Афғонистон: Қулаётган иқтисод ва забтига олаётган очлик – Толибон нимага эришди? Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Шу кунларда Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига роппа-роса 100 кун бўлади. Ҳаракат шу пайтгача нимага эришди?
Би-би-си телебошловчиси Ялда Ҳаким Афғонистонда туғилган.
Унинг оиласи Афғонистондан 80-йилларда, Советлар ишғоли пайтида қочган.
Ялда орада касби тақазоси билан Афғонистонда бир неча бор бўлган.
Аммо бу гал Афғонистонга илк бор Толибон қудратга қайтиши ортидан келган.

Таҳлил:

- Афғонистон-Ўзбекистон: Толибон Ўзбекистонни шеригимиз деб атади
- Мирзиёев Толибон билан мулоқотда бўлишлари 'табиий' эканини айтди, Ўзбекистон Ҳайратон кўпригини очди
- Афғонлар барибир Ўзбекистонга ўтмоқчими? Ўзбекистон, Афғонистон ва Толибон
- Толибон Ўзбекистоннинг баёнотини беэътибор қолдирмади, қадрлашини айтди
Таассуротлар
Ялда Ҳаким:
Афғонистонга толиблар ҳокимиятини эгаллаши ортидан биринчи келишим. Шу боис ҳам, ўзимни қизиқтирган саволлар бирталай бўлишини аввалдан билганман.
Ғарбпараст ҳукумат қулаши ортидан мамлакатда нималар ўзгарди? Энди Афғонистон одамлар шунча кутганидек тинчиб кетармикан? Янги ҳукумат аллақачон жамиятдан сиқиб чиқарган афғон хотин-қизларининг тақдири нима бўлади?
Аммо ўзимга яна бир саволни беришга тўғри келиши ҳеч ҳам хаёлимга келмаганди.
Қуруқдан қуруққа кунлаб, ҳафталаб ва ойлаб ишга қатнаш учун одам қанчалар матонатли бўлиши керак?
Мен Афғонистонда худди шу нарсага гувоҳ бўлдим.
Амалдаги ҳукумат қулаб, хорижий ёрдам тўхтатиши ортидан Афғонистон соғлиқни сақлаш тизимининг бирор бир ходими - Қандаҳордаги шифокорлардан тортиб, пойтахт Кобулдаги касалхона фаррошигача - бир тийин маош олмаган.
Лекин аҳволлари қанчалик абгор эканига қарамай, улар ўз ишларини ташлаб қўйишмаган ва имкон қадар эҳтиёжманд одамларга ёрдам беришаётир.

Насрин Афғонистон пойтахтидаги Индира Ганди номли шифохонада фаррош бўлиб ишлайди.
"Агар ишга чиқмасак, бу болалар нобуд бўлишади. Уларни қандай қилиб кўзингиз қияди", - дейди у.
Касалхонадаги аксарият болалар тўйиб овқат ейишмагани боис, жуда нимжон. Ётган хоналари тоза, покиза бўлмаса, осонлик билан бирор бир инфекция юқтириб олишади.
Насриннинг айтишича, ишга пиёда қатнайди. Бирор бир транспортга чиқай деса, пули йўқ. Ишга бориш учун тоғ ёнбағридан пастга тушиши ва юқорига чиқиши керак бўлади. Кунига 12 соат ишлайди.

Соғлиқни сақлаш ходимларига қанчалик қийин бўлмасин, беморларининг аҳволи уларникидан-да оғир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига таянилса, 23 миллион афғон очлик туфайли ҳаётдан кўз юмиш хавфи остида.
Мамлакатнинг 95 фоиз аҳолиси қорни тўйиб овқат емайди.
Насрин тозалайдиган хоналарда эса, ана шу инқирознинг энг мурғак жабрдийдалари ётишади.
Уч ёшли Гулнора нимжонлигидан кўзларини зўрға очади. Унинг сочлари тўкила бошлаган. Кўзини уйқудан очиши билан оғриқдан йиғлашни бошлайди. Бу Афғонистондаги очликнинг болалардаги қиёфаси.

Сурат манбаси, Reuters
Толибоннинг расмий вакили Суҳайл Шаҳин буларнинг барчасида халқаро ҳамжамиятни айблайди.
Вакилнинг айтишича, афғон халқи Ғарб туфайли жабр чекмоқда.
"Улар Афғонистон ҳалокат, очарчилик, гуманитар ҳалокат сари юз тутаётганини айтишади. Шундай бўлса, бунинг олдини олиш чорасини кўришсин. Инсон ҳуқуқлари ҳақида бонг урувчи халқаро ҳамжамият, давлатлар Афғонистонни инсоний бўҳронга етакловчи ишлардан тийилишсин", - дейди Шаҳин.
Афғонистондаги кўпчилик айнан хорижий ёрдам мавжуд муаммонинг ечими эканига ишонади.
Бу, айниқса, Афғонистон иқтисодининг бугунги аҳволига назар ташланса, яққол сезилади. Халқаро ёрдам тўхтатиши билан у ҳам таназзулга учраган-қўйган.
Иш кутиб ўтирган ўрта ёшлардаги мардикор афғон ўзининг ғишт пишитишда ишлаганини айтади.
Эркакнинг айтишича, ўша пайтда ойига 25 минг афғоний - $270 доллар ишлаган.
Ҳозир эса, ойига ҳатто икки минг афғоний ($22 доллар) ҳам тополмайман, дейди у.
Суҳбатдошимнинг тўртта боласи бор, аммо ҳаммаси касал, уларнинг дори-дармонига эса, пули йўқ.
"Мен келажагимни кўрмайман, - дейди у, - камбағал оилаларни олдинда ёруғ кунлар кутаётгани йўқ".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














