Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Эрини полиция отди, ўзини Ўзбекистон қамайдими? O'zbekiston Rossiya migrant

Сурат манбаси, official
- Полиция отиб ўлдирган мигрантнинг аёли ватанга қайтишдан нега қўрқмоқда?
- Аэропортдаги мигрантлар 33 кг нос ўзлари учун олганини айтишган
- Катта миқдорда гиёҳвандлик сотуви учун 9 йилга ҳукм
- Яна бир ўзбекистонлик қўшнисини зўрлаганликда айбланмоқда
Ҳаётга таҳдид кўрилди
Европа инсон ҳуқуқлари суди Россияда Соҳиба Бурхоновани мамлакатдан чиқариб юборишни тақиқлади. Ўзбекистонлик бу аёл Қримдаги тинтувлар пайтида ФХХ ходимлари томонидан отиб ўлдирилган Наби Раҳимовнинг бевасидир. Бу ҳақда ОВД-Инфо ҳуқуқ ҳимоячиси Даря Тренинага асосланиб хабар берди.
ЕИҲ суди томонидан «давлат томонидан ариза берувчининг ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларнинг тақиқланиши» қўлланилган.
ОВД-Инфонинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Соҳиба Бурхонованинг «Ҳизб ут-Таҳрир» (Россияда фаолияти таъқиқланган диний-экстремистик деб топилган ташкилот)га алоқадорлиги ва қийноққа солиниши бўйича жиноий иш билан таҳдид қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 май куни Россия ФХХ ходими уйни тинтув вақтида ўзбекистонлик мигрантни отиб ўлдирган, суд унинг рафиқасини "мигрантлар қамоқхонаси"га юбориш, 2 боласини "исталган одам васийликка олиши"га қарор қилган эди. Европа суди марҳум Раҳимовни Россиядан чиқариб юборишни тақиқлаган ва Россиядан унга 17 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган эди.
Носвой учун жавобгарлик

Сурат манбаси, official
Чита аэропортида Россияга ишлашга учиб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг ёнидан қарийб 33 кг носвой топилди.
54 нафар муҳожирлар текширувдан ўтказилган пайтда катта миқдордаги тамаки маҳсулотининг декларациядан ўтказилмаганлиги учун уларнинг ҳар бирига маъмурий иш қўзғатилди.
Қабул қилинган сумкалардан, умумий оғирлиги 32,9 кг бўлган, ўткир ҳидли, эркин оқадиган яшил-жигарранг моддаси бўлган шаффоф пластик пакетлар топилган.
Узоқ Шарқ божхона бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон фуқаролари носвойни шахсий мақсадлари учун олиб кетаётганликларини тушунтиришган.
Евроосиё Иқтисодий Комиссияси Кенгашининг қарорига биноан шахсий фойдаланиш учун 200 дона сигарет, 50 дона сигара ёки 250 грамм тамаки (шу жумладан, носвой) олиб киришга рухсат берилади, дея маълумот беради божхона матбуот хизмати.
9 йилга қамалди

Сурат манбаси, official
Тверда эса 25 ёшли ўзбекистонлик катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни сотишга уринишда айбланиб, тўққиз йил озодликдан маҳрум этилди.
Твернинг Московский тумани прокуратураси Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг жиноий иши бўйича давлат айбловини қўллаб-қувватлади, деб хабар берди Твер вилояти прокуратурасининг матбуот гуруҳи.
Хабарга кўра, ўзбекистонлик бир гуруҳ шахслар томонидан катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни сотишга уринишда айбланган. Судланувчи айбини тўлиқ тан олди ва барча ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, суд эркакни қаттиқ режимдаги колонияда тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Тунги 3 да келаётган қизга тажовуз
Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туманида Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. У мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг шаҳар ва вилоят бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
ИИБ нинг маълум қилишича, полицияга вояга етмаган қизнинг отаси мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, қизи 24 май куни тунги соат 3 ларда уйига қайтаётганида, жиноятчи унга ҳужум қилиб, уни жинсий зўрлаган.
Шунингдек, ИИБ да келтирилган маълумотларга кўра, ҳибсга олинган ўзбекистонлик жабрланувчи яшайдиган кўп қаватли уйда яшайди.
Ўзбекистонлик айбланувчи Россияга 2020 йил феврал ойида ишлаш учун келгани ва миграция хужжатларини қонунийлаштирмагани билдирилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















