Ўзбекистон ва минтақа: Олма терган ва китоб ёзган президентлар, Тоқаев нега Байрутга сим қоқди? - O'zbekiston, koronavirus

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон ва минтақа: Олма терган ва китоб ёзган президентлар, Тоқаев нега Байрутга сим қоқди? - Кечаётган ҳафтада Марказий Осиё президентларининг минтақавий нашрлар диққат-эътиборига тушган чиқишлари, ишлари кам бўлмади. Бердимуҳаммедов фавқулодда "ваъда берди" - ҳафталик дайжест.

Ўзбекистон

Prezident

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мириёев бир ҳафтанинг ўзида олтита йиғилиш ўтказди.

Коронавирус шароитида олийгоҳларга тестларни қандай ўтказишдан тортиб, пойтахт Тошкентни кенгайтириш масаласигача муҳокама қилди.

Йиғилиш чоғида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида, бу йилги тестларни стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди.

Бунақаси эса, ҳозирча коронавирусдан зиён чекаётган қолган бирор бир минтақа давлатида кузатилмагани билан эътибор топди.

Кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортгани Ўзбекистон президентининг 4 август кунги видеоселектор йиғилиши бўлди.

Коронавирус: Шавкат Мирзиёев огоҳлантирди, аммо яхши хабар бор - Ўзбекистон, дунё - видео

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Йиғилишда пандемияни жиловлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар танқидий таҳлил қилинди.

Унда президент Шавкат Мирзиёев илк бор шу ўн кун ичида даволаш тизимини жой-жойига қўйишмаса, аҳволлари яхши бўлмаслиги билан огоҳлантирди.

Ўзбекистонда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни қайд этилган.

Аммо орада кечган тўрт ойдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистон президентининг бунга ўхшаш огоҳлик билан чиққани кўрилмаган.

Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.

Аммо Ўзбекистоннинг коронавирус билан боғлиқ расмий хабарлари ҳозирча пневмония ҳолларини ўз ичига олмайди.

Оддий ўзбекистонликларнинг биргина кибер фазодаги, таъбир жоиз, шахсий гувоҳликларининг ўзи эса, асл рақамларнинг расман айтилаётганидан бир неча бор кўп экани тасаввурини уйғотади.

Қозоғистон

Prezident

Сурат манбаси, official

Коронавирус ва пневмония ҳоллари бўйича энг юқори кўрсаткич эса, минтақа давлатлари орасидан айнан Қозоғистоннинг ҳисобига тўғри келади.

Қозоғистонда жами рақамлар ҳозирга келиб қарийб 100 мингга етган.

Худди шу манзарада Қозоғистон президентининг Байрутга қилган телефон қўнғироғи кечаётган ҳафтада кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Телефон қўнғироғи Ливан пойтахти саҳна бўлган улкан портлаш ортидан амалга ошган.

Байрутдаги портлаш камида 137 кишининг умрига зомин бўлган, беш мингдан ортиқроғини яралаганди.

Яраланганлар орасида Қозоғистон консулининг ҳам борлиги айтилган, портлаш натижасида Қозоғистон элчихонасининг ҳам зиён чеккани маълум бўлганди.

Қасим-Жомарт Тоқаев шахсан Ливан президентига сим қоққан.

"Чуқур ҳамдардлиги" ортидан, Мишель Аундан Байрутда бўлган Қозоғистон фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришни сўраган.

Бу хусусдаги расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Ливанда бўлган қозоғистонликлар сони ҳозир 200 дан ортади.

Уларнинг 120 нафари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ливандаги Муваққат кучлари таркибида хизмат қилишади.

Livan

Сурат манбаси, AFP

Президент Аун Тоқаевга телефон қўнғироғи учун миннатдорчилик билдираркан, мамлакати раҳбарияти Қозоғистон фуқаролари, дипломатик ваколатхонаси ва дипломатлари хавфсизлигини таъминлаш учун лозим бўлган барча чорани кўришини айтган.

Қозоғистоннинг БМТ ваколати остидаги тинчликпарварлик фаолиятини юқори баҳолаган.

Президент Тоқаев Ливан Қозоғистоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ҳамкори эканини алоҳида таъкидлаган, икковлон ўзаро алоқаларини янада кенгайтириб олиш масаласини ҳам муҳокама этишган.

