Ўзбекистон: Мирзиёев айтгани бўлди, карантин яна узайтирилди O'zbekiston koronavirus

Сурат манбаси, qalampir.uz
Ўзбекистон: Мирзиёев айтгани бўлди, карантин яна узайтирилди - Республика махсус комиссияси бунинг санасини расман очиқлади. Карантин яна 15 августгача кучда қоладиган бўлди.
Коронавирус: Covid-19 энг ёмони, аммо чегаралар очилиши керак - Ўзбекистон дунё видео
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қарор Ўзбекистонда жами коронавирус ҳоллари расман 20 мингдан ошган бир кунга тўғри келди.
Бугун, Ўзбекистонда ҳам расман дам олиш куни саналувчи якшанба куни эълон қилинди.
Бу йилги Қурбон Ҳайитига саноқли кунлар қолган бир пайтга тўғри келди.
Қурбон Ҳайити 31 июль - жума куни байрам қилинади.
Янги қарорга мувофиқ, Қурбон ҳайити куни ва дам олиш кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Аҳолининг "ўзини ўзи яккалаш" ҳаёт тарзига риоя қилиши тавсия этилади.
Ўзбекистон шу йилнинг 20 апрель куни кучайтирилган карантин тартибини босқичма-босқич юмшатишга киришган.
Аммо коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган.
Ўзбекистон 10 июлдан яна кучайтирилган карантин тартибига қайтган.
Амалдаги тартибнинг 1 август куни ниҳоя топиши айтилганди.
Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг 15 март куни қайд этилган.
Пандемия боис, Ўзбекистон илк бор 24 март куни кучайтирилган карантин тартибини жорий этишга қарор қилган.
Орада юмшатишга қарор қилган эса-да, ўтган тўрт ойга яқин вақт ичида бу тартибни буткул бекор қилмаган.

Сурат манбаси, official
Карантин чекловлари амал қиладиган даврда қуйидагиларга қатъий этибор қаратиш белгиланди.
Давлат органлари ва ташкилотларига:
- ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур бўлган мутахассисларни бевосита жалб этишга рухсат берилганини инобатга олиб, қолган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқаришни ёхуд масофадан туриб (онлайн) ишлашини ташкил этишга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш;
- ходимларини вақтинчалик хизмат сафарига юборишни тўхтатиш;
- йиғилишларни фақатгина онлайн тарзида ташкил этиш;
- ходимлар орасида коронавирус билан касалланганлар мавжуд бўлган тақдирда, улардан хабар олиш, даволаниш мақсадида зарур дори воситалари ва буюмларни харид қилиш учун ходимнинг шароитини инобатга олган ҳолда, моддий ёрдам ажратиш.
Фуқаролардан тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик ва жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш сўралмоқда.
Ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва б.) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Сурат манбаси, official
Қуйидаги фаолият турларини тўхтатиш бўйича чеклов жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди:
- парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;
- буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
- спорт заллари, фитнес клуб, тренажер, бассейнлар;
- умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона);
- мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
- санаторийлар (короновирус инфекциясидан даволанган ва реабилитация ўтаётган беморларга тиббий ёрдам ташкил этиладиган санаторийлардан ташқари), пансионатлар, болалар оромгоҳлари, хостеллар, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари;
- сартарошхона ва гўзаллик салонлари;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно).

Сурат манбаси, official
Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланди ва шу муносабат билан мутасаддиларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилди.
Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Шунингдек, жорий йил 31 июль (жума), 1−2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Ушбу кунларда:
- аҳолига — «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
- давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилади.
Шу билан бирга йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилади.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан Уй шароитида карантинни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида услубий кўрсатма ҳам тасдиқланди.
Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда коронавирус инфекцияси енгил, ўртача оғир ва оғир ўтаётган беморларни даволаш стандартлари тасдиқланиши ҳамда фуқароларга тавсия этиладиган дори воситаларининг ягона рўйхати шакллантирилиши белгиланди.

