Ўзбекистон ва дунё. Зилзилани даҳшатли қиладиган омиллар ҳақида нималарни биламиз?

Энг сўнгги кучли зилзила шу йил март ойида Мянмарда рўй берди, силкиниш кучи 7,7 баллни ташкил этди.
Оқибатда Мянмар, қўшни Таиландда 5400 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди, бошқа қўшни мамлакатларда ҳам инсонлар жароҳатланди.
Зилзила бинолар ва йўлларга жиддий шикаст етказди, Таиланд пойтахти Бангкокда қурилиши давом этаётган 30 қаватли бино тўлиқ қулади.
2019 йили АҚШнинг Калифорния штатида 7,1 балли зилзила рўй берган, бирор инсон ўлмаган, инфратузилмаларга бирор бир жиддий шикаст етмаган.
Зилзиланинг қурбонлар сони ва вайронагарчилик даражаси бўйича қанчалик шиддатли бўлишига таъсир кўрсатадиган кўплаб омиллар бор.
Қуйидагилар энг муҳимлари ҳисобланади:

Сурат манбаси, Tibet Fire & Rescue / Reuters
Магнитуда ва давомийлик

Сурат манбаси, .
Зилзилалар Момент магнитуда шкаласи (Мw) деб аталувчи шкалада ўлчанади. Бу шкала эскирган ва унчалик аниқ бўлмаган деб ҳисобланган машҳур Рихтер шкаласи ўрнини эгаллаган.
Зилзила магнитудаси зилзила чизиғининг силжиш масофаси ва уни силжитган кучнинг уйғунлашган кўрсаткичидир.
2,5 ва ундан паст магнитудали титроқ одатда сезилмайди, лекин асбоблар билан аниқланиши мумкин. 5 магнитудагача бўлган силкинишлар сезилади ва кичик зарар етказади. Тибет зилзиласи 7,1 магнитудада асосий, 2023 йил февраль ойида Туркия жануби ва Сурияда содир бўлган 7,8 магнитудали зилзила эса жуда кучли деб таснифланади.
8 дан юқори ҳар қандай зилзила "катта" деб таснифланади ва у зилзила марказидаги аҳоли пунктларини бутунлай вайрон қилиши мумкин.
Зилзила магнитудаси билан бир қаторда, унинг натижасида юзага келадиган силкинишнинг давомийлиги ҳам вайронагарчиликка катта таъсир этади.
"Кичик зилзилалар силкиниши одатда бир неча сония давом этса, 2004 йилдаги Суматра зилзиласи каби ўртача ва йирик зилзилалардаги кучли силкиниш бир неча дақиқа давом этиши мумкин," дейди Тинч океанининг шимоли-ғарбий сейсмик тармоғи.
Чуқурлиги
Бироқ зилзиланинг катталиги ягона муҳим омил эмас: у Ер қаърининг қайси қисмида бошланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Марокаш зилзиласида бу ўчоқ Ер сиртидан тахминан 18 км чуқурликда жойлашган эди. Бу Эверест чўққисидан тахминан икки баравар кўпроқ бўлса-да, геологик ўлчовларга кўра чуқур ҳисобланмайди.
"Бу зилзила нисбатан саёз бўлган. Яъни, юқорида энергия ва зарбани тарқатиш учун камроқ қатлам мавжуд. Тебраниш ва силкиниш жуда кучли бўлган," деб айтди Портсмут университетидан вулқоншунос ва геолог доктор Кармен Солана Би-би-си билан суҳбатда.
Бунинг акси ўлароқ, 2023 йил сентябрь ойида Индонезиянинг чекка Шимолий Малуку вилоятида содир бўлган 6,2 магнитудали зилзила 168 км чуқурликда юз берди. Бунда ўлим ҳолатлари қайд этилмади.

Сурат манбаси, Getty Images
Содир бўлиш вақти
Марокашнинг марказий қисмида содир бўлган зилзила маҳаллий вақт билан соат 23:11 да юз берди – ана шу зилзиланинг қанчалик ҳалокатлилиги омили бўлиши мумкин.
"Кўплаб бинолар одамлар уйқуда бўлган пайтда вайрон бўлган бўларди," дейди доктор Солана.
Зилзила пайтида ҳалок бўлганларнинг аксарияти биноларнинг қулаши натижасида жон беради – дарҳақиқат, сейсмологларнинг "зилзила эмас, бинолар одамларни ўлдиради" деган машҳур ибораси бор.
Шу боис, кундузи, бинолар ичида одамлар кам бўлганда содир бўладиган зилзилалар одатда камроқ инсоний талофатларга сабаб бўлади.