Ўзбекистонники илова минтақанинг қолган аксарият давлатлари президентлари ҳам Байрутдаги портлашни беэътибор қолдиришмаган.

Ливан президенти ва халқига ўз ҳамдардлик мактубларини йўллашган.

Портлаш маҳали Байрутда бирор бир Ўзбекистон фуқаросининг бўлган-бўлмагани ҳозирча маълум эмас, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу хусусда расмий баёнот билан чиқмаган.

Туркманистон

Prezident

Сурат манбаси, TURKMENISTAN TV

Сўнгги ҳафталарда "чанг"га қарши кўраётган фавқулодда чора-тадбирлари манзарасида ҳам, Туркманистон минтақанинг ҳали-ҳануз коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлати бўлади.

Шу кунларда олинаётган хабарларга кўра, энди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркманистонда коронавирусга ўзининг мустақил текширувларини ўтказмоқчи.

Маълум бўлишича, кеча, 7 август куни ташкилот раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ва Европа бўйича бюроси етакчиси Ханс Клюге бу масалани Туркманистон президенти билан гаплашиб олган.

Учовлон онлайн мулоқот ўтказишган, Ханс Клюгенинг твитига таянилса, Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзларининг бу сўровларига рози бўлган.

Бундан сал аввал эса, Туркманистон президентининг 53-китобини ёзиб бўлгани расман хабар берилган.

Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг сўнгги китоби "Туркманларнинг маънавий олами", деб номланади ва уларнинг миллий анъаналарига бағишланади.

Президент Бердимуҳаммедов Туркманистон Фанлар академиясининг академиги, тиббиёт фанлари доктори ва профессор саналади.

Туркманистоннинг амалдаги президенти яна қатор асарлар муаллифи ҳисобланади.

Бердимуҳаммедовнинг, бундан ташқари, "Туркманистонда соғлиқни сақлаш тизими ривожланишининг илмий асослари", "Туркманистон - соғлом ва юксак ахлоқли инсонлар мамлакати", "Ахалтекин отлари - бизнинг шон ва шарафимиз" ва "Тараққиётнинг янги чўққилари сари" деган китоблари ҳам нашрдан чиққан.

Орада туркман раҳбарининг "Одамдан яхши ном қолади", деган илк романи дунё юзини кўргани ҳам хабар берилган.

Тожикистон

Prezident

Сурат манбаси, official

Агар, расмий рақамларга таянилса, Тожикистон минтақанинг коронавирус энг кам тарқалган давлати бўлади.

Бугун, 8 август ҳолатига кўра, Тожикистонда жами ҳолатлар 7700 дан сал ортгани кўрилади.

Ўлим ҳолатлари эса, бор-йўғи 62 тани ташкил этади.

Аммо мустақил кузатувчиларнинг ҳисоб-китоблари Тожикистондаги ҳақиқий рақамларнинг ҳам расмийсидан анча кўп эканига далолат қилади.

Лекин, шунга қарамай, Тожикистон минтақанинг глобал коронавирус пандемияси боис, фавқулодда чораларга қўл урмаган ягона давлати бўлади.

Пандемия билан кечаётган жорий ҳафтада Тожикистонда ҳам минтақавий нашрларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган хабарлар кам бўлмади.

Аввалига Президент Эмомали Раҳмоннинг боғда олма териб тушган суратлари эълон қилинган бўлса, бунинг ортидан, Тожикистонда президент сайлови санаси маълум бўлди.

Глобал коронавирус пандемиясига қарамай, сайлов шу йилнинг 11 октябрь кунига белгиланган.

Бўлажак сайловда президент Раҳмон яна беллашиши-беллашмаслиги ҳозирча расман маълум эмас.

Аммо унда барча сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, Сўғд ва Хатлон вилоятлари, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Душанбе шаҳри президентликка ўз номзодини илгари суриши мумкинлиги айтилди.

Тожикистон президентининг тўнғич ўғли Рустам Эмомали Душанбе шаҳар ҳокими, Сенат раиси бўлади.

Сенат раиси Тожикистонда ҳам президентдан кейин иккинчи қудратли шахс саналади.

Президент бунга имконсиз қолган пайтда, ваколати вақтинчалик айнан Сенат раисига ўтади.

Эмомали Раҳмон жорий пайтда минтақанинг энг узоқ қудратда қолаётган президенти бўлади.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek