"Бизга ёрдам керак, илтимос, ёрдам беринг", Марокашдаги зилзила даҳшатлари - янгиликлар

jasad

Сурат манбаси, Getty Images

Марокашдаги зилзила натижасида сўнгги маълумотларга кўра, қарийб 2,5 минг инсон ҳалок бўлди, 2476 киши жароҳат олди. Қутқарув ишлари давом этмоқда рақамлар бундан ҳам юксак бўлиши мумкин.

Марокаш ҳукуматининг айтишича, шанба куни бўлган зилзила натижасида жароҳат олганларнинг 1400 нафарининг аҳволи оғир.

Марокаш жанубида 8 сентябр кечки маҳал 6,8 магнитудали ер силкиниши рўй берган. Орадан 19 дақиқа ўтиб 4,9 магнитудали яна бир зилзила бўлган.

Зилзила ўчоғи Марракеш шаҳри жанубий ғарбида 71 чақирим масофада жойлашган аҳоли камроқ яшайдиган, аммо сайёҳлик маркази бўлмиш Атлас тоғларида бўлган.

Бироқ силкиниш зарби 350 километр олисдаги пойтахт Работда ҳам сезилган.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдамлари масаласи бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, зилзила натижасида Марракеш ва унинг атрофида 300 мингдан зиёд одам зарар кўрган.

Воқеа жойида борган Би-би-си мухбирларининг хабар беришича, омон қолганларни жон-жаҳд қилан излаш ишлари давом этмоқда. Бироқ қутқарувчилар олис жойларга техникасини олиб ўтишга қийналмоқда.

Қишлоқ аҳолиси тирик қолганларни топиш учун қўллари ва кураклар билан вайроналарни қазимоқда.

Қақшатгич зилзила уйларни бузиб, йўлларни узиб қўйди ва бутун қишлоқлар вайрон бўлган.

Марокаш ҳукумати Британия, Испания, Қатар ва БААдан фавқулодда ёрдам олганини айтган.

Ушбу давлатлар мамлакатга қутқарувчиларини ҳам юборган.

chodir

Сурат манбаси, Reuters

Бу бир аср давомида ушбу минтақада кузатилган энг йирик зилзила эканлиги айтилмоқда.

Европа-Ўрта ер денгизи сейсмологик маркази директори Реми Боссу Би-би-сига афтершоклар бир неча кун, балки ҳафталаб давом этиши мумкинлигини айтди.

Воқеа жойига борган Би-би-си мухбири Том Батменнинг хабар беришича, кўплаб одамлар учинчи кечасини ташқарида ўтказган ва йўлларда бузилган уйларнинг бўлакларини кўриш мумкин.

Айрим қишлоқлар ер билан битта бўлган. Молай Браҳимдаги жуда кўп уйлар бузилган. Турмуш ўртоғи билан чодир тикиб олиб, юк машинаси ичида яшаётган одам билан гаплашдим. Унинг айтишича, шу вақтгача вайроналар остидан 40 жасадни чиқариб олишган. Уларни чиқаришда маҳаллий одамлар асбоб тополмай қўлларини ишлатишган.

Олисдаги бу қишлоққа техника олиб келиш катта муаммо.

Марракешдан машинада келаётгандик. Бу қишлоққа кираверишдаги йўл бутунлай тўсилиб қолган.

Бу жойларга айрим кўмаклар етиб келяпти, аммо уларнинг аксари хайрия ташкилотлари томонидан берилган. Бу минтақаларга етиб келиш ўта қийин.

Кўплаб аҳолига кўра, қутқарув ишлари ўта секин ва яхши мувофиқлаштирилмаган шаклда олиб бориляпти.

Қишлоққа тонг саҳар машинамиз юролмаганлиги боис пиёда чиқиб бордик. Вайроналар кўчкиси келиб тўхтаган пастликдаги қурилган чодирларда тонг оттирган одамлар энди уйғониб келаётганди.

Тоғнинг ўткир совуғини ҳис қиласиз. "Бизга ёрдам керак, илтимос, ёрдам беринг", дейди одеялга ўраниб олган Ҳакима.

"Бизга ёрдам керак, илтимос, ёрдам беринг", дейди одеялга ўраниб олган Ҳакима.
Сурат тагсўзи, "Бизга ёрдам керак, илтимос, ёрдам беринг", дейди одеялга ўраниб олган Ҳакима

У менга одамлар учинчи тунда очиқ ҳавода ўтказган кичик лагерни кўрсатади. Саккиз кишилик оила кичик чодирда тонг оттирган. Ҳакима ўтириб йиғлайди.

Унинг эри касалликдан яқинда вафот этган. Энди у зилзиладан сўнг ёрдамга ошиққан ўғлини тополмаяпти. Ўшандан бери ўғлидан дарак йўқ.

Марокашнинг энг чекка ҳудудлари бўлмиш баланд Атлас тоғлари бўйлаб вайронагарчилик кўлами шакллана бошлайди. Бутун қишлоқлар вайрон бўлган, аммо қутқарув ва ёрдам чоралари ноаниқ ва секин.

Молай Браҳимнинг яна бир турғуни Муҳаммад 48 соатнинг ичида вайроналар остидан 40 жасадни чиқариб олишганини айтди. Ислом дини бўйича майитни совутмасдан кўмиш кераклиги айтилади. Зилзила қизил тоғ ёнбағрининг бир қисмини вақтинчалик қабристонга айлантирган.

Ҳакима бузилган уйига қайтишдан жуда қўрқаяпти, шунинг учун масжидда ухлаяпти.

Сизларга нима керак, деб сўрайман. "Нима керак дейсизми? Энди бизга ақат Аллоҳ ёрдам бера олади", дейди у.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002