Янгиликлар. Туркия. Зилзила: Ўзбекистон ўз қурбонлари сонини янгилади, яна ўзбекистонликлар жасади топилди ва бир ўзбекистонликнинг дараги чиқди O'zbekiston Turkiya Yangiliklar

Сурат манбаси, RASMIY
Ўтган ҳафта устма-уст даҳшатли зилзилаларга саҳна бўлган Туркия дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп давлатларидан бири бўлади.
Алоқадор мавзулар:
- Туркия: Худо ҳеч кимга кўрсатмасин, жуда қўрқинчли - Би-би-си Ўзбек хизмати зилзила сатҳидаги ўзбекистонлик билан гаплашди
- Туркия: Вайроналар остидан 3 ўзбекистонлик қутқарилди, ўзбеклар кафан сўрашмоқда
- Туркия: Зилзила янги қурилган уйларни нега тутдек тўкди?
- Туркия зилзиласи: жасадлар кўчаларда ётар экан, одамларнинг ёрдам келмаётганидан норозилиги ортмоқда
Янги рақам ва тафсилотлар
6 февраль куни Туркия ўз тарихидаги энг кучли зилзилалардан бирига саҳна бўлган.
Устма-уст қақшатқич зилзилалар Туркия жануби ва жануби-шарқини ўз забтига олган, ўн минглаб одамни ўлдирган, ўн минглабини яралаган, ўн минглаб уй-жой ва бинони қулатганди.
Уларнинг магнитудаси 7.8 ва 7.5 баллни ташкил этгани айтилган.
Туркияда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони эса, минглаб.
Ўзбекистон томонида орада даҳшатли зилзилаларда қурбон бўлган, шикаст еган ва бедарак кетганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам борлигини расман маълум қилган.
Уларнинг сонига оид рақамларни ҳам янгилаб бораётир.
Зилзила сатҳида қутқарув-қидирув ишлари давом этаркан, кеча, 11 февраль куни яна икки нафар ўзбекистонликнинг жасади топилгани хабар қилинган.
Уларнинг жасадлари Ҳатай ва Қаҳрамонмарашдаги вайроналар остидан чиққани айтилмоқда.
Ҳатай ва Қаҳрамонмараш Туркиянинг ҳалокатли зилзилалардан қаттиқ жабр кўрган ҳудудлари сирасига киради.

Сурат манбаси, RASMIY
Шу соатларда эса, ўзбекистонлик масъуллар зилзила натижасида яна бир ўзбекистонликнинг Шонлиурфада вафот этганлигини расман тасдиқлашган.
Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси билдиришича, унинг жасади Тошкентга юборилган.
Бундан аввал яна бир Ўзбекистон фуқаросининг жасади Малатьядаги қулаган уйи вайроналари остидан топилгани айтилган.
16 ёшли Севинчнинг жасади уч кундан сўнг вайроналар остидан чиқариб олинган ва ўтган жума куни Туркияда тупроққа қўйилганди.
Сўнгги рақамлар билан Туркиядаги қақшатқич зилзилаларда қурбон бўлган ўзбекистонликлар сони жами 4 тага етган.
Ўзбекистон томони орада ўндан ортиқ фуқаросининг зилзилалар ортидан бедарак кетганлигини ҳам расман маълум қилган.
Ҳатай ва Малатьяда улардан икки нафари вайроналар остидан тирик қутқариб олинган, Қаҳрамонмарашда соғ-омон топилган яна бирининг касалхонага ётқизилгани ҳам айтилган.
Шу кунларда Ўзбекистон ўз фуқароларини зилзила сатҳидан самолётларда ортга қайтараётганига оид хабарларнинг сони ҳам ортган.
Ўзбекистон элчихонасининг бугун, 13 февраль куни расман маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда зилзила натижасида вафот этгани айтилган ўзбекистонлик топилган.
Элчиликнинг билдиришича, 1975 йилда туғилган Шоҳиста Ниязовани мазкур хабарлар асосида Ўзбекистоннинг Бош консуллиги қидириб топишга муваффақ бўлган, у тирик.
"Консулхона томонидан Ш.Ниязова шифохонага олиб борилиб, кўрикдан ўтказилди. Унга зарурий тиббий муолажа кўрсатилди, ҳозирда соғлиги қониқарли ахволда.
Ш.Ниязовани қисқа муддатларда Ватанимизга юбориш чораларини кўрмоқдамиз", - дея маълум қилган элчилик.
Аммо элчиликнинг расмий хабарида Ўзбекистон фуқаросининг қаерда ва қандай шароитда топилгани тафсилотлари очиқланмаган.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда Шоҳиста Ниязованинг зилзила оқбатида қулаган бино ичида вафот этгани айтилганди.
Ёрдам давом этмоқда

Сурат манбаси, RASMIY
Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Туркияга ўзининг қутқарув-қидирув гуруҳини юборган.
Этник ўзбеклар ҳам зич яшовчи Ҳатайда қутқарув-қидирув ишларини икки юзга яқин ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам олиб боришмоқда.
Расмий хабарларга кўра, улар бир ҳафтача вақт ичида вайроналар остидан йигирмага яқин кишини тирик олиб чиқишган.
100 дан ортиқ инсоннинг жасадини топишган.

Сурат манбаси, RASMIY
Ўзбекистондан Туркияга инсонпарварлик юкларини юбориш ишлари ҳам ҳануз давом этмоқда, пойтахт Тошкент, Самарқанддан кейин фарғоналикларнинг ҳам бу ишга бош қўшишганига оид хабарлар олинган.
Кеча, якшанба куни Ўзбекистондан юборилган 5-инсонпарварлик ёрдамининг Туркияга етиб келгани расман хабар берилган.
Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, ёрдам кўплигидан, президент Мирзиёевнинг топшириғи билан "Tashkent Index" Туркияга мўлжалланган инсонпарварлик кўмаклари йиғиладиган асосий базага айлантирилган.
Орада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркияга инсонпарварлик ёрдами йиғиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган.
Палата бунинг сабабини барча ҳудудий бўлинмалардан юклаб келиб тушаётгани боис, уларни саралаш, қадоқлаш ва жўнатишга тайёрлаш учун қўшимча вақт талаб қилинаётгани билан изоҳлаганди.
Ижтимоий тармоқлардаги хабар ва видеолардан Ўзбекистон томони ва ўзбекистонликлар Туркияга инсонпарварлик ёрдамларини махсус самолётлардан ташқари юк машиналарида ҳам юбориш ҳаракатида экани кўрилади.
Туркиянинг ўзида ҳам бунинг ҳаракатида эканликларига оид хабарлар бор.
Ўзбекистонлик ошпазларни ҳам ўз ичига олувчи бир гуруҳ кўнгиллилар гуруҳи эса, Туркиянинг зилзиладан жарб кўрган ҳудудларида одамларга кунига икки маҳал иссиқ овқат тарқатишни бошлашган.
Туркиянинг бу минтақаларида ҳозир қаттиқ совуқ экани боис, фавқулодда инсонпарвалик кўмагига эҳтиёж катта экани, бусиз уларнинг ҳаётлари ҳам жиддий хавф остидаги қолишига оид хавотирлар бор.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