Сурат манбаси, .
Бинолар қурилиши
Энг кучли зилзилалардан ташқари барча зилзилаларга бардош бера оладиган уйлар қуриш мумкин. Бунинг учун бинолар иложи борича кўпроқ сейсмик энергияни ютиши керак.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, дунёдаги энг кўп зилзила содир бўладиган мамлакат Япония мустаҳкам бинолар қуриш борасида илғор.
"Агар иншоот [зилзиладан] ҳосил бўлган барча энергияни юта олса, у қуламайди," дейди Токио университети муҳандис-конструктори ва доценти Жун Сато.
Бу асосан сейсмик изоляция деб аталадиган жараёнда амалга оширилади. Бинолар ёки иншоотлар зилзила ҳаракатларига қаршилик кўрсатиш учун таянч ёки амортизатор устига ўрнатилади – баъзан бу қалинлиги тахминан 30-50 см бўлган оддий резина блокларидан иборат бўлади.
Бироқ бундай асосий изоляция қимматга тушади ва қурилиш харажатлари ҳамда материаллар дунё бўйлаб анчагина фарқ қилади.
Марокашнинг энг катта талафот кўрган чекка ҳудудларида кўплаб бинолар кучли зилзилага бардош бера олмайдиган хом ғишт ёки пахсадан қурилган эди.
Баландроқ ва кўпроқ одам яшайдиган бинолар зилзила пайтида қулаб тушса, кўплаб қурбонларга сабаб бўлиши мумкин.
Кўплаб туркияликлар 2023 йил февраль ойидаги зилзила талафотлари учун қурилиш сифати пастлиги, айниқса қурилиш қоидаларига риоя қилинмаганлигини танқид қилишди.
Гарчи зилзилалар кучли бўлган бўлса-да, мутахассислар фикрича, тўғри қурилган бинолар тура олиши керак эди.
"Ушбу зилзиланинг максимал кучи жуда шиддатли бўлган, аммо яхши қурилган биноларни қулатиш учун етарли бўлмаган," дейди Лондон университети коллежининг фавқулодда вазиятларда режалаштириш ва бошқариш бўйича мутахассис профессор Девид Александр.
"Кўп жойларда силкиниш даражаси максимал даражадан паст бўлган, шунинг учун биз қулаган минглаб бинолардан хулоса қилишимиз мумкинки, уларнинг деярли барчаси зилзилага чидамлилик бўйича қурилиш меъёрларига жавоб бермайди."
Аҳоли зичлиги
2021 йил июль ойида Аляска ярим ороли яқинида 8,2 магнитудали кучли зилзила содир бўлган эди, буни эсламасангиз ҳам керак.
Чигникдаги зилзила АҚШ тарихидаги еттинчи йирик зилзила бўлгани тахмин қилинмоқда, бироқ у ҳеч кимни ўлдирмаган ёки жароҳатламаган. Бунинг сабаби мазкур зилзила нисбатан чуқурроқда ва йирик аҳоли пунктларидан анча олисда содир бўлганидир.
Бунга қарама-қарши ўлароқ, 2010 йил январь ойида Гаитидаги 7,0 магнитудали зилзила катта ҳалокат ва вайронагарчиликка олиб келди – 250 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани, 300 000 га яқин одам жароҳатлангани ва 1,5 миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолгани тахмин қилинади.
Пойтахт Порт-о-Пренс зилзиланинг бутун кучини ўзига олди ва жуда юқори аҳоли зичлиги – ҳар квадрат километрда 27 мингдан ортиқ одам яшагани қисман бундай катта йўқотиш сабабидир.
Тупроқ тури
Зилзиладан омон қолиш имкониятимиз оёғимиз остидаги ернинг қанчалик мустаҳкамлигига ҳам боғлиқ.
АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, агар тупроқ ер сатҳида ёки унга яқин жойда сув босган чўкинди билан тўла бўлса, юза кучли ер силкинишига камроқ бардош беради, бу эса суюқланиш деб аталадиган ҳодисани келтириб чиқаради.
Бу ҳолда одатда қаттиқ бўлган материал суюқлик каби ҳаракат қила бошлайди ва 1964 йилда Япониядаги Ниигата зилзиласидаги каби вайронагарчилик сезиларли даражада ортади.
Бунга қарама-қарши ўлароқ, Туркияда 2023 йилда содир бўлган зилзила 50 мингдан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлди, аммо эпицентрдан атиги 80 км узоқликдаги Эрзин шаҳри деярли зарар кўрмади.
Шаҳарда ҳеч ким ўлмади ва бирорта ҳам бино қуламади, атрофдаги шаҳарлар эса вайрон бўлди.
Геологлар таъкидлашича, Эрзинни туб тоғ жинсларининг ҳимоя қатлами ва зарба тўлқинларини ютишга қодир бўлган қаттиқ грунт сақлаб қолган.
Фавқулодда вазиятларга тайёрлик

