Энди Тошкентдан Москвага бемалол учса бўладими? Ўзбекистон ва Россия, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Энди Тошкентдан Москвага бемалол учса бўладими? Россия ҳукуматининг Ўзбекистон билан боғлиқ сўнгги қарори худди шу каби саволларни пайдо қилмай қўймаган. Россия томони Ўзбекистон билан ҳам шу йил 1 апрелдан бошлаб, ўзаро асосда мунтазам парвозларни қайта тиклашини айтган.
Аммо Россия ҳукуматининг расмий хабарида ўзаро авиапарвозларнинг ҳафтасига бир марта фақат Москва-Тошкент йўналишида амалга оширилиши айтилган.
Дейлик, худди шу хабарнинг ўзида Германия ҳақида сўз кетганда, ўзаро асосдаги мунтазам парвозларнинг Франкфурт-Майн-Москва-Франкфурт-Майн йўналишида бўлажаги кўрсатилган.
Россия ҳукумати ўзининг сўнгги қарори ҳақида кеча, 25 март куни расман хабар берган.
Яна дунёнинг олти давлати билан мунтазам авиапарвозларни тиклаётганини маълум қилган.
Бу давлатлар сирасида Ўзбекистондан ташқари яна Тожикистон, Сурия, Германия, Шри-Ланка ва Венесуэланинг номлари келтириб ўтилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россия томони айрим давлатлардаги эпидемиологик вазият таҳлили натижаларига асосланган ва Бош вазир билан келишилган ҳолда бу каби қарорга келишган.
Ўзбекистонлик авиация масъуллари Россия билан авиапарвозларнинг одатий тартибда қайта тикланганини ҳалича расман тасдиқлашмаган.
Россия томонининг сўнгги қарорига расмий муносабатлари ҳозирча кўзга ташланмаган.
Янгилик кеча, 25 март кунининг ўзидаёқ Ўзбекистондаги аксарият нашрлар томонидан ёритилган, сарлавҳаларга чиққан хабарга айланган.
Худди шу хабарлар остида қолдирилган коментлардан сўнгги янгиликдан тушунмовчиликда бўлган ўзбекистонликларнинг оз эмасликлари англашилган.
Уларни ҳам энди Тошкентдан Москвага бемалол учиш мумкинми, ўзбекистонликлар энди Россияга кира олишадими, қабилидаги саволлар қизиқтираётгани кўрилган.

Сурат манбаси, official
Россия глобал коронавирус пандемияси сабаб, Ўзбекистон билан ҳам мунтазам ҳаво қатновларини ўтган йил март ойида тўхтатган.
Орада кечган бир йил вақт давомида икки давлат ўртасида фақат чартер ва махсус рейслар амалга ошириб келинган.
Россия чегараси Ўзбекистон фуқаролари учун ёпиқлигича қолган.
Элчилар, Ўзбекистоннинг дипломатик консулхоналари вакиллари ва уларнинг оила аъзолари, даволаниш учун келаётган шахслар, хорижда яқин ёки касал қариндоши бор инсонлар, дипломатик ваколатхоналар сўрови билан транзит ўтаётган йўловчилари каби муайян тоифа шахсларнинг Россияга киришларига изн берилган.
Яна Россия ҳукумати қошидаги тезкор штаб томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган ўзбекистонликлар Россия Федерацияси ҳудудига киритилган.
Ана шу муайян тоифа ўзбекистонликларнинг ҳам ПЗР тест топширишлари ва "Роспотребнадзор" сайти орқали рўйхатдан ўтишлари талаб қилинган.
Ўзбекистонликлар якка тартибда на самолёт, на поезд, на автобус ва на машинада Россияга кира олишган.
Ўзбекистонлик талабалар Россия Таълим вазирлигининг ўтган ҳафта эълон қилган янги рўйхатига ҳам тушишмаган, уларнинг ўз таҳсилларини давом этдиришлари учун Россия ҳудудига киришларига яна изн берилмаган.
Россия шу йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон билан ўзаро асосда қайта тиклаётган мунтазам парвознинг ҳафтанинг айнан қайси куни, қачон, қай бир аэропорт ва қайси ширкат томонидан амалга оширилиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, бу ҳақда ҳукуматнинг расмий хабарида айтилмаган.
Бир рейсда қанча йўловчининг парвоз қилиши кўзда тутилаётгани тафсилотлари ҳам очиқланмаган.
Сўнгги янгилик манзарасида айрим минтақавий ва маҳаллий нашрлар Россиянинг Аэрофлот ширкати расмий веб саҳифасидаги парвозлар жадвалига ҳам эътибор қаратишган.
Бу жадвалда 1-8 апрель оралиғида айрим иш кунларида Тошкент-Москва йўналишида рейслар кунига ҳатто икки маҳал амалга оширилиши кўзда тутилгани ҳақида ёзишган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россия ўтган йил август ойидан бошлаб, халқаро авиарейсларни яна босқичма-босқич йўлга қўйишга киришган.
Сентябрь ойидаёқ Марказий Осиё давлатлари орасидан Қирғизистон ва Қозоғистон билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта тиклаган.
Шу йил 15 февралдан бошлаб эса, Қирғизистон билан мунтазам парвозлар сонини янада кўпайтирган, ҳафтасига биттадан учтага оширган.
Россия билан мунтазам авиапарвозларнинг қайта тикланиши, бир йилдирки, ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтираётган саволлардан бири бўлади.
Глобал коронавирус пандемияси боис, Ўзбекистон ҳам ўтган йил март ойида мунтазам халқаро парвозларни тўхтатган, худди ўша йилнинг 4 сентябридан қайта тиклашга киришган.
Шу пайтгача дунёнинг ўнга яқин давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини тиклашга муваффақ бўлган.
Ўтган йил октябрида эса, муайян эпидемиологик шартлар асосида барча турдаги транспорт қатнови учун ҳам ўз чегараларини расман очган.
Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.
Ҳар икки томондан олинган хабарлар мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш масаласининг шу пайтгача икки давлат масъуллари орасида муҳокама мавзуларидан бири бўлиб келганига далолат қилган.
Орада бўй кўрсатган умидбахш баёнотлар эса, амалга ошмаган.
Ўзбекистонлик масъуллар коронавирус билан боғлиқ санитария-эпидемиологик вазият тўғрисида талаб этилган барча маълумот белгиланган тартибда Россия томонига тақдим этилгани, айни пайтда уларнинг жавоби кутилаётганини ҳам айтишганди.
Сўнгги бор бу масалани Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири шу ой бошида Москвада россиялик ҳамкасби билан музокаралари чоғида кўтарган.
Россия томони авиақатновларни тиклашда ўзаро розилик тамойилига асосланишаётгани, яна хавфсизлик критерияларидан келиб чиқиб, қарор беришаётганини айтиб келган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони 34500 миллиондан ортади.
Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.
Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.
Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