Сурат манбаси, official
- Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида:
- республикадаги барча дорихоналарни зарур дори воситалари билан таъминлаш ҳамда дорихоналарда дори воситаларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш;
- коронавирус инфекциясини даволашга мўлжалланган шифохоналарни кислород билан таъминланган ҳолда шайлигини тайёрлаш;
- коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни клиник белгиларига асосан тест жавобларини кутмасдан тиббий ёрдамни ташкил қилиш бўйича зарур чоралар белгиланди.
Мутасаддиларга коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни шифохонага жойлаштиришнинг аниқ ва шаффоф мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда беморларни шифохонага жойлаштиришда ушбу мезонларга қатъий амал қилиш устидан аниқ топшириқлар берилди. Бунда, қандли диабет, онкологик, юрак қон-томир, аутоиммунлик кассаликлари, метаболик синдроми мавжуд ҳамда 55 ва ундан юқори ёшдаги беморларни биринчи навбатда шифохонага жойлаштирилиши белгиланди.

Сурат манбаси, official
Навбатдаги узайтириш ҳақида шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи маълум қилган.
Шавкат Мирзиёев 23 июль куни навбатдаги видеоселектор ўтказган, унда мамлакатда пандемия билан боғлиқ вазият муҳокама қилинган.
Президент Мирзиёев йиғилишда, одатдагидек, республикада коронавирус вазияти мураккаблигича қолаётганини тилга олган.
У аҳволи оғир беморлар сони кўпайиб бораётгани, коронавирусга қўшимча равишда пневмония ҳолатлари ҳам кенг тарқалаётганини таъкидлаган.
Президент бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланишини алоҳида таъкидлаган.
Шу сабабдан йиғилишда Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирилгани маълум қилинган.
Бироқ карантин муддати яна қанчага чўзилишининг аниқ муҳлати номаълум қолганди.
Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Қирғизистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлиб турибди.
Ҳар уч минтақа давлатида ҳам карантин чоралари юмшатилиши ортидан, вазиятнинг кескин ёмонлашгани, коронавирусга чалиниш ва ундан ўлим ҳолларининг бир неча баробарига сакраб кетгани кузатилади.
Ўликхоналар шошиб қолаётганига оид хабарлар кўпайган.
Соғлиқни сақлаш тизими қулаши эҳтимолига оид хавотирлар юзага чиққан.
Қозоғистон ва Ўзбекистон яна қатъий карантин тартибига қайтган.
Дунёда бу ишга қўл урган илк давлатларга айланган.
Комиссия ахборотига кўра, 10 июлдан бир қатор карантин чекловларининг қайта кучайтирилиши ўзининг ижобий натижасини кўрсатган.
Аҳоли орасидан коронавирус билан касалланганлар сони ўтган даврга нисбатан камайиш тенденциясига ўтган.
Шунингдек, касалликдан соғайганларнинг кунлик сони бўйича ҳам ижобий кўрсаткичга эришилган.
Аммо устма-уст узайтиришларнинг мамлакат аксарият аҳолисининг тирикчилиги, кундалик турмуш ва ҳаёт тарзига салбий таъсири аллақачон ҳам мамлакат ўзи ва ҳам ташқарисида жиддий хавотирга молик воқеъликлардан бирига айланиб улгургани ҳам бор гап.
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта (расман 34 миллиондан ортади - таҳр.) давлати бўлади.
Аҳолисининг аксарият қисми шундоқ ҳам, йилларки, мамлакатнинг кам тараққий топган, ишсизлик ва камбағаллик даражаси анчайин юқори чекка қишлоқ ҳудудларида яшаб келади.
Пандемия эса, меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб ўзбекистонликларни ҳам танг аҳволда қолдириб бўлган.
Карантин узайтирилиши ортидан, кибер фазодаги кўпчиликни энг кўп ўйлантиргани ҳам масаланинг худди шу жиҳати экани кўрилган.
Эҳтиёжмандларга ҳукуматнинг бу гал қай тариқа кўмак бериш режасида экани тафсилотлари ҳалича кўзга ташланмаган.
Қозоғистон ва Тожикистондагисидан фарқли тарзда, мамлакат раҳбариятининг муҳтож аҳолига тўғридан-тўғри нақд пул кўринишида кўмак бериш режасида бўлмагани яқин-яқингача аксарият ўзбекистонликларнинг энг кўп танқидларига сабаб мавзулардан бири бўлиб келган.
Коронавирусга қарши вакцина ҳали-ҳануз кенг оммага имконсиз.
Дори-дармонлар синови ҳам давом этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















