Афғонистон: Одамлар очликдан ёш қизларини сотишмоқда

Муҳаммад Ассан ва рафиқаси

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Ассан икки қизини сотишга мажбур бўлган

Халқаро ташкилотлар Афғонистондаги вазият яқин олти ойда жаҳаннамга айланиши ҳақида огоҳлантирара эканлар, бунинг далиллари кун сайин кўпроқ намоён бўлмоқда.

Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига раво кўрмайдиган амал мамлакат бўйлаб тобора кўпроқ бўй кўрсата бошлаган.

Баъзи оилаларнинг ўз фарзандларини сотишдан бошқа иложлари қолмаяпти. Муҳаммад Ассан бир эмас 2 қизини сотган.

"Бири 10 ёш, бошқаси 8 ёшда эди. Кичигининг исми Идигул , каттаси Сиёна. Бу жамлоқда биз юз тутаётган очлик ва қашшоқлик туфайли сотишга мажбур бўлдик. Фарзандларимни бир йилдан бери кўрганим йўқ. Уларнинг олдига бориш учун йўл ҳаражатига ҳам пулимиз йўқ. Онаси қайғудан эсини йўқотяпти".

Ғўр вилоятида яшовчи 2 фарзанднинг онаси Хумайра оиласини боқиш учун кўп нарсасини сотган.

"Эримнинг оиласи қашшоқ. Оилани боқиш учун сепимдаги деярли ҳамма нарсани сотиб бўлдик. Тақинчоқларим, идиш-товоқ ва бошқа ҳамма уй жиҳозларигача сотилган", дейди у.

Вазиятни ўнглаш учун Хумайранинг эри Эронга иш излаб кетган. Аммо ҳозирча у пул юбора олгани йўқ.

Қайнонаси энди қолган қутган нарсаларни ҳам сотишга мажбур эканликларини айтади.

"Умидимиз фақат Яратгандан баъзи уй жиҳозларини сотгандик. Ҳозир уйда озгина ун қолган. Бошқа ҳеч егулик нарса йўқ".

Бирлашган миллатлар ташкилотига кўра, ҳозирда Афғонистонда ҳар 4 аёлдан бири ва болаларнинг ярми тўйиб овқатланмайди.

Толибон ҳукумати ҳам аҳвол абгор эканлигини тан олиб, халқаро ҳамжамиятдан инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш ва музлатилган пулларни очишни сўрамоқда.

Толибон Соғлиқни сақлаш муваққат вазири ўринбосарига кўра, аслида қашшоқлик аввалги ҳукумат давридан қолган меросдир.

"Озиқ-овқат етишмаслиги ва тўйиб овқатланмаслик бу олдинги режимдан қолган жуда жиддий муаммо. Ҳозирда 3 миллиондан ортиқ 5 ёшгача бўлган бола очликка юз тутмоқда. Лекин ёрдам тўхтатилган ва пуллар музлатилган экан, биз уларга қандай ёрдам беришимиз мумкин", дейди Толибон мулозими Абдул Бари Умар.

Бу каби вазиятда баъзиларнинг, жумладан вазир ўринбосари тилга олган болаларнинг ҳам кўпинча кўчага чиқиб тиланчилик қилиш еки ишлашдан бошқа иложлари йўқ.

Айниқса Кобул кўчаларида тиланчилар сонининг кўпайиши Толибларни бу борада ҳам ёрдам сўрашларига мажбур қилган:

"Эрталабдан бери бирон одам менга 10 ёки ҳатто 5 афғоний ҳам ёрдам бергани йўқ", дейди кўчада боласи билан тиланчилик қилиб ўтирган аёл.

Афғонистон иқтисоди охирги 20 йилдан кўпроқ вақт ичида ўзини ўнглай олмагани ва хорижий ёрдамга қарамлигича қолгани рост.

Лекин ҳозирда вазият янада ёмонлашиб, қашшоқлик ва очлик кўлами кенгайган.

Аҳолининг кундалик ҳаёти ҳақида аянчли хабарларнинг ҳам оқими тўхтамаяпти.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.