Ўзбекистон: Бухорода одамлар кўчага чиқди, Россия яна тақиқ қўйди, 20 ўзбекистонлик эмланди – видео, янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Buxoro

Сурат манбаси, videograb/gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон: Бухорода одамлар кўчага чиқди, Россия яна тақиқ қўйди, 20 ўзбекистонлик Хитой вакцинаси билан эмланди - 9 декабрь куни ижтимоий тармоқда табиий газ таъминотидаги муаммолардан норози одамлар автомобиль йўлини тўсиб қўйгани айтилган видео тарқалди. Расмийлар шу куннинг ўзидаёқ ҳолат Бухоро туманида содир бўлганини маълум қилганлар. bbcuzbek.com дайжести.

9 декабрь куни ижтимоий тармоқда табиий газ таъминотидаги муаммолардан норози одамлар автомобиль йўлини тўсиб қўйгани айтилган видео тарқалди.

Видеода, асосан, аёллардан иборат ўнлаб инсонлар транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатишга уринаётгани кўзга ташланади.

Видеога берилган изоҳда ҳолат Бухоро вилоятида юз бергани айтилади.

Кадр ортидаги овоз "аҳоли қўзғолон қилаётгани"ни таъкидлайди.

Расмийлар шу куннинг ўзидаёқ ҳолат Бухоро туманида содир бўлганини маълум қилганлар.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, видео Бухоро туманидаги "Работипоён" маҳалла фуқаролар йиғинида тасвирга олинганлиги аниқланган.

"Аниқланишича, 949 та хонадонда 5 минг 610 нафар киши истиқомат қилаётган "Работипоён" маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда табиий газ босими пасайган. Мутахассислар буни об-ҳавонинг кескин тушиб кетиши натижасида газ истеъмоли кўпайиши ва оқибатда ҳудуд аҳолисининг аксарият хонадонларида табиий газ босимида муаммолар пайдо бўлганлиги билан изоҳлашмоқда", дейилади ҳокимлик баёнотида.

"Ҳудудгаз Бухоро" газ таъминоти филиали ўз ходимлари вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари билан биргаликда аҳолининг шикоятига қулоқ тутилганини маълум қилган.

"Таъкидлаш жоизки, шу кунларда Бухоро туманида, ҳақиқатан ҳам, табиий газни аҳоли пунктларига етказиб беришда босимнинг кескин тушиб кетиши кузатилди. "Соҳибкор" газ тақсимлаш станциясидаги иккинчи жўмракни ёпиб қўйилиши натижасида туманга табиий газ ўтувчи маҳаллий тармоқлардаги босим 6 дан 1,8 атмосферга тушиб кетган. Оқибатда, 1,3 мингдан зиёд хонадон газ таъминотидаги муаммоларга дуч келган. Айни вақтда, аҳоли пунктига газ етказиб бериш тикланмоқда", дейилади филиалнинг расмий хабарида.

Бир вақтнинг ўзида ижтимоий тармоқда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ҳам аҳоли табиий газ ҳамда электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, автомобиль йўлини ёпиб қўйишга урингани тўғрисидаги хабар ва видеоролик тарқалган.

Қоракўл тумани ҳокимлиги ҳам зудлик билан ҳолатга ойдинлик киритиб, норозилик тумандаги "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғинида юз берганини маълум қилган.

"Об-ҳавонинг кескин совиши туфайли ажратилган табиий газ ресурсига нисбатан газ истеъмоли ҳажми ошиб кетиши натижасида қувурларда босимнинг пасайишига олиб келган. Шунингдек, аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан қувурларга қўлбола қурилмаларни ўрнатиб, газ тақсимотига сунъий тарзда таъсир кўрсатилган. Шу куннинг ўзида тезкор гуруҳлар ёрдамида барча газ оқувчи тармоқлар назоратга олинди ва табиий газ босими меъёрлаштирилишига эришилди", дейилади ҳокимлик хабарида.

2019 йилда ҳам Андижон, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистонда аҳоли табиий газ ва электр энергияси йўқлигидан норози бўлиб, йўлларни ёпиб қўйган эди.

Хитой вакцинаси синовлари бошланди

O'zbekiston

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакциналарининг учинчи босқич синовлари бошланди.

20 та кўнгилли оила аъзоларига Хитойдан олиб келинган рекомбинант вакцинанинг биринчи дозаси берилди.

Жараённинг этик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда кўнгиллиларнинг шахси ошкор қилинмаслигига келишилгани айтилмоқда.

Хитойники Ўзбекистонда учинчи босқич синови бошланган биринчи вакцина бўлган.

Коронавирус ва дунё: Миллиардлаб инсонни қандай эмлаш мумкин? O'zbekiston, dunyo, yangiliklar BBC

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонда жами 5 минг кўнгиллида синалиши айтилган.

Ўзбекистонлик масъулларга кўра, "ҳаммаси шахсий ҳохиш-истакка кўра амалга оширилади, ҳеч ким мажбурий жалб қилинмайди".

Хитой вакцинаси синови фақат пойтахт Тошкентда ўтказилади.

Маълум бўлишича, жаҳон стандарти тажрибасига кўра, барча кўнгиллиларга пул тўланади ва барча қатнашчилар синовлардан олдин турли хил зарарларга, ён таъсирларга қарши тиббий суғурта қилинади.

