Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳаммомда қирғизлар дўппосланиши «қонуний» бўлганини айтди

"Бодрость" ҳаммоми кузатув камераларига ёзилган кадрларда ҳуқуқ ходими мижозларнинг устидан босиб юриши ва бошларига тепиши акс этади.

Сурат манбаси, CCTV screenshot

Сурат тагсўзи, "Бодрость" ҳаммоми кузатув камераларига ёзилган кадрларда ҳуқуқ ходими мижозларнинг устидан босиб юриши ва бошларига тепиши акс этади.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг РИА Новости сайтига айтишича, Москвадаги ҳаммомда ўтказилган рейд бирон давлат фуқароларини нишонга олмаган, балки олдиндан тайёрланган «текширув» бўлган.

Вазирликка кўра, 10 апрелда полиция ва Росгвардия Тимирязевский туманидаги жамоатчилик иншоотларида, жумладан «Бодрость» ҳаммом мажмуасида «пойтахтдаги хавфсизлик ва жамоатчилик тартибини ушлаш» учун текширув ўтказган.

«Тадбир натижасида аниқландики, [ҳаммомда бўлган] хорижликларнинг деярли ярми бизнинг мамлакатимизда ноқонуний бўлишган. Бу текширув аниқ бир давлатнинг фуқароларига қарши амалга оширилмаган", дейилади вазирлик жавобида.

Хабарларда ҳаммомда асосан Қирғизистон фуқаролари бўлгани айтилди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бўлгани ё бўлмагани номаълум.

Алоқадор мавзулар

Рейд даврида хавфсизлик камераларига ёзилган кадрларда Россия полицияси ва билакларига "дружинник" ёзувли тасмаларни осиб олган ниқобли кишилар ярим яланғоч ҳолдаги ўнлаб одамларни ерга ётиб судралишга мажбурлаётганлари, уларнинг устларидан босиб ўтиб, тепаётганлари ва ураётганлари акс этади.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотидан англашиладики, Россия ҳукумати ўз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи хизматлари томонидан амалга оширилган бу каби ноқонуний амалларни тергов қилиш ниятида эмас. Аксинча, ҳукумат рейдни оқлагандек намоён бўлади.

Кадрларда Россия полицияси ва билакларига "дружинник" ёзувли тасмаларни осиб олган ниқобли кишилар ярим яланғоч ҳолдаги ўнлаб одамларни ерга ётиб судралишга мажбурлаётганлари акс этади.

Сурат манбаси, CCTV screenshot

Сурат тагсўзи, Кадрларда Россия полицияси ва билакларига "дружинник" ёзувли тасмаларни осиб олган ниқобли кишилар ярим яланғоч ҳолдаги ўнлаб одамларни ерга ётиб судралишга мажбурлаётганлари акс этади.

Вазирликка кўра, ҳуқуқ посбонлари қонунга мувофиқ йўл тутганлар.

"Мавжуд маълумотга кўра, хориж фуқаролари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қаршилик кўрсатишган. Шу сабабдан бу хорижликларга нисбатан зарур чоралар қўлланилган", дейди Россия Ташқи ишлар вазирлиги.

Расмий баёнотда, шунингдек, айтилишича, полицияга келтирилган 59 кишидан 25 нафари Россия ҳудудида миграция қонунларига хилоф равишда бўлганлар, ва улардан баъзилари радикал гуруҳларга аъзоликда гумонланмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги огоҳлантиришича, Россияда ноқонуний бўлиб турган хорижликлар "қонуний чораларга юз тутишлари муқаррар" эканликларини унутмасликлари керак.

Видео тасвирлар Қирғизистонда ва интернетдаги қирғиз сегментида йирик норозиликларга сабаб бўлиши ортидан, душанба куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига нота юборган ва ҳаммомда нималар бўлганини изоҳлашни сўраган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Қирғиз тарафига кўра, элчихона вакиллари ҳаммомда жароҳат олган ватандошлари билан учрашувлар ўтказишган ва уларга шикоят ёзишни таклиф қилишган, аммо улар бундан бош тортган.

Ҳозирда, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ушлаб турилган 24 қирғизистонликдан 22 нафари озод қилинган.

Ўзбекистон

Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон фуқаролари хорижда қандай ҳимоя қилинаётганини билиш учун Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга парламент сўровини юборган.

Бу ҳақида "Миллий Тикланиш" партиясининг раиси Алишер Қодиров ўз телеграм каналида бир жумлалик хабар тарқатди.

Унга кўра, ТИВ раҳбаридан Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот бериш сўралган.

Бу сўров айнан Россияда қирғизистонликлар билан юз берган ҳодисага боғлиқ ё боғлиқ экани борасида маълумот берилмади.

Охирги ойларда бутун Россия ҳудуди бўйлаб ноқонуний мигрантлар ови ажвига чиққан. Россия полицияси, Росгвардия ва баъзи ҳолларда ёлланган казаклар гуруҳлари рейдлар чоғида гумондорларга шафқатсиз муносабатда бўлаётгани хабар қилиняпти.