Сурат манбаси, Getty Images
Табиий офатга тайёргарлик кўриш инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга.
Японияда мактаблар йилига икки марта зилзила машқларини ўтказиши шарт ва болаларга уйда, очиқ ҳавода ёки транспортда бўлишидан қатъи назар, қандай ҳаракат қилиш ўргатилади. Тайван бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда машғулотлар ўтказади.
Бошқа кўплаб мамлакатларда, айниқса, бундай офатларни камдан-кам бошдан кечирадиган мамлакатларда аҳвол ундай эмас.
Фавқулодда вазиятларга жавоб бериш тезлиги ва кўлами жуда муҳим – гарчи Туркиядаги зилзиладан ўн кундан кўпроқ вақт ўтгач ҳам одамлар вайроналар остидан тирик чиқариб олинаётган бўлса-да, кўплаб жароҳатланган ва қисилиб қолган одамлар бунча узоқ вақт омон қолмайди.
Шу сабабли, транспорт инфратузилмаси ва уни тиклаш имконияти жуда муҳим. 2023-йилги зилзиладан жабр кўрган Марокашнинг чекка қисмидаги кам сонли йўлларнинг аксарияти кўчки ва вайроналар билан тўсилиб қолган, турли қишлоқлар эса фавқулодда ёрдам кам ёки умуман йўқлигидан шикоят қилган.
Марокаш ҳукумати баъзи халқаро ёрдам таклифларини секин қабул қилганликда айбланди.
Иккиламчи таъсирлар
Биноларнинг қулаши зилзиладан кейинги ўлимнинг ягона сабаби эмас.
Қирғоқбўйи аҳолиси денгиз тубида содир бўладиган ва ҳалокатли цунамини келтириб чиқариши мумкин бўлган зилзилаларга заиф ҳисобланади.
2004-йилги Осиё цунамисига Ҳинд океани тубида, Суматра чеккасидаги Банда Ачеҳ яқинида 9,1 магнитудали улкан зилзила сабаб бўлган.
Зилзила ва ундан кейинги кучли тўлқинлар ўндан ортиқ мамлакатда 230 мингга яқин одам ҳаётига зомин бўлди. Тўлқинлар шу қадар кучли эдики, улар Ҳинд океанининг нариги томонида, олис Африкада ҳам одамлар ёстиғини қуритди.
Тепалик жойларда зилзилалар кўчкиларни келтириб чиқаради, улар уйларни кўмиб ташлайди ва қутқарув ишларини қийинлаштиради.
2015 йилда Непалда содир бўлган кучли зилзила оқибатида қарийб 9000 киши ҳалок бўлди.
Геологлар айтишича, зилзилалар ҳудудда 3 мингдан ортиқ кўчкини келтириб чиқарган.
1906-йилги Сан-Франциско зилзиласи атиги 20-25 сония давомида кучли ер силкинишини келтириб чиқарди, аммо тўлқинлар шаҳарнинг газ ва сув қувурларини вайрон этиш учун етарли бўлди.
Газ сизиб чиқиши натижасида бир неча жойда ёнғин чиққан ва сув йўқлиги ёнғинни ўчиришни жуда қийинлаштирган, натижада жами 3000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.












