Россия: Ўзбекистонлик муҳожирларнинг жойи омонат бўлиб қолдими? Фермерлар нега қизларини бекитмоқчи? O'zbekiston Rossiya yangiliklar

Россиядаги мигрант ишчилар

Сурат манбаси, official

Мигрантлар кунига 2000 рублдан камига кўнмаяпти. Россия Марказий осиёлик мигрантларнинг ўрнига маҳбусларни ишлатмоқчи. Фермерлар эса ҳавотирда: маҳбуслар ишласа, қизларимизни бекитиб қўйишимиз керак! Беларусь, украин ва молдованлар муқобил ўрнида.

  • Муҳожирларнинг меҳнати қимматлашаяптими?;
  • Россия мигрантларга муқобил вариантлар излаяпти;
  • Фермерлар маҳбус ишлатишни ҳавфли санашмоқда;
  • Қурилишларда энди беларуслар ишлаши мумкин;

Мигрантлар иш танлаяптими?

Москва вилоятидаги фермерлар Марказий осиёлик муҳожирлар иш ҳақи юзасидан тортишувлар бўлаётганини матбуотга маълум қилишган.

Кунига 2 000 рублдан камига ишлашга кўнишмаяпти, - дейди улар.

Москва вилояти фермер хўжалиги иттифоқи раҳбари Рамил Булатов муҳожирларнинг меҳнатлари қимматлашганини айтмоқда.

"Меҳмон ишчиларнинг кичик гуруҳлари аллақачон қишлоқларни айланиб чиқишмоқда. Бир фермер хўжалигидан иккинчисига, учинчисига ... Улар қулай тўлов шартларини қидирмоқдалар. Аммо топаолишмайди", - дейди Рамил Булатов.

Ҳозирча фермерлар ва мигрантлар "тил топиша" олишгани йўқ: иш берувчилар учун бу нарх қиммат, ишчилар эса бундан камига рози эмаслар.

Рамил Булатовга кўра, бу жуда катта пул, ва Москвада сиз уни ҳар бир корхонада топа олмайсиз.

"Ахир, бир-икки йил олдин уларга кунига 500 рубль, энг кўпи 1000 рубль тўланган эди. Шунда ҳам ходим кўплаб мутахассисликларни ўзлаштирган ва ускунани бошқариши мумкин бўлган тақдирда", дейди фермерлар раҳбари.

Фермер

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Иш ҳақи ошса, нарх кўтарилади

Муҳожирлар эса Россияда ижара ҳақи, ҳужжатлар тўловидан орттириб, ватанида қолган оиласини боқишга пул юбориши кераклигини айтишади.

- Агар мигрантга бир смена учун 2000 рубль тўлайдиган бўлсак, дўконларда нарх ҳам кўтарилади. Масалан, сутнинг пакети 300-500 рубль, картошка килограмми 200 рублга чиқади. Бу нархга маҳсулотларни ким сотиб олади? - дейди Булатов.

Фермерлар раҳбари "У ҳолда биз ўз кучимизга ишонишимиз, қишлоқлардан ички захираларни излашимиз керак бўлади", деган фикрга келганини билдирди.

Аммо россияликларнинг катта қисми "қора иш"ларда ишлашни истамайди, шу боис Россияда оддий ишларни меҳнат муҳожирлари эгаллаган.

"Қизларимизни бекитиб қўйиш керак"

Россия мигрантлар ўрнига қамоқхоналардаги маҳбусларни ишга жалб этишни режалаштирмоқда.

Россия Федерацияси Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) директори Александр Калашников россиялик маҳбуслардан фаолроқ фойдаланиш ва улар билан меҳнат муҳожирларини алмаштириш ташаббусини илгари сурди.

Мигрантлар ўрнига маҳбусларни ишлатиш ташаббусини Россия Адлия вазирлиги маъқуллади.

Аммо фермерлар буни хоҳламайдилар, маҳбусларни ишлатиш оддий халқнинг тинч ҳаёти учун ҳавф туғдириши мумкин.

"Бу дегани, бизнинг барча қизларимизни далага ишга чиқара олмаймиз, уларни беркитиш керак бўлади", дейишади улар.

Фермерларга кўра, бундай ёрдамчилардан ҳеч қандай наф бўлмайди.

Бундан ташқари, жазони маҳкум этиш идоралари билан ҳамкорликда ишлаш ҳам фермерлар учун жуда кўп муаммолар ва мураккабликларни келтириб чиқаришини билдиришди.

Қўшнилардан қанча ишчи келиши мумкин?

Россиядаги мигрант ишчилар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Россия иқтисодиёти талаб қиладиган меҳнат муҳожирлари сони очиқланмайди.

Асосан Марказий Осиёдан келган мигрантчилар томонидан бажариладиган ишларга қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари мухтож.

Бу, айниқса, пандемия давридаги карантин чекловлари сабаб мигрантлари озайиб кетган Россияда яққол кўринди.

Бу даврдан сабоқ олган Россия Марказий осиёлик мигрантлар ўрнини Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган маҳбуслар ва ёки қўшни славьян мамлакатлари фуқаролари билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.

Россия беларусь, украин ва молдованлар Марказий осиёлик мигрантларнинг муқобили ўрнида кўраяпти.

Бу борада амалий ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилган. Россия Марказий осиёликлар ўрнига қўшни славьян мамлакатлари фуқароларини ишга таклиф қилмоқда.

Қурилишга беларуслар таклиф қилинди

Россиядаги қурилиш сатҳи

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўтган хафтада Москва ва Минск Беларусни Россиядаги йирик қурилиш лойиҳаларига жалб қилиш харажатларини тахмин қилишга келишиб олдилар.

Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари Марат Хуснуллиннинг сўзларига кўра, бунга қурилиш соҳасида ишчи кучининг етишмаслиги сабаб бўлган.

Меҳнат кучи камомади "асосий қурилиш лойиҳаларида", жумладан, Владивосток ва Калининграддаги театр ва маданият марказларида, шунингдек, Амур вилоятидаги Восточний космодромида пайдо бўлган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг ўтган йилги маълумотларига кўра, Россиядаги мигрантлар сони бир йил ичида бир ярим бараварга камайиб, 6 миллион кишини ташкил қилди.

Айни дамда Марказий Осиё мамлакатларидан Россияга ишлашга келувчи фуқаролар сони яна орта бошлаяпти.

Бироқ ҳали йўл-транспорт қатновлари тикланмагани, ҳаво йўллари орқали Россияга келиш учун самолёт чипталарининг нархлари баландлиги боис, юз минглаб Марказий осиёликлар чегаралар очилишини кутаётир.

Россиядаги мигрант ишчилар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek