Ўзбекистон темир йўл бошқарувини Толибонга топширадими? Ўзбек мигрантлари учун Россия яна янги қоидалар киритмоқчи

Сурат манбаси, OFFICIAL
- Ҳайратон - Мозори-Шариф темир йўли бошқарувини кимда бўлади?
- Мирзиёевда ўзбек банкларидаги коррупция бўйича қандай маълумотлар бор? Ўзбекистонлик ярим миллиондан зиёд аёл чет элларда.
- Россия: Медведов нега мигрантлардан хавфсираяпти?
- Мигрантлар эса ватанига 3 ойда 1,47 миллиард доллар пул юборди
Термизни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри билан боғловчи темир йўл бошқарувини Ўзбекистон Толибонга топширадими?
Олдинроқ Афғонистондаги TOLOnews Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли бошқаруви босқичма-босқич Афғонистон темир йўл бошқармасига топширилади, дея Толибон расмийларига таянган ҳолда хабар берган.
"Ўзбекистон темир йўллари" эса Афғонистон мазкур АЖ билан ҳамкорликни тўхтатишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Шунингдек, журналистлар ҳамда матбуот вакилларидан бу масалани ёритишда диққатли бўлишни сўради.
Икки томонлама ҳамкорлик тафсилотларига асосий урғу берилган расмий хабарда афғон матбуотида берилган маълумот юзасидан бирон фикр билдирилмаган.
Афғонистон ОАВ хабарига кўра эса, темир йўлнинг техник фаолиятни юритишга оид жиҳатлари Ўзбекистон ширкатидан Афғонистон ҳукуматига ўтади.
"Биз уларга 10 майдан кейин Афғонистон ҳукумати темир йўлдан тушадиган даромадларни йиғишни ўз зиммасига олиши ҳақида баёнот юбордик", - дея иқтибос келтирилади Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари Бахт Раҳмон Шарафат сўзидан.
Хабарда ёзилишича, Айни пайтда Ўзбекистон компанияси Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини техник эксплуатация қилиш билан шуғулланмоқда. Афғонистон Ўзбекистон ширкатига йилига 18 миллион доллар тўлайди.
Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли афғон товарларининг асосий транзит йўлларидан биридир.
Маълумотларга кўра, ҳукумат темир йўлдан ойига 2,5 миллион доллардан 4 миллион долларгача даромад олади.
Афғонистон Савдо-саноат палатаси темир йўл юк ташиш харажатларини самарали равишда камайтиради, деб айтди.
Савдогарларнинг фикрича, бу темир йўлга Хитой, Россия ва Марказий Осиёдан катта миқдорда газ, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари импорт қилинади.
Президент, банклар ва порахўрлик
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 апрель куни тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб ёзади Газета.уз нашри.
Хабарга кўра, мазкур йиғилишда Ўзбекистон президенти мамлакатда фаолият юритаётган банкларни порахўрликда айблаган.
"Банклар энг катта порахўрлик билан шуғулланяпти" — деган Шавкат Мирзиёев. Аммо ушбу айбловда очиқ фактлар келтирилмаган.
"Менда жуда катта маълумот бор", - деган мамлакат президенти.
"Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм — бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули. Инфраструктурага жавоб берадиган газ, сув, свет ва ҳоказо — ўшалар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Банклар жуда катта порахўрлик билан шуғулланяпти. Менда жуда катта маълумот бор. Шунча қийналиб топган пулимизни ҳалоллик билан халқимизга етказиб бериш бўйича ҳаракат қиляпмиз, лекин йўлимизда — [ноқонуний] ер бериш, ер олиш, ер сотиш… Биласизларми, менга қандай алам қилади бу нарсаларни эшитиш", —президент Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтиради нашр.
Ўзбекистон Сенат раиси, Коррупцияга қарши кураш миллий кенгаши раҳбари Танзила Нарбаева апрель ойи бошида 2021 йилда банк соҳасида коррупцияга оид жиноятлар сони уч баробарга ошгани ҳақида хабар берган эди, деб ёзади Газета.уз нашри.
Ўзбек аёллари қаерга кетишган?

Ярим миллиондан кўп ўзбекистонлик хотин-қиз чет элларга меҳнат муҳожири бўлиб кетишган.
Улар сони 568 492 нафарни ташкил этади.
Бу ҳақда Кун.уз нашри Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тақдим этган расмий статистикага таяниб маълумот берган.
Чет элда ишлаётган жами ўзбекистонликлар сони эса 2,3 млн экани билдирилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Аҳматовнинг нашрга берган маълумотича, ўзбекистонлик хотин-қиз мигрантлар, асосан, Туркия ва Россияда ишлашади.
"Ўзбекистонлик хотин-қизлар Россия Федерациясида хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш йўналишида, Туркия ва БААда уй хизматлари, Жанубий Кореяда эса ишлаб чиқариш йўналишларида меҳнат қилади. Қозоғистонда эса аёлларнинг меҳнат миграциясидаги улуши деярли сезилмайди. Бу давлатда ишлайдиган аёл мигрантлар асосан қишлоқ хўжалигида ишлаши мумкин", - агентлик расмийси Азим Аҳматовдан иқтибос келтиради нашр.
Шунингдек, ҳудудлар бўйича Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда водий вилоятлари хотин-қизлари энг кўп чет элга ишлашга кетгани айтилади ва Самарқанд вилоятининг ўзидан 90,9 минг хотин-қиз четда ишлаётгани мисол қилинган.
Мигрантлар учун янги қоида

Ўзбекистонлик муҳожирлар учун Россияда янги ўзгаришлар кутилмоқда, - деб ёзади migrant.mobi портали рус расмий манбаларига таяниб.
Россиядаги Марказий осиёлик мигрантлар яна расмийлар диққатига тушди. Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари Дмитрий Медведев муҳожирлар мамлакатга келиш санаси ва мақсади тўғрисида аниқ маълумот бермаса, уларнинг Россияга киришлари рад этилишини маълум қилди. Бундан ташқари, Россияда ишлашни хоҳловчи чет эл фуқаролари биометрик маълумотларини тақдим этишлари шарт.
Медведевнинг қайд этишича, бу чора мамлакат хавфсизлиги учун зарур. Рад этилган тақдирда, мигрантлар узоқ муддатга "депорт" қилинишлари мумкин.
"Биз унинг мамлакатимизга қачон ва қанча муддатга кириб келганини аниқ тушунишимиз ва билишимиз керак. Бу хавфсизлик учун зарур", — дейди сиёсатчи ўз нутқида.
Ушбу ўзгаришлар қачон кучга кириши ҳозирча очиқланмаган.
Пул юбориш яна кўпайган
2022 йилнинг дастлабки уч ойида меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга 1,47 миллиард доллар жўнатган, бу ўтган йилга нисбатан 3 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Ўзбекистонда валюта операциялари ҳажми сезиларли даражада ошган.

Ўзбекистон Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 3 фоизга, аҳоли ўртасида валютага бўлган талаб 69 фоизга ўсган.
Уч ой давомида мамлакатга 1 миллиард 470 миллион долларлик трансфертлар тушди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 49 миллион долларга ёки 3 фоизга кўпдир.
«Январ-март ойларида банклар томонидан аҳолидан 2,11 миллиард долларга хорижий валюта харид қилинди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 585 миллион долларга ёки 38 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, валютага бўлган талаб ҳам сезиларли даражада ошди. Банклар томонидан фуқароларга 1 миллиард 730 миллион долларга хорижий валюта сотилган, бу ўтган йилга нисбатан 709 миллион долларга ёки 69 фоизга кўпдир», - маълум қилган Марказий банк.
Ўтган 2021 йилда мигрантлар Ўзбекистонга 8 миллиард доллардан зиёд пул юборишган ва бу трансферларнинг 70 фоизи Россиядаги мигрантлар ҳиссасига тўғри келган.
Жаҳон банки экспертлари март ойи бошида Украинадаги уруш ва санкциялар туфайли Россиядаги иқтисодий вазият туфайли Ўзбекистонга пул ўтказмалари 21 фоизга қисқаришини тахмин қилган эди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












