Янгиликлар - Ўзбекистон: Одамларни саросимага солган зилзилалар - ваҳимага ҳожат йўқми?

Сурат манбаси, Social Media
Кетма-кет кузатилган сезиларли кучли зилзилалар ўзбекистонликларни жиддий қўрқитиб қўйган, ер қайта қимирламасмикан, деган ҳадик кун саволига айланган. Бир вақтнинг ўзида, Қурилиш вазирлиги силкиниш оқибатида кўп қаватли уйга етган эҳтимолий зарарни аниқлаш борасидаги илк ўрганиш ишини олиб борган.
21 ва 23 март кунлари юз берган икки кучли зилзила мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида сезилган.
Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази мазкур ер силкинишларининг Ўзбекистондаги сезилиш кучини ўртача 5 балл билан баҳолаган.
Февраль ойи бошида Туркия ва Сурияда содир бўлган ҳамда 50 мингдан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетган даҳшатли зилзилаларга бефарқ бўлмаган ўзбекистонликлар ер силкинишларидан жиддий хавотирга тушгани кўринган.
Наврўз байрами куни соат 21:48 да юз берган биринчи зилзила ортидан Тошкент аҳолисининг маълум қисми уйлар ва биноларни вақтинча ташлаб чиққан.
Расмийлар ер қимирлаши оқибатида аҳолига талафот етмаганини билдирган бўлсада, ижтимоий тармоқда уйларга зарар етгани тўғрисида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган ва Қурилиш вазирлиги бу борада олиб борилган илк ўрганиш иши тафсилотларини очиқлаган.
"Биринчи марта қаттиқ қўрқдим"
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотларига кўра, 21 март куни юз берган зилзила эпимаркази Афғонистонда, 23 март кунгисиники эса Тожикистонда бўлган.
Ижтимоий тармоқда ҳолатни тасвирлаган ўзбекистонликларнинг ёзишича, ҳар иккала зилзила ҳам ўзининг одатдагидан узоқроқ муддат давом этгани билан характерланган.
Кўплаб одамлар буни сўнгги ўн йилликда мамлакатда сезилган энг кучли зилзилалар сирасига қўшган.
Шунингдек, кенг кўламда қурилаётган янги уйларга нисбатан ишонч масаласи яна кун саволига айланган.

Сурат манбаси, Shuhrat Qobilov
Шу билан бирга Туркияда юз берган мудҳиш офатлар ўзбекистонликларга қаттиқ таъсир ўтказгани кузатилган.
Сешанба куни юз берган ер қимирлаши ортидан Тошкент шаҳридаги кўплаб одамлар ўз уйини ташлаб чиққан.
Ижтимоий тармоқда қолдирилган изоҳларда ҳам аксар инсонлар зилзилага биринчи бор ҳақиқий хавф ўлароқ қарай бошлагани ҳақида ёзган.
"Зилзила марказида бўлганларга Аллоҳ осонлик берсин. 7,7 га яқин бўлгани ҳақида хабарлар келмоқда. Биринчи марта қаттиқ қўрқдим", дея ёзган Facebook фойдаланувчиси.
Одамлар бир-бирлари билан зилзила вақти амал қилиниши зарур бўлган ҳаракатлар йўриқномасини улаша бошлаганлар.
Давлат идораларига тегишли саҳифаларда ҳам юз берган табиат ҳодисаси бўйича расмий маълумот ва зарурий огоҳлантиришлар тарқатилган.
Бир вақтнинг ўзида энг муҳим савол - янги қурилган уйларнинг зилзилабардошлиги муҳокамаси яна кун тартибига чиққан.
Қолдирилган аксарият фикрлар муаллифлари янги қурилган уй сотиб олиш ниятини қайта кўриб чиқишга қарор қилганини билдирган.
"Номи эски бўлсаям, совет даврида қурилган уйда яшашимдан хурсандман. Зилзила пайти қўрқишимга сабаб ҳам бўлмади", дейилади Facebook'да қолдирилган изоҳларнинг бирида.
Аммо "новостройкалар" охирги ўн йилликда энг кучлиси экани айтилаётган силкинишларга чидаб берганини таъкидлаганлар ҳам бўлган.

"5 баллик синовдан ўтиб олди уйларимиз. Ишқилиб, бундан юқори синовларга дуч келишдан ўзи сақласин", дея ёзган фойдаланувчилардан бири.
Google огоҳлантириши
Иккинчи кучли зилзила кўпчилик ухлаб ётган вақт - 23 март куни соат 01:07 да содир бўлган.
Бунинг ортидан ҳали аримаган ваҳима янада кучайган.
Бинолар сифатидан сўнг юзага келган иккинчи йирик савол зилзилани олдиндан прогноз қилишга оид бўлган.
Android операцион тизимида ишлайдиган смартфонларнинг кўплаб эгалари ҳар икки зилзила арафасида эҳтимолий ерости силкинишлари тўғрисида илк бор огоҳлантириш олганини хабар қилган.

