“Бу ер дўзахнинг ўзгинаси”. Афғонлар оч қолаётган болаларини қутқариб қолиш учун курашмоқда Afg'oniston

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистондаги инқироздан жабр кўрган ва ҳозирда кўплари маош олмай ишлаётган касалхона шифокорлари Би-би-сига мамлакатда чуқурлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапириб бердилар.
Барча исмлар ўзгартирилди
Ёш бир аёл дўхтирдан ўзини ва боласини ўлдиришини сўраб йиғларди. Афғонистоннинг марказий қисмидаги акушер шифокор Нури туғиш арафасидаги онага ёрдам бераётган эди.
Мавзуга алоқадор видео -
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Доктор Нури айтишича, аёл "мен қандай қилиб тирик қолишимни билмайман. Қандай қилиб бошқа одамни туғишим мумкин?" деб айтарди. Доктор Нурининг хонасидаги аёллар шу қадар тўйиб овқатланмайдики, эртага кўкрак сути етмай қолишини ўзлари ҳам билишади.
Доктор Нурининг айтишича, палаталар шунчалар тўлганки, у қонли деворларга суяниб ёки ифлос чойшабларда ётган тўлғоқ тутаётган аёлларга туртиниб ўтишга мажбур. Кўпчилик фаррош аёллар текин ишлашдан чарчаб, бир неча ой олдин унинг шифохонасини тарк этган. Туғруқхона эса шу қадар гавжумки, баъзида бир тўшакда бир неча аёл ётибди. Яқин атрофдаги муассасалар ва хусусий клиникалар ёпилган. Бир вақтлар Афғонистоннинг марказий қисмидаги нуфузли, замонавий шифохона бўлган бу ерда аёллар сони аввалгидан уч баробар кўп.
"Туғруқхона палаталари Афғонистондаги ҳар қандай шифохона палатасидан яхшироқ жой бўлган илгари, аммо энди ундай эмас", дейди акушер. Унинг айтишича, сентябрь ойида атиги икки ҳафта ичида бешта янги туғилган чақалоқ очликдан ўлганини кўрган.
"Бу ер дўзахнинг ўзгинаси."

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон аллақачон қаттиқ қурғоқчилик ва ўнлаб йиллар давом этган урушларни бошидан кечирган, бироқ Толибоннинг ҳокимиятни эгаллаши мамлакатнинг иқтисодий таназзулга юз тутишини тезлаштирди. Ўнлаб йиллар давомида иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаган халқаро ёрдамнинг кесилиши август ойида бутунлай тўхтади. Ғарб донорлари аёллар ва қизларнинг асосий ҳуқуқларини инкор этувчи ва шариатнинг қаттиқ жазоларини татбиқ қилувчи ҳукумат орқали ёрдам беришга чўчимоқда. Демак, БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Афғонистон энг оғир очлик инқирозига юз тутмоқда. Бу қишда 14 миллионга яқин бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекиши кутилмоқда.
Бутун мамлакат бўйлаб оч одамларни даволайдиган шифохоналар ҳалокат ёқасида турибди, 2300 га яқин тиббиёт муассасалари аллақачон ёпилган. Чекка ҳудудлардаги шифокорлар даволаниш учун 12 соат йўл босиб ўтган оғир касаллар учун зарур дори-дармонларни, ҳатто парацетамол каби оддий дориларни ҳам бера олмаслиги айтилмоқда.
Пойтахт Кобулдаги йирик болалар шифохонаси мамлакатдаги энг оғир очлик ҳолатларини бошдан кечирмоқда. Ҳозирда ундан ўз имкониятидан 150 фоизга фойдаланилмоқда.
Касалхона директори доктор Сиддиқий сентябрь ойида молиялаш қисқартирилганидан сўнг ўлимлар кескин ўсишига дуч келди, ҳар ҳафта 10 ёшгача бўлган тўрттагача бола тўйиб овқатланмаслик ёки озиқ-овқатдан заҳарланишдан вафот этди. Инқирознинг оғирлиги энг кўп шу болаларга тушган, дейди у. Бу болаларнинг аксарияти беш ёшгача бўлиб, сақлаб қолишга анча кеч бўлганда келтирилади.
"Бу болалар [аслида] қабул қилинишидан олдин ўлади... Биз бундай ҳолатларнинг кўпида мағлуб бўлмоқдамиз", дейди у.
Ўз вақтида келганларга ҳам ёрдам бериш учун ресурслар оз - шифохонада озиқ-овқат ва дори-дармон етишмайди, ҳатто палаталарни иссиқ сақлаб туриш муаммо. Марказий иситиш учун ёқилғи йўқ, шунинг учун доктор Сиддиқий ҳозир ходимлардан печкада ёқиш учун ҳар куни қуриган дарахт шохларини кесиш ва йиғишни сўрамоқда. "Ёқишга ўтини тугагач, биз келаси ой ва кейин нима қилишимиз ҳақида хавотирдамиз."
Доктор Нурининг туғруқхонасида электр энергиясининг мунтазам узилиши ўлимларга сабаб бўлади. Унинг сўзларига кўра, бир нечта эрта туғилган чақалоқлар инкубаторлари ишламай қолади ва чақалоқ нобуд бўлади.
"Уларнинг кўз ўнгингизда ўлишини кўриш жуда оғир."
Унинг айтишича, электр узилиши операция қилинган беморлар учун ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб бориши мумкин.
"Кеча биз операция хонасида эдик, электр узилиб қолди. Ҳаммаси тўхтади. Югурдим, ёрдам чақирдим. Бирининг машинасида ёқилғи бор экан, ўша билан генераторни ишга туширдик."
Шу боис, унинг сўзларига кўра, ҳар гал шифохонада операция қилинганда: "Одамлардан шошилишларини сўрайман. Бу жуда стрессли ҳолат".

