Янгиликлар: Толибон Қўштепа канали қурилишини вақтинча тўхтатдими? - Видео

Афғонистондаги Толибон ҳукумати Ўзбекистон ва Покистоннинг босимларидан сўнг Амударёдан сув олишга мўлжалланган Қўштепа канали қурилишини вақтинча тўхтатгани ҳақида айтилди.
Афғонистонлик таниқли блогер @Bagh_eBabur нинг Twitterda ёзишича, Афғонистондаги Қўштепа канали лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг босимидан сўнг вақтинча тўхтатилган.
"Уч ҳафта олдин ўзбек ҳайъати ўз хавотирларини билдириб Покистонга сафар қилди. Натижада Покистон Толибонни лойиҳани номаълум муддатга тўхтатишга мажбур қилди", деб ёзди Бобур.
Қўштепа канали лойиҳа менежери билан гаплашган Би-би-си манбасининг айтишича, Ўзбекистон ҳайъати 3-4 ҳафта олдин Покистонга борганда ушбу масалани кун тартибига қўйган ва Покистонни Толибонга таъсир ўтказишга чақирган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Twitterда яна бир блогер Убайдуллоҳ Баҳир (@ObaidullaBaheer) Қўштепа канали қурилишида иштирок этаётган давлатга қарашли Миллий тараққиёт ширкати матбуот котиби билан гаплашганини ёзди.
Ширкат вакили блогерга каналнинг биринчи босқичи тўхтатилгани ва тадқиқот ўтказаётгани ва иккинчи босқични режалаштираётгани айтган.
"Ишни тўхтатиш учун топшириқ йўқ", деган у.
Би-би-си ушбу янгиликка аниқлик киритишни сўраб Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилди.
Ўзбекистон Бош вазирининг Савдо ва инвестиция бўйича ўринбосари Жамшид Қўчқоров ўтган йилнинг ноябр ойида Покистонга борганди.
Расмий хабарларда икки тараф сув масаласи ёки Афғонистон билан муносабатлар тўғрисида музокаралар олиб боргани борасида ҳеч нарса дейилмаганди.
Ташрифдан кўп ўтмай биринчи босқичи битган Қўштепа канали ер остидан чиққан сув билан тўлиб тошгани ва уни бартараф қилиш учун сув даштга буриб юборилгани хабар қилинди.
13 декабр 2023: Янгиликлар: Толибон Амударё сувини даштга оқизяптими - Хавотирлар қанчалик асосли? - Видео

Ижтимоий тармоқларда Амударёдан сув олишга мўлжалланган Толибон қураётган Қўштепа каналидан гўёки катта ҳажмда сув сизиб чиққанидан хавотирлар билдирилди. Би-би-си манбасига кўра, даштга оқизилаётган сув Амударёники эмас.
Ўзбекистонлик мутахассис Эркин Абдулаҳатов ўз телеграм каналида вазият ноябрь ойи бошларида юз берганинини ёзди.
Унинг тахмин қилишича, канал ўнг қирғоқ дамбаси канал ичидаги сув босимни кўтара олмай, ёрилиб (ўпирилиб) тушган эҳтимоли юқори.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бироқ Би-би-си суриштирувидан канал суви масъуллар томонидан даштга мақсадли равишда оқизилгани ойдинлашди.
Би-би-си яқинда Қўштепа канали қурилишини бориб кўрган манба билан гаплашди.
Алоқадор мавзулар:
Унинг Афғонистон масъулларига таяниб айтишича, расмийлар канал устидан учинчи кўприкни қуриш мақсадида унинг сувини Давлатобод тумани даштларига оқизишга тўғри келган.
"Масъуллар бизларни каналнинг 95-чақиримида қурилаётган кўприкка олиб боришди. Расмийлардан бири канал устидан кўприк қуриш учун унинг сувини вақтинча даштга оқизишга тўғри келганини айтди", дейди Би-би-сининг Афғонистондаги манбаси.
Афғонистон расмийлари сувнинг даштга оқизилишига иккинчи сабаб қилиб, каналнинг давоми ҳали қурилмагани билан изоҳлашган.
Би-би-си суҳбатдошига кўра, расмийлар каналнинг биринчи босқичи 108 - километрда тугагани, ундан у ёғига сув оқиб кетиши учун ўзан ҳали тайёр эмаслигини маълум қилишган.
Қўштепа каналини бориб кўрган Би-би-си манбасига кўра, даштга оқаётган сувлар Амударёдан келмаяпти.
"Толибон бизга Амударёдан Қўштепага сув оқишини тўхтатиб қўйганини айтишди. Бунга биз ҳам гувоҳ бўлдик. Дарёдан умуман сув ўтмаяпти. Канал боши бўлмиш Амударёдан 35 километрдан сўнг ер ости сувлари чиқиб, каналда оқмоқда", дейди Би-би-си манбаси.
Бу сув оқиб кетадиган ўзан ҳали тайёр бўлмагани боис, каналнинг 75чи километридан бошлаб у даштга оқизилмоқда.
Би-би-си сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилди.
Уларда октябрь ойида сув даштга оқмаганини кўриш мумкин. Ноябр ойининг ўнинчи кунига келиб каналнинг ўнг қирғоғида кўлмак ҳосил бўлганини кўриш мумкин. 10 декабрдаги тасвирларда ушбу сув ҳажми кенгайган.

Канални қазиш билан шуғулланаётган муҳандисларнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Қўштепа канали қазилаётган минтақа ер ости сувларига бой.
"Каналнинг иккинчи босқичини қазиётганимизда, ўзан ер остидан чиқаётган сувлар билан тўлиб қоляпти. Гарчи каналнинг биринчи босчиқидан бу томонга ҳали сув очилгани йўқ", дейди Би-би-си билан гаплашган муҳандислардан бири.
Толибон қураётган канал Ўзбекистонни оғир аҳволга соладими?
Толиблар Амударёга боғлиқ улкан лойиҳага қўл уришган. Улар Амударёдан канал тортишмоқда.
Айни қарор ҳозиргача Толибоннинг энг яқин ва дўстона алоқадаги қўшниси - Ўзбекистоннинг аҳволини оғирлаштириши мумкин.
Гап Қўштепа канали ҳақида. У Амударёни тўлдирувчи сувларнинг муайян қисмини Афғонистоннинг ички ҳудудларига элтади.
Узоқ йиллик урушлар боис Афғонистонда деҳқончилик ва сув таъминотига оид улкан лойиҳалар жуда кам амалга оширилган.
Бу мамлакат аҳолиси сони жиҳатдан минтақада Ўзбекистонга энг яқин. Бу дегани сувга эҳтиёж ҳам оз эмас.
Афғонистонда музли тоғлар кўп. Бироқ ҳамон тузук ўзлаштирилмаган ва бу тоғлардан тушадиган сувлар етиб бормаган дашт ҳамда қақроқ минтақалар ҳам мавжуд.
Хусусан, мамлакат шимолидаги аксар ўзбеклар яшовчи қатор минтақалар ҳам Амударё каби сув манбаларига нисбатан яқин бўлса-да, ҳалигача улардан кенг фойдаланмаган.
Ўзбекистон ва Амударё
Айни пайтда, Амударё сувлари Ўзбекистоннинг жанубий-ғарбий вилоятлари ҳамда Қорқалпоғистон учун ўта муҳим.
Шунингдек, Туркманистоннинг шимоли-шарқий минтақалари ҳам бу дарёга эҳтиёжманд.
Зотан, Амударё Туркманистондаги Қорақум ва Ўзбекистондаги Қизилқум саҳролари оралиғидаги воҳалардан ўтади ва уларга ҳаёт бағишлайди. Дарё бугун янги саҳро ёки қуриган денгиз ўрнидаги Оролқумга етар-етмас йўқолади.
Амударёнинг тортилиши Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондаги сув етишмаслигини янада кучайтириши мумкин деган хавотирларни пайдо қилган.

