Афғонистон: Толибон ёки қизлар учун махфий мактаб Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Махфий мактабнинг хаёлий тасвири
    • Author, Зуҳал Аҳад
    • Role, ББС Дари хизмати

АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан чиқиб кетар экан, Би-би-си уч авлодга мансуб уч аёл - ўқитувчи, олий таълим битирувчиси ва ўқувчи билан гаплашди. Улар пандемия даврида нафақат интернетга уланишдаги нотенглик, балки гендер тенгсизлик, маданият ва зиддият ҳақида сўзлаб беришди.

Шаҳло Фарид биринчи марта китобларни яшириши эмас ва биринчи марта махфий мактаб очишни режалаштираётгани йўқ.

Шаҳло ва Афғонистондаги бошқа аёллар учун қизларига таълим бериш яна бир бора хавф остида қолмоқда.

Ўқитувчи

Аввал мактабда муаллимлик қилган Шаҳло ҳозир мамлакат пойтахтидаги Кобул университетида дарс беради.

Карантин даврида ҳам у масофадан, онлайн тарзда дарс берди, аммо, унинг айтишича, аксар талабалар интернетдан фойдаланишда қийинчиликка учраган.

"Кўпчилик қиз талабаларимда смартфон ҳам йўқ, оилалари интернетдан фойдаланишга рухсат ҳам бермайди."

"Оиласидаги бирор эркакнинг телефонидан фойдаланганларни ҳам дарс жараёнида ким билан гаплашаётганини кузатиб туришади."

Аёлларни ортда ушлаб турган фақат технологиядан фойдаланишдаги қийинчилик эмас.

Афғонистондаги ҳукумат ва Толибон ўртасида давом этаётган тўқнашувлар авж палласига келган.

АҚШ етакчилигидаги кучлар чиқиб кетишда давом этар экан, кўпчилик муросасиз исломчи гуруҳлар хуружидан хавотирда. Ўтган бир неча ой ичида Толибон бир неча ҳудудларни эгаллаганини даъво қилди.

Ашаддий патриархал тартибни жорий қилиши билан ном чиқарган Толибон аввал барча аёллар таълимини тақиқлаган, аёлларга ишлашга, эркак яқинлари ҳамроҳлигисиз кўчага чиқишига рухсат бермай қўйган эди.

Жангари гуруҳ ўшандан бери қизлар таълимига бўлак қарши эмаслигини айтиб келади. Толибон номидан Би-би-сига гапирган Забиҳуллоҳ Мужоҳид шундай дейди:

"Аёллар ҳам, эркаклар ҳам таълим олиши керак, бу жуда муҳим. Аммо аёллар учун махсус ва хавфсиз муҳит яратилиши керак, аёл муаллималар тайинланиши лозим."

Шунга қарамай, Шаҳло каби аёллар ҳуқуқлари учун курашувчилар аёллар учун таълим яна бутунлай тақиқланишидан қўрқмоқда.

Орзу ва мақсадга етишишнинг хаёлий тасвири

Ёши олтмишга бориб қолган педагог Шаҳло 1990-йиллар охирлари - Толибон мамлакатни назоратга олган вақтда қандай қилиб махфий мактаб очгани ҳақида гапириб беради.

Унинг 9-10 яшар атрофидаги кўплаб ўқувчилари анъанавий мовий бурқада мактабга келишар эди. У доим уларга инглиз тили дарсликларини бирор ёқтирмайдиган кўз кўриб қолмаслиги учун исломий дарсликлар муқоваси остига яшириш кераклигини айтарди.

Томорқасидаги боғчадаги дарахт остидаги кичик чодирда Шаҳло ўқувчиларига мўъжазгина қора тахтага ёзиб, дарс ўтарди.

"Мактабни 20 нафар ўқувчи билан бошлаб, тўрт нафари билан тамомладим. Уларнинг иккитаси ўзимнинг қизларим эди", дейди Шаҳло, ўқувчиларни сақлаб туриш қанчалар қийин бўлганини тасвирлар экан.

Унинг айтишича, Толибон тез-тез уйларни тинтиб, мактаб бор йўқлигини текшириб турган. Фақат бир марта уни топиб, ёпишга муваффақ бўлишган. "Вақтинча", деб қўшимча қилади у.

Мана 30 йил ўтиб, Шаҳлонинг айтишича, бир кун келиб яна яширин мактаб очишига тўғри келиб қолса, керак бўлар деб, китоб йиғишни бошлади.

Ўқувчи

Шаҳлонинг уйидан машинада етти соатлик йўлда 16 яшарлик Воҳида яшайди.

Ҳар ҳафта Воҳида акаси билан мактабга боради. Аммо унинг мактабда ўқиш истаги оиласини бўлиб ташлади.

Унинг отаси ва бобоси у билан гаплашмай қўйган.

"Улар мактабни ташлаб, эрга тегишимни исташади", дейди у.

Таълим ортидан қувишнинг хаёлий тасвири

Воҳида оиласи билан Толибоннинг туғилган жойи ва аксар тумани унинг назоратида бўлган Қандаҳор вилоятида яшайди.

Вилоятдаги 17 туманнинг учтасидагина қизлар учун мактаб бор.

Би-би-си Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан нима учун шунча туманда аёллар таълими учун шароит йўқлигини сўради.

"Қандаҳор ва Ҳелмандда уруш шу қадар қизғинки, мактаблар ёпилган. Ҳатто эркаклар мактаблари ҳам камроқ у ерларда."

"Маҳаллий ва маданий меъёрлар, одамларнинг дунёқараши сабабли камроқ одам қизини мактабга жўнатади. Вақт керак. Аммо биз томонимиздан муаммо йўқ."

Воҳида таълимни давом эттира олишида онаси ва акасининг қўллаб-қувватлови ёрдам берганини айтади.

Ўзи таълим олишига ҳеч қачон рухсат берилмаган унинг онаси қизига зиддиятлар кучайиб борса ҳам, аёллар ҳуқуқлари учун курашни давом эттириши кераклигини айтади.

"Онамнинг орзуларини рўёбга чиқаришимга умид қиламан. Аммо ҳозирги вазиятда университетда ўқиб, бошқалар ҳуқуқлари учун курашчи бўлиш у ёқда турсин, мактабни битира олмай қолишдан хавотирдаман."

Аммо Шамсия Ализода каби аёллар бор экан, Воҳида умидини сўндирмаяпти.

Университет битирувчиси

Интернетдан ҳамма бирдек фойдалана олмаслиги, давом этаётган уруш, гендер нотенглик ва Ковид 19га қарамай, қизлар руҳини туширмасликка ҳаракат қиляпти.

Ўтган йили Шамсия Афғонистон университет кириш имтиҳонларида 170 000 абитуриентдан юқорироқ балл олди.

Кўмир кончисининг қизи бўлмиш Шамсия Кобулнинг энг қашшоқ ва қолоқ мавзеларидан бирида ўсган.

2018 йилда унинг мактабига ИШИД гуруҳи ҳужум қилди. 46 дан кўпроқ мактабдошлари ўлди.

Сўнг 2020 йилда, янги мавзега кўчиб ўтишгач, унинг янги мактаби яна ИШИД гуруҳи ҳужумига учради.

Кобул университетига ҳужумнинг хаёлий тасвири

"Афғонистонда таълим олиш жуда оғир, қўрқувларим кўп. Аммо таълим марказимиз маълум хавфсизлик чораларини кўргани боис, ўзимни бироз хотиржам ҳис қиламан.

"Ўқиш билан тўла банд бўлганингизда, хавфсизлик ҳақида ўйлашга кўп вақт бўлмайди", дейди Шамсия.

Туркияда ўқиш учун стипендия ютиб олгач, Шамсия ҳозир шифокор бўлиш учун тайёрланяпти.

ИШИД - янги хавф

Ўтган ноябрда, бир неча қуролланганлар кампусга бостириб кириб, қўшни аудиторияда ўқ отганида Шаҳло Кобул университетида дарс бераётганди.

"Давомли ўқ товушларини эшитганимда китоб кўргазмасида эдим. Талабалар ҳар ён қочарди, кимдир йиғлар, кимдир телефонида гаплашар ва асосий дарвозага қараб югурарди", дейди Шаҳло.

Ҳукумат хавфсизлик кучлари етиб келганда, икки томон ўртасида отишма бошланиб кетди.

22 одам ўлиб, 22 нафардан кўпроғи жароҳат олди.

"Қурбонларнинг кўпи қизлар эди, - дейди Шаҳло. - Ҳатто полиция ҳам қочаётган жароҳатланган аёлларга ёрдам беришни истамади. Чунки аёлларга тегиниш ҳаром деб ишонишади."

"Аммо кейинроқ махсус кучлар келганда, улар қизларни олиб чиқишди."

ИШИД кейинчалик ҳужум учун масъулиятни бўйнига олди ва улар "муртад афғон ҳукуматига ишловчи судьялар ва терговчиларни тайёрлайдиганлар"ни нишонга олишганини айтди.

ИШИД (ИШИД-Хуросон) жиҳодчи гуруҳнинг бир тармоғи бўлиб, 2014 йили Афғонистонда ташкил топган.

Ўшандан кейин улар пойтахтдаги, хусусан, таълим марказлари ва мактаблардаги қонли ҳужумлар учун масъулиятни бўйнига олди.

Аёллар ва эркаклар, улар орасида янги туғилган чақалоқлар ҳам бор, ўтган йили ИШИД даъво қилган ўта қонли ҳужум нишони бўлди. Тўғруқхонага қилинган ҳужумда 16 одам ўлиб, яна шунчадан ортиқ одам жароҳат олган.

Афғонистонда хотин-қизлар таълимининг хаёлий тасвири

Шаҳло каби жонкуяр педагог учун ИШИД каби гуруҳлар зўравонлиги кучайиши, Толибон эгаллаган ҳудудларнинг кенгайиши, яна китоб тўплаши учун сабаб бўлди.

"Чодир, китоблар, дафтар ва қаламлар учун етарлича пул топиб қўйишим керак. Толибон қизларнинг мактабда ўқишини тақиқлашини биламан. Ҳатто ҳозир туманларни босиб олаётганда, улар қиладиган биринчи иш қизлар мактабини ёпиш бўляпти."

Жилла Дастмалчи иллюстрацияси

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek