Урушга ёллаш можароси: Қирғизистон суверенитети синов остидами?

Ўшдаги "Рус уйи"

Сурат манбаси, Расмий

Сурат тагсўзи, Ўшдаги "Рус уйи"
    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ўшдаги "Рус уйи" ташкилоти ходимининг қирғиз фуқароларини Россия армияси учун ёллашда гумонланиб, ҳибсга олиниши жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳолат мамлакат суверенитети ва унинг ўз фуқароларини ҳимоя қилиш қобилиятига оид саволларни ўртага қўйди.

Ўтган ҳафта Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Россиянинг Бишкекдаги элчиси Сергей Вакунов билан учрашиб, ҳибсга олинганлар масаласини муҳокама қилган.

Музокаралар давомида икки тараф ҳам "Россотрудничество"га қарашли "Рус уйи"нинг Қирғизистон фуқароси ҳисобланган штатдан ташқари, мустақил ходими томонидан содир этилган қонунбузарликлар жазосиз қолмайди, деган хулосага келишган.

Расмий баёнотда "Россотрудничество"нинг мустақил ходими томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг оғирлиги таъкидланади.

Алоқадор мавзулар:

Мазкур учрашувдан сўнг, Бишкекнинг Биринчи май туман суди одам ёллашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Ўш шаҳридаги "Рус уйи" ходими Наталья Секерина уй қамоғига чиқарилганини маълум қилди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг терговчиси ҳибсга олинганларнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш тўғрисида судга ариза берган ва уни туман суди 25 апрель куни қонаотлантирган. Шу куни мазкур иш бўйича айбланган яна бир гумонланувчи — С.В.Т. исмли шахс ҳам уй қамоғига қўйиб юборилган. У Жалолобод вилоятидаги Майлуу-Суу лампа заводи ходими экани хабар қилинган.

Ҳибсга олинганлар кимлар?

Facebook
Ushbu og‘ir jinoyatni sodir etganlikda gumonlanayotganlar qonun bo‘yicha uy qamog‘iga chiqarilishi mumkin emas edi. Afsuski, siyosiy qarorlar qonuniy qarorlardan ustun kelmoqda.
Mavlyan Asqarbekov
Siyosiy tahlilchi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Қирғизистон Хавфсизлик қўмитаси, Жиноят кодексининг 416-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноий иши доирасида тўрт кишини ҳибсга олганини маълум қилган.

Улар, Ўш шаҳар мэриясининг ахборот хизмати бош мутахассиси Сергей Лапушкин, "Рус уйи" ходимаси Наталья Секерина, шунингдек ЧВК Вагнернинг собиқ раҳбари, марҳум Евгений Пригожин ва ГРУга алоқадор россиялик сиёсий стратег. Ҳибсга олинган тўртинчи гумонланувчининг шахси очиқланмаган.

Уччаласи ҳам Ўшдан Бишкекка олиб келинган ва суд қарори билан тергов якунлангунича ҳибсда сақлаш чораси қўлланилмоқда.

Улар, "бошқа давлатларда қуролли можароларда иштирок этиш мақсадида ёлланма жангчиларни ёллаш, молиялаш, моддий жиҳатдан таъминлаш, ўқитиш ва уларни можароларда фойдаланиш"да гумонланмоқда.

Қонунчиликда ушбу ҳаракат учун етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Россия фуқаросининг Қирғизистонда ҳибсга олиниши жамоатчиликда алоҳида қизғин баҳс-мунозораларга сабаб бўлмоқда.

"Рус уйи": Ходимимиз тақдири бизни хавотирга солмоқда

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Россиянинг Бишкекдаги элчиси Сергей Вакунов

Сурат манбаси, Расмий

Сурат тагсўзи, Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Россиянинг Бишкекдаги элчиси Сергей Вакунов

"Россотрудничество" ташкилоти одам ёллашда гумонланиб ҳибсга олинган Наталья Секерина Ўш шаҳридаги "Рус уйи"да ишлаганини расман тасдиқлаган.

Ташкилот Секеринага қўйилаётган айбловлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслигини билдирган, аммо унинг тақдири жиддий хавотирга солаётганини қайд этган.

Шунингдек, "Россотрудничество" раҳбари ўз ходимининг ҳибсга олинишини "провокация" деб атаган.

"Тушунтириш ва реакциялар кутилмоқда. Бу провокация. Натальяни ҳибсдан чиқариб оламиз. Ўзимизникини ташлаб қўймаймиз. Хулоса чиқарилди. "Улар самарали ва ёқимсиз бўлади", деб ёзди "Россотрудничество" раҳбари Евгений Примаков ўзининг Телеграм-каналида.

Ташкилот ўз фаолиятини фақат ҳукуматлараро битимлар асосида амалга оширишини таъкидлаган.

"Россотрудничество" - Россия ҳукуматига қарашли ташкилот бўлиб, асосий мақсади бошқа мамлакатлар билан маданий, таълим ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳисобланади.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ушбу ташкилот хорижий мамлакатларда "Рус уйлари"ни очиб, рус тили ва маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланади.

Бироқ кўплаб давлатлар "Россотрудничество" - юмшоқ куч" воситаси, деб ҳисоблашади.

Жорий йил феврал ойида Озарбайжон ўз ҳудудида ушбу ташкилот фаолиятини тўхтатишга қарор қилган. Маҳаллий манбаларга кўра, Озарбайжон махсус хизматларга боғлиқ ташкилотлар ёрдамига эҳтиёж сезмаётганини билдирган.

Украина ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашиш учун фуқароларни жалб қилишда гумонланиб ҳибсга олинган яна бир шахс, Ўш шаҳар мэриясининг ахборот хизмати бош мутахассиси Сергей Лапушкин.

Махаллий ҳокимият ахборот хизмати раҳбари Жумамидин Сулайманқулов Лапушкинни кўп йиллардан бери танишини айтади.

"Сергей Қирғизистон фуқароси. Давлат хизматига танлов орқали қабул қилинган. Ҳокимият тадбирларини суратга оларди ва биз уларни веб-сайтимизга жойлаштирардик. Унда ҳеч қандай шубҳали ҳаракатлар сезмаганмиз. Хавфсизлик ходимлари уни иш жойидан суҳбат учун олиб кетишди. Нима учун ҳибсга олинганини биз ҳам кейин билдик", дейди Сулайманқулов.

Ўш Қирғизистондаги энг йирик шаҳарлардан бири бўлиб, стратегик аҳамиятга эга.

"Исталмаган шахс деб эълон қилишимиз керак"

Ўшдаги "Рус уйи" ходими ва махаллий ҳокимият вакилининг бошқа давлат армиясига одам ёллашда гумонланиб қўлга олиниши сиёсий муҳокамаларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Россия Давлат Думаси Минтақавий сиёсат қўмитаси раисининг ўринбосари Михаил Матвеев "Рус уйи" ходимасининг қўлга олинишини шарҳлар экан, собиқ совет республикалари, Марказий Осиё давлатларининг президентлари ва ташқи ишлар вазирлари Москвага нисбатан "етарлича дағдаға билан" муомала қилаётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, минтақа давлатлари иқтисодиётининг "катта қисми" Россияга боғлиқ ва айнан Россия уларнинг меҳнат муҳожирларини қабул қилади.

Матвеевнинг таъкидлашича, Россиянинг бу давлатларга босим ўтказиш учун "беқиёс миқдорда" механизмлари мавжуд ва ундан ҳукумат ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги фойдаланиши керак.

"Менимча, Қирғизистонга Россия банкларидан пул ўтказмаларини чеклаш жуда осон. Бу пул ўтказмалари бир куни тўсатдан тўхтаб қолиши мумкин-ку? Катта держава ўзини дағдаға билан тутган кичик ташкилотни ўрнига қўйиш учун миллионта имкониятга эга", деган депутат.

Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев, россиялик ҳамкасби яқин ҳамкор давлатни, уни "ўрнига қўйиш керак бўлган ташкилот" деб атаганини ҳақоратли тарзда камситиш деб ҳисоблайди ва Матвеевнинг Қирғизистонга киришини таъқиқлаш керак эканини айтади.

"Михаил Матвеев кабилар мамлакатлар ўртасига низо уруғини сочмоқда ва ўзаро алоқаларга рахна солиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Менимча, шундай недипломатик чиқишлар Россиянинг ўзи томонидан ҳам чекланиши керак. Биз эса ўз навбатида Ташқи ишлар вазирлигимизга топшириқ бериб, Россия элчисини чақиртиришимиз, унга нота топширишимиз ва Михаил Матвеевни персона нон грата деб эълон қилишимиз зарур", дейди Бекешев.

"Ўз вақтида марҳум Владимир Жириновскийни ҳам персона нон грата деб эълон қилган эдик ва унинг мамлакатимизга киришини тақиқланганмиз. Кейин у бизга келишни жуда истаган, учиб келишни ҳам режалаштирган эди, лекин бу қарор туфайли у Қирғизистонга кела олмаган", дея эслайди Бекешев.

"Жосус, сотқин ва душманлар нафақат жамиятда, балки давлат идораларида ҳам бор"

Сўнги ҳибсга олишлар, Қирғизистонда Россия пропагандасининг таъсирини камайтириш, бошқа давлатдаги урушларда иштирок этувчилар оқимини тўхтатиш зарурлиги ҳақидаги муҳокамаларни яна кун тартибига олиб чиқди.

Ўшдаги "Рус уйи" ходими ва махаллий ҳокимият вакили ҳибсга олинганидан кейин, аввалига "Россотрудничество" ташкилоти, унинг ортидан Россия Давлат Думаси депутати турли баёнотлар билан чиқишди.

Уларнинг чиқишлари Қирғизистонга босим сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Бу воқеаларнинг оқибатлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида бишкеклик сиёсий таҳлилчи Мавлян Асқарбеков фикрини сўрадик.

Савол: Бундай вазиятда Қирғизистон мустақил давлат сифатида қандай йўл тутиши керак деб ўйлайсиз?

Мавлян Асқарбеков: Собиқ совет давлатлари иштирокида МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ), Евросиё Иқтисодий иттифоқи каби бир қатор ташкилотлар ва иттифоқлар ташкил этилган. Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига қарамай, Россия Давлат Думасининг айрим депутатлари, журналистлари ва расмий оммавий ахборот воситалари Марказий Осиё давлатларини камситиш, қўрқитиш ва ёмонлаш сиёсатини олиб бормоқда. Бунинг икки сабаби бор: Биринчиси, ғоявий сабаб. Рус улуғ халқ деган тушунча, империалистик ўксиниш, "биз сизни одам қилдик" деган қараш ва ахборот устунлиги. Иккинчиси эса, хавфсизлик, иқтисодий ва миграциявий қарамлик. Бундай вазиятда биз ёлғиз эмасмиз ва биргаликда муаммони тўлиқ ҳал қилиш мумкин. Аммо, ҳозирги Марказий Осиё давлат раҳбарлари менталитет, тарбия ва қарамлик сабабли буни ўзгартиришга журъат қилолмаяпти, деб ҳисоблайман".

Савол: Жума куни Хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев, Россиянинг Қирғизистондаги элчиси билан учрашиб, одам ёллашда гумонланиб ҳибсга олинганларни уй қамоғига чиқариш мумкинлигини айтди. Бундай оғир моддалар билан айбланаётганларни уй қамоғига чиқаришга қонун йўл берадими ёки бу босим натижасида қабул қилинган қарорми?

Мавлян Асқарбеков: Мазкур оғир жиноятни содир этганликда гумонланиб ёки айбланаётганлар қонун бўйича уй қамоғига чиқарилиши мумкин эмас эди. Афсуски, сиёсий қарорлар қонуний қарорлардан устун келмоқда. Бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган. Масалан, 2023 йилда Россия тарафда Украинага қарши жангда қатнашган ҳамюртимиз Асқар Қубаничбек ўғли 7 йилга қамалган, аммо кейин пробация асосида озод этилган ва Россияга чиқиб кетган. Кремл унга рус паспорти ва бошпана берган. Ундан аввал "Себат" лицейи раҳбари, Қирғизистон фуқароси Ўрхан Инандининг Бишкекда ўғирланиб, Туркияга олиб кетилиши ва у ерда узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилиниши, шунингдек порахўрликда айбланган собиқ божхона раҳбари муовини Раимбек Матраимовнинг ҳам қамоқдан чиқариб юборилиши шулар жумласидан.

Савол: Сўнги ҳибсга олишлар бўйича турли фикрлар айтилмоқда. Айрим кузатувчилар буни, расмий Бишкекнинг яқинда Москвадаги ҳаммомда ўз фуқароларининг рус ҳуқуқ тартибот идора ҳодимлари томонидан аёвсиз дўппосланиб, қўлга олиниши ортидан Россияга кўрсатган принципи қатори баҳолашмоқда.

Мавлян Асқарбеков: Россия Федерациясида фуқароларимизнинг ҳуқуқлари доимий равишда бузиб келинмоқда. Москвадаги ҳаммом воқеаси бўйича маълумотлар очиққа чиқди, очиққа чиқмагани, номаълум қолаётгани қанча. Қанча фуқароларимиз турли моддалар билан қўлга олинган, қанчалари қамоқда ётибди ва қанчалари урушда мажбурий қатнашмоқда. Уларнинг аниқ ҳисоби йўқ. Қирғизистон ҳавфсизлик идорасининг кечаги ҳибсга олиш амалиёти олдиндан режалаштирилган ва Москвадаги ҳаммом воқеаси билан боғлиқ эмас. Бу давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун амалга оширилган амалиёт ва жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Афсуски, жосуслар, сотқинлар ва душманлар нафақат жамиятда, балки давлат ва маҳаллий идораларда ҳам мавжуд.

Савол: Сўнги воқеалар Қирғизистон ва Россия муносабатларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Мавлян Асқарбеков: Юқорида айтилганидек, биз турли иттифоқ ва ташкилотларда бирга бўлсак-да, "стратегик ҳамкормиз" деган декларациялар ўзини оқламаяпти. Буни англаб етиш билан муносабатлар концептуал равишда қайта кўриб чиқилиши шарт. Афсуски, ҳозирги шароит ва кадрлар билан бу муаммони ҳал қилиш қийин.

Савол: Қирғизистонда бундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўрилиши керак?

Мавлян Асқарбеков: Президент бош бўлиб, ёши улуғ сиёсатчилар эса унга ёрдамчи бўлиб, бошқа мамлакатларнинг сиёсий технологларига суянган ҳолда иш тутиши яхшиликка олиб келмайди. Бу воқеа Қирғиз давлатининг суверенитети қандай таҳдид остида эканини очиқ кўрсатиб турибди. Бу масала чуқур таҳлил қилиниши ва концептуал, стратегик қарорлар қабул қилиниши лозим.

Савол: 10 апрель куни Украинадаги "Хочу жить" лойиҳаси Россия манфаатлари учун Украинага қарши урушда қатнашган 350 қирғизистонликнинг рўйхатини эълон қилди. Уларнинг 38 нафари ҳалок бўлгани айтилган. Кузатувчилар, ушбу рақам аслида анча кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтади. Қирғизистон фуқароларини бундай қадамга боришига нима сабаб бўлмоқда, деб ўйлайсиз?

Мавлян Асқарбеков: Бизнинг фуқаролар нафақат Россия-Украина урушида, балки Сурияда ва турли диний, экстремистик, радикал ва террористик ташкилотларда ҳам иштирок этмоқда. Бу фақат иқтисодий сабаблар билан эмас, бошқа турли омиллар таъсирида ҳам бўлмоқда. Ушбу омилларни таҳлил қилиш, уларни олдини олиш ва ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг тўғридан-тўғри вазифаси эди...