу ердаги одамларнинг қадр-қиммати очлик туфайли йўқолди.
"Бу ислом қонунларига зид эканини ва фарзандларимиз ҳаётини хавф остига қўйишини тушунамиз, аммо бошқа йўл йўқ", дейди жамоат оқсоқолларидан бири Абдул Ғаффорр.

Бир хонадонда 18 ойлик укаси Шамшулла билан ўйнаб, кулгили қилиқлар қилаётган тўрт ёшли Нозия исмли қувноқ қизчани учратиб қолдик.
"Озиқ-овқатга пулимиз йўқ, шунинг учун мен маҳаллий масжидда қизимни сотмоқчи эканлигимни айтдим", дейди отаси Ҳазратуллоҳ.
Нозия жанубий Қандаҳор вилоятидаги бир оилага ўғли учун хотинликка сотилди. 14 ёшда у ўша ерга жўнатилади. Ҳозиргача Ҳазратуллоҳ қизи учун икки марта тўлов олди.
"Кўп қисмини овқатга, озгинасини ўғлимнинг дори-дармонига сарфладим. Қаранг, тўйиб овқатланмайди», дейди Ҳазратуллоҳ Шамсуллоҳнинг кўйлагидан тортиб, шишиб кетган қорнини бизга кўрсатиш учун.
Тўйиб овқатланмаслик даражасининг ҳайратланарли даражада ўсиши Афғонистондаги очлик беш ёшгача бўлган болаларга таъсир кўрсатаётганидан далолат беради.
Чегара билмас шифокорлар ташкилоти маълумотларига кўра, бу йил бутун мамлакат бўйлаб уларнинг тўйиб овқатланмаслик муассасаларига қабул қилиниши ўтган йилга нисбатан 47 фоиз ошган.
Ташкилотнинг Ҳиротдаги Озиқлантириш маркази нафақат бу ерда, балки қўшни Ғўр ва Бадғис вилоятларида ҳам яхши жиҳозланган ягона тўйиб овқатланмасликка қарши муассаса бўлиб, у ерда ўтган йил давомида тўйиб овқатланмаслик даражаси 55 фоизга ошган.
Ўтган йилдан бери улар касалхонага ётқизилиши керак бўлган бемор болалар учун ётоқлар сонини кўпайтирдилар. Аммо бу ҳолатда ҳам зал деярли ҳар доим тўла. Борган сари келтирилган болалар бирдан ортиқ касалликлар учун даволанишига тўғри келмоқда.
Умид тўйиб овқатланмайди, чурра ва сепсис билан касалланган. 14 ойлигида унинг вазни атиги 4 кг. Шифокорлар бизга бу ёшдаги оддий боланинг вазни камида 6,6 кг бўлишини айтишди. Унинг онаси Омина бола тинмай қайт қила бошлаганида касалхонага бориш учун қарз олишга мажбур бўлган.

Ҳиротдаги Толибон вилояти ҳукумати матбуот котиби Ҳамидулла Мутаваккилдан очликка қарши курашиш учун нима қилаётганларини сўрадик.
"Вазият Афғонистонга қарши халқаро санкциялар ва Афғон активларининг музлатилиши натижасидир. Ҳукуматимиз қанча одам муҳтожлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Кўпчилик ёрдам олиш илинжида ўз шароитлари ҳақида ёлғон гапиришади", деди у.
Вазият қанчалик ёмон эканлигининг инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан кўрсатганимизда ҳам, у айтганини такрорлади.
Шунингдек, у Толибон иш ўринлари яратишга ҳаракат қилаётганини айтди. "Темир рудаси конларини очиш ва газ қувури лойиҳасини режалаштирмоқдамиз".
Яқин келажакда бўлиши даргумон.
Одамлар бизга Толибон ҳукумати ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам уларни ташлаб қўйганини ҳис қилишларини айтишди.
Очлик секин ва жим келадиган қотилдир, унинг таъсири ҳар доим ҳам дарҳол кўринмайди.
Дунё диққатидан узоқда Афғонистондаги инқироз даражаси ҳеч қачон маълум бўлмаслиги мумкин, чунки ҳеч ким бунинг ҳисобини қилмаяпти.
Мақолани ёзишда Иможен Андерсон ва Малик Мудассир ёрдам бердилар.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
















