Россия қамоқхонасидаги исён тугади, гаровгирлар йўқ қилингани, гаровдагилар озод этилгани айтилмоқда Rossiya Yangiliklar

Koloniyaga shturm

Сурат манбаси, https://t.me/RosgvardOfficial/

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Сўнгги тафсилотлар.

Алоқадор мавзулар:

Илк расмий маълумотлар

Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати илк расмий маълумотларни эълон қилди.

Мазкур идоранинг расман маълум қилишича, гаровга олиш ҳодисаси оқибатида тўрт нафар ходими ҳалок бўлган.

Бундан аввал Россия Миллий гвардияси колонияга штурм чоғида тўрт гаровгирнинг барчаси "йўқ қилингани", тутқундагилар барчасининг озод этилганини билдирганди.

Россия Федерал Жазони ижро этиш хизмати эълон қилган маълумотларга таянилса, тўрт маҳкум колониянинг саккиз нафар ходими ва яна тўртта бошқа маҳкумни гаровга олган.

Жиноятчилар тўрт нафар ходимларига пичоқ ёрдамида турли оғирликдаги тан жароҳатлари етказишган, улардан учтаси ҳаётдан кўз юмган, қаршилик кўрсатган яна тўрттаси эса, касалхонасига ётқизилган, аммо улардан бири кейин ўша ерда вафот этган.

Волгоград вилояти Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси аввалроқ жароҳат олган колония ходимларидан икки нафарининг аҳволи оғир, қолган иккитасиники ўртача оғирликда эканини маълум қилган эди.

Новости ахборот агентлигининг хабар беришича, гаровга олиш пайтида яраланган колония бошлиғи Андрей Девятов вертолётда Волгоград касалхонасига учириб юборилган.

Baza Телеграм-канали эса, бундан аввал Девятов гаровгирлардан қочиб қутулганлар орасида экани, яраланиб, жонлантириш бўлимида ётгани ҳақида ёзганди.

Россия Федерал Жазони ижро этиш хизматининг маълум қилишича, ҳодисада тўрт нафар маҳкум ҳам жабр кўрган.

Воқеа тарихчаси

Koloniya

Сурат манбаси, BAZA

Сурат тагсўзи, Кремлнинг расман билдиришича, колонияда нималар юз берганидан шахсан Путиннинг ўзи хабардор қилинган.

Хабарларга кўра, исён Волгограднинг Суровикиносидаги 19-сонли ахлоқ тузатиш колониясида юз берган.

Гаровгирлик ҳодисаси ҳақидаги илк хабарлар бугун Москва вақти билан 13:30 атрофида бўй кўрсатган.

Масъуллар бир гуруҳ маҳкумлар Жазони Ижро этиш федерал хизмати ходимларини гаровгa олганликларини айтишган.

Аммо улар исён кўтарган маҳкумлар сонига ойдинлик киритишмаган.

Маҳкумларнинг шахслари ҳам ҳалича очиқланмаган.

Baza нинг таъкидлашича, бу маҳкумлар ўзларининг ИШИДга алоқадорликларини даъво қилишган.

Аммо айни мазмундаги иддаолар ҳам ҳозирча расман ўзининг тасдиғини топмаган.

Маълум бўлишича, гаровга олиш ҳодисаси Интизом комиссиясининг мажлиси чоғида юз берган.

Масъуллар талафотлар борлигини ҳам айтишмоқда.

Аммо гаровга олиш чоғида қанча одамнинг қурбон бўлгани ёки яраланганига оид расмий маълумотлар ҳозирча имконсиз.

Ахборот агентликлари ва Телеграм каналлари бу ҳақда турли хил рақамларни келтиришмоқда.

Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги хабарларига таянилса, бир киши ўлган, жароҳат олган тўрт нафари касалхонага ётқизилган.

19-sonli koloniya

Сурат манбаси, Erik Romanenko/TASS

Сурат тагсўзи, Шу соатларда олинган хабарларга кўра, Волгограддаги 19-сонли ахлоқ тузатиш колонияси кучли қўриқланувчиларидан бири саналади, унда 1200 дан зиёд маҳкумнинг сақланиши ишонилади. Уларнинг ораларида Марказий Осиё фуқароларининг бор-йўқликлари ҳам маълум эмас.

Mash каналининг ёзишича, гаровгирлик ҳодисаси юз берган колония хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган.

Воқеа жойига Тез тиббий ёрдам вертолёти ҳам етиб келган.

Худди шу каналнинг гаровгирлар билан музокаралар олиб бориш учун Волгоград масжидидан маҳаллий мулла колонияга борганига оид хабарини RT тарғибот канали рад этиб чиққан.

Ижтимоий тармоқларда чоп қилинган, аммо асл экани тасдиқланмаган бир суратда қўлида пичоқ кўтарган маҳкумнинг қонга беланган қамоқхона қўриқчиси тепасида тургани акс этган.

