АҚШ: Ўзбек йигит онаси, келинойиси ва икки жиянини ўлдиришда айбланмоқда

Facebook/ShahbozRajabboev

Сурат манбаси, Facebook/ShahbozRajabboev

Ўқилиш вақти: 1 дақ

АҚШда икки аёл ва икки ёш бола пичоқлаб ўлдирилиши ортидан асли ўзбекистонлик киши қўлга олинган.

Полиция гумондорни 24 ёшли Шаҳбоз Ражаббоев эканини маълум қилди.

Алоқадор мавзулар:

Матбуотдаги хабарларга кўра, жабрланувчилар Ражаббоевнинг онаси, келинойиси ва икки жиянлари бўлишган.

АҚШ матбуоти, хусусан New York Post ва Fox5 хабар қилишича, жиноят Ражаббоев яшаган Ню-Йоркнинг Бруклин туманидаги квартирада жума куни содир бўлган.

Полициянинг билдиришича, Бенсонҳўрст мавзесидаги Avenue P ва West 8th Street кўчалари чорраҳасидаги уйда ҳужум юз бераётгани ҳақида кечки 10:00да хабар олган.

Ҳодиса жойига етиб келганида полиция бўйнига бир неча марта пичоқ урилган 56 яшар аёлни топишган.

Полиция, шунингдек, уйда 27 ёшли аёл, 5 ёшли қиз ва 4 ёшли болани топганлар.

New York Post ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб ёзишича, пичоқланган икки ёш боланинг жасадлари халталарга ўралган ва шкафга тиқилган ҳолда топилган.

Бруклинда яшаб келган 56 ёшли Мавлуда Файзиева, 27 ёшли Мафтуна Ҳакимова, 5 ёшли Комила Шавкатова ва 4 ёшли Тимур Шавкатовлар ҳодисанинг жабрланувчилари дея эълон қилинди.

Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг энг кўп сони Бруклинда яшайди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ўзбекистондан келган муҳожирларнинг энг кўп сони Бруклинда яшайди.

Жабрланувчиларнинг бари ҳодиса жойида ўлик дея қайд этилган. Шаҳбоз Ражаббоев ҳодиса жойида қўлга олинган.

Қотилликларга нима сабаб бўлгани борасида полиция ҳеч қандай версияни тарқатмади ва тергов давом этаётганини айтди.

New York Post гаплашган қўшнилар ҳодиса вақтида хонадондан қичқириқлар эшитилганини айтганлар. Уларга кўра, полиция етиб келганида Ражаббоев уларга қарата: "Мен айбдор эмасман. Мени ҳибсга олинг. Мен қилмадим буни", деб айтган.

Пол исмли қўшнисининг New York Post'га айтишича, Ражаббоев хонадондан чиққанида унинг олдига акаси келган ва "оиламни кўрдингми", деб сўраган. Сўнг, дейди у, у қичқириб хонадондан югуриб чиққан ва "Онам ерда ётибди, атроф қон... Оилам ғойиб бўлган", деган.

Шаҳбоз Ражаббоев ўз LinkedIn саҳифасида ўзини тўрт йиллик тажрибага эга ахборот технологиялари мутахассиси дея таништирган. У 2017-2021 йилларда Бруклин коллежида компютер фанларини ўқиган.

LinkedIn саҳифасига кўра, у 2021 йил февралидан бери Bank of America банкида клауд муҳандиси бўлиб ишлаб келаётганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek