“Укам яқинда озод бўлишини кутаётганди, қўйни тайёрланг деганди” – Россия турмасидаги гаровгир Ўзбекистон фуқароси Темур Хусиновми?

Сурат манбаси, Reuters
Россиянинг Суровикино шаҳридаги ИК-19 жазони ўташ колониясида жума куни юз берган ғалаёнда гўёки иштирок этган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳақида маълумот берилмаяпти. Би-би-си Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига мурожаат йўллади.
Алоқадор мавзулар:
Жума куни 17:00 атрофида Росгвардия қамоқхонага штурм қилинганини хабар қилганди. "Росгвардиянинг Волгоград вилояти бўйича махсус бўлинмалари снайперлари тўртта аниқ ўқ узиб колонияда ходимларни гаровга олган тўрт маҳкумни йўқ қилди, гаровдагилар озод этилди", дейилган расмий хабарда.
Бу хабар ортидан Россия ҳукумати, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ушбу маҳкумлар ким экани, ҳамда уларнинг ўлган ё тириклигига аниқлик киритмади.
Росгвардия штурмидан аввалроқ қамоқхонада 12 кишини гаровга олган тўрт маҳкум орасида 29 яшар Ўзбекистон фуқароси Темур Хусинов ҳам борлиги хабар қилинганди, аммо Би-би-си билан суҳбатда унинг яқинлари бунга шубҳа билдиришди.
Ҳозирда унинг Россияда яшаб келаётган отаси ва онаси Суровикинога етиб борганлар ва колония ташқарисида қолишмоқда. Уларнинг айтишича, уларга ўғилларининг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаяпти. Унинг Ўзбекистондаги акаси Амирбекка кўра, Ўзбекистон элчихонасидан у ерга кимдир етиб боргани ё бормагани уларга номаълум.
"Ота-онам колонияга етиб борган, отамнинг қон босими чиқиб мазаси қочган. Уларга ҳеч қандай маълумот беришмаяпти", - дейди у.

Сурат манбаси, Khusinov's family
"Биз Россия матбуоти укам тўғрисида нотўғри маълумот тарқатяпти, деб ишонамиз. Бу ҳодиса пайти олинган биронта видео ё фотода Темур кўринмаган", - дейди Амирбек. Дарҳақиқат, ҳодиса жойидан гўёки гаровгирлар тарқатгани айтилаётган қисқа видеода кўринган тўрт киши орасида Темур кўринмайди. Амирбекнинг айтишича, ҳодиса ортидан ИК-19 маъмурияти адашиб Темурнинг делосини тарқатган бўлиши мумкин.
"Темур билан ҳали яқинда телефонда гаплашгандим, у икки ойдан кейин чиқишини орзиқиб кутаётганди. Ака, сўйишга қўйни тайёрлаб қўйинглар, деганди. У умуман ундай радикал гуруҳларга аралашадиган бола эмас, бизнинг оиламизда асло ундай унсурлар йўқ. Мен унга тинч юр, яқинда кўришамиз, дегандим", - дейди Амирбек.
Хоразм вилоятининг Шовот шаҳрида туғилиб ўсган Темурнинг оиласига кўра, колонияда марказий осиёлик маҳкумлар Россиянинг Украинадаги урушига қўшилиш босими остида бўлганлар. Олти ой аввал Темур ўз оиласига уни ҳам қамоқ маъмурияти урушга қўшилишга ундаётгани, лекин у рад жавобини берганини айтган.
Оиласининг Би-би-сига айтишича, Темур тартибли, спортчи бола, самбо билан шуғулланган ва муштлашув ортидан қамалган.
Россия матбуоти хабар қилишича, Темур 2018 йилда Волгоградда маст одамга дакки берган, дакки еган одам у билан айтишувга бориши ортидан Темур уни уриб йиқитган. Сўнгра у ўз қариндоши билан Темурнинг олдига қайтиб келган ва яна калтак еб реанимацияга ётқизилган, кўп ўтмай реанимацияда жон берган. Темур Волгоград шаҳрининг Тракторозаводский суди томонидан олти йилга қамалган. У ноябрда озод этилиши режаланган.
Ҳодиса
Россия матбуотига кўра, ИК-19 колониясидаги гаров ҳодисаси соат 14:00лар атрофида колонияни текширишга Москвадан етиб келган комиссиянинг мажлиси ўтаётган вақтда бошланган. Кўп ўтмай Россиянинг Жазони ўташ федерал хизмати (ФСИН) қамоқхонанинг саккиз ходими ва тўрт тутқун гаровга олинганини хабар қилди.

Сурат манбаси, Khusinov's family
Маҳаллий аҳоли 17:30 атрофида колония томонидан баланд овозлар эшитилганини хабар қилганлар. Росгвардия кўп ўтмай бу штурм эканини тасдиқлаган.
"Жиноятчилар тўрт ходимга турли даражадаги жароҳатларни етказганлар, улардан уч нафари ўлди. Яна тўрт киши қаршилик кўрсатган, улар касалхонага ётқизилди. Улардан бирининг жароҳати оғирлиги туфайли касалхонада жон берди", деб ёзди ФСИН. Идора шунингдек, гаровга олинган тўрт маҳкум ҳам шикаст еганларини қўшимча қилган.
Гўёки гаровгирлар тарқатгани айтилаётган видеода баъзиларининг қўлида пичоқ бўлган тўрт киши ва тиззасида чўккалаб ўтирган бир ходим кўзга ташланади. "Мана 19ни қўлга олдик, таҳқирлаётганларни ўлдирдик", - дейди камера ортидан киши. У сўнгра мужоҳидларга салом йўллайди ва Оллоҳу акбар дея хитоб қилади.
"Блокнот Волгоград" канали маҳаллий манбаларига таяниб гаровгирлар тикучар ва 2 миллион доллар талаб қилишганини ёзди.
ИК-19
ИК-19 қаттиққўл тартибдаги интизомни тўғрилаш колонияси бўлиб, у ерга асосан илк бор жиноят содир этган маҳбуслар жойлаштирилади.
У Россия пойтахти Москвадан 1086 километрлик масофада, Волгоград вилоятининг Суровикино шаҳрида жойлашган.
Фонтанка.ру сайтига кўра, мазкур қамоқхона аллақачон қатор можаролар билан ном чиқарган. 2024 йил апрелида ИК-19 раҳбарининг ўринбосари Григорий Беленков пора олгани учун судга тортилган ва айбдор деб топилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