Яна бир худди шунга ўхшаган видеода эса, қамоқхона ҳовлисида қўлидаги пичоқ билан ўқталаётган бир эркак акс этган.

Фавқулодда хизматлар гаровга олишда уч маҳкум иштирок этганлигини айтишмоқда.

Волгоград губернатори маҳаллий аҳолини тинчлантириб чиққан, бунинг уларга ҳеч бир таҳдиди йўқлигини таъкидлаган.

Худди шунга ўхшаш воқеа яқинда Волгоградга қўшни Ростовда ҳам юз берган.

Ўшанда ИШИД гуруҳига байъат келтирган олти маҳкум икки нафар колония қўриқчисини гаровга олишган.

Ҳужум ортидан улардан бештаси ўлдирилган, олтинчиси эса, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Россия ахборот агентликлари ўшанда Ростов тергов изоляторидаги маҳбуслар машина ва мамлакатни тарк этиш имкониятини беришни талаб қилганликлари ҳақида хабар беришган.

Шу соатларда олинган хабарларга кўра, Волгограддаги 19-сонли колония қаттиқ тартибли колония саналади, унда 1200 дан зиёд маҳкумнинг сақланиши ишонилади.

Уларнинг ораларида Марказий Осиё фуқароларининг бор-йўқликлари ҳам маълум эмас.

Россия аксарият Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий осиёликлар сони миллионларга нисбат берилади.

Уларнинг катта қисми Ўзбекистон фуқаролари ҳисобига тўғри келади.

Маҳкумлар қанча одамни гаровга олишгани ҳам шу соатларда маълум эмас.

Расмийлар гаровдагиларни озод қилишга ҳозирлик кўраётганликларини айтишганди.

Кремлнинг расман билдиришича, колонияда нималар юз берганидан шахсан Путиннинг ўзи хабардор қилинган.

Прокуратура эса, гаровга олиш ҳодисаси юзасидан Россия Жиноят Кодексининг ўлимга олиб келган гаровга олиш, жамиятдан изоляцияни таъминловчи муассасалар фаолиятига тўсқинлик қилиш моддалари бўйича жиноий иш ҳам очган.

Шу йил ҳисобидан Россия колонияларидаги иккинчиси айтилаётган гаровга олиш ҳодисасига нима сабаб бўлгани ҳам ҳозирча маълум эмас, маҳкумларнинг талаблари ҳам ноаёнлигича қолаётир.

Krokus konser zali

Сурат манбаси, Shutterstock

Шу йил март ойида Москва вилоятида юз берган, 140 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган ва Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонлиси экани айтилган ҳужумга масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.

Россиялик масъуллар мазкур ҳужумни уюштирганлик ва унга алоқадорлик гумони билан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд 10 дан ортиқ Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларини ҳибсга олганлар ва уларнинг суд ишлари ҳануз давом этаётир.

Россиядаги айрим фаоллар эса, Волгораддаги сўнгги ҳодиса манзарасида энди қамоқхона ва изоляторлардаги маҳкум ва маҳбусларга нисбатан назорат кучайтирилиши, қамоқхона ходимларига кенгроқ ва кўпроқ ваколатлар берилишидан хавотирда.

Эҳтимолий гаровгирлар

Сўнгроқ ТАСС нинг суд ҳукмларига таяниб хабар беришича, гаровгирлик ҳодисасида иштирок этган уч маҳкум гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, яна бири эса, муштлашув пайтида одам ўлдирганликда айбланган бўлганлар.

Baza, Shot ва "Осторожно, новости" Телеграм-каналлари маълумотлари норасмий эканини таъкидлаган ҳолда, эҳтимолий гаровгирлар сифатида 28 ёшли Рамзиндин Тошев ва Назирчон Тошов, 23 ёшли Наврўзи Рустамчон ва 29 ёшли Темур Ҳусиновларнинг номларини тилга олишган.

ТАССнинг хабарига кўра, Тошев Ўзбекистон фуқароси ва 2023 йилда гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, сотиш ёки тарқатишда айбдор, деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Тожикистонда туғилган Назирчон Тошов ҳам худди шу модда билан 2022 йилда жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 8,5 йилга, асли тожикистонлик Наврўзи Рустамчон 7 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган шахслар бўлишган.

Ўзбекистон фуқароси Темур Ҳусинов эса, 2019 йилда қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланиб қамалган ва уч ойдан сўнг, шу йилнинг ноябрь ойида озодликка чиқиши керак бўлган, деб ёзган ТАСС.

Россиядан олинаётган айни мазмундаги хабарларга ҳозирча сўз бораётган Марказий Осиё давлатлари вакилларининг муносабати имконли эмас.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002