Ўзбекистон шундоқ ҳам суғорма деҳқончиликка асосланган ва бу учун керакли сувнинг аксар қисми қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон ҳудудларидан келади.
Мамлакатда ҳатто тоза ичимлик суви етмайдиган ҳудудлар ҳам анчагина.
Шу боис мавжуд сув манбаларидаги ҳар қандай кичик ўзгариш Ўзбекистон тақдирида катта таъсирга эга бўлиши мумкин хавотирларини туғдириши мумкин.
Фермерлар ва деҳқонлар суғориш мавсумларида сувсизликка дуч келиши одатий ҳолатга айланмоқда. Нафақат қишлоқ жойлари, ҳатто баъзи шаҳарларда ҳам узлуксиз ичимлик суви таъминоти издан чиққан.
Айни ҳолатда Амударё сувлари камайиши оқибатлари қандай бўлади ва аянчли оқибатлар келиб чиқмаслигига эришиш мумкинми, деган саволлар долзарб.
Қўштепа хавотири
Толибоннинг Қўштепа лойиҳаси Ўзбекистонда хавотирларни пайдо қилган.
Сув танқислиги шундоқ ҳам кучаяётган бир пайтда Қўштепага йўналтирилган сув Афғонистоннинг қақроқ ерларига сингиб кетиши, Амударёнинг қуйи қисмида шўрланишни кучайтириши мумкинлиги айтилаяпти.

Ўзбекистон хавотирларини Афғонистон тарафи қандай қабул қилмоқда?
"Бизлар эҳтиром қиламиз, ҳақлари бор, қўшнимиз. Махсусан Ўзбекистон давлати, муҳтарам Ўзбекистон халқи бизларнинг нафақат қўшнимиз, балки биродар, иноғамиз. Ҳамтил, ҳамдинмиз. Маданиятимиз бир. Умид қиламизки, хавотирланишга асос йўқ", деди Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасини бажарувчи Собир Туркистоний.
Айни пайтда бугун Афғонистонда "нега биз қўшнилар ҳақида қайғуришимиз керак" деган ёндашув мавжудлиги ҳам кузатилмоқда.
"Афғонистон манфаатидан келиб чиқилса, халқ манффатидан келиб чиқилса, ҳамсоямиз хафа бўлади, деб халқимизни оч сақлаб ўтиришимиз керакми? Уч-тўрт йил олдинги қурғоқчилик Фарёб, Жаузжон, Балх, Таҳор вилоятлари бошига келди. Бу қурғоқчиликлардан 55-60 фоиз зарар кўрган бизлар бўлдик", дейди афғонистонлик сув бўйича мутахассис Муҳаммадолим Соий,
Канал чўл ҳудудидан ўтаётгани боис сувнинг катта қисми исроф бўлиши мумкин, кам қисми деҳқончилик ерларига етиб бориб катта фойда келтирмаслиги мумкинлиги айтилмоқда.
Сентябр ойида Душанбе шаҳридаги Оролни қутқариш жамғармаси саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида янги иштирокчи пайдо бўлди", деди.

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент Мирзиёев минтақадаги илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда Қўштепа канали қурилишининг барча жиҳатлари ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Толибонни сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилди.
2023 йил мартида Толиблар "Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида" Қўштепа канали лойиҳасини амалга ошираётганларини билдирганлар.
Аммо Толибоннинг Зироат вазири Амударё бўйича биз ҳеч ким билан шартнома тузмаганмиз деди.
Ўзбек расмийларига кўра, Афғонистон Амударёдан 4-5 млрд кубометр сув олмоқчи, бу сув билан 300 минг гектар ерни суғормоқчи.
Ўзбекистон Толибларни 4-5 млрд кубометр сув олишга кўндиришни истайди.
12 октябрда Қўштепа канали қурилишининг 2-босқичи бошланди.
Ўша кунги маросимда гапирган Толибон раҳбарлари минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистондан Қўштепа канали қурилиши бўйича ташвишланмасликни сўраганлар, минтақавий муаммоларни дипломатик алоқалар орқали ҳал қилишга Афғонистон тайёр деб баёнот бердилар.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














