Ўзбекистон бошини Россия "кундасига" қўйиб беряптими?

Сурат манбаси, Россия Мудофаа вазирлиги
Ўзбекистон стратегик ҳамкори ва қўшниси бўлмиш Украинага бостириб кирган Россия билан яна 5 йил муддатга ҳарбий стратегик шерик бўлмоқда. Бу Ўзбекистон суверенитетига хавф туғдириши мумкинми?
21-22 январ кунлари Ўзбекистон ҳарбий ҳаётида ўта муҳим ҳодиса рўй берди. Тошкентга келган Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов Ўзбекистон билан 2025 йил учун ҳамкорлик режаси ва беш йилга мўлжалланган ҳарбий соҳада стратегик шериклик дастурини имзолади.
Қўшниси ва стратегик ҳамкори бўлган Украинага бостириб кириб, у ерда қарийб 3 йилдан бери уруш олиб бораётган Россия билан ҳарбий стратегик шерик бўлиш нимани англатади?
Расмийлари Украина шаҳар, қишлоқларида бегуноҳ одамларни ўлдиришда айбланиб, тергов остида бўлган ёки қидирувга берилган Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш Ўзбекистонга нима беради?
Ўзбекистон бу каби дастурларни имзолашда эркинми ёки босим остида қолиб мажбур бўлмоқдами?
Диққат BBC дастуримизда ана шу мавзу муҳокама қилинди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Тошкентга келган Россия Мудофаа вазири Ўзбекистондаги ҳамкасби ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди.
Андрей Белоусов учрашувлардан мамнунлигини яширмади. Икки ҳужжатни имзолаганидан сўнг у Москва ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорлик бугунга келиб, "ўзаро тушунишнинг энг юқори даражасига чиққани ва кенгайишда давом" этаётганини таъкидлади.
Ўзбек жамоатчилиги ушбу келишувларни кескин қарши олди.
"Асрга татигулик иснод", деб ёзди Элтуз нашри.
Собиқ дипломат Алишер Таксанов Украина билан уруш туфайли дунёда яккаланиб қўйилган Россия билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун бир қатор таҳдидларни пайдо қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ўзбекистон ҳукуматининг қайси қадамлари Россияга ёқмади?
Hoynahoy, Kremlda aytishgan: "keling, o‘zimizga sodiq odamni qo‘yamiz". Buni Mirziyoyev tushinib yetdi va qattiq qo‘rqib ketdi.
Марказий Осиёда сиёсий рисклар таҳлили маркази асосчиси Алишер Илҳомов Ўзбекистоннинг Россия билан ҳарбий яқинлашувига икки сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.
"Биринчи сабаб, менимча, Комил Алламжоновга суиқасдга алоқадор воқеаларга боғлиқ. Бу ҳодиса, афтидан, Мирзиёевни қаттиқ қўрқитди ва шунинг учун ҳам бу суиқасдни тергов қилишга "яшил чироқ" берди, бунинг ортидан куч тизимларидаги бир неча жиддий, юқори мансабдаги амалдорлар лавозимларидан четлатилдилар, жиноят ишлари қўзғатилди".
Илҳомов бўлиб ўтган ҳодисаларни "судралиб келаётган давлат тўнтариши", деб таърифлайди ва унинг ортида Россия Федерацияси, Россия махсус кучлари турибти, деган қўрқув ёки шубҳа пайдо бўлганини айтади.
Ушбу фаразлар жон бўлган тақдирда ҳам Россия ҳукуматига Ўзбекистонда режимни алмаштиришга нима эҳтиёж бор, деган савол пайдо бўлади.
Илҳомовга кўра, бу Кремлга Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қадамлари ёқмаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
"Биринчиси, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдан тўла воз кечгани. Кремль Ўзбекистон ҳам бу иттифоққа киради ва иқтисод борасида Россияга ҳисобот берадиган бўлади, деб ўйлаган эди. Иккинчиси, Тошкентнинг тортиниб бўлса ҳам Украинада уришиб қайтган Ўзбекистон мигрантларига жиноят ишлари очиб қамаётгани, урушга бормасликка чақираётгани".
Алишер Илҳомов учинчи сабаб сифатида Ўзбекистоннинг кўп векторли ташқи сиёсат юритишга интилаётгани, Ғарб мамлакатлари – Германия, Франция билан яқин муносабатлар ўрнатаётгани ва Москвадан узоқлашишга ҳаракат қилаётганини келтиради.
"Ҳойнаҳой, Кремлда айтишган: "келинг, ўзимизга содиқ одамни қўямиз". Буни Мирзиёев тушуниб етди ва қаттиқ қўрқиб кетди. Ҳозир биз бир томонда Рамзан Қодировнинг Чечен гуруҳидаги икки кишига қидирув эълон қилинган тергов бораётганини кўряпмиз, иккинчи тарафдан, Москвани тинчлантириш ҳаракатларини кўряпмиз", дейди таҳлилчи.
Алишер Илҳомовнинг айтишича, аввалроқ Ўзбекистон поп-юлдузлари Кремлда концертга бордилар. Кейин эса Россия Мудофаа вазири қабул қилинди. Бу билан Москвага содиқ эканларини кўрсатиб қўймоқчилар.
"Ўртамизда ҳеч қандай совуқчилик йўқ, муносабатларимиз ҳали ҳам аввалгидек, биз сизни ҳар соҳада қўллаб-қувватлаймиз, ҳатто ҳарбий соҳада ҳам" деган муждани Кремлга етказмоқчилар. Ушбу ён босиш Мирзиёевнинг ўзига нисбатан Москва томонидан бўладиган рискни камайтириш ҳаракати бўлиши мумкин", - дейди у.
Алишер Илҳомов Россиянинг Ўзбекистон билан бу каби ҳужжатларни тортинмай имзолаётгани сабаби АҚШда ҳокимият алмашинуви билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтади.
"Доналд Трампнинг ҳокимиятга келиши билан Украинадаги урушни тўхтатиш мақсадида Трамп Путинга пост совет мамлакатларида ташқи сиёсатни назорат қилишда "яшил чироқ" беради, деган хавотир".
Унга кўра, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиб кириши рад этилади, Украина Қримни, Россия оккупация қилган ҳудудларни беришга мажбур этилади, де-факто "таъсир доираси"ни бошқариш деган мантиқ, тамойилга "яшил чироқ" берилади. Россиянинг Украина ва бошқа собиқ совет республикаларига нисбатан алоҳида ҳуқуқи бор ва бошқариш ҳуқуқига эга, деб кўрилади.
"Бундай хавотир нафақат Ўзбекистонда, Қозоғистонда ҳам пайдо бўлган. Олдин Тоқаев "ЛНР ва ДНРни тан олмаймиз" деб анча жасур баёнотлар берганига қарамасдан, яқинда Путин дабдабали кутиб олди, унга "Олий ҳазратлари" деб мурожаат қилди", дейди Алишер Илҳомов.
Таҳлилчи Украина атрофида воқеалар қандай ривожланишини номаълумлиги, лекин пост совет мамлакатлари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистонда қўрқув Трамп қилган баёнотлар асосида пайдо бўлганини таъкидлайди.
"Муносабатларни йўлга қўйиш ва Москвага содиқликни намойиш қилиш ҳаракатлари мана шу билан изоҳланади".
Қозоғистон нега шерикликни янгиламади?

Сурат манбаси, Россия Мудофаа вазирлиги
Ўзбекистон ва Россия ҳарбий соҳада илк маротаба шерик бўлмаяпти.
2021 йилнинг апрелида Бухорога келган Россиянинг ўша вақтдаги Мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон билан ҳарбий соҳада стратегик шериклик бўйича 5 йилга мўлжалланган дастурни қабул қилганди.
Худди шундай дастур орадан 7 ой ўтиб, Москвада Қозоғистон ва Россия ўртасида имзоланган.
Аммо Ўзбекистондан фарқли равишда Қозоғистон Россия билан 5 йилга эмас, фақат икки йилга 2022 дан 2024 йилгача ҳарбий стратегик шерикка айланган.
Расмий Остона 2024 йилда Москва билан ҳарбий стратегик шериклик ҳақидаги шартномани янгиламади.
Аммо Қозоғистон Россия шафелиги остидаги ҳарбий иттифоқ – ОДКБ аъзоси ҳисобланади.
Очиқ манбаларда Ўзбекистон ва Россия имзолаган ушбу дастур ҳақида кўп маълумот йўқ.
Ўзбекистон мудофаа вазирлигидаги манба ушбу ахборотлар сир сақлангани учун ошкор қилинмаслигини айтди.
Бироқ бу ҳужжатнинг аҳамияти борасида 2021 йил Москвада қозоғистонлик ҳамкасбини қабул қилган Сергей Шойгу гапирганди. У ҳарбий стратегик шериклик дастури "ҳарбий соҳадаги устувор йўналиш"ни аниқлаб беришини айтган.
Ўзбекистон бошини Россия кундасига қўйиб беряптими?
Ғарб томонидан яккаланиб қўйилган, қўшнисига уруш очган Россия билан ҳарбий соҳада стратегик шерик бўлиш бошни кундага қўйиш билан тенг дейди сиёсат фанлари доктори Чори Кўчаров.
Унга кўра Ўзбекистоннинг Россия Мудофаа вазирлиги билан шерикчилик тўғрисида битим имзолаши кутилмаган ҳолат бўлди.
"Бунинг таажжубланадиган жойи, нима учун Ўзбекистон Россияга бошини қўйиб беряпти? Албатта бу ерда битта жавоб пайдо бўлади. Биз шу пайтгача бўлаётган Россия-Ўзбекистон муносабатларидан кузатиб келяпмиз. Россия доимий равишда нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатларидан фойдаланишга ҳаракат қиляпти ва унга босим ўтказиб келяпти. Демак, унинг босим ўтказиш учун маълум бир ричаглари бор. Қолаверса, шу нарсани янада кенгроқ маънода оладиган бўлсак, Россиянинг асл мақсади НАТОга қарши тура оладиган ва унга жавоб бера оладиган қандайдир кучларни вужудга келтириш", дейди у.
Кўчаровнинг айтишича, бу шартноманинг имзоланиши, биринчи навбатда Россия манфаатига хизмат қилади. Ўзбекистон учун оғир оқибатлар олиб келади.
BBC изоҳ олиш учун Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига боғланди. Вазирлик матбуот хизмати халқаро бўлим билан боғланиб, муносабат билдирилишини маълум қилди.
Россиянинг қурол ва аскар бераётган шериклари

Сурат манбаси, Россия Мудофаа вазирлиги
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг ҳарбий соҳада Эрон ва Шимолий Корея билан "кенг қамровли" стратегик шериклик шартномасини имзолаган. Унда давлатлар душман ҳужум қилганда бир-бирига ёрдам бериши назарда тутилган.
Украина урушида Россия Эрон ҳарбий дронларидан фойдаланиб келади. Шимолий Корея эса аввалига Россияга снарядлар етказиб бергани айтилди, кейин эса Шимолий Корея аскарлари Украина урушига жалб қилингани ҳақида хабарлар чиқди.
Сиёсий фанлар доктори Чори Кўчаров икки давлат ўртасидаги дастур жамоатчилик учун очиқ бўлиши кераклигини урғулайди.
"Ўша шартноманинг пунктлари ва қоидаларини кўриб чиқишга ҳаракат қилдим. Лекин қўлга илинадиган маълумотни тополмадим. Шунда фаразлар ишга тушади. Чунки бу нарсанинг биринчи навбатда матбуотга эълон қилинмагани ҳам жуда катта тушунмовчилик".
Сиёсий таҳлилчи ҳозир Россия фронт орқасидан иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлашга, фронтга аскарларни ёллашга ҳаракат қилаётганини таъкидлайди.
Айрим кузатувчиларга кўра, Шимолий Корея ўз аскарларини Россияга юбораётган бир манзарада ўзбек мигрантларининг жангларга жалб қилинишига расмий Тошкент кўз юмиши мумкин.
"Лекин Ўзбекистон бугун ўзининг машҳур бўлган иммигрантлари ёки Россия тили билан гастарбайтерлари билан иштирок этадиган бўлса, менинг назаримда Ўзбекистон учун шармандали ҳолат ҳисобланади. Бу нарсани ижтимоий тармоқларда ҳам, ОАВда қатъий таъкидлаш керакки, бугун Ўзбекистон босим остида. Бу қилинаётган битимлар ҳаммаси босим остида бўляпти ва бунинг оқибати биз учун фойдали эмас", дейди у.
Ўзбекистон аскарлари Украина-Россия урушига жалб қилиниши мумкинми?
Мудофаа вазирлигидаги манба Ўзбекистон фуқаролари бошқа давлатларда урушда қатнашса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтиб, бунинг иложи йўқ дейди.
Бироқ сўнгги вақтларда кетма-кет Россия томонидан туриб жанг қилган ва бир нафари одамларни ўлдирган ўзбекистонликларга нисбатан енгил жазо озодликдан чеклаш берилгани ҳақида 2 та хабар чиқди.
Айрим кузатувчилар Тошкент Путиннинг кўнглини қолдирмаслик учун бу каби ҳужжатларни имзолайвериши, лекин амалда бу Ўзбекистоннинг Россия-Украина урушига аскар юбориши ёки қурол билан ёрдам беришини англатмаслигини айтишади.
Ўзбекистоннинг қурол олиш борасида энг яқин ҳамкори Россия бўлса-да, Тошкент бошқа давлатлар, жумладан Ғарб билан ҳам ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиб келади.
Таҳлилчи Алишер Илҳомов эса Украина уруши манзарасида Россия билан бундай ҳамкорлик қизил чизиқдан ўтишни англатиши таъкидлайди.
"Масалан мен Ўзбекистоннинг Москва йиғилишларида, Қизил Майдондаги 9 май ҳарбий парадида қатнашишига танқидий қараганим йўқ, Москвага боғлиқлик мавжудлиги тушунарли. Чунки Россия Ўзбекистон учун муҳим: Ўзбекистоннинг иккинчи йирик инвестори, савдо шериги ҳисобланади. Бунга қўшимча миграция. Булар ҳаммаси тушунарли. Лекин энди назаримда қизил чизиқдан ўтилди. Агар бу имзолаш 3 йил олдин бўлганида ҳам эътибор берилмаслиги мумкин эди. Ҳозир эса уруш кетяпти. Россия Мудофаа вазирлигини ҳужжатлаштирилган маълумотлар асосида тўла асос билан ҳарбий жиноятчилар деб аташ мумкин. Улар ҳарбий жиноятчилар ва сиз бевосита ҳарбий жиноятларнинг ижрочилари билан бевосита мулоқотга киришяпсиз. Муаммо шунда".
Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистоннинг Россия билан алоқалари янада яқинлашгани кузатилди. Каримов даврида Ўзбекистонга келиши даргумон бўлган зиддиятли сиёсатчи ва санъаткорлар Мирзиёев даврида Ўзбекистонда оёқлари остида қўйлар сўйилиб кутиб олинди. Каримов даврида имзоланмаган дастурлар қабул қилинмоқда.
Алишер Илҳомовга кўра, шу тарзда кетиш мамлакат суверенететини хавф остига қўйиш мумкин.
"Агар муносабатлар янада чуқурлашиб кетса, бу Ўзбекистоннинг ОДКБга аъзолигига олиб келиши мумкин. Бу тўлақонли аъзолик бўлмаса ҳам шунга яқин ҳолат бўлиши мумкин. Россия Федерацияси билан ҳарбий стратегик соҳада яқинлашиб боравериш барибир Ўзбекистон суверенитети учун таҳдид бўлади".
Ўзбекистон нега Россияга "йўқ" деёлмаяпти?
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, ташқи сиёсатни кўп векторли тарзда олиб боришга ҳаракат қилди. Қўшнилар билан алоқалар тикланди. Ғарб билан яқинлашиш учун сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари борасида ишлар қилинди ва ваъдалар берилди. Хўш, Ўзбекистон Россияга нега қатъий йўқ, деб айта олмаяпти?
"Менинг қатъий фикрим шундайки, Ўзбекистон раҳбарияти бу босимга қарши туролмайди. Ўзбекистон раҳбарияти туролмаслигининг сабаби, менинг назаримда, буларга компроматлар етарли", дейди Чори Кўчаров.
Унинг таъкидлашича, агар Ўзбекистон раҳбарияти халққа суянса Россия босимларини инкор қила олади.
"Бизда президент Москвага чақирилади ва Москвага борганда у кўп нарсаларга рози бўлиб келади. Лекин у рози бўлиб келган нарса, Олий мажлис ва сенатда муҳокамадан ўтиши керак. Мен шу вақтгача Президент рози бўлган нарсага Олий мажлис ёки сенат норози бўлиб, инкор қилган ҳолатни кўрмадим", дейди у.
Кўчаров агар Марказий Осиё давлатлари бирлашадиган бўлса катта бир ютуқ ҳисобланишини айтади.
"Булар агар бирлашиб ҳаракат қиладиган бўлса, Россия битта-битта улар билан битим имзолаб, уларнинг потенциал кучларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмайди".