Сурат манбаси, Screenshot
Одамлар бундай билдиришномаларни зилзилага дақиқалар ёки сониялар қолганда қабул қилганини ёзган.
Тармоқда Android смартфонлардаги мазкур функцияни қандай ёқиш сўралган кўплаб сўровлар қолдирилган.
Google компанияси томонидан бундан икки йил аввал жорий этилган ушбу тизим зилзилаларни башорат қила олмайди, аммо магнитудаси 4,5 дан юқори зилзилалар юз берганда, ерости силкинишлари етиб бориши мумкин бўлган ҳудудларга билдириш юбора олади.
Энг кучли зилзила?
Юзага келган саросимали вазият манзарасида Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов пойтахт Тошкентда юз берган зилзилалар силсиласига назар ташлаган.
Унинг Telegram'даги ўз каналида ёзишича, Тошкентда сўнгги энг кучли зилзила 2008 йил август ойида кузатилган.
"Ўшанда зилзила кучи 6-7 балга тенг деб баҳоланган. Эпимарказида магнитудаси 4.7 га тенг зилзила пойтахтга яқин ҳудудда рўй берган. Зилзила ўчоғидан тик юқорига зарба пойтахтда номустаҳкам биноларга зарар етказган".
Абдулаҳатов пойтахт ва унга туташ зоналарда бошқа ҳудудларда юзага келувчи "транзит зилзила"лар кузатилиб туриши, юз берган зилзилалар ҳам шулар жумласидан экани ва улар кучли зилзилалар тоифасига кирмаслиги ҳақида ёзган.
"Албатта, менимча масъуллар бугун Ўзбекистон ва унинг атрофидаги ҳозирги сейсмовазият тўғрисида аҳолига ҳисобот ва тушунтиришлар бериб ўтиши керак", таъкидлаган мутахассис.
"Ҳар доим шундай бўлган"
Расмийлар ер қимирлаши ортидан республика ҳудудида кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмагани, бино-иншоотларга зарар етмаганини маълум қилган.
Шунга қарамай, тармоқда зилзила оқибатида деворлари ёрилиб кетгани иддао қилинган биноларнинг тасвирлари тарқалган.
Қурилиш вазирлиги ана шундай видеолардан биридаги ҳолатни ўрганиб чиққан.
Вазирлик ўрганган видеода пойтахт Тошкентда янги қурилган кўп қаватли уйнинг фасад қисмида зилзиладан сўнг ёриқ пайдо бўлгани даъво қилинади.
Бироқ Қурилиш вазирлиги ўрганиш ортидан ёриқларнинг табиат ҳодисасига алоқадор эмаслигини таъкидлаган.
"Текширув натижаларига кўра, ғишт ишлаб чиқарувчи корхона сифатсиз ғишт маҳсулотлари етказиб бериши оқибатида мазкур ҳолат юзага келган. Айни кунда буюртмачи томонидан суд органларига етказилган зарарни қоплаш мақсадида даъво аризаси киритилган. Бинонинг фасад қисмини таъмирлаш ишлари апрель ойида тўлиқ якунланиши белгилаб олинган", дейилади вазирлик баёнотида.
Расмий хабарда, бундан ташқари, вазирликнинг ишонч рақамига зилзила оқибатида вайрон бўлган ёки зарар етказилган бинолар ҳақида мурожаат келиб тушмагани қўшимча қилинган.
Икки шиддатли силкиниш юзага келтирган ваҳима маълум даражада норозиликларга ҳам сабаб бўлган.
Келаётган бир ҳафта давомида мамлакатда силкиниш кучи 5-6 баллга зилзилалар такрорланиб туриши тўғрисида саросимали хабарлар тарқалган.
Айрим одамлар ҳукуматдан зилзиладан огоҳлантириш тизимини ишга туширишни талаб этган.
"Фанлар академиясида миллион-миллион ойлик оладиган қанча олим бор, лекин зилзила бўлишини ҳалигача олдиндан билолмаймиз. Оддий телефон "тур, ер қимирлайди ҳозир", деб огоҳлантириб турганда, давлат қўл қовуштириб турибди", дея ўз норозилигини изҳор этган бир тармоқ фойдаланувчиси.
Бундай хабарларни ёлғон, деб атаган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва, ҳатто, тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмаслигини эслатиб ўтган.
"Ўзбекистон сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли баъзида ер силкинишлари содир бўлади. Ҳар доим шундай бўлган", дейилади вазирлик хабарида.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