Сурат манбаси, Getty Images
Бундай оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлишларига қарамай, тиббиёт ходимларининг аксарияти ҳозирда ҳатто маош ҳам олмаяпти.
Ҳирот вилоятидаги коронавирус билан касалланган беморларни даволашга ихтисослашган шифохона директори доктор Раҳмоний Би-би-сига Толибон бошчилигидаги соғлиқни сақлаш вазирлигининг 30 октябрдаги мактубини кўрсатди, унда молиялаш бошлангунга қадар маошсиз ишлаш сўралган эди.
Доктор Раҳмоний сешанба куни унинг шифохонаси маблағ олинмагани учун ёпилганини тасдиқлади, фотосуратларда беморлар касалхонадан замбилда олиб чиқилаётгани акс этган. Уларнинг тақдири ҳозир нима бўлиши аниқ эмас.
Яқин атрофда гиёҳвандларни даволашга ихтисослашган шифохона жойлашган. Бу шифохона ҳам героин, афюн ва кристалл метамфетаминга мубтало бўлган гиёҳвандларни дори-дармон воситасида наркотикдан сақлаб туриш имконсиз бўлиб қолгани учун қийинчиликка учради.
"Шундай беморлар борки, кроватга занжирбанд қилиш керак, яна шундайлари борки, қаттиқ тутқаноқлари келиб қолади. Уларга ғамхўрлик қилиш биз учун жуда қийин", - дейди шифохона директори доктор Наврўз. Тўғри парвариш қилинмаса, "шифохонамиз улар учун қамоқхонага айланади", деб қўшимча қилади у.
Аммо бу касалхона ҳам ходимларнинг қисқариши туфайли ёпилиш арафасида. Агар у ёпилса, доктор Наврўз қаттиқ қишда беморларининг аҳволи не кечишидан хавотирда.
"Улар учун бошпана йўқ. Одатда улар кўприклар остида, харобаларда, қабристонларда, одам чидаб бўлмайдиган вазиятда юришади ва яшашади", дейди у.
Толибон тайинлаган соғлиқни сақлаш вазири доктор Қаландар Ибод ноябрь ойида Би-би-си Форс хизматига берган интервьюсида, ҳукумат халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда ёрдам кўрсатиш ишларини янгилаш учун ҳаракат қилмоқда, деди.
Бироқ йирик донорлар берилган ёрдам кўзлангандек ишлатилмаслигидан хавфсираб, Толибонни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда. 10 ноябрь куни БМТ биринчи марта муваффақиятга эришди - мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига тўғридан-тўғри 15 миллион доллар киритди. Охирги ойда 23.5 мингга яқин тиббиёт ходимига иш ҳақи тўлаш учун 8 миллион долларга яқин маблағ сарфланди. Айни пайтда бу нисбатан кичик миқдор бўлса-да, бошқа халқаро донорлар ҳам бунга эргашишига умид қилмоқда. Аммо вақт ўтяпти.
"Тез орада бизда ичимлик суви етишмайди", дейди доктор Нури, беморлар эса совиб бораётган ҳавода исиниш учун курашаётганда.
Оғир об-ҳаво шароити тез орада Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатлардан импорт қилиш имкониятини чеклайди.
"Бу аёллар гўдаклари билан касалхонамиздан чиққанларида, доим улар ҳақида ўйлайман. Уларда пул йўқ, озиқ-овқат сотиб олишга қурби етмайди", дейди у. Унинг оиласи ҳам яшаш учун курашмоқда.
"Ҳатто шифокор бўлсам ҳам, ўзимни боқолмаяпман - пул йўқ, барча жамғармаларимни деярли тугатдим".
"Нега ҳали ҳам ишлаётганимни билмайман. Мен ҳар куни эрталаб ўзимга бу саволни бераман. Эҳтимол, ҳали ҳам яхши келажакка умид қилаётганим учундир".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














