Ўзбекистон: Рэппер Конста тўйиб нафас ололмаётгани, сувсиз Гулистон ва ватанни тарк этиш нияти ҳақида - Видео

Конста ўзининг "Ҳаво" қўшиғи учун айнан нима туртки бўлгани ҳақида сўзлаб берди.
Сурат тагсўзи, Конста ўзининг "Ҳаво" қўшиғи учун айнан нима туртки бўлгани ҳақида сўзлаб берди.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Шу кунларда ололмаяпман тўйиб нафас,

Негадир бу шаҳар мен учун гўё қафас.

Шу кунларда ололмаяпман тўйиб нафас,

Уйлар қурилади, ҳаммада ҳою ҳавас,

Лекин табиатимизнинг ишлари жойидамас.

Суҳбат видеосини томоша қилинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистонлик рэппер Констанинг "Ҳаво" номли янги қўшиғи шу мисралар билан бошланади. У бу қўшиғида чангли ҳаво, кесилаётган дарахтлар, инсонларнинг табиат олдидаги масъулиятсизлиги ва нафси ҳақида куйлайди.

"Бутун дунё тушунди-ку, сен қачон ўрганасан?" деб сўрайди у қўшиқда.

Аммо, иқлим ўзгариши хавотирлари ўзбекистонлик санъаткорлар танлайдиган одатий мавзу эмас.

Мавзуга алоқадор:

Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро ҳайъатга кўра, Марказий Осиёда ҳарорат ўртача глобал кўрсаткичлардан кўра тезроқ кўтариляпти. Олимлар башорат қилишича, бу минтақада қурғоқчилик кўпаяди ва кўплаб ҳудудлар саҳрога айланади. Минтақадаги музликлар мисли кўрилмаган суратда эримоқда. Жаҳон банки икки йил олдин чоп қилган ҳисоботда 2050 йилга бориб Марказий Осиёда 5 миллион одам иқлим шароитлари сабаб ўз яшаш жойини ташлаб кетишга мажбур бўлиши айтилади.

Шунга қарамай, Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан Ўзбекистон иқлим ўзгаришини секинлатиш сиёсатини кун тартибига олиб чиқмаганини кўриш мумкин. Аҳоли сони ошиб борар экан, қазилма ёқилғиларни ёқиш кўпайган, сув танқислиги қайд этилган ҳудудларда ҳам ҳосилдорлик талаб этилишда давом этяпти, ҳамда дарахтлар кесилишига қарши жиддий кураш сезилмайди. Ўзбекистон пойтахти Тошкент эса саноат чиқиндилари, сони кескин ошган автомобиллар ва кенг кўламли қурувчилик сабаб дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатидан юқори ўринларни эгалламоқда.

Конста ўзининг "Ҳаво" қўшиғи учун айнан нима туртки бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Конста Тимур Алихонов билан айтган "Одамлар нима дейди?" қўшиғида жамиятда шаклланган мезонларни савол остига олади.

Сурат манбаси, Screenshot/YouTube/Konsta_uz

Сурат тагсўзи, Конста Тимур Алихонов билан айтган "Одамлар нима дейди?" қўшиғида жамиятда шаклланган мезонларни савол остига олади.

"Биринчи туртки биринчи чанг-тўзон бўлди. Биринчи чанг-тўзондан кейин бурним 20-30 фоизга ёмонроқ ишлашни бошлади. Абадий шундай ўзгариб қолди. Ундан кейин яна бир марта шу такрорланди - иккинчи марта чанг-тўзон бўлди. Трек чиққандан кейин бир ҳафта ўтар-ўтмай, яна шу ҳолат такрорланди. Озгина дефекти бор одам қийналади бу чангда нафас олишга. Чанг жудаям кўп. Мен оддий ритмда юраман, бурнимдан икки-уч нафас олсам, бир марта оғзим билан тўлдириб оламан камчилигини", - дейди у.

Ёш ижодкор Ўзбекистон иқлими ҳақидаги хавотирлари уни ўз келажагини бошқа юртлардан излашга ундаётганини айтади.

"Менинг ҳеч ҳаёлимга келмаган Америкага кетиш. Лекин, ҳозир Грин карта [мавсуми] очилиб, ўйланишни бошладим. Тўғриси, шу йил бошладим, ҳеч қачон қатнашмаганман. Менда эрта бўйича назарлар анча пессимистик. Табиат жиҳатидан. Мен сувимизга ишонмайман. Ҳозир Гулистонда уй қуряпман. Ота-онамнинг кўнгли тўқ бўлиши учун қуряпман. Жуда чиройли, лекин у ерда қаримасам керак. Чунки, қўрқаман, сув қандай бўлади. Ҳозир ариқларда сув йўқ. Гулистонни қарасангиз, деярли сув йўқ. Бу жудаям-жудаям қўрқинчли, депрессив нарса", - дейди Конста.

Аҳвол шундай экан, нега унда Ўзбекистон санъаткорлари ижодида бу мавзу деярли кўтарилмайди, чақириқлар ё исён изҳор қилинмайди?

"Ҳафагарчилик бўлмасин, асосан санъаткорларимиз трендда юриш учун ашула айтади. Нима мода бўлса, нима яхши бўлса, шуни айтади. У нарсалар ҳар доим ҳам яхшиликка хизмат қилмайди. "Дўстларим сохта", "Қизини бермади" - асосий ашулалар шу, худди бу асосий муаммолардек. Лекин, аслида унақамас. Гап шундаки, инсон ўзи туриб ҳаракат қилиши керак бўлган мавзуни ижодкорлар айтмайди. Негаки сиз тингловчингизга "Сен ҳозир ўрнингдан туришинг керак, шунда яхши бўлади" деган ашулани айтсангиз, сиз унга ёқмайсиз", - дейди у.

Лекин, шунга қарамай, у "Ҳаво" қўшиғи яхши кутиб олингани ва матбуотда кенг ёритилганини айтади.

"Чунки бу ҳаммамизнинг ичимизда ёниб турган нарса. Кўп келади хабарлар, олдин эшитмасдим, шу нарсаларни ўйлашни бошладим, дейишади. "Ҳаво" треки бу мавзуни кўтарди, ўйлашга. Балки шу одам шу ҳақида ўйлаб юрса, фикри ўзгарар", - дейди ижодкор.

BBC

Конста ўзининг "Эртаси йўқ", "Одамлар нима дейди?", "Жонга тегди", "Билмайди", "Тўй", "Пойга", "Чумоли" каби треклари билан ҳам кўпларга танилган.

Ўз қўшиқларида у жамиятда шаклланган мезонлар, ўзгаралар фикрига қарамлик, қизларнинг камситилиши, ҳамда носоғлом рақобат инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришига тўсиқ бўлаётгани ҳақида куйлайди. "Одамлар нима дейди?" треки ҳақида у шундай дейди:

"Ота-оналар келади кўпинча, "сизга раҳмат", деб. Ўзларида бор у фикрлар, бу ашула шунчаки шу ҳиссиётни эслатади ва уйғотади, ёки ичларида шубҳали бўлиб турган фикрларига тасдиқ бўлади. Қизлар ёзади, "университетга ўқишга кирдим, сиз сабаб", деб. Ёки "ўқишга кирмай, ўз соҳамни танлаб ишлаяпман, сиз сабаб", дейишади. Мен сабабчи деган сўзни ўзимга олишга қўрқаман. Кичкинагина одамчаман, трек ёзяпман, холос. Бу шунчаки уларга фикрни бериб қўйган бўлади", - дейди Конста.

Конста билан Ибрат Сафо суҳбатлашди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002