Россия эксперти: Ўзбекистон Газпром гази ҳажмини оширди, энди Қозоғистон ҳам уни олишга мажбур бўлиши мумкин

Озарбайжоннинг News.az сайтига берган интервьюсида россиялик таҳлилчи Ўзбекистон газ танқислигига юз тутаётгани ва энди Қозоғистонни ҳам шундай қисмат кутаётганини айтган.
Ўтган ҳафта охирида Санкт-Петербург шаҳрида ўтган Халқаро иқтисодий форумда Россиянинг "Газпром" ширкати Ўзбекистон ва Қирғизистонга газ транзитни амалга ошириш бўйича Қозоғистон билан шартномани имзолади.
Алоқадор мавзулар:
Яна бир шартномага кўра, Ўзбекистонга юбориладиган Россия гази ҳажмини ошириш учун Қозоғистондаги САЦ қувури тайёргарликка келтирилади.
News.az билан суҳбатда Россия ҳукуматига тегишли Молия университетининг эксперти, Миллий энергия ва хавфсизлик жамғармасининг етакчи таҳлилчиси Игор Юшков Ўзбекистондаги газ танқислигига алоҳида тўхталган.
"Аввал газ сотувчиси бўлган Ўзбекистон энди газ харидорига айланди. Бир йил олдин шартнома имзоланди, чунки 2022-2023 йиллар иситиш мавсумида Ўзбекистондаги маҳаллий тизим қулади ва ҳатто Хитойга газ экпортлари тўхтатилганидан кейин ҳам газ етишмади. Газ камлиги туфайли буғ қозонларидаги сув етарлича исимади ва Тошкентдаги хонадонларда совуқ бўлди. Одамлар гулхан ёқиб исиндилар. 2023 йил июнида Ўзбекистон Газпром билан шартнома имзолади ва октябрда Россия гази Қозоғистон орқали Ўзбекистонга оқа бошлади. Бу тўғри қарор бўлди", - деб айтган таҳлилчи.

Сурат манбаси, SPUTNIK/KREMLIN POOL/EPA-EFE/REX/Shutterstock
Юшковнинг айтишича, ўтган декабрда Газпромнинг ижрочи директори Алексей Миллер Россия Президенти Владимир Путинга ҳисобот бера туриб, ўзбек шериклар илтимосига биноан Ўзбекистонга газ келишилган кундалик 9 миллион куб метрдан оширилганини алоҳида таъкидлаган.
Унга кўра, Ўзбекистон ва Газпром янги шартномага имзо чекди. Шартномага биноан, Ўзбекистонга аввал келишилган йиллик 2,8 миллиард куб метр 3 миллиард куб метрдан ошиқ ҳажмга ўзгартирилган. Умумийла, контракт 11 миллиард куб метр газни назарда тутади.
Юшковга кўра, Қозоғистон ҳозирча Россия газини фақат ўз ҳудудидан ўтқазиб беряпти, лекин яқин орада у ҳам Россия газга муҳтож бўлади.
"Қозоғистон ҳам ички газ истеъмоли ўсишига юз тутяпти. У ҳали ҳам Хитойга газ сотаётган бўлса-да, вақт ўтган сари вазият мураккаблашиб бораётгани аён. 2023 йилда Қозоғистон газ ишлаб чиқаришни барқарорлаштиришга эришди, лекин келажакда танқислик юз бериши мумкин. Шу сабабдан, Қозоғистон энергия мувозанатидаги ўз газ эҳтиёжини ва кўмир ўрнини кўриб чиқиши керак. У нафақат Ўзбекистонга транзит, балки ўзидаги эҳтиёжни ҳисобга олиб газ нақлиётини тизимини замонавийлаштириши лозим. Бу шартнома, шунчаки - биринчи қадам. Келажакда Қозоғистон ҳам Газпромдан газ сотиб олиш бўйича шартнома тузиши ва ўз эҳтиёжи учун газ нақлиёти тизимини кенгайтириши мумкин", - дейди россиялик эксперт.

Украинага қарши очган уруши ортидан Россия Европада ўз газига харидорларни йўқотган ва экспорт бозорини турфахиллаштиришга мажбур бўлган. Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг сиёсий таъсири остида бўлган Марказий Осиё давлатлари рус гази учун қулай бозор.
"Марказий Осиёда, Туркманистондан ташқари ҳамма давлатлар газ муаммоларига юз тутмоқда", - дейди Юшков.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














