Янгиликлар: Ўзбекистон ва Мирзиёев ҳам хавотирдами? O‘zbekiston Turkiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
Минтақа кутилмаган офатга қанчалик тайёр? Шавкат Мирзиёев Анқарада. Эрдоған Туркий тилли давлатлар раҳбарларини нега фавқулодда саммитга йиғди?
Алоқадор мавзулар:
- Тошкент: Туркиядаги зилзила жабрдийдалари орасида ҳозирча ўзбекистонликлар йўқ, Мирзиёев таъзия билдирди
- Янгилик: Туркияда яна зилзила, қурбонлар, яраланганлар бор, Эрдоған Ўзбеклар зич яшовчи Ҳатайга борди, Блинкен ҳам вилоятни кўрди, Ҳатайда қутқарув тугамайди, ўзбекистонликлар зилзиладан қўрқмайдими?
- Туркия: Зилзила янги қурилган уйларни нега тутдек тўкди?
- Ўзбекистон, Туркия ва ўзбеклар: Истанбул кучли зилзилага "жиддий ҳозирлик" кўрмоқда
Навбатдан ташқари саммит ўтган ой Туркия жануби ва жануби-шарқини устма-уст ўз забтига олган ҳалокатли зилзилалар ортидан бўлиб ўтмоқда.
Расмий хабарларга кўра, саммит мазкур табиий офат туфайли юзага келган фавқулодда ҳолатни муҳокама қилиш учун юқори даражали платформа вазифасини ўтайди.
Қақшатқич зилзилалар Туркия ва Сурияда ўн минглаб одамни ўлдирган, ўн минглабини яралаган, ўн минглаб турар-жой ва биноларни вайрон қилган.
Туркия президенти буни "аср фалокати", деб атаганди.
Марказий Осиё минтақасида ҳам сўнгги йилларда зилзилалар фаоллашган.
Худди шу каби ҳолат манзарасида Туркиядаги қақшатқич ер силкинишлари аксарият минтақа давлатлари аҳолиси орасида жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган, уй-жой қуришларининг сифати улар эътибор қаратган энг долзарб мавзуга айланган.
Ўзбекистон эса, ҳалокатли табиий офат оқибатларини аритишда Туркияга ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзган туркий тилли давлатларнинг олд сафларида бўлган.
Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатларидан бири бўлади.
Туркиянинг қақшатқич зилзилалардан энг кўп жабр кўрган вилоятларидан бири бўлган Ҳатайда эса, 10 мингдан зиёд этник ўзбеклар ҳам яшашади.
Зилзилалар нега ҳалокатли бўлди?
Ребекка Морелл&Элисон Фрэнсис
BBC News Иқлим ва илм-фан

Сурат манбаси, Reuters
Олимлар ўрганади: Туркияни нима вайрон этган - кучли зилзила ё сифатсиз қурилиш?
Ўтган ойда рўй берган даҳшатли зилзиладан етган зарар миқёси ва сабабларини ўрганиш учун Британиядан қурувчи муҳандислар гуруҳи Туркияга сафар қилди.
Улар геологик маълумотлар тўплайди ва нима учун бу қадар кўп бино қулагани сабабларини ўрганиб, ҳисобот тайёрлайди.
Турк ҳамкасблари билан ишлаётган муҳандислар қурилишда йўл қўйилган нуқсонлар, жумладан, бетонга йирик тошлар аралаштирилгани бинонинг зилзилабардошлигини камайтирганини аниқладилар.
Аммо силкиниш кучининг юқорилиги ҳам айрим вайронагарчиликларга сабаб бўлган.
Айрим жойларда ерости ҳаракати шу қадар бўлганки, бино лойиҳасида кўзда тутилган даражадан ҳам ошиб кетган.
Туркиянинг ўзи ҳам зилзила талафотлари бўйича алоҳида текширув ўтказмоқда.

Сурат манбаси, TUGCE TETIK/EEFIT
Тадқиқот "Зилзила муҳандислиги дала тадқиқот гуруҳи" томонидан амалга оширилади.
Қурилиш саноати ва олимлардан иборат бўлган ушбу гуруҳ 30 йилдан буён йирик зилзилалар оқибатларини баҳолаб келади.
Улар ўз хулосаларини турк томони тадқиқотчилари ва бошқа муҳандисларники билан бирлаштиради. Бундан кўзланган мақсад бинолар конструкциясини янада бардошли қилиш бўйича янги билим ва малака ҳосил қилишдир.
"Алоҳида биноларни текширгандан кўра умумий манзарани аниқлаш муҳимроқ", дейди Кэмбриж университетининг "Қурилган муҳитдаги хавфлар бўйича марказ" директори, профессор Эмили Со.
"Нафақат қулаган бинолар, шу билан бирга, зилзиладан омон қолган ва яна фойдаланиш мумкин бўлган биноларни ҳам ўрганиш керак.
Қулаган ва қуламаганларни ўрганиб, умумий манзарани чизиш бу зилзиладан ўрганишимиз мумкин бўлган муҳим нарсадир."

Сурат манбаси, BBC/TONY JOLLIFFE
6 феврал куни Туркия жанубида, Сурия билан чегара ҳудудида рўй берган 7.8 магнитудали зилзила кетидан давомли кучли тебранишлар бўлган.
Бинолар қулаб, 50 000 дан ортиқ одам ўлган.
Туркиядаги вайронагарчиликдан кейин қурилиш қоидалари ва қурилиш усуллари синчиклаб текширилди. Тадқиқот гуруҳи ҳозирда ҳудуддаги бинолар ҳолатини техник баҳоловдан ўтказмоқда.
Гуруҳ билан ишлаётган туркиялик қурилиш муҳандислари аллақачон баъзи муаммоларни аниқлаган.
Адиямандаги қулаган бинодан олинган бетон намуналари унинг ичида 6 см диаметрдаги тошлар борлигини кўрсатди, улар яқин атрофдаги дарёдан олиб келинган ва бетон қуйиш учун ишлатилган.
"Бу бетоннинг мустаҳкамлигига жиддий таъсир қилади", дейди профессор Со.

Сурат манбаси, TUGCE TETIK/EEFIT
Бетонни мустаҳкамлаши керак бўлган пўлат арматуралар қовурғали эмас, усти силлиқ сим бўлиб чиқди.
Натижада бетон уларга ёпишмайди ва бутун бино конструкцияси заифлашади.
Туркияда зилзила пайтида кўплаб эски бинолар қулаган бўлса ҳам, улар орасида замонавий бинолар ҳам бор.
1999 йилда Изнитдаги кучли зилзиладан сўнг, янги қурилиш меъёрлари жорий этилган эди ва профессорнинг сўзларига кўра, янги бинолар яхши ҳолатда бўлиши керак эди.
"Менимча, биз уларни топиб, қоидаларга мувофиқ қурилиши керак бўлган янги бинолар нима учун қулаганини аниқлаш учун баъзи синовлар ўтказишимиз жуда муҳим", деди у BBC News'га.

Сурат манбаси, TUGCE TETIK/EEFIT
Тадқиқот гуруҳи зилзила табиатини ҳам таҳлил қилмоқда.
Лондондаги Университет коллежидан экспедиция ҳамраиси доктор Ясмин Дидем Акташ зилзила ниҳоятда кучли бўлганини айтади.
"Ҳатто кейинги ер силкинишлари ҳам зилзиланинг ўзи каби кучли эди", дейди у.
Зилзила ернинг катта силжишларига ҳам сабаб бўлди.
"Зилзилада ер горизонтал ва вертикал силкинади. Кўпинча вертикал компонент горизонталь ҳаракатга нисбатан анча паст ва аҳамиятсиз. Бироқ, бу ҳодисада жуда юқори вертикал силкинишлар ҳам қайд этилган.
Баъзи ҳудудларда "суюқланиш" деб аталадиган жараён кузатилган. У қаттиқ тупроқни жуда нам қумга ўхшаш оғир бўтқага айлантиради. Бунинг ишончли белгиси ағдарилган ёки чўккан бинолардир.
"Менимча, ҳодисанинг хусусиятлари ҳам биз кўраётган ҳалокатда жуда муҳим роль ўйнаган", дея қўшимча қилади доктор Акташ.

Сурат манбаси, TONY JOLLIFFE/BBC
Лекин биноларни зилзилаларга бардошли қилиб лойиҳалаш мумкин.
Тадқиқот учун муҳандисларни Туркияга юборган дизайн ва муҳандислик компанияси Arup'нинг сейсмик тадқиқот гуруҳи раҳбари Зигги Лубковски: "Биз биноларни лойиҳалаштирганимизда инсоний талафотлар олдини олишга ҳаракат қиламиз.
Дизайннинг асосий принципи шуки бино ичида баъзи турдаги шикастланишларга йўл қўйиш мумкин. Бу шикастланиш зилзила энергиясини ўзига олиш ҳисобига бўлади, аммо бино қуламай, жойида тик қолади."
Бино у ёқдан бу ёққа чайқалганда амортизатор вазифасини бажарадиган конструкциялар, бино остига ўрнатилган ва зилзила энергиясини ўзига сингдирувчи резиналар каби компонентлар қўшилиши мумкин.
Аммо буларнинг барчаси маблағ талаб қилади.

Сурат манбаси, Reuters
"Бинонинг конструктив қиймати нуқтаи назаридан бу бинога қараб 10 дан 15% гача қимматлаши мумкин", дейди Зигги Лубковски.
"Аммо бу ҳақда ўйлаб кўрсангиз, бинони безаш харажатлари кўпинча уни қуриш нархидан кўпга тушади. Шундай қилиб, қўшимча тузилмавий харажатлар унчалик кўп эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, Туркиядаги зилзиладан кейин тозалаш ва қайта қуриш харажатлари 100 миллиард доллардан ошиши мумкин.
Тадқиқот гуруҳининг таъкидлашича, келгуси ҳафталарда эълон қилинадиган ҳисобот ушбу зилзила натижасида юзага келган вайронагарчиликлар такрорланиши олдини олиш учун янги, яхшироқ қурилиш қоидаларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