"Шунингдек, агар синовлар давомида кимдир вафот этса, ўлим сабаби аниқланмасиданоқ синовлар тўхтатилади. Яъни сабаб аниқлангунича кутилмайди".

Хабарларга кўра, синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиши мумкин бўлади.

Бундан аввал ўзбекистонлик масъуллар Россия вакцинасининг ҳам мамлакатда синовдан ўтказилиши эҳтимоли ҳақида сўз юритишган.

4 декабрь куни Россиянинг Sputnik V вакцинаси Ўзбекистонга келтирилган.

Масъуллар АҚШ вакцинаси учинчи бисқич синовини ҳам назардан соқит этишмаган.

Россия яна тақиқ қўйди

Pomidorlar

Сурат манбаси, official

Россия Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан помидор ҳамда қалампир импортига тақиқ қўйди.

Бу ҳақида мамлакатнинг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) маълум қилган.

Назорат органининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг "Sunny Land Export" компанияси томонидан Қашқадарё вилоятидан Россия Федерациясига экспорт қилинган помидорда жигар ранг бурушиқ вируси аниқланган.

"Фитосанитар барқарорлик ва кўрсатилган объектнинг Россия Федерация ҳудудида тарқалишининг олдини олиш мақсадида Россельхознадзор 2020 йил 11 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Қашқадарё вилоятидан Россияга помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ амалини киритмоқда", дейилади расмий хабарда.

Россельхознадзор, шунингдек, 4 декабрдан бошлаб Навоий вилоятидан ҳам помидор ва қалампир импортига тақиқ жорий этилганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 26 ноябрь куни Россия Фарғона вилоятидан қалампир ва помидор импорт қилишни тақиқлаб қўйган эди.

Кейинроқ Россия ушбу вилоятдан олиб кирилган 1 тонна қуритилган ўрикда капр қўнғизи аниқлангани иддаоси билан Фарғонада етиштирилган барча ўсимлик маҳсулотлари импортига тақиқ жорий этган эди.

"Юксалиш" УМҲ раиси, қуйи палата депутати Бобур Бекмуродовнинг айтишича, Россиянинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортига тақиқлари Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини эслатмоқда.

Аммо, унга кўра, бу тақиқлар республика экспорт ҳажмларига жиддий таъсир ўтказмайди".

Депутат, ўз навбатида, дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар ҳозирда ўзгарувчан характерга эгалигини таъкидлаган.

"Бундай ҳаракатлар ташқи бозорларимизни диверсификациялашга жиддий эътибор қаратиш ва Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эслатмоқда", - деган.

Россия ва ҳарбий ўқув машғулотлар

Buxoro

Сурат манбаси, official

Россиялик ҳарбийлар Термизда 9 декабрдан 12 декабрга қадар ўқув машғулотлари ўтказиш учун Ўзбекистонга келди.

Бу ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи матбуот хизмати маълум қилган.

Хабарда Марказий ҳарбий округнинг махсус топшириқлар бажарувчи бўлинмаси ҳарбийлари Ўзбекистон томони таклифи билан Термизга етиб келгани ва асалли нон ҳамда ёнғоқлар билан кутиб олингани айтилади.

Термизда ўтувчи ўқув машғулотлари доирасида икки мамлакат ҳарбийлари шартли душман ортида қўшма амалиёт ўтказадилар, вертолётдан десант ташлаш, разведка-қидирув ҳаракатлари, вазифани адо этишдан сўнг гуруҳни эвакуация қилишни амалга оширадилар, шунингдек, ўта муҳим объектларни мудофаа қилиш ҳамда қўпорувчи гуруҳларга қарши кураш ишларини олиб борадилар.

"Авиачипталарни арзонлаштиринг"

Президент Шавкат Мирзиёев миллий авиакомпанияда чипталар нархи баландлигини танқид қилиб, уларни арзонлаштиришга кўрсатма берган.

Президент кўрсатмаси 9 декабрь куни туризмни ривожлантириш ва спортни оммалаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида янграган.

Давлат раҳбари, шунингдек, келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, енги рейсларни йўлга қўйиш бўйича ҳам топшириқлар берган.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Президент матбуот хизмати хабарида келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини $370 миллионга етказиш мақсад қилингани ҳақида сўз боради.

"Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин", дейилади расмий хабарда.

Мансабдорлар ва хориждаги мол-мулк

O'zbekiston

Сурат манбаси, videograb/kun.uz

Амалдорларнинг хорижда мол-мулк сотиб олиши тартибга солиниши мумкин.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 9 декабрь куни журналистлар билан мулоқот чоғида бу ҳақида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, мансабдорларнинг ноқонуний бойлик орттириши ёки хорижда активлар сотиб олиши масалалари тартибга солинмаган.

"Бугунги кунда давлат хизматчиси бўлган хоҳлаган мансабдор шахс чет элда банк ҳисоб рақамини очиши ва исталган мол-мулкни сотиб олиши мумкин. Буларни ҳам тартибга солиш вақти келди, деб ўйлаймиз", деган Бурхонов.

Агентлик раҳбари, шунингдек, ойлик маошлари кам бўлган соҳаларда коррупция хавфи кўпроқ учраётганини тилга олган.

Бурхонов булар таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва пандемия даврида энг кўп коррупция аломатлари кузатилган давлат харидлари соҳалари эканини қўшимча қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek