Оролқум: Дунёдаги энг ёш саҳро Ўзбекистон бошига баломи? Видео

Сурат манбаси, BBC Uzbek
2030 йилга бориб камида 8 миллион ўзбекистонлик иқлим ўзгаришидан энг қаттиқ жабр кўриш хатари юқори ҳудудларда яшай бошлайди. Экологик вазият янада ёмонлашиши кутилаётган ҳудудлар эса Фарғона водийси, Хоразм, Бухоро ва Сурхондарё.
Жаҳон банки ўзининг янги ҳисоботида ана шундай огоҳлантириш билан чиққан.
Бу ҳисоботда ҳам, кўп йиллардан буён гапириб келинаётгандек, Орол денгизининг қуриши оқибатлари Ўзбекистонга хавф солиб турган энг жиддий экологик хатарлигича қолаётгани таъкидланган.
Орол денгизининг қуриган тубидан тайёрланган видеони томоша қилинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бир вақтнинг ўзида, сув тақчиллиги, қурғоқчилик, ёғингарчилик миқдори камайиши, чанг-қум бўронлари дард устига чипқон бўлаётгани тилга олинган.
Маълум қилинишича, ҳозирда иқлим ўзгаришининг мамлакатдаги биргина меҳнат самарадорлиги, чорвачилик, ирригация соҳаларига таъсирини юмшатиш учун нақ $60 миллиард талаб этилиши тахмин қилинмоқда.
Энг ёш саҳро
Ўзбекистонликларга яхши таниш бўлган "Орол денгизи" тушунчаси ҳозирда тарихга айланган.
Қуриб битган собиқ денгиз тубида чексиз саҳро пайдо бўлган.
Дунёдаги энг ёш саҳро дея аталувчи бу ҳудуднинг номи Оролқум.
Ўтган асрнинг 60 йилларидан Орол денгизи суви тортилган чексиз майдонларда пайдо бўла бошлаган бу саҳро бугун ўта хавотирли қум ва чанг бўронлари манбаси, Марказий Осиёдаги энг оғриқли экологик инқирозга айланган.
Сўнгги маълумотларда Оролқумнинг майдони қарийб 60 минг квадрат километрга яқинлашгани айтилади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Бу деярли учта Фарғона водийси ҳудуди дегани.
Саҳро сатҳидан йилига 150 миллион тоннагача қум ва туз аралашмаси кўтарилиб, Марказий Осиё давлатлари ва ундан наридаги ҳудудлар ҳавоси, тупроғини ифлослантиради.
Оролқум нафақат саломатлик ва атроф-муҳитга зиён келтиради, балки чўнтакка ҳам зарар.
2022 йил февралида Жаҳон банки Оролқум сабаб биргина Қорақалпоғистон иқтисодиёти йилига $44 миллион зиён кўришини маълум қилган.
Орол фожиаси ва глобал иқлим ўзгариши асоратлари ортидан Ўзбекистондаги экологик манзара абгорлашиб борар экан, мамлакат ҳукумати вазиятни юмшатиш йўлида чоралар кўрилаётганини таъкидламоқда.
Алоқадор мавзулар:
Хавотирли манзара
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги асосий тириклик манбаи бўлганидан, иқлим ўзгариши таъсирини одамлар, энг аввало, деҳқончилик ва чорвачиликда ҳис этадилар.
Дунё бўйлаб ҳам айни икки соҳа иқлим ўзгаришининг бирламчи қурбонига айланиб бормоқда.
БМТ 2015-2019 йиллар давомида дунё бўйлаб 400 миллион гектар ёки бутун бошли Марказий Осиё минтақаси ҳудудидан бироз кўпроқ ер майдони яроқсиз аҳволга келиб қолгани, саҳролашиш кескин кучайгани айтади.

Ташкилот Марказий Осиёнинг ўзида ҳам вазият ўта хавотирли эканини таъкидлайди.
"…Марказий Осиёнинг 20 фоиздан ортиқ ҳудуди ёки қарийб тўртта Қирғизистонга тенг роппа-роса 80 миллион гектар ер яроқсизга ҳолга келиб қолган. Минтақа умумий аҳолисининг тахминан 30 фоизи бунинг таъсирига учрамоқда", дейилади БМТ маълумотида.
Марказий Осиё минтақасида ер майдонлари яроқсизланиши кўлами бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда.
Мамлакатнинг 26 фоиз ҳудуди ёки 3 миллион гектар майдон бугун на деҳқончилик қилиб, на мол боқиб бўлмайдиган аҳволга келиб қолган.
Бунинг асосий сабаби - Орол фожиаси.
Шу йилнинг ноябрь ойи ўртасида 120 дан ортиқ давлат вакиллари Самарқандда йиғилиб, айнан ўз минтақаларидаги саҳролашиш, тупроқ деградацияси, қурғоқчилик муаммоларини муҳокама қилган.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Самарқандда тўпланган хорижий делегациялар вакилларига йил давомида Ўзбекистонда кузатилган хавотирли чанг бўронларидан лавҳаларни намойиш этган.
"Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражаларда комплекс чора-тадбирлар кўриш керак. Бу масалани Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилиб бормоқда", деган Абдуҳакимов ўз чиқишида.

БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси (UNCCD)нинг маълумотларига кўра, ҳозирда йилига икки миллиард тонна чанг ва қум атмосферага тарқалмоқда.
Бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши оқибатлари бўлса, ҳодисанинг 25 фоиздан ортиғи инсон фаолияти билан боғлиқ.
Тадқиқотларга кўра, Марказий Осиё ва Хитой атмосферага чанг чиқариш бўйича дунёда Саҳройи Кабир минтақасидан кейин иккинчи ўринда туради - бу умумий миқдорнинг тахминан 20 фоизига тенг.
Жаҳон банки бундай ташвишли манзарада ҳосилдорликнинг 95 фоизи суғорма деҳқончиликка асосланган Ўзбекистон, сув тақсимоти вақтида ислоҳ қилинмаган тақдирда, иқлим ўзгаришининг жиддий зарбасига учрашидан огоҳлантирмоқда.
Маълум қилинишича, мамлакатда сув тақчиллиги 2030 йилга бориб йилига 7 миллиард куб метрни ташкил этади, 2050 йилда бу кўрсаткич 15 миллиард куб метрни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, яқин йиллар ичида иқлим ўзгариши туфайли тоғлардаги қор эриб, сув оқими кўпайиши даври ёз ойларидан баҳорга кўчиши кутилмоқда.
Бу эса мамлакат қишлоқ хўжалиги тақдирини янада жиддий хатарга қўяди.
"Қишлоқ хўжалигига қарамлиги юқори, янги шароитга мослашиш имкониятлари паст ва даромадининг катта қисми (ўртача 50 фоизи)ни озиқ-овқатга сарфловчи қишлоқ ҳудудлари аҳолиси иқлим ўзгаришидан энг кўп жабр чека бошлайдилар", дейилади Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги иқлим ўзгариши тенденцияларига оид ҳисоботида.
Саҳродаги ўрмон
Ўзбекистонда сув ресурсларининг камайиши мавжуд саҳро ва даштларнинг кенгайиши, бир вақтлар бўлиқ ҳосил олинган экин майдонларининг чўллашиши билан ёнма-ён кечмоқда.
Ўтган 20 йил давомида экин экиладиган майдонларнинг учдан бир қисмида ҳосилдорлик мунтазам камайиб бораётгани айтилади.
Тупроқнинг яроқсизланиш суръати ва сабаблари эса ҳудудлар бўйлаб бир-биридан сезиларли фарқ қилади.

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Жаҳон банки Фарғона водийси, Гулистон-Жиззах коридори, Нукус, Наманганнинг шимолий қисмлари ва Тошкент атрофидаги экин майдонлари жиддий деградацияга учраётганини қайд этган.
Ўзбекистон ерларини ишдан чиқараётган қум ва тузнинг асосий манбаларидан бири - бу Оролқум.
Ўтган йиллар давомида қанчалик кўп гапирилган бўлмасин, бугун янги саҳро ҳудудига кириб борган ҳар бир инсон фожианинг кўламини қайтадан ҳис қилади.
Бир вақтлар балиқчилик саноати гуллаб-яшнаган, денгиз суви мавжланиб турган Мўйноқ шаҳридан Оролнинг сақланиб қолган қисмига етиб олиш учун бугун 150 чақирим йўл босишга тўғри келади.
Бундай олис масофа давомида кўриш мумкин бўлган ягона манзара эса собиқ денгиз тубида пайдо бўлган чексиз саҳро.

Айрим жойларда Ўзбекистон бир неча йилдан буён экиб келаётган саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари саҳрони қоплай бошлагани кўринади.
Ҳозирча, Орол фожиаси асоратини юмшатиш, қум-туз учишининг олдини олиш йўлида таклиф этилган энг мақбул ечим — бу денгиз тубини қурғоқчилик ҳамда тузга чидамли дарахт, бута, ўтларни экиш орқали яшиллаштириш.
Бундай ишлар 2018-2019 йиллардаёқ бошланган.
Ўзбекистон охирги беш йилда Орол тубининг 1 миллион 600 минг гектардан кўпроқ қисмига саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларни экканини айтади.
"2018 йили икки марта туз кўтарилиб, ҳаммаёқ, машиналар ҳам оппоқ бўлиб қолган эди. Расмлари ҳам бор. Бугун экканларимиз кўкариб, бу ҳолат қайта такрорланмади. Албатта, Орол туби бўйлаб шўрланиш даражаси турлича. Кўчатлар қайсидир жойда яхши кўкарган, қайсидир ҳудудларда йўқ. Аммо дарахтларимиз бирор суғориш тизимисиз яшайди. Буни мўъжиза деса бўлади", дейди Халқаро Оролбўйи инновация маркази директори Бахитжон Ҳабибуллаев.
Орол ҳудудига илк бор келган UNCCD ижрочи котиби жаноб Ибраҳим Тиау бугунги манзарани кўриб, маҳзун бўлгани, лекин вазиятни юмшатишга умид борлиги ҳақида гапиради.
"Оролда турибман, аммо бирор денгизни кўрмаяпман. Ўрнига қум денгизини кўряпман. Орол бугун тарихга айланди. Бундай оғир шароитга қарамай, олимлар ўзгариш қилиш мумкинлигини исботлай олишганини кўряпмиз. Қаранг, булар энди 3-4 йиллик кўчатлар, улар аллақачон қум кўчишининг олдини ололадиган даражага етган.
Буларни кўриб олган хулосам шундай: ўтмишда хатоларга йўл қўйилган, табиатни туганмас захиралар манбаси деб ўйлашган, денгиз шу қадар улкан бўлганидан унинг суви тугаб қолишини ҳеч ким ҳаёлига келтирмаган. Менга айтишларича, Оролнинг суви, ўз вақтида, 40 метргача етган, одамлар балиқ овлашган. Эндиликда, бу сув шунчаки ғойиб бўлганини тасаввур қилиш жуда қийин".
Бугун Ўзбекистон ўз ҳудудидан кўтарилаётган қум ва чанг тўзони дунё бўйлаб тарқалаётган мамлакатлардан бирига айланмоқда.
Ҳукумат иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўраётганини таъкидлашига қарамай, кетма-кет эълон қилинаётган ҳисоботлар, бонг ураётган экспертлар ва фаоллар сувни тежаш, ирригация тизимларини ислоҳ қилиш, ердан фойдаланиш маданиятини ошириш, муаммони ҳал қилишга ажратилаётган маблағларнинг талон-тарож қилиниши ва маъмурий буйруқбозликка чек қўйиш, газга қарамликдан қутилиб, тезроқ яшил энергиядан фойдаланишга ўтиш каби зудликда амалга оширилиши шарт бўлган ишлар талай экани, энг муҳими эса, ўзбекистонликлар янги воқеликда яшашга мослашиши зарурлигидан огоҳлантирмоқда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













